01.09.2015

ИСТИҚЛОЛ, ИНСОН, ИМКОН

Акром АКБАРОВ, Ўзбекистон врачлар ассоциацияси Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

Мустақиллик байрамини барча соҳалардаги катта ютуқлар, янгиликлар билан кутиб олмоқдамиз. Айниқса, «Afrosiyob» электропоездининг Тошкент — Самарқанд — Қарши йўналиши бўйича қатнай бошлагани биз қашқадарёликларга ҳақиқий байрам совғаси бўлди.

Мана шу каби хаёлингга келмаган ўзгаришларни кўриб, ўтмиш ёдингга тушади. Ўтган асрнинг 50-60 йилларида талаба бўлганмиз. Ўшанда Тошкентдан Қаршигача поезд 36 соат юрарди. Шунда ҳам агар йўл чиптасини топа олсангиз. Ота-онамизни кўришга фақатгина ёзги таътилда келардик.

Яқингача «Насаф» поезди ҳам Қаршига 6 соат йўл босарди. Энди эса 511 километрлик масофа 3 соатда ортда қолади. Поезднинг тезлиги — биринчи масала. Йўловчилар учун яратилган шароитларни сўз билан таърифлаб бўлмайди. «Беш юлдузли» меҳмонхонадан ҳеч ҳам қолишмайди. Шунинг учун бўлса керак, поездга чиқишинг билан одамни кайфияти кўтарилиб кетади. Айниқса, кексалар учун жуда қулай экан. Ортиқча қийналмай, уринмай сафар қилиб келиши мумкин.

Мутахассисларнинг маълумот беришича, тезюрар поезд ишга туширилиши учун 140,8 километр­лик Мароқанд-Қарши участкаси тўлиқ электрлаштирилибди. 11 станцияда 9 километр пўлат излар реаблитация қилинган.

Поезднинг ишончли ҳаракатланиши, алоқа тизимларининг нуқсонсиз ишлашини таъминлаш мақсадида замонавий автоматлаштирилган диспечерлик бош­қаруви, электр энергия сарфини автоматик ҳисоб-китоб қилиш тизими йўлга қўйилибди. Участканинг барча кесишмалари радиоалоқа ва телефон алоқаси билан жиҳозланган. Буни ўз кўзимиз билан кўриб келдик, йўлларнинг икки томонига темир панжаралар ўрнатилибди.

«Afrosiyob» поезди ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Мен бир нарсага алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Тезюрар поезд одамларимизга қулайлик яратиши билан бирга, чет эллик инвесторларни ўзига жалб этади. Йўл коммуникациясининг яхшиланиши хорижий ишбилармонларнинг вилоятимизга бўлган қизиқишини янада орттиради.

Шу билан бирга, туристлар оқимининг кўпайишида ҳам муҳим омил бўлади. Чунки, хорижликларни Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларига бўлган қизиқиши жуда кучли.

Умуман, «Afrosiyob» поезди мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини кўрсатиши билан бирга, одамларимизнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилади .

 

Лола ИЛИЕВА, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Мен пойтахтимизнинг Эски шаҳар қисмига туташ ҳудудида яшайман. Ҳар куни эрталаб, шу йўллардан юраман. Президентимиз Себзор ва Абдулла Қодирий кўчалари кесишган чорраҳада бунёд этилган кўприкка ташриф ­буюрганларида Эски шаҳар Тошкентнинг энг гўзал ва замонавий қисмига айланиши ҳақида гапирган эди.

Айнан Нурафшон кўчасининг қурилиши аҳоли учун катта қулайлик яратиши билан бирга, Эски шаҳарни замонавий масканга айлантириш борасидаги ишларга кенг йўл очди. Кўча билан биргаликда коммуникациялар ва муҳандислик инфратузилмаси яратилди. Бугунги кунда Нурафшон кўчаси бўйида кўп қаватли уй-жойлар бунёд этилмоқда.

Эсимда Нурафшон кўчаси қурилиши муносабати билан айрим турар-жой бинолари бузилганида баъзилар буни тўғри қабул қилмаганди. Бугун ана шу кишилар биринчилардан бўлиб, янги қурилган уй-жойларга харидор бўлаяпти. Чунки бу ерда инсоннинг тинч ва фаровон яшаши учун барча қулайликлар, ҳовлидан кам бўлмаган шарт-шароитлар яратилган.

