01.09.2015

«ЮРАГИМДА АБАДИЙ ҚОЛАСАН, ЎЗБЕКИСТОН! ҲАММАСИ УЧУН РАҲМАТ САМАРҚАНД!»

Қайси юртда қўшиқ янграса, мусиқа овози эшитилса, билингки, ўша жойда тинчлик, осойиш­талик ҳукмрон. Бундай заминда яшаётган бахтиёр одамлар санъат воситасида ўз шодлигини, қувончини бутун дунёга намойиш қилади.

Шунингдек, қайси мамлакатга меҳмон кўп келадиган бўлса, шуни англаймизки, бу манзил обод, фаровон, одамлари аҳил, меҳр-оқибатли, иймонли, инсофли...

Самарқанд дунёнинг энг кўп меҳмон келадиган буюк шаҳарларидан бири. Мезбон Самар­қанднинг бағри осмон каби бепоён. Шунинг учун ҳам мустақиллик йилларида Самарқандда кўплаб халқаро конференциялар, спорт мусобақалари ўтказилиб келинмоқда. «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ҳам халқаро доираларда тан олинган, эътироф этилган санъат анжуманидир.

«Шарқ тароналари» ўнинчи халқ­аро мусиқа фестивали оҳанг­лари қарийб бир ҳафта давомида нафақат Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида, балки «Мўъжиза», «Ниҳол» амфитеатрларида, «Ёшлик», «Сўғдиёна», «Шаббода» истироҳат боғларида, ­Самарқанд, Оқдарё, Жомбой ва Тайлоқ туманларида ҳам янгради. Юзлаб, минглаб одамларнинг қалбига нур оқиб кирди.

«Шарқ тароналари» форуми иштирокчилари учун бутун ­Са­мар­қанд бўйлаб саёҳатлар уюштирилди. Ҳунармандлар томонидан тайёрланган турли ­буюмлар, миллий чолғу асбоблари кўргазмаси эса барчада катта қизиқиш уй­ғотди.

«Шарқ тароналари» анжумани доирасида ташкил этилган илмий конференцияда асосий эътибор  Шарқ халқлари миллий мусиқа маданиятини сақлаш, уни авлодларга етказиш каби бир қатор долзарб масалаларга қаратилди.

Қувончлар дилдан тошган, меҳр-оқибат, тинчлик, дўстлик тараннум этилган, ҳамма бир тилда, мусиқа тилида, қўшиқ тилида, санъат тилида бир-бирини анг­лаган, тушунган. «Шарқ тароналари» фестивали ўз ниҳоясига етди.

Ҳаяжонли дақиқалар. Нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан «Шарқ тароналари» Х халқаро мусиқа фестивалининг ғолиб ва сов­риндорлари номи эълон қилинади.

Фестивалнинг бош соврини – Гран-при Хитойнинг «Jiangsu Women’s Orchestra»  гуруҳига топширилди. Япониянинг «Shamisen» гуруҳи биринчи, Польша ва ­Эстония вакиллари иккинчи, коста-рикалик санъаткорлар эса учинчи ўринга сазовор бўлишди.

Қорақалпоғистоннинг «Айқулаш юлдузлари» гуруҳи ЮНЕСКОнинг махсус совринини қўлга киритди.

«Шарқ тароналари» ўнинчи хал­қаро мусиқа фестивалининг ёпилиш маросимига бағишланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Боҳодир Ходиев, Самарқанд вилояти ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этди.

Биз катта санъат анжумани ғолиб ва совриндорлари ҳамда иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик. 

Жанг ЖИНГ, Гран-при соҳиби «Jiangsu Women’s Orchestra» гуруҳи аъзоси (Хитой):

— Биз ўзимизни самода учаётгандек ҳис қиляпмиз. «Шарқ тароналари»да қатнашиш, Регис­тонда қўшиқ куйлаш орзуимиз ушалди. Нафақат амалга ошди, балки биз Гран-при билан юртимизга қайтадиган бўлдик. Мен Президент Ислом Каримовга «Шарқ тароналари»да иштирок этган барча санъаткорлар номидан миннатдорлик билдирмоқчиман. Мана шу фидойи инсон ташаббуси билан дунё санъаткорлари Самарқанд­да тўпланмоқда. Бу эса жаҳон халқлари санъати ва маданияти янада ривожланишида муҳим ўрин тутади. Ўтган кунлар давомида биз учун ғам­хўрлик қилган барчага раҳмат айт­моқчиман. Бизни улуғлаган, кўк­ларга кўтарган Самар­қандда сизлар билан яна учрашамиз деган умиддаман. Юрагимизда абадий қоласан, Ўзбекистон! Ҳаммаси учун раҳмат ­Самарқанд!

Бранда МАУРО, «Лаус Нова» гуруҳи аъзоси (Италия):

— Қалбимдан ўтаётган ҳиссиётларни гапириб бериш қийин. Бундай юқори даражадаги фестиваль совриндорлари қаторидан жой олиш ҳар қандай одамга фахр бағишлайди. Фестиваль жуда ажойиб бошланди ва юқори нуқтада якунланди. Бизга барча қу­лайликларни яратиб берган ­Самарқанд аҳлига катта раҳмат. Биз юртимизга ёруғ юз билан қайтамиз. Бу ерда ўтказган кунларни ҳеч қачон унутмаймиз!

