Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
08.09.2015

ПАРЛАМЕНТ ҚЎМИТАСИ

«Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ижроси бўйича қарор қабул қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун  ижросини Сирдарё вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганди.

Жорий йилнинг 4 сентябрь куни қўмитанинг кенгайтирилган йиғилишида мазкур ўрганиш натижалари батафсил муҳокама қилинди. Йиғилиш Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги биносида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлардаги соҳага масъул мутасаддилар иштирокида видео-конференция тартибида ўтказилди. Йиғилишни Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси, ЎзХДП фракция­си аъзоси Ёқуб Умаров олиб борди.

Бугунги кунда Сирдарё вилоятидаги ногиронларнинг (18 125 нафар) 2613 нафарини 16 ёшгача бўлганлар ташкил этади.

Депутатларнинг қайд этишича, ногиронлар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, хусусан, ногирон болаларнинг таълим олишини кафолатли ташкил этиш бўйича давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда. Ногиронлар тўлақонли турмуш кечириши ҳамда ўз ҳуқуқ ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун керакли шароит яратиб берилмоқда. Жумладан, ногиронларга хизмат кўрсатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касбий фаолият қобилиятларини тиклаш ҳамда ногиронликни реабилитация қилиш ишлари тизимли йўлга қўйилган.

Ногиронликнинг олдини олиш мақсадида Сирдарё вилоятидаги Она ва бола скрининг марказида 2012-2015 йиллар давомида жами 50391 нафар ҳомиладор аёл текширувдан ўтказилган. Натижада маълум нуқсон билан туғилган болалар сони 2014 йилда 29 тага, 2015 йил 6 ойида эса 13 тага камайган.

Жорий йилнинг 6 ойи мобайнида рўйхатга олинган ногирон болалар соғломлаштирилган. Вилоятда ногиронларни реабилитация техника воситалари ҳамда протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминлаш борасида ҳам қатор амалий ишлар олиб борилди.

«Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 10-, 25-моддаларига мувофиқ, ногиронларнинг ижтимоий инфратузилма объект­ларига тўсқинликсиз киришини, транспортдан, алоқа ва ахборот воситаларидан тўсқинликсиз фойдаланишига шароит яратиш, ногиронларни иш билан таъминлаш масалаларида маълум ишлар бажарилган, — дейди Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Саттор Раҳматов. — Лекин бу борада камчиликларга ҳам йўл қўйилмоқда. Ўтказилган мониторинглар натижаларига кўра, ногиронлар учун махсус йўлаклар қилиниши лозим бўлган 1720 муассаса, ташкилот ва корхонадан 199 тасида (11,6 фоизида) ногиронлар учун йўлаклар (пандус) қилинмаган. Вилоятда ногиронлар учун банд қилиб қўйилган иш ўринларига уларни жойлаштириш масаласида ҳам айрим камчиликлар қайд этилди. Жумладан, 2014 йилда ногиронлар учун банд қилиб қўйилган 771 иш ўрнидан 22 тасига, жорий йилнинг 6 ойида эса 771 иш ўрнидан 6 тасига ногиронлар жойлаштирилган. Қўмитамиз бу борадаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан ўз таклиф, тавсияларини берди. 

Йиғилишда, шунингдек, ногирон болаларнинг таълими ҳамда уларни ўрта махсус касб-ҳунар таълимига жалб этиш, якка-ёлғиз ногиронларнинг ижтимоий ҳимоясига хизмат қиладиган ишларни янада кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Депутатлар, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари, уларнинг ҳудудий бошқармалари, мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда ўзаро фикр алмашишди.

Шулар асосида қўмита тегишли қарор қабул қилди. Унда «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ижросини таъминлаш бўйича мутасадди вазирлик, ташкилот ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти мутасадди раҳбарларининг масъулиятини янада ошириш масаласи алоҳида кўрсатиб ўтилди.

 

Лазиза ШОМИЛОВА



DB query error.
Please try later.