08.09.2015

«E-SUD» МИЛЛИЙ ЭЛЕКТРОН СУДЛОВ ТИЗИМИ ИШЛАБ ЧИҚИЛДИ

Бугун ҳаётни ахборот технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон техника имкониятларидан фойдаланиб, бир зумда ўзига керакли маълумотни топиши, узатиши мумкин. Бунинг натижасида вақт ва ортиқча харажатлар тежаляпти. Барча соҳаларда бўлгани каби судлар фаолиятига ҳам замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасида тегишли чоралар кўриляпти.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, Фуқаролик процессуал Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши натижасида фуқароларнинг судга ариза ва илтимосномаларни электрон шаклда юбориш тартиби ўрнатилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган «Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан БМТ Тараққиёт дастури ваколатхонаси билан ҳамкорликда «E-SUD» миллий электрон суд иш юритуви тизими ишлаб чиқилди. Айни пайтда ушбу замонавий электрон суд иш юритуви тизими фуқаролик ишлари бўйича Зангиота, Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларида синовдан ўтказилмоқда.

Шу муносабат билан  «E-SUD» миллий электрон суд иш юритуви тизими жорий этилган судларга оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида пресс-тур уюштирилди. Олий судда бўлиб ўтган «E-SUD» миллий электрон судлов тизими тақдимотида қайд этилдики, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимояси ишончли таъминланмоқда. Қонунчиликка киритилган ўзгартишларга кўра, фуқаролар мурожаати ва уларга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон тарзда юборилиши мумкин.

Судларнинг унумли иш олиб боришини таъминловчи янги услубларни жорий этиш, жумладан, судлар фаолиятининг ошкоралигини ҳамда судлар тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлигини янада таъминлашга қаратилган ахборот-коммуникация технологияларини амалга татбиқ этиш муҳим ҳисобланади. Миллий электрон судлов тизимининг амалга татбиқ этилиши фуқароларга кўрсатиладиган хизматлар самарадорлигини ошириш орқали судда ишни кўриб чиқиш сифатини оширишга хизмат қилади.

— Ҳозирги вақтда «E-SUD» миллий электрон судлов ахборот тизимини амалда татбиқ этиш бўйича ижобий тажриба мавжуд. Мазкур тизим фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судида тажрибадан ўтказилди, — деди Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Холмўмин Ёдгоров. — Қайд этиш керакки, миллий электрон судлов тизимини жорий этиш жараёнида хориж тажрибасини чуқур ўргандик. Бу эса бугун ўзининг ижобий самараларини беряпти.

2014 йилда фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судига қарздорликни ундириш юзасидан электрон тарзда келиб тушган умумий қиймати 772941.4 минг сўмга яқин 20 минг­дан зиёд ариза кўриб чиқилди. Тизимнинг икки йиллик фаолияти мобайнида ФИБ Зангиота туманлараро судига жисмоний ва юридик шахслар томонидан  «E-SUD» миллий электрон судлов тизими орқали 40 мингдан зиёд электрон тарздаги ариза келиб тушди. Ҳозирги пайтда «E-SUD» миллий электрон судлов ахборот тизими «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси доирасида кенгайтирилмоқда. Лойиҳа экспертлари махсус иш юритиш бўйича қўшимча функциялар ишлаб чиқдилар ҳамда статистик ҳисоботни шакллантириш имкониятини яратдилар.

Шунингдек, журналистлар фуқаролик ишлари бўйича Зангиота ва Мирзо Улуғбек туманлараро судида ҳам бўлиб, тизим фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Бундан таш­қари, пресс-тур доирасида суд-ҳуқуқ ислоҳотларини оммавий ахборот воситаларида ёритишнинг муҳим жиҳатларига бағишланган мастер-класс ўтказилди.

Бир сўз билан айтганда, «E-SUD» миллий электрон судлов тизими жорий этилгани судлар иш самарадорлигини ошириш, улар фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш билан бирга, фуқароларнинг вақти ҳамда маблағини тежашга хизмат қилаётганлиги билан аҳамиятлидир.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.