Президентимиз мазкур уй-жойларда яратилган шароитлар билан танишар экан, турар-жойларни қуришда инсон манфаатларини инобатга олган ҳолда иш тутиш зарур. Унда яшайдиганлар ҳаётидан рози бўлиб яшасин. Айниқса, аёлларимиз учун зарур ша­роит ва қулайиклар яратиш даркор, деди.

Хонадонларни жойлаштиришга жиддий эътибор қаратилгани, кексалар учун алоҳида бир хонали квартиралар, уларнинг рўпарасида фар­занд­лари учун 3-4 хонали хонадонлар қурилгани халқимизнинг турмуш тарзи, оилалар таркиби инобатга олинганини кўрсатади.

Ўзбек халқи, энг аввало, уй қурай, тўй қилай, фарзандларимни роҳатини кўрай, деб яшайди. Бундай кенг ва шинам уйларда инсоннинг барча орзу-истаклари рўёбга чиқади.

Уй-жойлар атрофи ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилган. Болалар майдончалари бунёд этилган. Бу уйларнинг атрофини айланар экансиз, ундаги файз, тароват сизни ўзига жалб қилади.

Мустақиллигимизнинг ҳар бир куни бизга ана шундай бахт, қувонч, шодлик олиб келаяпти. Одамларимиз ўз орзуларига эришаяпти. Бу эса биз қўлга киритаётган энг катта ютуқ, деб ўйлайман.

 

Нортожи АБДУЛАҲАТОВ, Шеробод тумани йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси директори, халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби:

Қарийб қирқ йилдан буён йўл қурилиш соҳасида ишлайман. Шу касб орқасидан фарзандларимни ўқитдим, уйли-жойли қилдим, одамлар орасида обрў-эътибор топдим. Мустақиллигимизнинг 24 йиллик байрами арафасида Президентимиз Фармони билан давлатимизнинг юксак мукофотига сазовор бўлишим ҳаётимдаги энг бахтли кун бўлди.

Йўллар азал-азалдан мамлакат иқтисодиётининг қон-томири ҳисобланган. Йўл инфратузилмасининг ривожланиши ўша мамлакатнинг қанчалик тараққий этгани, аҳолисининг турмуш даражасини белгилайди. Ҳудудлардаги инфратузилма, энг аввало, йўллардан бошланади.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 5 километрдан ортиқ йўл қурдик. Ҳозирда корхонамизда 160 нафардан ортиқ ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. 70 дан ортиқ энг замонавий русумдаги техникамиз бор. Яқинда лизинг асосида яна иккита «МAN» русумли юк ташувчи автомобиль олдик.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз йўл қурилиш соҳасида қатор янгиликлар, замонавий технологиялар жорий қилинди. Асфальт ётқизишда ҳам эски усуллардан воз кечилиб, сўнгги технологиялар асосида тезкор ва қулай иш тартибига ўтилди.

Бугунги кунда Президентимиз қарорига мувофиқ, Термиз шаҳрида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ана шу жараёнда бизнинг корхонамизга ҳам бир қатор масъулиятли вазифалар юклатилган. Режага кўра, 15 километрдан кўпроқ йўлда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борамиз.

Мустақиллик йилларида қурилаётган кенг ва равон йўлларни мамлакатимизнинг ёрқин келажагига ўхшатгим келади. Бу келажакни биз ўз қўлларимиз билан қураяпмиз.

Мен ўз касбимдан фахрланаман. ­Орден олганим ҳақида эшитиб, бошимдан ўтган барча қийинчиликларни унутдим. Қалбим янада ёришди. Мен каби оддий бир инсоннинг меҳнати шу қадар юксак баҳоланганидан, албатта, қувондим. Она ­Ватан учун бутун умримни бағишлаш, барча кучимни мамлакатимиз ривожи учун сарф­лаш бурчим эканини яна бир бор чуқур ҳис этдим.

 

Нурали ОРИПОВ,

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.