Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
29.08.2015

ЎЗИНГНИ БАХТИЁР ҲИС ҚИЛИШИНГ УЧУН РЕГИСТОН МАЙДОНИДА КУЙЛАШ КЕРАК,

— дейди эстониялик Сильвер Сеп

«Шарқ тароналари» X халқаро мусиқа фестивалида ўзига хос санъати билан томошабинлар олқишига сазовор бўлган Сильвер Сеп билан суҳбат.

— Юртимизга биринчи марта келишингиз экан. Ўзбекистон Сизда қандай таассурот қолдирмоқда?

— Буюк бобокалонингиз Амир Темур ҳақида кўплаб маълумотларга эгаман. Унинг ўзи ва авлодлари томонидан қурилган тарихий обидаларни асраб-авайлаётганингизни бутун дунёга намуна қилиб кўрсатиш керак.

Самарқанд Шарқнинг қадимий ва гўзал шаҳарларидан бири. Бу ердаги иншоотлар меъморчиликнинг энг мураккаб жиҳатларини ўзида мужассам этган ҳолда, юксак дид ва катта маҳорат билан барпо этилган. Турли музейлар, обидалар, кўплаб экспонатларни кўздан кечириб, бу заминга нисбатан ҳурматим ва меҳрим янада ошди.

— «Шарқ тароналари» фестивали ҳақидаги фикрларингиз.

— Бу фестиваль ҳақида журналист дўстимдан эшитганман. Кейинчалик интернет орқали юртингиз ва «Шарқ тароналари» тўғрисидаги маълумотларни излаб топиб, ўқиб чиқдим. Фестивалда қатнашиш ниятида ташкилотчиларга мурожаат қилдим. Тез орада улардан таклифнома олдим ва Самарқанд томон йўлга чиқдим.

Бу ерга келиб шуни билдимки, «Шарқ тароналари» нафақат Шарқ мамлакатлари, балки бутун дунё халқларининг том маънодаги санъат байрамига айланган экан.

— «Шарқ тароналари»нинг катта саҳнасига кўтарилганингизда кўнглингиздан нималар ўтди?

— Илгари дунёнинг кўплаб саҳналарида ўз санъатимни намойиш этганман. Бироқ тан оламан, бу ерда қаттиқ ҳаяжон босди. Аммо мухлисларнинг илиқ кутиб олишгани ва қўллаб-қувватлагани менга мадад берди. Бу саҳнада ҳар ким куйлай олмайди. Ўша лаҳзалардаги ҳолатимни сўз билан ифодалаб бера олмайман, барчаси юрагимда қолди.

— Сиз куй ижро этган чолғу асбоби борасида гапириб берсангиз, у нимадан ясалган?

— Кўп йиллар давомида саксофон чалганман. Устозларим менда ўзгача қобилият борлигини айтишган. Чунки болалигимда ҳар қандай буюмдан куй чиқара олардим. Қизиқишларимдан келиб чиқиб, ўзим ҳам чолғу асбоби ясагим келди. Велосипед ғилдирагига бир-иккита қисмлар қўшгандим, мана шу ажойиб чолғу асбоби дунёга келди.

Бугун Регистон майдонида куй чалиш менга ўзгача завқ берди. Шуни қўшимча қилишим мумкинки, яқинда «Miss as see on» номли альбом яратдим. Ундан ноодатий мусиқий асбоблар ёрдамида яратган мусиқаларим жой олган.

— Ўзбек мусиқа санъати ҳақида нималар дея оласиз?

— Менга шарқ фольклор мусиқаси жуда ёқади. Сизнинг маданиятингиз менга яхши таниш. Карнай, сурнай, доира каби бир нечта менга маъқул бўлган миллий чолғу асбобларингиз бор. Уларда куй чалишни ёқтираман. Айни дамда доира чертишни ўрганаяпман.

Самарқандга келиб, худди эртаклар оламига тушиб қолгандек бўлдим. Дунё мусиқачиларига шуни айтгим келади. Ўзингни бахтиёр ҳис қилишинг учун Регистон майдонида куйлаш керак!

 

Фахрулло ҲАМИДУЛЛАЕВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.