29.08.2015

СИЁСИЙ ПАРТИЯ САЙЛОВЧИЛАР МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛМОҒИ ЛОЗИМ

ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши раиси банд бўлгани боис, бироз кутишга тўғри келди. Фурсатдан фойдаланиб, ёнимда ўтирган отахонга юзландим. Ташрифининг мақсадини сўрадим. Кўринишидан етмиш ёшлар чамасидаги отахон ўзини Сардор Шамсутдинов, деб таништирди. Суҳбат давомида унинг 81 ёшда эканини эшитиб, ёш кўринишининг сирини сўрадим. «Яхши ниятда ҳаракат қилган, меҳнатдан тўхтамаган одам қаримаса керак-да, қизим», деди отахон.

— Партиямиз кенгашига ­деярли ҳар куни келаман, — деб сўзида давом этди Сардор Шамсутдинов. — Бугун маҳалламизда истиқомат қилувчи кам таъминланган оилага ижтимоий ёрдам берилишини сўраб, депутатга мурожаат қилмоқчиман.

Яқинда маҳалламиз аҳолиси коммунал хизмат сифатини яхшилаш бўйича айрим таклифларини айтган эди. Депутатлар ва партия фаолларининг кўмагида масалага ечим топилди. Бу билан ЎзХДПга одамларимизнинг ишончи ортди.

Ўзим партияга аъзо бўлиш билан бирга, «Нуроний» жам­ғармаси вилоят бўлимининг ёшлар билан ишлаш комиссия­си раисиман. Ёшларнинг қалбига йўл топиш учун сўзингиз, таклифингиз уларнинг қизиқишлари билан муштарак бўлмоғи лозим. Партия аъзосидан ҳам ана шу талаб этилади. Партия томонидан олиб борилаётган ишлар аҳолининг истакларига мос келса, депутатлар ҳамиша халқ орасида юриб, иссиқ-совуғидан бохабар бўлсагина, кўзланган натижага эришилади.

Отахон билан вилоятда олиб борилаётган ислоҳотлар, ЎзХДП ташкилотлари ва депутатлари фаолияти хусусида суҳбатлашдик. Унинг сўзларидан одамлар орасида ЎзХДПга ишонч ортиб бораётганига амин бўлдим.

Абдулҳамид НУРМАТОВ, ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Маълумки, мамлакатимизда Андижон ҳудуди жиҳатдан энг кичик, аҳолиси энг зич жойлашган вилоят ҳисобланади. Азалдан ҳунармандлар юрти, деб эътироф этилган вилоятимиз бугунги кунда ишлаб чиқариш ва саноат соҳасида ҳам кўплаб ютуқларга эришмоқда. Биргина Асака автомобиль заводи ва унинг қошида ташкил этилган ўнлаб қўшма корхоналарда минг­лаб ҳамюрт­ларимиз фаолият олиб бормоқда. Улар халқимиз турмуш фа­ровон­лигини таъминлаш билан бирга, ­экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаряпти.

Айни пайтда Андижон улкан қурилиш майдонига айланган. Мустақиллик байрами арафасида намунавий лойиҳа асосидаги янги уйлар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объ­ект­лари бирин-кетин фойдаланишга топшириляпти. Шаҳар ва қишлоқларнинг қиёфаси тубдан ўзгаряпти. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий маиший хизмат кўрсатиш марказлари барпо этиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда, кўплаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Ана шу кенг қамровли жараёнда пар­тия­миз кенгашлари ва маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳларимиз ҳамкорлиги яхши самара бермоқда.

Халқ депутатлари Андижон вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида жами 160 нафар ЎзХДПдан сайланган депутат фаолият олиб бормоқда. Бу кўрсаткич умумий депутатлик ўрнининг 37 фоизини ташкил этади. Демак, партиямиз Сайловолди дас­турида белгиланган вазифаларни амалга оширишда етарлича куч ва имкониятга эгамиз.

Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дас­турлари ижросини самарали таъминлаш мақсадида турли ташкилотлар билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказиляпти. ­Хусусан, «Маҳалла» хайрия ­жамоат фонди, «Нуроний» жам­ғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати бўлимлари билан доимий алоқа ўрнатилган.

«Кексаларни эъзозлаш йи­ли» Давлат дастури ижросини таъминлашга қаратилган «Кексаларнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз» лойиҳаси доирасида вилоятдаги нуронийлар, якка-ёлғиз фуқаролар, имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд кишиларнинг ҳолидан хабар олинди. Уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга таъсир қилувчи 10 масала партия гуруҳларида ўрганилди. 10 масала доимий комиссияларда муҳокама қилиниб, 2 таси ижобий ҳал этилди, 8 масалани сессияга олиб чиқиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Шунга қарамай, иш ҳамма жойда ҳам бирдек самарали ташкил этиляпти, деб бўлмайди. Аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларида депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида айрим шаҳар ва туманларимизда сусткашликка йўл қўйилмоқда.

