Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
29.08.2015

ВАТАН, ХАЛҚ МАНФААТИ ЙЎЛИДАГИ

ҳалол меҳнат эътироф этилади, унутилмайди

Мустақиллик байрами арафасида Президентимиз фармони билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳа ходимларидан бир гуруҳи ватанимизнинг юксак мукофотлари, орден ва медаллари билан тақдирланди.

Байрам шукуҳи кезиб юрган шу кунларда юзлаб оилаларга қувонч, шодлик оқиб кирди. Эътироф этилганлар меҳнат қилаётган жамоаларда кўтаринкилик, миннатдорлик, фахр-ифтихор ҳукмрон.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси маҳаллий кенгашлари масъул ходимлари томонидан таҳририятимизга телефон қўнғироқлари бўлиб, улар бизга мукофотланганлар орасида ЎзХДП фаоллари борлигини мамнуният билан айтишди.

Сўз — Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги муносабати билан давлат мукофотларига сазовор бўлган ЎзХДП аъзолари ва хайрихоҳларига.

Таваккал ТОПВОЛДИЕВ, «Нуроний» жамғармаси Андижон вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони:

— Дунёга машҳур адабиёт намоян­даларидан бири «Инсон тани учун сиҳат-саломатлик қанчалик зарур бўлса, қалб учун эзгулик ҳам шунчалик муҳим» деган эди. Шу кунларда юртимизда яшаётган ҳар бир инсон қалбида эзгулик, яхшилик, яратувчилик, бунёдкорлик туйғулари жўш урмоқда. Инсонни рағбатлантириш, катта-кичик меҳнатини қадрлаш, унга юксак баҳо бериш киши қалбидаги эзгуликни янада тўлқинлантириб юборади.

Меҳнат инсонни улуғлайди, деган гап бекорга айтилмаган. Президентимиз давлат ишларидан ортиб, оддий инсонлар, турли соҳаларда меҳнат қилаётган кишиларга эътибор кўрсатгани, камтарин меҳнатини юқори баҳолагани, очиғи, ҳар бир юртдошимиз кўнглини осмон қадар кўтарди. Одамларга кўрсатилган бундай эътибор уларнинг Ватанга муҳаббати, истиқлол ғояларига садоқати, келажагимизга бўлган ишончини янада мус­таҳкамлайди.

Қишлоқда туғилиб ўсдим. Болалик йилларим оғир даврларга тўғри келди. Қаҳатчилик, очарчилик азоб-уқубатларини сабот билан енгиб ўтдик. Очиғини айтиш керак, 30-40 йилдан сўнг мана шундай кунларни кўрасан, юксак иззат-икромга эга бўласан, дейишса ишонмасдим.

Қарийб 20 йилдан буён «Нуроний» жамғармаси раиси бўлиб ишлайман. Фаолиятим давомида шунга гувоҳ бўлдимки, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар, давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар беҳисоб. Бунинг натижасида нима бўлди? Тез орада халқимиз ўзини тиклаб олди. Эслайдиган бўлсак, мустақилликнинг дастлабки йилларида бир маҳаллага кирсангиз, бир нечта ёрдамга муҳтож оилаларни учратишингиз мумкин бўларди. Бугунчи маҳаллаларни айланиб кўринг, бундай инсонни тополмайсиз.

Демак, «Ўзбек модели»нинг муҳим тамойили — «Кучли ижтимоий сиё­сат» ўз самарасини берди. Биргина жорий йил мисолида кўрайлик. Мамлакатимиз миқёсида «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дас­тури доирасида амалга оширилаётган ишларга бир эътибор беринг. Ҳар бир уруш қатнашчиси, меҳнат фронти фахрийси, нуроний учун алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Санаторийда даволанишидан тортиб, уйидаги шарт-шароитларгача эътибор кўрсатилаяпти. Инсон учун у ҳақида кимдир қайғураётганини ҳис қилишдан ортиқроқ бахт бўлмаса керак. Бунинг сабаби ҳам яна ўша қалб­даги эзгуликдан.

Юртимиздаги эзгуликлар, эзгу ғоялар, бунёдкорликлар бардавом бўлсин.

Одинахон ХОЛИҚОВА, Қува туманидаги 16-умумий ўрта таълим мактабининг бошлан­ғич синф муаллими, Ўзбекистон Республикаси Халқ ўқитувчиси:

— Инсон учун қувончли воқеалар кўп бўлади. Оила бахти, ишдаги ютуқлар... Бироқ халқ эътирофи, мамлакат даражасидаги эътибор одамга бошқача таъсир қилар экан. 33 йилдан буён бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ бераман. Унвон олган куним бутун ҳаётим кўз олдимда гавдаланди...

Президентимиз айтган эди. Бу дунёда энг шарафли касб эгалари шифокорлар ва ўқитувчилардир. Дар­ҳақиқат, бири инсон танасини даволаса, бири унинг руҳини, тафаккурини уйғотади, тарбиялайди.

Бугунги мактабларни кўриб, биз ўқиган пайтлардаги биноларни мактаб дейишга ҳам тил бормайди. Собиқ тузум даврида республикамиздаги 70-80 фоиз мактаблар мослаштирилган, кўримсиз, зах, қорон­ғи хоналардан иборат эди. Ўқитувчиларимиз қиш кунлари синф­хона­ларнинг совуқлигидан дарсларни тўлиқ ўтмасдан уйимизга жавоб бериб юборарди.

