27.08.2015

ПАРЛАМЕНТЛАРАРО ҲАМКОРЛИКНИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАШ

масалалари муҳокама этилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Халқаро ишлар ва парла­ментлар­аро алоқалар қўмитаси ҳамда ­Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамкорлигида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламентлараро алоқаларини такомиллаштириш» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорликни янада такомиллаштириш, ривожланган мамлакатлар парламентларининг парламентлараро ҳамкорлик борасидаги тажрибасини ўрганиш, парламентлар­аро алоқалар самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, мамлакатимизнинг хорижий давлатлар билан ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлигини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Сўзга чиққанлар хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳар томонлама алоқалар, шу жумладан, парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини мамлакатимиз миллий манфаатларини жаҳон ҳамжамиятида илгари суришнинг самарали механизмларидан бирига айлантириш зарурлигини қайд этишди.

— Парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун ривожланган давлатлар парламентларининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги тажрибасини ўрганиш, хорижий мамлакатлар қонунчилигини қиёсий таҳлил қилиш, уларнинг юридик тажрибаси ва амалиётидан самарали фойдаланиш, шу орқали қонун ташаббускорлиги субъектлари томонидан қонун ҳужжатларини тайёрлаш сифатини ошириш муҳим аҳамият касб этади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Хайрулла Рўзметов. — Маълумот ўрнида айтиш керакки, Олий Мажлисда хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлик гуруҳлари ташкил этилган. Шунингдек, қатор хорижий мамлакатлар парламентларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан ҳамкорлик гуруҳлари шакллантирилган. Маълумки, дунёда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга қизиқиш ортиб бормоқда. Сўнгги вақтларда хорижий мамлакатлар парламент делегацияларининг Ўзбекистонга ташрифи кўпаяётганлигини, мамлакатимизда ўтказилган сайловларда кўплаб хорижий кузатувчилар иштирок этганини бунга мисол қилиб келтириш мумкин.

Давра суҳбати давомида, Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар ва халқа­ро ташкилотлар билан икки томонлама ва кўп томонлама тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатли муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини янада кенгайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, тадбирда Қонун ташаббускорлиги субъектлари томонидан қонун хужжатларини тайёрлаш жараёнида хорижий мамлакатлар қонунчилигини ўрганиш бўйича услубий тавсиялар лойиҳаси муҳокама қилинди.

Муҳокамалар якунида парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ҳамда парламент дипломатиясини кенгайтириш орқали халқаро майдонда мамлакатимиз миллий манфаатларини таъминлаш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Ахборот хизмати маълумотлари асосида тайёрланди.



DB query error.
Please try later.