03.09.2015

ТИНЧЛИК-ХОТИРЖАМЛИК, ФАРОВОНЛИК НИШОНАСИ

Мамлакатимиз умумий аҳолисига нисбатан 100 ёш ва ундан ошган инсонлар сони бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллади

Бир вақтлар ватандошларимиз юқори кўрсаткичларга эришаётган хорижий давлатлар ҳақида ўқиганда, эшитганда уларнинг тараққиётига ҳавас қиларди. Ўзбекистонимизни ҳам улар сафида кўришни истарди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтгани йўқ. Мамлакатимиз мус­тақиллик йилларида биз орзу қилгандек, ҳатто илғор давлатлар ҳам ҳавас қиладиган натижаларга эришмоқда. Нуфузли халқаро ташкилотлар, статистика қўмиталари ва эксперт­лар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараларини, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш каби кўплаб соҳаларда қўлга киритилаётган бетимсол ютуқларимизни юксак баҳоламоқда.

Яқинда «Эл-Висти» ахборот маркази узоқ умр кўрувчи инсонлар яшайдиган мамлакатлар рейтингини ўрганиш бўйича таҳлил ўтказди. Унга кўра, Ўзбекистон умумий аҳолисига нисбатан юз ёш ва ундан ошган инсонлар сони бўйича Буюк Британия ва Япониядан кейин учинчи ўринни эгаллади.

Мазкур рейтинг 2014 йил бошидан буён жаҳон электрон оммавий ахборот воситаларида чоп этилган материалларда келтирилган маълумотлар, факт ва рақамлар, эксперт ва мутахассисларнинг хулосалари асосида тузилган.

4,5 миллион материал ўрганилган мазкур тадқиқотда дунё мамлакатлари юз ёш ва ундан ошган инсонларнинг умумий миқдори бўйича ҳам қиёсланган. Унга кўра, Ўзбекистон дунёда олтинчи ўринда қайд этилган.

Хўш, халқимизнинг умр кўриш даражаси йил сайин узайиб бораётгани замирида қандай омиллар мужассам?

Мутахассислар инсоннинг узоқ умр кўриши унинг соғлом ва бахтли ҳаёт кечириши, тинч-хотиржам яшаши билан узвий боғлиқ эканини таъкидлайди.

Ўзбекистон истиқлол йилларида тинчлик-осойишталик барқарор бўлган, инсон ва унинг ҳуқуқлари, эркинлиги олий қадрият сифатида эъзозланадиган, иқтисодиёти изчил тараққий этиб бораётган мамлакатга айланди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз иқтисодиёти таркибий ўзгартирилиб, саноат ва инфратузилма тармоқлари изчил ривожланмоқда. Шу билан бирга, аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоялаш, одамлар саломатлигини мустаҳкамлаш, миллат генофондини яхшилаш, таълим сифатини оширишга катта куч ва маблағлар йўналтирилаётир.

Ўтган даврда мамлакатимиз иқтисодиёти 5,5 баробардан кўпроқ ўсди. Аҳолининг реал даромадлари жон бошига ҳисоблаганда қарийб 9 баробар ошди.

Ўтган даврда харид қобилияти бўйича ялпи ички маҳсулот ҳажми аҳоли жон бошига 4 марта ўсгани ва ҳозирги кунда бу кўрсаткич 6,5 минг АҚШ долларидан зиёдни ташкил этаётгани хал­қимизнинг турмуш даражаси ва ҳаёт сифати изчил юксалиб бораётганини кўрсатади.

Шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси йилдан-йилга очилиб, тобора обод ва гўзал бўлиб бормоқда. Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган уй-жойлар ва инфратузилма тармоқлари қишлоқ аҳолисининг ҳеч кимдан кам бўлмай яшаши учун кенг имкониятлар яратмоқда, эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқармоқда.

Психологларнинг таъкидлашича, ўз турмушидан қониқиб, яқинларининг меҳр-муҳаббатини ҳис қилиб, эртанги кунга ишониб яшайдиган инсон узоқ умр кўради.