Маака ПОҲАТУ, «Модерни маори» гуруҳи аъзоси (Янги Зеландия):

— Ўзбекистондан олган таассуротларим шунчалик кўпки, уни биргина сўз билан таърифлашнинг имкони йўқ. Бу ердаги тарихий обидалар бизни жуда-жуда ҳайратлантирди. Регис­тон майдонида куйлаш эса орзуларнинг ушалишидир. Биз бу ерда вақтимизни жуда яхши ўтказдик. Дунёнинг турли бурчакларидан келган санъаткорлар билан танишдик, биргаликда қўшиқ куйладик, мусиқий асбобларимизни чалиб кўрдик. Юртимга қайтар эканман, юрагимнинг бир парчаси Ўзбекис­тонда қоляпти. Самарқандда нафақат куйладик, балки махсус мукофот ҳам олдик. Саҳнага чиқиб уни қа­бул қилар эканман, такрорланмас ҳислар оғушида қолдик. Сизлар билан яна учрашамиз, дўстларим!  

Гуванч ЖУМАНДУРДИЕВ, «Бахши Трио» гуруҳи аъзоси (Туркманистон):

—  «Шарқ тароналари»дек нуфузли фестивалда қатнашиб, сов­риндор бўлиш бахти ҳамма санъаткорга ҳам насиб этавермайди. Анжуманда махсус мукофот олганимиздан бошимиз кўкка етди. Ўзбекистонда бундай катта доирадаги фестивалнинг ўтказилиши мамлакатда маданият ва санъатга берилаётган юксак эътибор натижасидир. Бу ердаги дўстона муҳитни сўз билан тасвирлаб бериш қийин. Бизни қўллаган, ёрдамини аямаган ўзбек халқига раҳмат айтамиз. Ишонамизки, сизлар билан яна кўришамиз.

Биржан БАЗИЛЖОНОВ, мусиқачи (Қозоғистон):

— Самарқандга биринчи марта келдим. Авваллари мен уни фақат телевизорда кўрганман. Шаҳрингиз ҳақида етарлича маълумотга эгаман, деб ўйлардим, лекин келиб билдимки, Самар­қанд мен тасаввур қилганимдан кўра гўзал экан. Мени кўпроқ тарихий обидаларнинг маҳобати, бозорларингизнинг ободлиги, ­халқин­гизнинг хушмуомалалиги қойил қолдирди. Самарқандда бир марта меҳмон бўлган одам яна қайта-қайта келгиси келаверади.

«Шарқ тароналари» ҳақида гапирадиган бўлсам, фестиваль ҳақида интернетда ўқиб қолдим. Менда «Шарқ тароналари»да қатнашиш истаги туғилди. Тўғрисини айтаман, юртингиздан, очиқ осмон остидаги қадимий ёдгорликлар билан қуршалган амфитеатрдан ҳайратга тушдим. Сабаби, бундай муҳитда илк марта куйладим. Қўшиқ айтаётган пайтим жуда ҳаяжонландим. Менга фестиваль жуда ёқди ва келажакда «Шарқ тароналари»да яна қатнашишни дилимга тугиб қўйдим. Агар иштирокчи сифатида қатнашиш имкони бўлмаса, оддий томошабин бўлиб юртингизга, албатта, келаман. Махсус мукофот олганлар қаторида номим тилга олинганида ўзимни дунёдаги энг бахтли одамдек сездим. Бунақа дақиқаларни ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Ўзбекистон ­халқига раҳмат айтаман.

Элиассе Бен ЖОМА, хонанда (Комор ороллари):

—  Бизнинг мамлакатимизда ҳам мажбурий таълим жорий қилинган. Лекин давлат мактаб қуриб беришни бўйнига олмайди. Ўзбекистонда бунинг акси экан. Юртингизда болаларга яратилган шароитлардан ҳайратландим. Мусиқа йўналишида таълим оладиган ёшлар учун барча қулайликлар яратилган.

Сиёб бозоридан олган таассуротларимни ҳеч қачон унутолмасам керак. Бизнинг бозорларда сотувчи маҳсулотидан татиб кўришга рухсат бермайди. Сизларда сотувчилар жуда очиқкўнгил экан. Татиб кўргандан кейин харид қилмасангиз ҳам хафа бўлмай, кулиб кузатиб қўйишади. Очиғи, бунақа одамларни илгари учратмаган эдим.

Самарқанд архитектураси ҳар қандай одамни тарих бўйлаб саёҳатга чорлайди. Бунақа маҳобатли, чиройли обидаларни илгари ҳеч қачон кўрмагандим. Самар­қанд ҳақидаги таассуротларимни дўстларимга, албатта, гапириб бераман.

Санъаткор мухлислар эътиборидан илҳом олади. Ахир биз улар учун куйлаймиз. Оқдарё аҳолисининг бизга талпингани ҳеч қачон ёдимдан чиқмаса керак. Улар бизни тинимсиз олқишлаб, қўллаб туришди. Бунақа санъатсевар одамлар қаршисида қўшиқ куйлаш катта бахт.

Ўзбек миллий куйлари ҳам ўзига хос экан. Эквадордан келган дўстларимиз «Лазги»га маза қилиб рақсга тушишди. Биз ҳам улар билан хурсандчилик қилдик. Самар­қандлик дўстларим гуруҳимизни ўзбек ресторанига олиб борди. У ерда маҳаллий аҳоли билан мулоқотда бўлдик. Бирга ўйнаб, кулдик.

Ўзбекистондан кетар эканман, Сизларга хайр демайман. Кўришгунча дўстларим! 

 

Темур АЪЗАМ,

«Ўзбекистон овози» махсус мухбири.



DB query error.
Please try later.