Пахтаобод, Хўжаобод, Шаҳрихон туман партия кенгашлари айрим вазифаларга совуққонлик билан қараяпти. Ишга бундай муносабат эртага қимматга тушиши мумкин. Бугунги одамлар ким қандай ишлаётгани, қайси сиё­сий партия уларнинг ман­фаатини ҳимоя қилиш учун курашаётганини кузатиб, билиб турибди. Сайловчилар олдида юзимиз ёруғ, эл-юрт орасида обрўйимиз янада мустаҳкам бўлиши учун биз ҳар бир пар­тия ташкилотида иш­ни тизимли ва самарали ташкил этишимиз керак.

Мамиржон ИКРОМОВ, ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши раисининг ўринбосари:

— Мустақиллик бизга берган неъматлар ичида энг улуғи тинч­лик бўлса, энг қадрлиси ўз фикримизни эркин ифода этиш имкониятидир. Халқимизнинг ҳу­қуқий билими мустаҳкамланиб, сиёсий тафаккури бойиб бораётгани мамлакатимизда рўй бераётган ислоҳотларга муносабатида намоён бўлмоқда. Хусусан, халқимизнинг сиёсий партияларга бўлган ишончи Жамоатчилик қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларда ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Бугун маҳаллий Кенгашлар қошида 18 та Жамоатчилик қабулхонаси фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 350 га яқин мурожаат келиб тушди. Улар асосан ижтимоий масалаларни қамраб олган. Масалан, коммунал соҳа, ер олиш, иш билан таъминлаш, соғ­лиқни сақлаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит олиш бўйича кўплаб мурожаатлар тушган. Мурожаатларнинг ҳозиргача 75 фоизи ижобий ҳал этилди.

Шунингдек, шу йилнинг 8 август куни Булоқбоши туманининг «Ширмонбулоқ» дам олиш масканида кўчма Жамоатчилик қабулхонаси ташкил этилди. Унда аҳоли вакиллари ўзларини ўйлантираётган кўплаб масалаларда партия фаоллари ва депутатларга мурожаат қилишди. Жумладан, «Учтепа» маҳалласида яшовчи Нозимжон Олимжонов Бўстон кўчасидаги 4 км. йўлни асфальтлаш, Навоий номли маҳалла фуқароси Ҳабибахон Тўланова Саломатлик кўчасидан чегара ҳудудгача бўлган асосий йўлни таъмирлаш бўйича, шунингдек, «Ширмонбулоқ» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Муҳайё Қораева Оқсув кўчасида ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича мурожаат қилишди. Депутатлар ва фаоллар ёрдамида мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди. Туман «Автойўл» бўлими томонидан Бўстон кўчасидаги 4 километрлик масофага асфальт ётқизилиб, таъмирлаш ишлари бошланди.

Яқинда ЎзХДП туман ва шаҳар кенгашлари ҳузуридаги Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқдик. Жамоатчилик қабулхоналарининг фаолияти ҳақида аҳолига янада кенг­роқ маълумот бериш мақсадида уларнинг манзили, қабул кунлари ва соатлари тўғрисида ташрифномалар тайёрланиб, бош­лан­ғич партия ташкилотларига етказилди.

Маҳмуджон АБДУЛАЗИЗОВ, халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Бугун одамларнинг ишончини оқлаш учун амалий ишлар, ташаббуслар керак. Шунда хайрихоҳларимиз сафи ошиб бораверади.

Фаолиятимизни таҳлил қиладиган бўлсак, 2015 йилнинг ўтган даври мобайнида электоратни ўйлантираётган масалалар юзасидан 146 депутатлик сўрови тегишли корхона, идора ва ташкилотларга юборилди. Уларнинг 80 фоизи ижобий ҳал этилиб, қолган қисми назоратга олинди.

18-Завроқ сайлов округидан халқ депутатлари Андижон тумани Кенгашига сайланган депутат Сардорбек Қосимов ёрдами билан Андижон тумани Хортум қишлоғида истиқомат қи­лувчи Гулбаҳор Қосимова Андижон шаҳридаги 8-оилавий поликлиникага ишга жойлаштирилди.

