08.09.2015

«ҲЕЧ ҚАЧОН БЎШ КЕЛМАНГ, АЗИЗ БОЛАЛАРИМ, ЭРТАНГИ КУН — КЕЛАЖАК СИЗНИКИ!»

Бу сўзлар ЎзХДП «Ёш сиёсатчи — 2015» кўрик-танлови республика босқичи иштирокчиларининг ўзига ишончини, ғурур ва ифтихорини янада оширди

Ўзбекистон Халқ демократик партияси «Истиқбол» ёшлар қаноти «Ёш сиёсатчи — 2015» кўрик-танловининг республика бос­қичи иштирокчилари парламент палаталарида бўлишди, пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари билан танишишди.

Улар дастлаб Олий Мажлис Сенатига ташриф буюришди. Ватанимизнинг шонли тарихи акс эттирилган суратлар, ­қо­нун ҳужжатлари, Юртбошимиз раҳнамолигида қўлга киритилган ютуқлар, давлат мукофотлари намуналари ҳа­қидаги кўргазмани ҳаяжон билан томоша қилишди. Олий Мажлис Сенати аъзолари билан бўлган учрашув ёш сиёсатчиларда катта таассурот қолдирди.

Нодира УМИРОВА, танлов иштирокчиси (Қашқадарё вилояти):

— Аввал ҳам Тошкентга бир неча бор келганман. Аммо бу галги сафарим менга янги имконият эшикларини очди. Олий Мажлис Сенати биносига қадам қўйишим билан қалбимни ҳая­жон ва титроқ босди. Унинг салобати, муҳташамлиги мени ҳайратлантирди. Бинога кираверишдаги қандилнинг ўзиёқ одамни маҳлиё қилади. У ердаги ҳар бир детал, меъморчилик санъатининг ўзига хослиги ­хотирамга абадий муҳр­ланди. ­Таас­­­суротларимни дўст­ларимга, албатта, сўзлаб бераман. Ватанимнинг бахтли ёшларидан бири эканимдан фахрланаман.

Олий Мажлис Сенатидан катта таассуротлар билан Қонунчилик палатасига ташриф буюрдик. Ўша онда яқинда бўлиб ўтган Президентлик сайлови, айнан шу муҳташам бинода давлатимиз раҳбарининг қасамёд қилгани хаё­лимдан ўтди. Хал­қимиз юксак ишонч билдирган депутатлар фаолият юритадиган даргоҳда эканимдан ўзимни бахтиёр ҳис қилдим...

Санжар АВАЛБОЕВ, танлов иштирокчиси (Сирдарё вилояти):

— Кўкрагига нишон таққан депутатларга жуда ҳавасим келди. Келажакда депутат бўлиш мақсадим янада қатъийлашди.

«Ёшларга оид қонунчиликни тарғиб этиш ва ижросини таъминлашда ёшларнинг ўрни» мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбатида ўзим учун керакли кўплаб маълумотларга эга бўлдим. Унда депутатлар миллий қонунчилигимиз, қонунларни қабул қилиш жараёнлари бўйича сўз юритишди, янги қабул қилинган қонунлар ҳа­қида гапириб беришди. Очиғи, депутатлар билан суҳбатлашиб, қонун лойиҳалари муҳокама этиладиган залда ўтириб, ўзимни депутатдек ҳис этдим.

Пойтахтимиз марказида салобат тўкиб турган Халқаро  анжуманлар саройига қараб одимлаган иштирокчилар йўл-йўлакай ҳаяжонлари ва таассуротларини ўртоқлашиб борди. Кимдир Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси биносининг маҳобати, меъморчилик дизайни ҳақида, яна бош­қаси депутат масъ­улияти ҳақида гапирди.

Амир Темур хиёбони ва унинг атрофида жойлашган турли бинолар, айниқса, қўшалоқ курант бонги иштирокчилар ҳаяжонини янада оширди. Ёш сиёсатчилар замонавийлик ҳамда миллийликка уйғун равишда қад ростлаган Халқаро анжуманлар саройини катта қизиқиш ва ғурур билан томоша қилишди.

Расулбек Ҳожиев Урганч давлат университети талабаси, вилоятнинг фаол ёшларидан бири. У Тошкентга фан олимпиадалари ва турли кўрик-танловлар баҳонасида жуда кўп келади. Бу гал мамлакатимизнинг бош­қа вилоятларидан келган ёш сиёсатчилар билан учрашди, танишди, пойтахтни томоша қилди. Кун охирлаб қолгач, улар меҳмонхонага йўл ­олишди. Ёшлар вақт­ини беҳуда ­сарф­ламади. Сиёсатга қизиқувчи ЎзХДПнинг ёш аъзолари иштирокида ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар мазмун-моҳияти, партия ҳаёти ҳақида суҳбатлар бўлди, савол-жавоблар қизғин тус олди...

