29.08.2015

БУНДАЙ ЗАМОННИНГ, БУНДАЙ ДАВЛАТНИНГ ҚАДРИГА ЕТИШ КЕРАК...

Бу — Наманган вилоятидаги «Косонсой» сиҳатгоҳида даволанаётган нуронийларнинг фикри

Сиҳатгоҳга кириб борар эканман, кўнглимдан бир гап ўтди. Бу маскан худди жаннатга ўхшар экан. Тўрт томони гулзор, дарахтларнинг кўплигидан тангадек офтоб тушмайди. Ариқларда оқаётган сув кишига ором бағишлайди. Атрофга қўйилган ўриндиқларда ҳордиқ чиқараётган мамлакатимизнинг турли гўшаларидан келган отахону онахонларнинг ҳаёт ҳикматлари ила суғорилган суҳбатига қулоқ тутаман.

Салкам бир асрни кўрган бу кексалар, аввало, Яратганга шукр қилишади. Юртимиздаги тинчлик, осойишталик, ободлик, бунёдкорликдан миннатдор бўлишади.

Гурунг ўзани фарзанду набираларга бурилади. Бирови ўқишга кирган, бошқаси янги уй, машина олган, яна бири ҳарбий хизматда. Бобо-бувилар набира, эвараларининг сонини адаштириб қўйишади.

Гўё дунё донишмандлари шу ерга йиғилган. Уйларимиз фаришталари шу бўстонда жам. Дуолари дунёни тутиб турувчи яхшилик, инсонийлик устунлари шу манзилга тўпланган.

Энг муҳими, энг асосийси улар ҳаётидан рози, мустақилликдан рози, Президентдан рози. Келинг бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўлинг.

— Бизнинг Юртбошимизга айтадиган раҳматимизни шунчаки ёзманг. Яхшилаб ёзинг. Ахир бундоқ давру даврон қачон бўлган? Бу кунларни ота-боболаримиз орзу ҳам қилмай ўтиб кетишган, — дейди 91 ёшли Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси Раҳматжон Таслимов. — Очарчилик йилларида кўчаларда ўлганларни кўрганман. «Нон-нон», деб йиғлашга мадор тополмаган норасида болалар оҳу зори ҳамон қулоғимдан кетмайди. Умр бўйи колхозда ишладим. Косам оқармади. Бирим икки бўлмади.

Аёлим билан ўндан ортиқ фарзанд кўрдик. Аммо пахтазорларга сепилган заҳарли дорилар таъсирида фақат 4 нафари омон қолган. Эй болам, шўро тузумини мақтаган одамни кўрсам чидаб туролмайман. Инсон қадр-қиммати оёқ ости қилинган, унинг ҳақ-ҳуқуқи поймол этилган ўша кунлар ҳеч қачон ортга қайтмасин. Бундай замоннинг, бундай давлатнинг, бундай Ватаннинг қадрига етиш керак.

— Дунёга келиб, кўрганим дала, билганим меҳнат, тутганим кетмон бўлди, — дейди қўқонлик Донохон Сиддиқова. — Маҳалламиз раиси Президентимиз сизга совға юборибдилар, мана бу йўлланма Намангандаги энг зўр сиҳатгоҳга экан, деганида жуда севиндим.

Ўша кунларда соғлиғим ёмонлашиб уйда ётгандим. Қаранг, қадр шундоқ неъматки, оёқларимга куч кирди, қаддимни кўтариб юриб кетдим. Болаларим ҳам хурсанд бўлди. Дўхтирлар нима еб, нима ичишимгача айтади. Илоҳим тинч­лигимизга кўз тегмасин, илоҳим халқимизни, Юртбошимизни Аллоҳнинг ўзи асрасин, ҳаётимиз бундан ҳам фаровон бўлаверсин.

— Наманган туманининг Шўрқўрғон қишлоғини биласизми, ўша қишлоқнинг Элатан маҳалласиданман, — дейди Рислиқхоним Эргашева. — Замоннинг оғирлигидан далада ишлаб, етим қолган укаларимни боқаман, деб турмушга кеч чиққанман. Бир ўғлим бор. Ёлғизгинам ўзидан кўпайган.

