22.08.2015

«ЎЗБЕКИСТОН ХДПНИНГ ЭНГ ФАОЛ АЁЛИ»

кўрик-танлови бошланди

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳайъатининг Қарорига асосан «Фаол аёллар» Қаноти томонидан илк бор ўтказилаётган кўрик-танловнинг туман ва шаҲар босқичи бЎлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши  масъул ходими Назира Матякубовага танлов қоидалари, мақсад ва вазифалари ҳамда уни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби ҳақида айрим саволлар билан мурожаат қилдик.

— Аввало, танловни ўтказишдан кўзланган мақсад ҳа­қида гапириб берсангиз.

— Мазкур танловни ўтказишдан мақсад мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, уларда қатъий фуқаролик позициясини шакллантириш, конституция­вий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда ўз имкониятларини рўёбга чиқаришларига кўмаклашишдир. Шунингдек, бу танлов  Ўзбекистон ХДП Устави, Сайловолди дастури ҳамда Ҳаракат дас­турида белгиланган вазифаларни амалга оширишда партия сафидаги  хотин-қизлар салоҳиятидан самарали фойдаланишимизда муҳим ўрин тутади, деб ўйлайман.

— Танлов қандай тартибда, неча босқичда ўтказилади?

— Танлов бир йилда бир марта босқичма-босқич ўтказилади. Низомга асосан туман, шаҳар, вилоят ва республика миқёсида — 3 бос­қичда ташкил этилади. Август ойи давомида кўрик-танловнинг биринчи босқичи туман, шаҳарларда, иккинчи босқичи ноябрь ойида вилоят­ларда, учинчи — якуний босқичи эса кейинги йил февраль ойининг учинчи ўн кунлигида Тошкент шаҳрида ўтказилади.

Кўрик-танловда Ўзбекис­тон ХДПга аъзо 25 ёшдан 50 ёшгача бўлган ижтимоий ҳаётда фаол, атрофидагиларга ҳар томонлама ўрнак бўла оладиган хотин-қизлар иштирок этади.

Республика босқичида қатнашган иштирокчи иккинчи бор кўрик-танловда қатнашиши мумкин эмас.

— Танлов шартлари ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтсангиз.

Биринчи шарт — Лойиҳа тақдимоти. Лойиҳа мамлакатимизда  амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий йўналтирилганлигидан келиб чиқиши, бу борада самарадорликни янада оширишга қаратилган бўлиши лозим. Жумладан, лойиҳада хотин-қизлар учун барқарор иш ўринлари яратиш, турмуш фаровонлигини ошириш, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамия­тини ривожлантиришда уларнинг ҳиссасини кенгайтиришга доир янги ғоялар  ўз ифодасини топиши керак. Лойиҳалар учун «Хотин-қизлар банд­лигини таъминлашнинг энг самарали йўли», «Хотин-қизлар сиёсий фаоллиги — фуқаролик жамиятининг муҳим шарти», «Ижтимоий ёрдамга муҳтожликдан — фаровон  турмуш сари» каби йўналишлар тавсия этилмоқда.

«Қонунларимиз ҳаётимиз асосидир», деб номланган иккинчи шартда иштирокчилар партия­миз электорати манфаатларига дахл­­­дор Ўзбекис­тон Республикаси қонунларидан бирининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириб беради. Шу билан бирга, иштирокчилар қонунни партия дастурий мақсадлари ва электорат манфаатларидан келиб чиқиб, янада такомиллаштириш бўйича асосли ва аниқ таклифларини билдириши ҳам мумкин.

Ушбу шартда иштирокчининг нотиқлик маҳорати, қонуннинг энг муҳим концептуал жиҳатларига бош­қаларнинг эътиборини қарата  олиши, ўз фикрини тингловчиларга равон  ва содда тилда етказиб бериши, аудиторияни ўзига жалб эта олишига ҳамда қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир таклифларининг ҳаё­тийлиги, асослилигига  алоҳида эътибор қаратилади.

Учинчи шарт «Сиёсий ҳо­зиржавоблик» деб номланади. Унда иштирокчи 3 дақиқа мобайнида оғзаки бериладиган 10 та саволга тезкор жавоб бериши керак. Саволлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида тузилади. Шунингдек, дунё тарихидаги машҳур сиёсатчи аёллар ҳақида ҳамда бошқа мавзуларга оид тезкор саволлар берилади.

Танловда ҳакамлар ҳайъати таркиби 5 кишидан иборат бўлади ва Ўзбекистон ХДП кенгашларининг тажрибали ходимлари, сиё­сатшунослар, депутатлар, ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат таркибда тузилади.

Ўйлаймизки, юксак сиёсий билим ва ташкилотчилик қобилиятига эга хотин-қизларни аниқлаш, уларни партия тизимига кенг жалб этиш, шунингдек, партиямиздан депутатликка номзод хотин-қизлар сафи кенгайишида мазкур танловнинг аҳамияти катта бўлади.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.