4 сентябрь... Расулбек эрта уй­ғонди. Бугун унинг учун кечаги кундан ҳам таассуротларга, ҳаяжонга бой бўлади. У ўзига ишонч, қатъият билан танловга ошиқди. Президентимиз мустақиллигимизнинг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда айтган фикрлари унга қанот бўлди: «Ҳеч қачон бўш келманг, азиз болаларим, эртанги кун — келажак сизники!».

Соат 8:00. Ўзбекистон Халқ демократик партияси «Истиқбол» ёшлар қаноти «Ёш сиёсатчи — 2015» кўрик-танловининг республика босқичи қатнашчилари эрта тонгдан ­Мустақиллик майдонига кириб боришди. Бу ерга ташриф буюрганларнинг ҳар бири қалбида она юртга меҳр, садоқат, чексиз муҳаббат ҳисси жўш уриб турарди. Улар «Бахтиёр она» ҳайкали пойига гуллар қўйишди...

Соат 10:00. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси залида танловнинг илк шартлари бошланди. ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вилоят партия кенгашлари раислари, «Истиқбол» ёшлар қаноти вилоят бўлимлари етакчилари, ҳакамлар ҳайъати аъзолари, танлов қат­нашчиларини қўллаб-қувватловчи ёшлар аллақачон йиғилишган. Ёш ­сиё­сат­чилар танловнинг бу йилги бос­қичларига қатъий ишонч билан келганликлари уларнинг юз-кўзидаги шижоат, ғайрат ва ҳаяжондан кўриниб турарди. 

— Президентимиз мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимда ёшларга қарата барча-барчангиз сизга мансуб бўлган куч-ғайрат ва қатъият, изланиш ва яна бир бор изланиш, замонавий билим ва тажрибаларни ўзлаштириш билан ўз олдингизга қўйган эзгу мақсадларга, албатта, эришасиз, жамиятимизда муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллайсиз, дея катта ишонч билдирди, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Ҳотамжон ­КЕТМОНОВ. — Шу маънода мустақил ҳаётга кириб келаётган йигит-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий билимларини янада ошириш, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига дахл­дорлик ҳиссини кучайтириш асосий вазифамиздир. Бу давлат ва жамоат ташкилотлари, шу жумладан, сиё­сий партиялар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси мазкур жараёнда фаол иштирок этишга алоҳида эътибор қаратмоқда, «Истиқбол» ёшлар қаноти ор­қали ёшлар ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашмоқда.

Фахр-ифтихор билан айтиш ­жоизки, бугунги кунда ёшларимиз ўз билими ва тафаккури билан дунёни лол қолдирмоқда. Замонавий билимларни эгаллаб, жаҳон миқёсида ўтказилаётган фан олимпиадалари, спорт мусобақаларида юқори ўринларни қўлга киритиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтармоқда. Энг асосийси, улардаги шижоат, ғайрат катта мақсадларни ва марраларни забт этишга ундамоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг «Истиқбол» ёшлар қаноти ёшларнинг ижтимоий-сиёсий билими ва фаоллигини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётгани барчамиз учун қувонарли.

Хусусан, «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови бу йил саккизинчи бор ўтказилмоқда. Танлов иштирокчилари сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шу йиллар давомида ушбу танловда 83 мингдан зиёд ёшлар иштирок этди. Жорий йилда бошланғич партия ташкилотларидан тортиб, республика даражасигача бир нечта босқичларда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 18 минг нафар йигит-қиз қатнашди. Бу партиямиз сафидаги ёшларнинг интилувчанлиги, уларнинг истеъдод ва қобилияти юқори эканлигидан далолатдир.

Ўзбекистон ХДП сафида ана шундай фаол ва ташаббускор ёшлар сони кенгаяр экан, сафимиз мустаҳкам бўлиб, дастурий мақсадларимиз ҳаётга самарали татбиқ этилади.

Партия етакчиси шу сўзларни айтар экан, танлов иштирокчиларига омад тилади.

Кўрик-танлов бошланди. Биринчи шарт... Унга кўра, қатнашчи ёшлар билетларни танлаб, саволларни ўқир экан, залда ўтирганлар улар билан баробар ҳаяжонда бўлди. Саволларга эркин, равон ва тўлиқ жавоб берган иштирокчиларнинг айримларини бироз ҳаяжон босди. Шуни айтиш керакки, сиёсат, ижтимоий ва иқтисодий ҳаёт, сиёсий партиялар, ҳуқуқий демократик давлатнинг асосий принциплари каби масалаларга оид саволларга ҳар бир иштирокчининг жавоби, айтадиган фикри борлиги намоён бўлди. 

