27.08.2015

КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ СИЁСАТ

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ғоявий мақсадларига тўлиқ мос келади

Ҳотамжон КЕТМОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари:

— Мамлакатимиз Мустақиллигининг 24 йиллик байрами арафасида ўзимизга, аввало, «Ким эдигу ким бўлдик», деган саволни бериб, жавоб изласак, истиқлолимиз мислсиз ҳуқуқ ва эркинликлар билан бирга, халқимизнинг хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, давлат бошқарувини демократлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш имкониятларини яратиб бергани кўз олдимиздан ўтади.

Маълумки, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқаролик жамиятида сиёсий партияларнинг ўрни, роли ва аҳамиятини белгилаб берувчи муҳим қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, фуқароларнинг сиёсий партиялар сафларига уюшиш, демократик принциплар асосида сиёсий пар­тия­лар фаолиятини йўлга қўйиш, сиёсий партияларнинг турли табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалаш ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузиш ҳуқуқлари белгилаб берилган. Шундай қилиб, Ўзбекистонда кўппартиявийликка йўл очувчи конституциявий пойдевор яратилди. 

Кўппартиявийлик ривожланган давлатлар тажрибасига назар солсак, сиёсий партиялар фуқаролар ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий манфаатларини парламент, давлат ҳокимияти маҳаллий вакиллик идоралари орқали ифода этиш ҳамда рўёбга чиқариш мақсадида фаолият кўрсатади. Ўзбекистонда ҳам кўппартиявийлик тизимига асосланган сиёсий хилма-хиллик ривожланишига замин яратувчи ҳуқуқий асослар шакллантирилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясидаги тегишли меъёрлар, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги, «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонунлар, «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда ­сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонун шулар жумласидандир.

Кўппартиявийлик тизимининг ривожланишида мамлакатда фаолият юритаётган турли қараш ва позицияга эга сиёсий партияларнинг табиий кураши муҳим аҳамият касб этади. Партиялараро рақобат мамлакатда турли ғоялар, фикр­лар, қарашларнинг ривожланишига замин яратувчи ҳамда улар амалиётга татбиқ қилинишининг асосий механизми ҳисобланади.

Шу тариқа юртимизда жаҳон демократик тамойил ва қадриятларига мос келадиган партиялар шакллантирилди. Муҳими, ўтган даврда уларнинг фаолияти изчиллик билан такомиллаштирилмоқда. Давлат ҳокимиятини шакллантиришда сиё­сий партиялар ва жамоат бирлашмаларининг таклиф ва истаклари, албатта, инобатга олиняпти.

Шу ўринда Президентимиз кўппартияли тизимни мустаҳкамлаш ва партиялараро рақобатни кучайтириш — биз кўзлаган демократик давлат барпо этишнинг энг муҳим шартларидан бири эканига алоҳида эътибор қаратганини айтиш жоиз. Президентимиз илгари сурган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ғоялари асосида Конституциямизга, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Регламентига киритилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам кўппартиявийлик тизимини янада мустаҳкамлашга, давлат бошқарувини демократлаштиришда партия­ларнинг ўрни ва таъсирини кафолатлашга хизмат қилмоқда.

Яқинда бўлиб ўтган парламент ва Президент сайловлари халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксалаётгани, демократик ислоҳотларга қизиқиш ва ишончи ортиб бораётганлигини янада яққол намоён этди.

Эндиликда ҳар бир сиёсий партия Сайловолди дастурида белгиланган мақсад-вазифаларни амалга ошириш, ўз электорати вакиллари хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш учун астойдил ҳаракат қилиши, яратилган ҳуқуқий имконият ва ваколатлардан самарали фойдаланиши талаб этилади.  Шунинг учун Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз Дастурига мувофиқ тарзда кучли ижтимоий сиё­сат, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий соҳани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш янги давлат ва жамият қуришда асос қилиб олинган ва амалда ўзини тўла оқлаган тамойиллардан биридир. Бу тамо­йил негизида, аввало, аҳолининг турмуш даражаси пасайиб кетишининг олдини олиш, ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга енгиллик ва имтиёзлар яратиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар мужассам. Мамлакатимизда ижтимоий соҳа ривожланаётгани, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари ташкил этиш, бандликни таъминлаш, уй-жой қуриш ва аҳоли яшаш масканларини ободонлаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ана шу тамойил амалда таъминланаётганининг исботидир.

