03.09.2015

НАМАНГАНДА ГУЛ БАЙРАМИ

Намангандаги Бобур номли маданият ва истироҳат боғида 200 дан зиёд корхона, ташкилот, муассаса, шунингдек, Андижон, Фарғона, Тошкент вилоятларидан келган 80 нафардан ортиқ уста гулчилар томонидан Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган гуллар кўргазмаси ўтказилди.

Гул байрамида намойиш этилган аския пайровлари, дорбозлар томошаси, «Осуда юрт қадри», «Мус­тақил юрт оқшомлари» номли концерт дастурлари, шунингдек, «Миллий ва дунё таомлари», «Энг яхши маҳалла гузари», «Энг яхши кўча», «Энг яхши хонадон» танловлари барчага бирдек хуш кайфият улашди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, «Инсон ва қонун» газетаси бош муҳаррири Қўчқор Норқобил, актёрлар Машраб Кимсанов, Гулчеҳра Носирова, ЎзХДП фаоли, шоир Зиёвиддин Мансур иштирокидаги назм ва наво учрашувлари қизиқарли кечди.

Аҳмаджон Султонов, Илҳомжон Тоҳиров, Жўрахон Мўминов, Садриддин Қодиров, Боситхон Нуриддинов сингари гулчи сулолалар вакиллари томонидан намойиш этилган гуллар иштирокчилар ҳамда ҳакамлар томонидан юксак баҳоланди. Наманган педагогика коллежи, шаҳар болалар шифохонаси, тиббиёт коллежи, бир қатор умумий ўрта таълим мактаблари ва мактабгача таълим муас­сасалари жамоалари 55-анъанавий гул байрами кўргазмасида энг ноёб ва энг кўп гул турлари билан иштирок этган гулчилар сифатида олқишланди.

Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан Наманган шаҳар соғлиқни сақлаш муассасаларида узоқ йил самарали меҳнат қилган, айни пайтда кексалик гаштини сураётган 30 нафардан зиёд фахрийлар учун «Гул байрами» дас­турхони ташкил этилди.

— Наманганда ҳар йили ўтказиб келинаётган гул байрамига кейинги пайтларда нафақат республикамиздан, балки хорижий мамлакатлардан ҳам меҳмонлар келишмоқда, — дейди «Нафосат» гул ишқибозлари клуби раҳбари, ЎзХДП фаоли Дилбархон Содиқова. — Гул сайли истиқлол йилларида янгича мазмун-моҳият касб этди, сайқал топди. Бу — мамлакатимиздаги осойишталик, халқимизнинг турмуш фаровонлиги, тинчлиги  самарасидир.

Тадбирда гулчилар сулоласи давомчилари Обидхон Қодиров, Дилшод Абдураҳмонов, Жўрахон Мўминов ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ҳаваскор гулчилари, шунингдек, Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси, шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими, Наманган муҳандислик педагогика институти жамоалари «Гул байрами» ғолиби бўлдилар.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.