01.09.2015

ЭНГ МУҚАДДАС БОЙЛИГИМИЗ – ИСТИҚЛОЛИМИЗ!

Мустақиллигимизнинг 24 йиллигига бағишлаб Ўзбекис­тон Халқ демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамкорлигида ҳудудларда қатор маданий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Уларда партия ­фаоллари, сиёсатчилар ҳамда кўпни кўрган нуронийлар иштирок этиб, истиқлолнинг қадр-қиммати, халқимиз тақдиридаги аҳамияти ҳақида фикр билдиришмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Чиноз туманида ўтказилди. ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент вилоят партия кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган «Энг муқаддас бойлигимиз — Истиқлолимиз!» мавзуи­даги давра суҳбатида партия фаоллари, Олий Мажлис Сенати, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари, таниқли санъаткорлар иштирок этди.

— Ҳаммамиз катта ҳаяжон ва қувонч билан кутаётган байрам — Мус­тақиллик куни арафасида беихтиёр босиб ўтилган йўл ҳақида ўйлаймиз, бўлиб ўтган воқеаларни хотирлаймиз, — дейди Тошкент вилоят партия кенгаши ­раиси ­Сирожиддин Аъзамов. — Мустақилликка эришиш арафасидаги ўта оғир ижтимоий-иқтисодий аҳвол, қалтис сиёсий вазият ёдга тушади. Бир-биридан чигал ва мураккаб муаммолар гирдобидан қандай чиқиб кетганимиз, тўғри йўлни топиб олганимиз ҳақида ўйлайсан, киши. Энг асосий вазифалардан бири бозор иқтисодиёти шароитида аҳолини кутилмаган ижти­моий муаммолардан асраб қолиш эди.

Президентимиз Мустақилликнинг дастлабки йилларида бозор муносабатларига ўтиш жараёнида аҳолининг кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга эҳтиёж­манд қисмини қўллаб-қувватлаш, шу орқали ижтимоий барқарорликни сақлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Гарчи ўша пайтларда мамлакат иқтисодиёти у қадар бақувват бўлмаса-да, биринчилардан бўлиб иш ҳақи, ёшга доир нафақалар, пенсия ва бошқа ижтимоий тўловлар молиялаштирилди. Тан олиш керак, ўша пайтда узоқ-яқиндаги айрим олиму сиёсатдонлар Ўзбекистон қаддини кўтариб олишига ишонқирамай қараган эди. Бугун эса барча соҳада оқилона ва босқичма-босқич олиб борилган сиёсат хал­қимизга қийинчиликларни бирин-кетин енгиб ўтиш, ривожланган давлатлардаги тараққиёт билан бўйлашиш имконини берди. Давлатимиз эришган ютуқлар, шаҳару қишлоқларимиздаги бунёдкорликларни кўрган, кечаги кун билан қиёслаган одам бунга амин бўлади.

— Истиқлол байрами арафасида мамлакатимиз босиб ўтган йўлга назар ташлаб, эришилган ютуқларни таҳлил қилиш анъанага айланган, — ­дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати Мақсуда ­Ворисова. — Холис фикр юритадиган бўлсак, 24 йиллик тараққиёт йўли ҳар соҳада юксалиш йиллари бўлди. Энг катта ютуғимиз юртимиз тинчлиги, хал­қимиз осойишталигидир. Тинч ва озод юртда юксалиш, бунёдкорлик бўлади, эл-улус хотиржам яшайди.

Тасаввур қилайлик, Мустақилликдан олдинги даврда шаҳарларимиз кўриниши қандай аҳволда эди, қишлоқларимиз аҳволичи?... Ёки таълим, тиббиёт соҳасини олайлик, кечаги аҳвол билан бугунгисини қиёслаб, хулоса чиқарайлик... Айниқса, собиқ иттифоқ даврида хотин-қизларнинг турмуш тарзи, оғир меҳнат билан ўтган кунларини эслайлик...

Бугунчи? Ўзбек халқи, аввало, ўзлигини англади, урф-одатларимиз қайта тикланди. Истиқлол туфайли давлат ва жамият бошқаруви, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, тиббиёт, таълим, ҳарбий соҳаларда, қўйингки, барча жабҳада хотин-қизларнинг роли ошди. Уларнинг ўз иқтидорини намоён қилиши, қобилиятига яраша ишлаши учун барча шароит яратилди.

Қаранг, бир пайтлар тушимизга ҳам кирмаган ҳовли-жойларда яшаяпмиз, бозорларимиз, савдо дўконлари пештахталари маҳсулотлар билан тўла. Хоҳлаган нарсангни, хоҳлаган миқдорда сотиб олиш мумкин. Бир вақтлар кў­римсиз қишлоқларимиз бугун обод манзилларга айланди.

— Яқин ўтмишимизга назар солайлик, кеча ким эдик? — дейди ­сиё­сий шарҳловчи Қобилбек ­Каримбеков. — Ўтган аср охирида қадр-қиммати, шаъни ва ғурури поймол этилиб, бой тарихи ва муқаддас қадриятлари топталган халқ эмасмидик?! 

Хусусан, шўро тузуми пайтида ижтимоий муносабатларга жиноят сифатида қаралган. Ишлаб чиқаришнинг қайсидир тури билан шуғулланмоқчи бўлсанг, жиноий жавобгарлик белгиланган. Умуман олганда, ўз мустақил ишини йўлга қўймоқчи бўлганлар қаттиқ қораланиб, бундай меҳнат билан шуғулланиш тақиқланган эди. Иқтисодиё­тимиз батамом хомашё етиштиришга йўналтирилиб, одамларнинг хоҳиш истаги билан ҳисоблашилмаган.

Эндиликда дунёнинг энг ривожланган ва тараққий этган ил­ғор демократик давлатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллашни мақсад қилган Ўзбекистон қўлга киритаётган улкан ютуқ ва марралар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳайрат ва ҳавас билан, ҳақли равишда эътироф этилмоқда. Ишлаб чиқариш тараққий этиб, иқтисодиётда хусусий мулк улуши ортиб бормоқда. Демак, мустақиллик берган ана шундай буюк ва чексиз имкониятларнинг қадрига етиш, мустақилликни мустаҳкамлаш ҳар биримизнинг инсоний ва фуқаролик бурчимиздир.

— Ўзбек деган ном — улуғ ном, — дейди Ўзбекистон халқ артисти ­Эркин Комилов. — Ўзбекчилик бу миллатимизнинг улуғлиги, бағрикенглиги, халқимиз донолиги, иймони бутлиги, тантилиги ва қўли очиқлигидир. Театрда ишлаётганимга 49 йил бўлди. Устозимиз Шукур Бурхон мустабид тузум даврида бир умр Амир Темур образини яратиш иштиёқида ўтди. Аммо унинг бу орзуси рўёбга чиқмади. Бу бахтга кун келиб биз эришдик. Бу имкониятни бизга истиқлол берди, мустақиллик берди. Мустақиллик йилларида бой тарихимиз, қадимий урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланиб, меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби эзгу фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун яшаш ҳаётимизнинг асосий қоидасига айланди.

Буларнинг барчасига қандай оғир синовлардан ўтиб, машаққатлар билан эришилганини одамларга, айниқса, ёшларга бугунгидай учрашувлар, давра суҳбатларида тушунтириб беришимиз керак. Ёшларимиз бу воқеаларни қанча чуқур билса, мустақиллик қадрини шунчалик юракдан ҳис этади.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.