Бир эслайлик, Ўзбекистон қулай иқлим шароитларига, ноёб табиий бойликларга эга бўлишига қарамай, аҳоли жон бошига даромад, озиқ-овқат таъминоти, уй-жой, халқ таълими, соғлиқни сақлаш даражаси ва бошқа масалаларда собиқ иттифоқда энг охирги ўринларда турган. 1979-1989 йиллар оралиғида, яъни ўн йил мобайнида аҳолимиз 4,5 миллион кишига — 30  фоиз кўпайган, жами 20 миллион  кишини ташкил этган. Республикада  аҳоли ўсиши умумиттифоқ суръатларига қараганда уч баробардан юқори бўлган. Аммо аҳолининг бундай ўсиши шу йиллар давомида саноатда ва халқ хўжалигининг бош­қа тармоқларида иш жойларини кўпайтириш ва аҳоли ҳаёти учун зарур шарт-шароитларни яратиш билан мустаҳкамланмаган. Буларнинг барчаси мустақилликнинг дастлабки йилларида ўзининг оғир асоратларини кўрсатди, шунинг учун мамлакатимизда ижтимоий вазиятни барқарорлаштириш, аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича изчил чоралар амалга оширилди.  

Масалан, 1989 йилнинг иккинчи ярмидаёқ аҳолининг иқтисодий, моддий аҳволини яхшилаш зарурати ҳисобга олиниб, одамларга қўшимча томорқа ер бериш масаласи кун тартибига қўйилган. Шу орқали, авваламбор, оилаларнинг аҳволини яхшилаш, халқимиз турмушидаги қийинчиликларни енгиллаштириш назарда тутилган, албатта.

Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ биринчи галда кўп болали ва кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, етим-есир ва ногиронлар, талаба ва пенсионерларнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоялаш бўйича зарур чоралар кўрилди. Бундан кўзланган мақсад — бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида ҳаётимизга салбий таъсир кўрсатадиган оқибатларни имкон қадар камайтириш эди.

Бугунга келиб, юртимизда ҳар томонлама мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлган ишончли ижтимоий ҳимоя тизими шакллантирилди ва у амалда ўзини оқламоқда. Жумладан, кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоялаш учун давлат бюджетидан аҳолини қўллаб-қувватлаш ва социал соҳани  мустаҳкамлашга ажратилаётган йиллик харажатлар изчил ошиб бораётгани, биргина 2015 йилда бу рақам 60 фоиздан ортгани мазкур йўналишдаги кенг кўламли ишларнинг ҳаётий самарасидир. Шунингдек, бюджетда белгиланган харажатлардан таш­қари, ҳукуматимиз томонидан ҳар йили ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни аниқ ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий хизмат кўрсатишни янада кучайтиришга қаратилган махсус қарорлар қабул қилинмоқда.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашнинг самарали йўли сифатида бандликни таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинаётир. Мамлакатимизда ҳар йили қарийб бир миллионга яқин иш ўрни яратиляпти. Иш ўринларининг барқарорлиги, замонавийлиги, юқори ҳақ тўланиши тамойилларига алоҳида эътибор бериляпти.

Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ­дастури ижроси устидан парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш масаласи доимий эътиборимизда. Бу борада партиямиз фракцияси ташаббуси билан ҳар йили дастур ижроси бўйича парламент эшитуви ўтказилиб, иш ўринларини вақтида ташкил этиш, коллеж битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш юзасидан қатор чоралар белгиланмоқда. Шу кунларда навбатдаги парламент эшитувига ҳозирлик кўряпмиз.

Ўтган давр мобайнида парламентда қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва қабул қилиш босқичларида депутатлар, сиёсий партиялар фракцияларининг роли тубдан кучайгани электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилишда қўл келмоқда. Фракциямиз бундан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Жумладан, шу йилнинг олти ойи давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган 30 га яқин қонун лойиҳаси биринчи ва кейинги ўқишларда танқидий руҳда кўриб чиқилди, электорат манфаатларидан келиб чиқиб, фрак­ция­миз томонидан қатор таклифлар билдирилди.