Бугун таълимга берилаётган эътиборни биргина ўқитиш тизимига киритилаётган янгиликлар, замонавий педтехнологиялар мисолида айтсак бўлади. 1994 йилдан буён жадваллаштирилган тизим бўйича дарс ўтаман.

Ҳозир чет тилларини ўрганиш замон талабига айланди. Шу боис ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, уларга инглиз тили ўқитиш методикасини чуқур ўргатиш муҳим аҳамиятга эга.

Мустақил равишда ўзим ҳам инг­лиз тилини ўзлаштиришга киришдим. Янги ўқитиш усулларини жорий қилишга ҳаракат қилдим, очиқ дарслар ташкил этдим.

2014 йил 13 майда пойтахтимизда бўлган конференцияда «Бошлан­ғич синфларда фанларнинг интеграциялашуви» мавзусидаги методик қўлланма билан иштирок этдим. Мазкур қўлланма уч — инглиз, рус ва ўзбек тилларида тақдим этилди. Ишим анжуман иштирокчилари томонидан юқори баҳоланиб, бутун республика бўйича оммалаштирилди. Ҳозирда математика фани бўйича ҳам «Санамай — саккиз дема» номли ана шундай қўлланмани нашрга тайёрлаяпман.

Мактабимизда «Ижодкор ёшлар» клуби ташкил этдим. Унда шахмат-шашка, рақс, тикувчилик каби тўгараклар фаолият кўрсатади. Шу ор­қали биз иқтидорли ёшларни танлаб олаяпмиз.

Шу ўринда мендай бир қишлоқ ўқитувчисига шунчалик эътибор кўрсатгани учун Президентимизга миннатдорлик билдираман.

Санобар УЗОҚОВА, Юқори Чирчиқ тумани тиббиёт бирлашмаси «Кавардон» ҚВП мудири, «Шуҳрат» медали соҳиби:

— Мустақиллик байрами мен учун қўшалоқ қувонч, шодиёнага айланиб қолган. 2011 йил 1 сентябрь куни «Кавардон» қишлоқ врачлик пунктининг замонавий, барча талабларга жавоб берадиган янги биноси фойдаланишга топширилган эди. Бу йил эса давлатимизнинг юксак мукофоти соҳиби бўлдим.

Қишлоқ врачлик пунктидаги фаолиятимни 1997 йилда бошлаганман. Ёши улуғ инсонларнинг айтишича, ҳозирги ҚВПлар ўрнида илгари ФАП деган тузилма бўлган. Унда фақат битта ўрта маълумотли фельдшер ўтирган. Ҳозир эса ҚВПларда олий маълумотли врач фаолият кўрсатади. Энг сўнгги русумдаги тиббий воситалар, лаборатория, дори-дармонлар мавжуд.

Тиббиёт муассасамиз Янгиобод ва «Кавардон» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган 6 минг нафарга яқин аҳолига хизмат кўрсатади.

Аҳоли ўзларига кўрсатилаётган тиббий хизматдан мамнун. Аёллар, болалар, кексалар мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказилади. Патронаж хизматлари доимий йўлга қўйилган.

Айниқса, жорий йилда кексалар, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари саломатлигига алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Ҳудудимизда 560 нафарга яқин нуронийлар истиқомат қилса, уларнинг барчасини саломатлигидан хабардор бўлиб турамиз. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўрикларда фаол иштирок этишга ҳаракат қилаяпмиз.

Ўз олдимга шундай мақсад қўйдим: Энди янада яхшироқ ишлайман. Бор кучим билан одамларга хизмат қиламан. Президентимиз ишончини оқлайман.

Гулнора ИСМОИЛОВА, Фориш тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, «Шуҳрат» медали соҳиби:

— Инсон ҳаётидаги энг бахтли кун — унинг меҳнати эътироф этилган кундир. Айниқса, аёл киши учун. У бу эътибор, рағбатни икки ҳисса қувонч, ундан ҳам кўпроқ масъулият билан қабул қилади.

15 йилдан бери хотин-қизлар билан ишлаётган бўлсам, бугун аёлларимизнинг ҳам оилада, ҳам жамият ҳаётидаги ўрни тобора ошиб бормоқда. Кўплаб соҳаларнинг етакчилари айнан аёллардир. Бунинг боиси, албатта, уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик бўлса керак.

Фориш тумани аҳолисининг 51,2 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Уларни саломатлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг 6 ойи якунларига кўра, 100 нафардан ортиқ хотин-қизлар иш билан таъминланди.

Туманимиз тарқоқ жойлашган қишлоқлардан иборат бўлгани сабабли, асосан, оилавий тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

2014 йилда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грантини қўлга киритдик. Мазкур грант маблағлари ҳисобидан ҳунармандчилик, гилам тўқиш цехларини ташкил қилиб, 30 нафардан ортиқ хотин-қизни иш билан таъминладик.

Менинг фикримча, қайси жамиятда аёл эъзозланса, ҳурмат-эътибор топса, ўша мамлакатда ижтимоий бирдамлик, меҳр-оқибат мустаҳкам, оилалар бахтли бўлади...

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.