29.08.2015

ЖАҲОН УЗРА ТАРАЛМОҚДА «ШАРҚ ТАРОНАЛАРИ»

Самарқанд шаҳрида 28 август куни «Шарқ тароналари» Х халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

Қадимий ва ҳамиша навқирон Самар­қанд қўшалоқ байрам оғушида. Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги ва «Шарқ тароналари» X халқаро мусиқа фестивалига кўрилган тайёргарлик шаҳарга янада файз ва чирой бахш этган. Кенг ва озода кўчалар бўйида ранг-баранг байроқлар ҳилпирайди. Сўлим боғ ва хиёбонлар таровати кишига хуш кайфият бағишлайди. Одамлар юзидаги табассум катта байрам яқинлашаётганидан дарак беради.

Сўзда таърифлаб, қаламда тасвирлаб бўлмайдиган ҳис-туйғулар мусиқада ўз ифодасини топади. Уни тушуниш, таъсирини сезиш учун таржимон шарт эмас. Мусиқа халқларни, турли миллат ва элатларни бир-бирига танитади, яқинлаштиради.

Бугун Самарқандга келган киши ана шундай байрамона, дўстона муҳитнинг гувоҳи бўлади. Бу ерда Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ўнинчи бор ўтказилмоқда. Олтмиш олти мамлакат санъаткорлари, минглаб сайёҳлар ва мухлисларнинг бир-бирига ширинсўзлиги, очиқюзлигини кўриб, давлатимиз раҳбарининг илк фестивалнинг очилиш маросимидаги қуйидаги сўзлари ёдга тушади: «Ишонаманки, бу фестиваль ҳар бир одамни меҳру шафқатли, меҳру оқибатли бўлишга даъват этади, ер юзида барқарорлик ва аҳиллик табиатини уйғотади. Ишонаманки, «Шарқ тароналари» мусиқа фестивали халқларимиз маданиятларини ўзаро бойитади, миллатимиз ва динимиздан қатъи назар, халқларимизни ва инсонларни бир-бирига яқинлаштиради».

Бу олижаноб мақсадлар ҳаётда ўз ифодасини топмоқда. 1997 йилдан буён ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали жаҳон аҳлининг ўзаро маданий мулоқотга бўлган ҳаётий эҳтиёжини рўёбга чиқаришда беқиёс восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Самарқанд, Регистон майдони. 28 август, соат 19.00.

Муҳташам мадрасалар гулгун шафақ фонида янада гўзал ва салобатли кўринади. Бетакрор амфитеатр ҳосил қилган бу обидалар анжуманга ўзгача руҳ, улуғворлик бағишлайди. Мовий гумбазлар ранг-баранг чироқлар ёғдусида жилоланади. Майдон «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросимига йиғилган томошабинлар билан тўлган. Улар орасида анжуман қатнашчилари ва меҳмонлари, санъат ихлосмандлари, мусиқашунос олимлар, чет эллик ва маҳаллий журналистлар, сайёҳлар бор.

Фестиваль иштирокчилари ва томошабинлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовни қарсаклар билан кутиб олади.

Карнай-сурнай, ноғора садолари янграйди.

Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга берилади.

Давлатимиз раҳбари «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари ва меҳмонларини қутлар экан, мазкур анжуманнинг чуқур гуманистик руҳи ва фалсафаси, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, маданий мулоқотни ривожлантириш, мумтоз мусиқа анъаналарини асраб-авайлашдаги аҳамияти ҳақида тўхталди, фестиваль ишига муваффақият тилади.

ЮНЕСКО Бош директорининг ўринбосари Эрик Фальт Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон тарихий ва маънавий меросини сақлаб, барча соҳаларда барқарор ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Халқаро мусиқа фестивалининг очилишига бағишланган концерт бошланади. Ўзбек мумтоз ашулалари дилларни ром этади, жозибадор рақслар кўнгилларга завқ-шавқ бағишлайди. Томошабинлар дилтортар ашулаларга жўр бўлиб, рақсга тушади. Ўзбек санъаткорлари ижросида жаҳон классик композиторлари асарларидан намуналар янграганда фестиваль иштирокчиларию томошабинлар ҳайратга тушади. Мамлакатимизда миллий санъат билан бир қаторда жаҳон мусиқа маданиятининг энг нодир намуналари ҳам севиб ижро этилишини намоён этади...

Юртимизда мусиқа санъати қадимдан ривожланган. Самарқанд яқинидаги Мўминобод қишлоғидан суякдан ясалган 3 минг 300 йиллик най топилгани, кўҳна Афросиёб деворий суратларидаги муғанний ва созандалар тасвири, улуғ алломаларимизнинг мусиқага оид фалсафий-эстетик қарашлари азалдан халқимизнинг мусиқий маданияти юксак бўлганини кўрсатади.

