10.09.2015

«ЛАТИШ МУСИҚАСИ ШАРҚ МУСИҚАСИГА АЙЛАНДИ»

«Шарқ тароналари» Х халқаро мусиқа фестивалини ёритиш мақсадида Самарқандга келган Латвиянинг «Neatkariga Rita Avize» нашри бош муҳаррири Анита Дауксте нуфузли мусиқа анжумани ҳақида мақола эълон қилди. Уни бироз қисқартирилган ҳолда газетхонларимиз эътиборига ҳавола этяпмиз.

«Май ойида Тошкент давлат консерваториясида латвиялик хонандалар иштирокида концерт бўлган эди. Унда қатнашган Латвиянинг Ўзбекис­тондаги элчиси Эдгарс Бондарс Ўзбекистонда латиш мусиқасига қизиқиш жуда юқори эканини таъкидлади.

Шу ўринда Самарқандда янграйдиган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ҳақида ҳамюртларимизга баъзи бир маълумотларни айтиб ўтиш ўринлидир. Ушбу ажойиб мусиқа фестивали 1997 йилда бошланган эди. Бу йил ўнинчи бор ўтказилди. Мазкур фестиваль ЮНЕСКО халқаро ташкилоти шафелиги остида мунтазамлик касб этмоқда. Ўтган вақт ичида латвиялик кўплаб мусиқачилар унда иштирок этган.

2015 йил, 25-30 август кунлари ўтказилган фестивалда Латвиядан иккита — «Илги» ва «Лайма музиканти» гуруҳлари қатнашди. Фестивалда бир давлатдан иккита гуруҳ қатнашса, улардан бири танловдан ташқари чиқиш қилади. Бизнинг иккита гуруҳ ҳам дунёнинг турли давлатларидан келган санъаткорлар қаторида фестивалнинг танлов қисмида иштирок этди! Фестивалнинг савияси ўта юқори. Ижодий хилма-хиллик жуда кучли. Тасаввур қилинг, Регистон майдонидаги саҳнада дунё халқларининг энг яхши миллий мусиқалари жаранг сочмоқда. Аслида фестивалда битта давлат номидан фақат бир гуруҳ қатнашиши керак. Бироқ истиснолар ҳам бўлиб туради. Айнан истисно тариқасида Латвиядан иккита гуруҳ қатнашгани биз учун фахрлидир. Тан олишимиз керак, бугун «Шарқ тароналари» ер юзида фольклор мусиқалари янграйдиган ягона ва энг машҳур фес­тиваль ҳисобланади. Бу ерда нафақат Шарқ, балки жаҳон мусиқаси жаранглайди. Фестиваль иштирокчиларининг чиқишларини баҳолаб борадиган ҳакамлар ҳайъати ҳам дунёнинг турли мамлакатларидан келган.  

ШАРҚ ЭРТАКЛАРИНИ ЭСЛАТАДИГАН ФЕСТИВАЛЬ

«Шарқ тароналари» Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов туғилган Самарқанд шаҳрида ўтказилади. У кишининг раҳнамолигида икки йилда бир марта бўлиб ўтадиган фестиваль мазкур мамлакат маданий ҳаётидаги муҳим воқеага айланади. Ўзбекистонда дунё халқлари мусиқа ва қўшиқ орқали бирлашади.

Фестивалнинг очилиш маросими жуда ажойиб ўтди. Биз ўзбек миллий қўшиқларини тингладик, рақсларини томоша қилдик. Бир пайтнинг ўзида ўзбек миллий анъаналарининг гувоҳи бўлдик, қайсидир маънода ўзбек менталитети билан танишдик. Президент­нинг кайфияти яхши, одамлар маза қилиб рақсга тушмоқда. Мен ҳам уларга қўшилиб хурсандчилик қилдим.

Самарқанд Шарқ архитектурасининг гавҳари. Бу ерга келган ҳар қандай одам ҳайрат кўчасига кириб қолади. Шаҳар деярли уч минг йиллик тарихга эга. Самарқандни сайр қиларканман, «Минг бир кеча» эртакларини эсладим.

Фестиваль қатнашчилари ўз санъатини кўрсатадиган Регистон майдони учта мадрасадан иборат ансамбл­дир. Мирзо Улуғбек, Шердор мадрасалари ҳамда Тиллакори масжид-мадрасаси 15-17 асрлар орасида қурилган. Ушбу ансамбль Ўзбекис­тоннинг рамзи ҳисобланади. Мадрасалардаги суратлар фақат билим орқалигина юксак марраларни забт этиш мумкинлигини англатади. Фес­тиваль доирасида ўтказилган матбуот анжуманида қатнашган Самар­қанд шаҳар ҳокими Акбар Шукуров фестивалга тайёргарлик кўриш борасида олиб борилган кенг кўламли ишлар ҳақида батафсил гапириб берди.