Халқимиз орасида меҳр-оқибат муҳитини янада яхшилашга, айниқса, ёши улуғ инсонларга ҳурмат-эҳтиром ва ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан 2015 йил мамлакатимизда Кексаларни эъзозлаш йили, деб эълон қилингани ана шу хайрли ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Ҳозирги даврда аҳолининг ҳаёт сифати одамларнинг ўртача умр кўриш кўрсаткичи билан ҳам ифодаланади. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсонни ривожлантириш концепциясида қайд этилган энг муҳим мезонлардан биридир. Мустақиллик йилларида халқимизнинг ўртача умр кўриши 1990 йилдаги 67 ёшдан 73 ёшга, аёллар ўртасида 75 ёшга етди. Бугунги кунда мамлакатимизда юз ёшдан ошган 8700 табаррук отахон ва онахон истиқомат қилаётгани барчамизга чексиз мамнуният бағишлайди.  

Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб аҳоли, биринчи навбатда, кекса авлод вакил­лари, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун давлат бюджетидан ижтимоий эҳтиёжлар, жумладан, аҳолини қўллаб-қувватлаш ва социал соҳани мустаҳкамлашга ажратилаётган йиллик харажатлар изчил ошиб бормоқда. 

Замонавий билим ва касб-ҳунарларни чуқур эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, она юртига меҳр ва садоқат туй­ғуси билан яшайдиган, ҳеч кимдан кам бўлмаган, ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётган янги соғлом авлод тарбияланмоқда. Бугунги кунда 2 миллиондан ортиқ ёшлар, жумладан, 840 мингдан ортиқ қизлар спорт билан мунтазам шуғулланаётгани соғлом турмуш тарзи ҳаётимиз қоидасига айланиб бораётганининг амалий исботидир.

Буларнинг бари «Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун» тамойили жамиятимизнинг барча соҳаларини модернизация қилиш ва янгилаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош ғояси, асосий мақсадига айланганидан далолатдир.

Қўлга киритилаётган бундай юксак натижаларнинг асосий омили ва мезони, шубҳасиз, мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикдир. Зеро, тинчлик барқарор юртдагина ислоҳотлар самара беради, тараққиёт бўлади, одамлар ўз мақсадларини амалга ошира олади, ҳаётидан рози бўлиб, хотиржам яшайди.

Ўзимиздан қиёс: ҳар куни тинч-хотиржам уйғонамиз, яхши кайфиятда нонушта қиламиз. У-бу нарса кам бўлса, «ғиз» этиб дўконга чиқиб келамиз. Дўконда ҳамма нарса бор...

Хурсанд бўлиб ишга жўнаймиз. Режалаштириб қўйган ишларимизни бажаришга шошиламиз.  Ишдан қайтаётиб болаларга майда-чуйда олай, деб бозор ёки супермаркетга кирамиз. Ҳамма нарса кўзимизга яхши кўриниб, қўнжимизни тўлдириб чиқамиз. Оиламизни хурсанд қилиш учун яна уйга шошамиз.

Биз учун одатий ҳол бўлган бу ҳаёт тарзи аслида жуда катта неъмат. Тинчлик туфайли дўконлару бозорларимиз тўла, дастурхонимиз тўкин. Ўйин-кулги, тўй-томоша, байрамларимиз шукуҳли.

— Кўпчилик «Шу ёшга киришингизнинг сабаби нимада?» деб сўрайди, — дейди оҳангаронлик 103 ёшли отахон, «Шуҳрат» медали соҳиби Анорбой Бердалиев. — Бунинг жавоби жуда оддий: хотиржамлик, кўнгил тўқлиги, шукроналик, қолаверса, доимо ҳаракатда бўлиш, вақтида дам олиш, зарарли одатларга берилмаслик, қўлидан келган ёрдамини ҳеч кимдан аямаслик, ҳасад билан эмас, ҳавас билан яшашдир. 

Ҳа, мамлакатимиздаги тинчлик-хотиржамлик ва фаровонликнинг, меҳр-оқибат муҳитининг барқарорлиги туфайли халқимиз бугунидан мамнун, эртасидан кўнгли тўқ. Одамлар эзгу орзу-интилишлар, юксак мақсадлар билан яшамоқда. Зеро, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган барча ислоҳотлар ҳар биримизга, Ватанимиз келажагига дахлдордир.

 

Дилшод КАРИМОВ,

ЎзА шарҳловчиси.



DB query error.
Please try later.