Олтинкўл туман Кенгашига 9-Маслаҳат сайлов округидан депутат Абдуқаҳҳор Воҳидов Олтинкўл туманидаги коллеж ўқувчилари ва аҳоли учун Олтинкўл — Шаҳрихон йўналишида автобус қатновини йўлга қўйиш масаласида тумандаги 162-автоколонна раҳбарига сўров билан чиқди ва масала ижобий ҳал этилди.

 Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ташаббуси билан вилоят Кенгашининг тўртинчи сессиясига масала киритилди. Унда вилоят «Адабиёт ва санъат» ҳамда «Ўлкашунослик» музейларининг фаолиятини янада такомиллаштириш, моддий-техник базасини яхшилаш бўйича зарурий чораларни кўриш юзасидан аниқ таклифлар берилди. Сессия қарорига асосан ҳозир музейларда ре­конс­трукция ишлари олиб борилмоқда.

Зайнобиддин НИЗОМИДДИНОВ, ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши бўлим мудири:

— Ҳаммамиз ишимизда амалий натижа бўлишини, бирор-бир янгилик қилишни истаймиз. Айниқса, партия аъзолари ва депутатларнинг зиммасидаги масъулият катта. Чунки бизнинг фаолиятимиз бевосита одамларнинг ишончи, эл-юрт манфаати билан боғлиқ.

Партиямиз Ҳаракат дастурида ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилган қатор вазифалар белгиланган. Ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Жумладан, ўтган давр мобайнида партиямиз ташкилотлари ва депутатлари вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшиш, электорат манфаатини ҳимоя қилиш борасида қатор амалий ишларни бажарди. Яхши самара бермайдиган тадбирлар ўрнига, таъсирчан мавзуларга жиддий эътибор қаратдик. Кўпроқ одамларнинг фикрини тинглаш, уларнинг мулоҳазалари билан ўртоқлашиш орқали кутилган натижага эришяпмиз. Мазкур йўналишдаги ишларни янада кучайтириш, одамлар кўнглига йўл топа оладиган пар­тия­дошлар сафини кенгайтиришимиз зарур.

Бу борада фаолиятимизни, энг аввало, бошланғич партия ташкилотларидан бошлаш керак. Чунки улар аҳоли орасида ишлайди, турмуш тарзидан тўла хабардор бўлади. Ҳозирги кунда вилоятимизда 846 бошланғич партия ташкилотига 28700 нафар аъзо бирлашган.

ЎзХДП вилоят кенгаши кадрлар ва захирадаги кадрлар билан ишлаш, ички партиявий ишларни янада такомиллаштириш юзасидан режа асосида иш олиб боряпти. Туман ва шаҳар кенгашлари раҳбарлари, ходимлари, бошланғич партия ташкилоти раислари учун қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курслари, сиёсий ўқувлар ташкил этилди, тарафдорлар билан ишлаш сиёсий технологиялари бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Шу билан бирга, туман ва шаҳар партия кенгашлари учун турли мавзуда 180 га яқин ўқув ўтказилди, услубий қўлланмалар тайёрланиб, тарқатилди. Вилоятимиз чегара ҳудудида жойлашгани боис, чекка туман ва қишлоқлар ўқувларга кенгроқ жалб этилди. Уларда огоҳлик, ҳушёрлик масалалари ҳақида сўз борди. Шунинг­дек, ёши улуғ тарғиботчиларни сиёсий ўқувларга жалб этиб, ҳаётий тажриба ва кўникмаларидан фойдаланиш тўғрисидаги таклифлар амалга оширилди.

Бугун тадбирга келган иштирокчи шунчаки қатнашиб кетмаяпти, балки мавзу бўйича фикр-мулоҳаза билдиряпти, таклиф беряпти, ўзини ўйлантираётган масала бўйича депутатга мурожаат қиляпти. Бир сўз билан айтганда, ижтимоий-сиёсий фаоллигини намойиш этяпти. Демак, фуқаролар ислоҳотлар тақдирига бефарқ эмас. Ана шундай шароитда ишимизни жонлантириб, дастурий мақсадларимиз тарғиботини кенг йўлга қўйишимиз керак, деб ўйлайман.

Барно СОЛИЕВА, ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири:

— Мамлакатимизда аёлларга бўлган юксак эътибор натижасида улар нафақат ижтимоий соҳаларда, балки сиёсий ва иқтисодий жабҳаларда ҳам фаоллик кўрсатишмоқда. Бугун аёл илғор тадбиркор, изланувчан фермер, кучли сиёсий арбоб сифатида ўзини намоён этаётгани барчамизга маълум. Партиямиз сафида ҳам юзлаб ана шундай фаол опа-сингил­ларимиз бор.

ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши «Фаол аёллар» қаноти аъзолари бугун қарийб 13250 нафарни ташкил этади. Улар орасида барча соҳа вакиллари жамланган. «Фаол аёллар» қаноти томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 80 дан ортиқ тадбирлар, давра суҳбатлари, ўқув-семинарлар, қолаверса, спорт мусобақалари ташкил этилди. Уларда 4500 нафардан ортиқ хотин-қизлар иштирок этди.

Айтиш жоизки, тадбирларда хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларни соғломлаштириш, бандлигини таъминлаш, турмуш маданиятини ошириш, маиший хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди. Биргина «Ижтимоий ҳимоядан — ижтимоий фаоллик сари» лойиҳаси натижасида 130 нафарга яқин хотин-қиз оилавий тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандчиликда ўз фаолиятини бошлаши учун кўмаклашилди.

Қувонарлиси, сафимиз борган сари кенгаймоқда. ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан вилоятимизда «Кучли ижтимоий сиёсат — хотин-қизлар турмуш фаровонлигини оширишнинг муҳим омилидир» мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбатида 160 нафар хотин-қиз партиямиз сафига қабул қилинди.

Фикримча, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтиришимиз зарур. Шунингдек, фаол хотин-қизларни аниқлаб, маълумотлар базасини яратиш, уларни партия ишига жалб қилишга қаратилган туркум тадбирларни ташкил этиш керак. Партиямиз сафида фаол, ҳуқуқий жиҳатдан билимдон хотин-қизлар қанча кўп бўлса, ишимиз самараси шунча ошади.

Ихтиёр АМИНОВ, ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти вилоят бўлими етакчиси:

— ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоллари 11050 нафарга яқин бўлиб, вилоятдаги партия аъзоларининг 40 фоизини ташкил этади. Бугун улар вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида, жумладан, фан, таълим, санъат, спорт, маданият ва ҳунармандчилик каби соҳаларда самарали фаолият юритяпти.

Халқ депутатлари Андижон вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига партиямиздан сайланган депутатларнинг 10 нафари 30 ёшгача бўлган ёшлардан иборат. «Истиқбол» ёшлар қаноти қошида «Ёш сиёсатчилар» клуби, «Сиёсий шарҳловчилар» маркази, «Ёш ташаббускорлар» мактаби ҳамда «Ёшлар ҳуқуқий маслаҳатхонаси» бўлимлари кўплаб ёшларни ўзига жалб қилган. Унда йигит-қизларнинг бандлик масаласи, спорт ва санъат соҳасидаги ютуқларини кенг муҳокама этяпмиз, шунингдек, турли семинарлар орқали уларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашга эътибор қаратяпмиз.

Шу кунга қадар жойларда ­«Истиқбол» ёшлар қанотининг ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликда «Ватанимиз тараққиётига масъулмиз» лойиҳаси, «Ёш­лар орасидаги соғлом муҳит — мамлакат барқарорлигининг кафолатидир», «Ёшларга оид қонунчилик ёшлар нигоҳида», «Кексаларимиз ёшлар эъзози ва эътиборида», «Коллеждан — корхонага», «Ёшларни ёт ғоялар ва турли қарашлар таъсиридан асраш — мақсадимиз» мавзуларида 130 дан ортиқ давра суҳбати ҳамда туркум тадбирлар ўтказилди. Бунинг самараси ўлароқ юзлаб ёшлар партиямиз сафига қўшилди.

Бундан ташқари, «Истиқбол» ёшлар қаноти томонидан йигит-қизлар учун тавсиялар, қўлланмалар, ёшларга оид қонун ҳужжатлари тўплами тайёрланиб, жойлардаги етакчиларга етказилди.

Олдимизда турган асосий вазифалардан бири иқтидорли ва намунали йигит-қизларни сафимизга кенгроқ жалб этиш, энг муҳими, уларнинг ўзига, келажакка ишончини мустаҳкамлашимиз керак, деб ўйлайман.

Маълумки, ЎзХДП аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий қўллаб-қувватланишига, давлат дастурлари бажарилиши устидан парламент ҳамда жамоатчилик назорати тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Албатта, бу ўз-ўзидан бўладиган жараён эмас. Бунинг учун партия ташкилотларининг ҳар бир масъул ходими, ҳар бир депутат астойдил ишлаши, янги имкониятларни қидириб топиши, таклифларни амалга ошириш йўлида қатъият ва талабчанлик кўрсатиши зарур. Андижон вилоят партия кенгаши етакчилари ва фаоллари билан бўлиб ўтган суҳбатда уларда шундай шижоат, ишонч борлигига амин бўлдик.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» махсус мухбири.



DB query error.
Please try later.