Фестиваль иштирокчилари ўзбек халқининг тарихи қанчалик буюк эканлигини ўз кўзи билан кўрди, Самарқанддаги меҳмондўстликка гувоҳ бўлди. Ҳиндистондан то Босфор бўғозигача бўлган ҳудудда қудратли давлатга асос солган ­Соҳибқирон Амир Темурга эҳтиром кўрсатиб, шаҳарнинг қоқ марказида унга муҳташам ҳайкал ўрнатилгани шаҳарга ўзгача файз, салобат бағишлаб турибди. Чунки Самарқанд Амир ­Темур давлатининг пойтахти бўлган.

ЛАТВИЯЛИКЛАР ВА ШАРҚ МАДАНИЯТИ

Тўғриси, фестивалда Латвиядан иккита гуруҳнинг қатнашиши кутилмаган ҳолат бўлди. Бу йил Латвия, Россия, Хитойдан иккитадан жамоа қатнашди. «Илги» гуруҳини Латвиянинг Ўзбекистондаги элчиси Эдгарс Бондарс таклиф қилган бўлса, «Лайма музиканти» Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчиси Афзал Ортиқов томонидан таклиф қилинди. Таъкидлаш жоиз, иккала гуруҳ ҳам нафақат юртимизда, балки бутун Европада маш­ҳур. Асосий масала шунда эдики, аудитория латиш мусиқасини қабул қила оладими? Бизнинг гуруҳлар саҳнага чиққанида одамлар олқишидан, қўшиқларга рақсга тушганидан кейин саволимизга жавоб топдик.

Европада ўтадиган ҳар қандай фестивалда латвияликлар совриндорлар сафига кира олади. Бироқ Самарқанддаги анжуманда бундай бўлиши қийин эди. Гран-прини ­Хитойнинг «Jiangsu Women’s Orchestra» аёллар гуруҳи олган бўлса, Япониянинг «Shamisen» гуруҳи биринчи, Польша ва Эстония вакиллари иккинчи, коста-рикалик санъаткор учинчи ўринни қўлга киритди. Ўзбекистон вакилларидан Қорақалпоғистоннинг «Айқулаш юлдузлари» гуруҳи ЮНЕСКОнинг махсус совринига сазовор бўлди.

Латвиялик мусиқачилар совриндорлар сафидан ўрин ололмади. Фес­тивалда юқори ўринларни олган хитойлик ва япониялик санъаткорларга гап бўлиши мумкин эмас. Улар бунга лойиқ эдилар. Токио университети профессори Гиничи Цуге бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати қўйган баҳоларга мутлақо эътироз йўқ.

Гарчи латвияликлар совринли ўринларни қўлга кирита олмаган бўлса ҳам, аввало, бу нуфузли фес­тивалда қатнашишнинг ўзи катта шараф. Шунингдек, ундаги иштирок орқали орттириладиган санъат билимини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Турли мамлакатлардан келган санъаткорлар билан танишиш, дўстлашиш, уларнинг қўшиқларини тинглаш, биргаликда куйлаш — буларнинг ҳаммаси бебаҳо тажрибадир.

ЭСТОНИЯ СЕҲРИ

Латвия делегацияси учун эстония­лик Сильвер Сеппнинг чиқиши буюк кашфиёт бўлди. Уни хонанда дейиш қийин. Сабаби, Сепп ташриф қоғозида ҳам ўзини хонанда деб ёзмаган. Унинг кучли тарафи шундаки, эстониялик мусиқачи ўзининг мусиқий асбобларини яратиб, улар жўрлигида қўшиқ куйламоқда. Сильвернинг Самарқандга олиб келган чолғу асбоби михлар ва велосипед баллонидан ясалган. Унинг ушбу мусиқий асбобларини кўтариб саҳнага чиқиши Регистонга йиғилган томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди. Самарқанд аҳолиси уни жўшқинлик билан ол­қишлаб турди.

ЎЗБЕК ШИРИНЛИКЛАРИ

Ўзбек ширинликлари ҳақида гап кетар экан қовун, тарвуз, шафтоли ва узумни алоҳида тилга олиш керак. Ўзбек меҳмондорчиликлари ширинликсиз ўтмайди. Ўзбеклар меҳмонни, албатта, ширинлик билан сийлайдилар. Шуни ишонч билан айтаманки, дунё мамлакатларидан келган санъаткорлар бундай юқори даражадаги меҳмондўстликни илгари кўришмаган. Мисол учун, «Лайма музиканти» гуруҳи Ўзбекистонда деярли икки ҳафта бўлди. Гуруҳ етакчиси Артур ­Усканс ижтимоий тармоқларга суратларини жойлаштирди. Ўзбекистон ҳақидаги фикрларини ёзиб қолдирди. Унинг айтишича, Ўзбекистонда вақтини жуда зўр ўтказган. ­Мусиқани севадиган одамлар билан ўзаро суҳбат унга завқ бағишлаган.

«Лайма музиканти» гуруҳига таржимонлик қилиш учун ажратилган ўзбекистонлик талабанинг хайрлашиш олдидан айтган сўзлари бир умр қалбларимизда муҳрланиб қолади. «Менинг энди Латвияда ҳам дўстларим бор».

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Темур АЪЗАМ тайёрлади.



DB query error.
Please try later.