Масалан, бухоролик танлов иштирокчиси Шаҳруз Собиров 4-билет саволларига жавоб беришга дадил киришди. Кимлар сиёсий партияга аъзо бўла олмайдилар, қонун қачон юридик кучга эга бўлади, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг асосий вазифалари нималардан иборат, деган саволларга аниқ жавоб берди.

Шунингдек, Навоий вилоятидан Севара Аслонова, Хоразм вилоятидан Расулбек Ҳожиев, Тошкент вилоятидан Азиза Усмонова ҳам саволларга тўлиқ жавоб бериб, кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлди.

Азиза, сиз ҳамма саволларга жавоб бердингиз, бу мураккаб бўлмадими?, — дея сўрадик Тошкент вилояти иштирокчисидан.

— Йўқ, ўзим Оққўрғон тумани Ижтимоий-иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчисиман. Кўрик-танловга тайёрланиш жараёнида Президент асарлари, мамлакатимиз қонунчилиги, халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, сиёсатшуносликка оид дарсликлар ва адабиётларни қунт билан ўқиб чиқдим, сиёсий партиялар нашр­ларини мунтазам кузатиб бордим. Шунинг учун мамлакатимиз Конституцияси, Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатаси ваколатлари, сиёсий партиялар ҳақидаги саволларга жавоб беришга қийналмадим.

— Севара, айтингчи, танловга тайёргарлик жараёнида нималарга эътибор қаратдингиз? 

— Очиғи, шарт бошланишида бироз ҳаяжонланган бўлсам-да, ўзимга ишончим мустаҳкам эди, — дейди иштирокчи. — Чунки танловнинг дастлабки босқичларидан тортиб, то республика босқичига етиб келгунга қадар ўз устимда тинимсиз ишладим. Тайёргарлик жараёнида сиё­сий, ҳуқуқий адабиётларни мутолаа қилдим. Энг муҳими, ўзим билмаган кўп нарсаларни ўргандим. Албатта, бу жараёнда партиямиз фаоллари, депутатларнинг ёрдами катта бўлди. Улар билан тез-тез мулоқотда бўлдим, тадбир ва учрашувларда фаол иштирок этишга ҳаракат қилдим. Чунки ҳақиқий ёш сиё­сатчи саволларга тўла-тўкис жавоб бериши керак.

Танловнинг биринчи шарти охирлаб қолаётган пайтда саҳна ортида иштирокчилар чиқишларини диққат билан кузатиб турган Жиззах вилояти иштирокчиси Суръат Исомиддиновга кўзимиз тушди. Фурсатдан фойдаланиб, уни ҳам суҳбатга тортдик.

— Савол-жавоб шартида етарли балл тўплай олмадингиз. Нега ундай бўлди, деб ўйлайсиз?

— Биринчидан, кучли ҳаяжон босди, — деди у. — Бундай катта саҳнага биринчи бор чиқишим эди. Шунинг учун бошқа иштирокчиларнинг билими, ҳозиржавоблигини кўриб, ўз устимда кўп ишлашим кераклигини англадим. 

Бошловчи навбатдаги — Нотиқлик санъати шартини эълон қилди. Иштирокчилар танлаб олган мавзулари бўйича ўз фикрларини билдира бошлашди. Улар нафақат билимдонлик, балки саҳнада ўзини тутиш маданияти, аудитория билан боғланиш, тинг­ловчиларни ўзига жалб қилиш маҳоратини намойиш этишди. Шарт жуда қизғин тус олди. ­Дастлабки ­шартдан сўнг ҳаяжони ­бироз босилган Қорақалпоғистон Республикаси иштирокчиси ­Аксингул Балтабаева танловнинг шиори бўлган «Мен Ватаним равнақига ҳисса қўшишни хохлайман» мавзусини маҳорат билан очиб бергандан сўнг Андижон вилоятидан ­Андижон давлат университети қошидаги Асака академик лицейи тарих фани ўқитувчиси ­Жасур ­Солиев Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёш­ларга оид давлат сиё­сатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чо­ра-тадбирлар тўғрисида»ги қа­рори мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритди.