Фронт ортида қилган меҳнатларим эвазига мана энди иззат-ҳурмат кўриб, давру даврон сурмоқдаман. Айниқса, шу йил бошидан буён ҳар турли жойлардан совға-саломлар билан йўқлаб келишиб, хурсанд қилишмоқда. Кекса одам яхши гапнинг, эътиборнинг, меҳрнинг, оқибатнинг гадоси бўлиб қолар экан. Бутун бир мамлакатда кексаларни қадрлаб, шунча катта ишлар қилинмоқда. Энди биз юзга кирамиз. Мана шу хайрли ишлар бошида турганларни доим дуо қиламан.

— Кексаларни эъзозлаш йилида Наманганнинг тоғолди туманларидан бири бўлган Косонсойдаги «Косонсой» сиҳатгоҳида жуда катта қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди, — дейди бош шифокор Ҳусанбой Юсуфжонов. — Муассасамизга меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармаларининг ҳудудий бўлимлари томонидан ажратилган йўлланма асосида уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ва ногиронларига бепул хизмат кўрсатилади. Йил бошидан буён бу ерда дам олган 2000 нафардан зиёд нуронийнинг 451 нафари уруш ва меҳнат фронти фахрийсидир. Сиҳатгоҳимизнинг 90 нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари, ишчи-хизматчилар даволанувчиларга бириктирилган. «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурига асосан бу йил сиҳатгоҳимизда 350 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, ётоқхона, ошхона биноларида капитал таъмирлаш ишлари якунланиш арафасида. Режага кўра, жорий йилнинг учинчи чораги якунида қурилиш ишлари ниҳоясига етказилади.

Шунингдек, Давлат дастурига мувофиқ иситиш тизими тўлиқ таъмирлангани боис сиҳатгоҳимиздан нафақат ёз ойларида, балки қиш мавсумида ҳам дам олувчиларнинг қадами узилмайди.

— Эрталаб ишга келиб, кеч­қурун уйга қайтаётганимда ўзимни жуда енгил ҳис этаман, — дейди шифокор Абдураҳмон Маҳкамов. — Бунинг боиси сиҳатгоҳда ишлаётган биз шифокорлар кун бўйи кексаларимизнинг дуосини оламиз. Уларнинг инсонийлик, ҳаёт ҳақидаги пурмаъно сўзларидан баҳраманд бўламиз.

— Мамлакатимизда амалга оширилаётган тиббий ислоҳотлар натижасида сиҳатгоҳимизда ҳам ҳордиқ чиқарувчиларга кўрсатиладиган хизмат сифати юқори даражага кўтарилмоқда, — дейди шифокор Гулнура Қозоқова. — Бизда юрак, қон-томир, асаб тизими, суяк-мускул, нафас йўллари касалликлари шифобахш маъданли сув ва бир қанча физиотерапевтик муолажалар орқали даволанади. Фитобар ва даволаш гимнастикаси хизматлари ҳам йўлга қўйилган.

— Сиҳатгоҳимизга маданий-маърифий хизмат кўрсатувчи мутахассисларни доимий равишда жалб қилмоқдамиз, — дейди шифокор Маҳмуда Юсуфжонова. — Улар махсус дастур билан келади. Шунинг­дек, нуронийларимиз учун вилоятимизнинг тарихий қадамжоларига, кўркам ва сўлим гўшаларига саёҳатлар ташкил этилмоқда.

Косонсой туман ҳокимлиги маданият ва спорт ишлари бўлими раҳбари Ҳурматой Қудратова даволанувчиларимиз талаб-истакларини ҳисобга олган ҳолда, махсус концерт дастури тайёрлашга бош-қош бўл­моқда...

Ушбу сиҳатгоҳда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари учун 18 хонадан иборат махсус бўлим ташкил этилган бўлиб, улар барча зарур тиббий-асбоб ускуналар билан жиҳозланган. Кексалар учун уларнинг кузатувчиларидан таш­қари санаторийдан алоҳида хизматчи ҳам ажратилганки, бундан улар бениҳоят мамнун бўлмоқда.

Фикрлар, изҳорлар, миннатдорликлар чексиз. Азим чинорлар соясидаги қўшайвондаги сўриларда дам олувчиларнинг гурунги авжида. Сиҳатгоҳ сураткаши Алишер Имомаматовни чорлаб суратга тушаётганлар эса:

— Расмимизга «ЭНГ БАХТ­ЛИ КУНЛАРДАН ЭСДАЛИК», деб ёзиб қўйинг, — дея тайин­лашади.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.