 «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасига партиямиз дастурига мувофиқ тарзда, аҳолига бирламчи тиббиёт-санитария ёрдамини янада кенгайтириш ва унинг сифатини ошириш, соҳага оид қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар билдирилди ва уларнинг аксарияти қонунни қабул қилиш жараёнида инобатга олинди. «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасига ҳам фракциямизнинг бир қатор таклифлари билдирилди. Ҳозирда мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга киритиш олдидан такомиллаштиришга доир ишлар олиб борилмоқда.

Маълумки, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, партия гуруҳларига тегишли ҳудудда жойлашган давлат органи раҳбарининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботи ёки ахборотини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашининг сессияларида эшитиш ҳақида таклифлар киритиш ваколати берилди. Қонунга кўра, бундай таклифлар кўриб чиқилиши шарт.

Шу каби имкониятлардан фойдаланган ҳолда, партиямизнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурига кўра, 2015 йилнинг 6 ойи давомида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан 156 масала партия гуруҳларида, 55 масала доимий комиссияларда, 25 масала сессияларда муҳокама қилинди, хато-камчиликларни бартараф этишга қаратилган қарорлар қабул қилинди.

Ушбу йўналишдаги фаолият жараёнида айнан аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари манфаатларига дахлдор бўлган қатор ижтимоий масалалар қамраб олинди. Жумладан, аҳолининг реал даромадлари кўпайишини кафолатлайдиган бар­қарор, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринлари ташкил этиш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини янада ошириш, минтақалар иқтисодиёти, ижтимоий инфратузилмани комплекс ривожлантириш, аҳолига юқори даражали, мақбул ижтимоий ва коммунал хизмат кўрсатишни таъминлаш депутатларимиз эътиборида бўлди.

Партиямиз ташаббуси билан мамлакатимизнинг ҳар бир минтақасида тизимли равишда ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳа ва ташаббуслар ҳам электоратимиз манфаатига хизмат қилмоқда. Бунда, айниқса, «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази», «Ижтимоий ҳимоядан — ижтимоий фаоллик сари», «Кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз», «Кексаларимиз — ёшлар эъзози ва эътиборида», «Коллеждан — корхонага», «Ёшларга оид қонунчилик — ёшлар нигоҳида» лойиҳалари муҳим аҳамиятга эга бўляпти. Мисол учун, «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси доирасида бугунги кунгача 5 мингга яқин учрашув ва мулоқот, давра суҳбатлари ташкил этилди. Аҳоли турли масалалар юзасидан маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва ҳамкор ташкилотлар вакилларига 18 мингга яқин таклиф, мулоҳаза билдирди. Уларнинг 80 фоиздан ортиғи ижобий ҳал этилди. Масалан, мурожаатлар асосида 5 минг нафарга яқин киши, жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ва хотин-қизларнинг ишга жойлашишига кўмаклашилди.

Ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногирон ва уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олиш, уларнинг уй-жой шароитини яхшилашга кўмаклашиш мақсадида «Кексаларимиз — ёшлар эъзози ва эътиборида» лойиҳаси доирасида бугунга қадар 302 тадбир ташкил этилди. Улар доирасида 1000 дан ортиқ хонадонда кексалар ҳолидан хабар олиниб, ҳашарлар уюштирилди.

Ўйлаймизки, сиёсий партиянинг ҳар бир лойиҳаси, депутатларнинг ҳар бир таклифи, ташаббуси партия дастурий мақсадларини амалга оширишга, электорат манфаатларига хизмат қилмоғи зарур. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари, депутатлик тузилмалари ана шу қоидага мувофиқ иш юритмоқда. Зеро, ушбу йўналишдаги ислоҳотлар муваффақияти ҳамда юртимизни янада тараққий эттириш эндиликда кўп жиҳатдан сиёсий партиялар ва уларнинг депутатлик корпуслари фаолияти самарадорлигига боғлиқ.



DB query error.
Please try later.