— Мазкур қарорда ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда улар фаоллигини ошириш, турли мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини шакллантириш масалалари алоҳида ўрин олган,  — дея гап бошлади Жасур Солиев. — Жaҳoн миқё­сидaги глo­бaл­лaшув жараёнлари, оммавий маданиятнинг кириб келиши вa ахборот техноло­гия­лари тoбoрa ривожланиб бoрaёт­гaн бир даврда ёшлар сиёсатини амалга оширишда қўшимча чора-тадбирлар белгилаш зарурияти туғилган эди.

Шунингдек, Жиззах вилоятидан Жиззах давлат педагогика институти талабаси Суръат Исомид­динов «Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатининг Сайловолди дастури», Наманган вилоятидан ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши ижтимоий-сиёсий нашри «Халқ иродаси» газетаси жамоатчи мухбири ­Исроил Аълохўжаев «Оммавий мада­ният», Сурхондарё вилоя­тидан ­Термиз тиббиёт коллежи ўқитувчиси Аббос Тоғаймуродов «Амир ­Темур тузуклари» каби мавзуларда нотиқлигу билимдонликларини намойиш этишди.

Ушбу шартда Бухоро вилояти иштирокчисининг нотиқлиги қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.

— Аудиторияга фикримни аниқ-равшан етказишга қийналар эдим, — дейди Шаҳруз Собиров. — Бу камчиликдан қутилиш, ўзимга бўлган ишончни мустаҳкамлаш учун «Ёш сиё­сатчи» кўрик-танлови муҳим аҳамият касб этади. Аввалига жуда ҳаяжонландим. «Ҳаммаси ўзимга боғлиқ, бу менинг қўлимдан келади», деб ўзимга далда бердим. Вилоят босқичида қийинчилик билан ғалаба қозондим. Республика бос­қичида тингловчилар анча кўп, аудитория катта бўлишига қарамай, нотиқлик санъати шартини ортиқча ҳаяжонсиз бажардим. Энди ўзимга ишончим ортди. Лекин янада кўпроқ ўқишим, изланишим кераклигини англадим.

Шарт тугагандан сўнг, ҳакамлар ҳайъати қатнашчилар чиқишини баҳолагунга қадар биз кузатувчиларнинг иккинчи шарт бўйича фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

— Бугун танловнинг салоҳияти йилдан-йилга ошиб бораётганининг гувоҳи бўлдим, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят кенгаши бўлим мудири Мўътабар Қозиева. — ­Нотиқлик санъати шартида ҳар бир иштирокчи берилган мавзуни тўлиқ очиб беришга ҳаракат қилди. Айниқса, менга Бухоро ва Хоразм вилояти иштирокчиларининг чиқиши маъ­қул бўлди, мавзуларни ҳозир бўлаётган воқеа-ҳодисалар билан изоҳлаб, шарҳлаб беришди. Уларнинг ҳозиржавоблиги, нотиқлиги ва билими, аудитория билан ишлаш маҳорати бош­қаларда ҳам катта таассурот уйғотди, деб ўйлайман.

Ўзим ҳам 2013 йили шу танловда иштирок этганман. Ўтган йили эса ҳудудимиз иштирокчисини қўллаб-қувватлаш мақсадида келиб танловни кузатган эдим. Бу йилги иштирокчимиздан умидимиз катта. Саволларга яхши жавоб берди. Яна олдинда битта шарт турибди.

Танловнинг иккинчи куни иштирокчилар Ички ишлар вазирлигининг маданият саройида йиғилишди. Бу ерда кўрик-танловнинг сўнгги — лойиҳалар тақдимоти шарти бўлиб ўтди. Ёш сиёсатчилар туман ва шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш хусусиятларини таҳлил қилиб, жойларда ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш, партия дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳаларни тақдим этди.

Барча лойиҳаларда аҳоли банд­лигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, экологик муаммоларни бартараф этиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш орқали ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, қишлоқларда замонавий инфратузилмани шакллантириш каби устувор масалаларга урғу берилди.

Лойиҳанинг  молиявий асослари, уни амалга ошириш ва ривожлантириш истиқболлари ва аҳамияти ҳақида маълумот беришди.

Шартга кўра, Сурхондарё ­ви­лоя­ти иштирокчиси Аббос ­Тоғаймуродов вилоятда ишлаб ­чиқаришни кенгайтириш, яъни ­сомондан қоғоз ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича лойиҳа тақдим этди.

— Вилоятимизда 104 минг гектар ерда буғдой экилади, — деди у. — Сомонларнинг маълум бир қисмигина чорва учун ишлатилади. Агар сомонни қайта ишлаш йўлга қўйилса, бу ҳудудлар ривожини таъминлашга хизмат қилади. Бу фаолиятни мавсумий эмас, аксинча йил давомида олиб бориш мумкин. Шунингдек, ло­йиҳада сомондан бир марталик ишлатиладиган ошхона жиҳозлари ишлаб чиқариш ҳам кўзда тутилган.