Абу Наср Форобий «Мусиқа ҳақида катта китоб» асарида товушларнинг вужудга келиши, куйлар уйғунлиги, ритм ўлчовлари ва турларини шарҳлаб берган. Абу Али ибн Сино «Тиб қонунлари» китобида юрак, асаб касалликларини мусиқа воситасида даволаш яхши самара беришини таъкидлаган. Комил Хоразмий Хоразм нотасини ихтиро қилиб, «Рост» мақомининг дебочасини ушбу нотага туширган.

Амир Темур даврида илм-фан ва санъатнинг барча соҳалари қатори мусиқа ва қўшиқчилик ҳам юксак даражада ривожланган. Самарқандда турли ўлкалардан келган созанда ва хонандалар жам бўлган. Мусиқа кечалари ўтказилиб, ҳар ким ўз расми билан ашула айтган.

Истиқлол йилларида миллий мусиқамизни чуқур ўрганиш ва ривожлантириш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Шашмақом, Катта ашула, Аския инсониятнинг энг дурдона кашфиётлари сифатида ЮНЕСКОнинг Жаҳон номоддий мероси рўйхатига киритилди. Ўзбекистон давлат консерваторияси, ўнлаб театр ва маданият саройлари, санъат йўналишидаги коллеж ва лицейлар барпо этилди.

Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури доирасида 278 мусиқа ва санъат мактаби фойдаланишга топширилди. Улар 30 минг­дан ортиқ янги мусиқа асбоблари, 61 минг нусха ўқув қўлланмалари, миллий ва жаҳон мусиқаси ноталари билан таъминланди.

«Ягонасан, муқаддас Ватан!», «Ниҳол», «Юрт келажаги», «Камалак юлдузлари» каби кўрик-танловлар истеъдодли санъаткорларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар маънавиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

«Шарқ тароналари» фестивали мамлакатимизда маданият ва санъатга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг юксак намунасидир.

Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллик байрами арафасида ўтаётган бу галги фестивалга Самар­қандда катта тайёргарлик кўрилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Регистон майдони таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилди. Амфитеатр кенгайтирилиб, ёритиш тизими янгиланди. Улуғбек, Шердор, Тиллакори мадрасалари реставрация қилинди. Кўксарой майдони, Амир Темур, Руҳобод хиёбонларида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди, янги фавворалар бунёд этилди.

— Самарқанддаги ўзгаришлардан жуда хурсандмиз. Бу ерга бутун дунёдан санъаткорлар келибди, — дейди меҳнат фахрийси Тўхта Худойназаров. — Бундай катта тадбирларни ташкил этишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун аввало тинч­лик-осойишталик, катта иқтисодий имкониятлар керак. Ўзбекистонимиз ана шундай ютуқларга эришаётгани учун Яратганга шукроналар айтамиз. Юртимизга, тинч ва фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин!

Фестивалнинг нуфузи ва қамрови тобора ортиб бормоқда. Кўплаб мамлакатлар, халқаро маданият ташкилотлари, машҳур санъат намояндалари унда қатнашиш истагини билдирмоқда. 1997 йилда ўтказилган биринчи фестивалда 31 мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, бу йилги анжуманга 66 давлат санъаткорлари ташриф буюрди. Фестиваль ЮНЕСКО шафелигида ўтказилаётгани ҳам анжуманнинг юксак мақом ва нуфузини кўрсатади.

...Маросим борган сари қизийди. Мумтоз ашулалар, фольклор намуналари, завқли рақслар дилларни жўштиради. Шўх куй-қўшиқлардан завқланган томошабинлар санъаткорларга жўр бўлади, рақсга тушади.

— Дунёнинг кўп жойларида бўлганман, лекин ҳеч қаерда Самарқанддагидек бой таассурот олмаганман, — дейди эквадорлик созанда Гео Сакуилло. — Бу ерда қандайдир сеҳр бор. Бу ерда асрлар учрашган, цивилизация ривожининг энг яхши жиҳатлари мужассам бўлган. Шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини айланиб охирига етолмаяпмиз. Тарихни, Ўзбекистонни ўзимиз учун қайта кашф этяпмиз. Халқингизнинг буюк меросига, тинч-хотиржам ҳаётига ҳавасимиз келди.

Қадим Регистон узра порлаган ранг-баранг мушаклар Самарқанд осмонидаги юлдузлар каби бутун борлиқни мунаввар этади, кўнгилларга сурур бағишлайди...

Анжуман қатнашчилари Регистон майдонидаги асосий саҳнадан ташқари, Оқдарё, Жомбой, Самар­қанд, Тайлоқ туманларида ҳам концерт дастурларини намойиш этмоқда. Самарқанд шаҳридаги истироҳат боғлари ва хиёбонлар, театрлар, маҳалла гузарлари, болалар мусиқа ва санъат мактабларида учрашувлар ўтказилмоқда.

Фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлари Самарқанднинг ноёб тарихий обидаларини зиёрат қилиш, тўкин ва фаровон бозорларимизни кўриш, истиқлол йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ва меҳмондўст халқимиз билан танишиш имкониятига эга бўл­моқда.

 

Анвар САМАДОВ,

Ғолиб ҲАСАНОВ,

ЎзА махсус мухбирлари.



DB query error.
Please try later.