03.09.2015

БИЗГА, ХАЛҚИМИЗГА ТИНЧЛИК ВА ОМОНЛИК КЕРАК

бу — ўзбек халқининг истаги, бу — ўзбек халқининг мақсади, бу — ўзбек халқининг қароридир

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Президентимиз мустақиллигимизнинг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги сўзида Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмаслиги, ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базаларининг жойлаштирилишига, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига мутлақо йўл қўймаслигини алоҳида таъкидлади. Агар чуқур ўйлаб, мулоҳаза қилиб кўрадиган бўлсак, айниқса, бугунги жуда мураккаб ва таҳликали замонда бу сўзларнинг, бундай позициянинг мазмун-моҳияти кенг, аҳамияти беқиёс, қадр-қиммати баланд экани яққол кўринади. 

Ўта таҳликали вазиятда бизнинг олиб бораётган сиёсатимиз, давлатимиз раҳбари айтганидек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низомида, халқаро қонун ва нормаларда муҳрлаб қўйилган асосий принципларга риоя қилиш, юзага келадиган қарама-қаршилик ва низоларни зўравонлик билан эмас, фақатгина тинч ва сиёсий йўл билан ҳал этишни, бугунги кунда дунё­нинг турли ҳудудларида давом этаётган уруш ва қон тўкиш ҳолатларини сўзсиз тўхтатишни назарда тутади.

Мен аввало, онаман, аёлман. Бир вақтлар уруш келтирган офатлар, бошимизга солган кулфатлар қалбимда оғир жароҳатлар қолдирган. Шунинг учун бизга, халқимизга тинчлик ва омонлик керак, деган сўзларни эшитганимда биринчи бўлиб фарзандларим, набираларим кўз олдимга келади. Дарҳақиқат, тинчлик, омонлик — ўзбек халқининг истаги, ўзбек халқининг мақсади, ўзбек халқининг қароридир.

Аёл қачон бахтли бўлади? Бу саволга муҳтарам Президентимиз аниқ, тўғри жавоб берганлар. Авваламбор, болалари, оила аъзолари, турмуш ўртоғи соғ-омон бўлса.

Бу сўзларда жуда катта маъно бор. Аёл бахти оила, эл-юрт тинчлиги билан боғлиқ. Фарзандлар соғ-омон бўлиб вояга етаётган бўлса, ҳар куни оила аъзоларини бехавотир ўқиш, ишга кузатиб, кутиб олса, аёлнинг кўнгли тинч, хотиржам бўлади. Оила бағридаги аёлгина ҳақиқий бахт­ни ҳис қилади. Шунинг учун ҳам аёллар, оналар даставвал юрт­да тинчлик  бўлишини ҳаммадан кўп исташади, ҳаммадан кўп сўрашади.

Мамлакатимизда қабул қилинаётган қонунлар, Президентимизнинг дунёда тинчликни таъминлаш тўғрисидаги халқаро ташаббуслари биринчи бўлиб аёллар, оналар томонидан қўллаб-қувватланади, десам, тўғри бўлади.

Гап шу ҳақда кетганда, «Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни тинчликни таъминлаш ва кафолатлашда муҳим аҳамиятга эга бўлганини алоҳида таъкидлашни истардим. Ушбу қонунда Ўзбекистон тинч­ликпарвар сиёсат олиб бориши ва ҳарбий-сиё­сий блокларда иштирок этмаслиги, ҳар қандай давлатлар­аро тузилма ҳарбий-сиёсий блокга айланадиган бўлса, ундан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиши аниқ қайд этиб қўйилган.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ўзининг қўшни давлатлардаги қуролли зиддиятларга ва танг вазиятларга тортилишининг олдини олиш юзасидан сиёсий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни кўради, шунингдек, ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди. Ўзбекистон Республикасининг Конс­титуциясига, «Мудофаа тўғрисида»ги Қонунга ва мамлакатимиз Қуролли Кучларининг Ҳарбий доктринасига асосан чет эллардаги тинч­лик ўрнатувчи операцияларда иштирок этмайди. Бу меъёр, қоида ва тамойиллар халқимизнинг хоҳиш-иродасини ифода этади.

Оммавий ахборот воситалари орқали дунёнинг турли чеккаларида оналар, аёллар ҳали ҳам безовта, ҳали ҳам нотинч, кўз ёшлари дарё бўлиб оқаётганини кўриб, эшитиб турибмиз. Ўғилларимизни урушга бермаймиз, деб оналарнинг жони ҳалак. Эрталаб фарзандларини ўқишга, турмуш ўртоғини ишга кузатган она уларнинг эсон-омон қайтиб келишини минг ҳадик-хавотир билан кутмоқда.

Ҳеч эсимдан чиқмайди. 80-йилларнинг боши эди. Акам ҳарбий хизматга Монголияга жўнаб кетган. Онам бир энлик хат кутиб, тунларни тонгга улайди. Телефонда гаплашиш учун ойлаб марказий почтада навбатда туради. Кўпинча кунлаб кутиб, охири «қуриб кетсин, телефон ишламади», деб хомуш қайтарди. Кейин ҳафталаб қон босимлари ошиб, ётиб қоларди. Уйимизга «тез ёрдам» машинаси қатнайверарди...

Минг шукрки, менинг ўғлим Мус­тақиллик йилларида ҳарбий хизматга отланди. Уйимиздан бор-йўғи 60 км. нарида хизмат қиладиган бўлди. Ўзимизнинг вилоятда, қўшни шаҳарда. Ҳарбий қисмнинг шароит­лари ҳавас қиларли даражада эканлигини билсам-да, барибир, ўша куни туни билан ухлолмадим... Эртасига эрталаб йўлга чиқдим, ўғлимга сездирмай ҳарбий қисмга бордим. Узоқдан чиройли сафни, унда қадди тик ўғлимни кўриб, хотиржам ортимга қайтдим. Шунда Мустақилликдан олдин ўғилларини узоқларга хизматга жўнатган оналарнинг матонатига қойил қолдим. Ҳар куни бир энлик хат илинжида кўнгли хуфтон оналарнинг аҳволини англагандек бўлдим. Мустақиллигимизга, тинчлигимизга шукрона келтирдим.

«Биз бошимиздан кечираётган замон барчамиздан, аввало, огоҳ ва сезгир бўлиб яшашимизни, тинч ва осуда ҳаётимиз учун, мусаффо осмонимизни ҳимоялаш учун курашишимизни талаб қилади». Давлатимиз раҳбарининг ушбу сўзлари юрагимиз, қалбимиздан чуқур жой олиши, ҳар биримиз, энг аввало, фарзандларимизга, оила аъзоларимизга тинчликнинг, осуда ҳаётнинг қадрини, қимматини тушунтириб беришимиз, тинчликка, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак, деб ўйлайман.



DB query error.
Please try later.