Аҳамиятли жиҳати, бу турли экологик муаммоларни бартараф этиш, ­арзон қоғоз маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондириш, юқори ҳақ тўланадиган барқарор иш ўринлари яратиш имконини беради...

Бошқа иштирокчилар ҳам лойиҳаларини шу тартибда тақдим этишди. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари уларнинг долзарблиги, амалга ошириш механизмлари тўлиқ ва аниқ акс эттирилгани, ЎзХДП электорати манфаатига нечоғли хизмат қилишини инобатга олиб, лойиҳаларни баҳолаб боришди.

Иштирокчилар учун ҳам, танлов кузатувчилари, ота-оналар учун ҳам ҳаяжонли дақиқалар етиб келди... Ҳакамлар ҳайъати раиси Рустам ­Комилов умумий балларни маълум қилди. Танлов якунига кўра,

Тошкент вилоятидан Азиза Усмонова ­биринчи, Хоразм вилоятидан ­Расулбек Ҳожиев иккинчи, Навоий вилоятидан Севара Аслонова учинчи ўринга муносиб кўрилди. 

Фақат ғолиблар тақдирланмади, балки ёш сиёсатчиларнинг барчаси турли номинациялар бўйича фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан мукофотланди. Маданият саройи қарсаклар, қувончли ҳайқириқлар ва олқишларга тўлди. Кўрик-танлов ҳақида таассуротларни билиш мақсадида ғолиблар, уларни қўллаб-қувватлаш учун келганлар, ҳакамлар ҳайъати аъзолари, қанот етакчилари-ю партия кенгашлари раисларини суҳбатга торт­дик.

Алишер РАВШАНОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири, ҳакамлар ҳайъати аъзоси:

— Танлов юқори савияда ўтди. Ёшларнинг шижоати, дунёқараши, ўз мустақил фикрига эга экани ҳар бир иштирокчининг чиқишида яққол намоён бўлиб турди. Иштирокчилар партия электорати манфаатларини ҳимоясига, янги иш ўринлари яратишга хизмат қиладиган кўплаб ло­йиҳаларни тақдим этишди. Уларнинг кўпчилиги қоғозда қолиб кетмасдан аллақачон ҳаётга татбиқ этиляпти, кутилган самарани беряпти. Натижада кўплаб янги иш ўринлари яратилиб, ёшларда жамият ривожига дахлдорлик ҳисси ортиб бормоқда. Биргина шу мисолнинг ўзиёқ танловнинг қанчалик аҳамиятли эканини кўрсатиб турибди.

Гулбаҳор МАМАТМУРОДОВА, Тошкент шаҳар иштирокчиси Улуғбек Алиқуловнинг онаси:

— Ота-она учун энг катта бахт — болаларининг муваффақиятларини кўришдир. Бугун ана шу бахтни ҳис қилиб турибман. Ўғлим Улуғбекнинг танловдаги иштирокидан, ютуғидан кўнглим тоғдек кўтарилди. У болалигидан жамоат ишларида фаол қатнашади. Партия томонидан ташкил этилган бу тадбир эса унинг сиё­сий жараёнларда ҳам фаол иштирок этиши учун катта имконият берди. Ундан келажакда умидим катта.

Азиз ҚУШБАЕВ, Оққўрғон тумани Ижтимоий-иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси:

— Мен ўқувчимиз Азиза Усмоновани қўллаб-қувватлаш учун келдим. Танловни қизиқиш билан кузатиб бордим. Иштирокчиларга жуда ҳавас қилдим. Улар мамлакатимиздаги сиё­сий жараёнлар, амалга оширилаётган ислоҳотларни яхши билишлари танлов давомида яққол сезилди. ­Азиза ҳам ўз навбатида билимдонлик маҳоратини кўрсатди. Танловда у биринчи ўринга муносиб деб топилганидан жуда ҳам мамнунмиз. Сафимизда шундай ёшлар кўпайишига тилакдошмиз.

Танлов ниҳоясига етди. Энг муҳими, катта таассуротлар оғушидаги иштирокчи ёшлар қўйингки, ­танловни кузатган ҳар бир киши ЎзХДПнинг бу ташаббусини юқори баҳолади. Сиёсатга қизиқувчи, келажакда депутат бўлишни ният қилган ёшлар сафи кенгайди, уларнинг ­Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси кучайди. Мақсад ҳам аслида шу эди...

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

Лазиза ШЕРОВА,

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.