22.08.2015

ДЕПУТАТ ТАКЛИФИ, ТАШАББУСИ

ижтимоий масалалар ечимига хизмат қилиши зарур

Депутат давлат ҳокимиятининг олий, маҳаллий вакиллик органларида халқнинг ишонч­ли вакили ҳисобланади. Шунинг учун уларнинг зиммасида сайловчилар манфаатларини ҳимоя этиш вазифаси туради.

Бу жараёнда депутат катта ҳуқуқ ва ваколатга эга бўлиб, қайсидир масалада мутасадди ташкилотларга сўров юбориш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат ўрнатиш, аниқланган масалани халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессиясида кўриб чиқиш учун таклиф киритиши мумкин.

Яна бир жиҳати борки, масалани шу тартибда якунлаш билан иш битмайди. Мутасадди ташкилот раҳбарининг депутат юборган сўровга жавоби, сессия қарори ижроси устидан депутатлик назоратини ўрнатиш ҳам талаб этилади. Шундагина парламент ва маҳаллий Кенгаш муҳокамасига қўйилган масала ижобий ечим топади. Энг муҳими, аҳолини ташвишлантириб келаётган муайян муаммо ҳал этилади, одамларнинг оғири енгил бўлади.

Сирдарё вилоятида Ўзбекис­тон ХДП ташаббуси билан ташкил этилган депутатлар форумида шу масала диққат марказида бўлди. Сўзга чиққанлар мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда депутат ваколати ва имкониятларига тўхталиб ўтишди, электорат манфаатини ҳимоя қилишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамкорлигини янада кучайтириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Хусусан, изчил депутатлик назоратини олиб бориш, назорат-таҳлил давомида аниқланган хато ва камчиликларни маҳаллий Кенгаш сессияларида, керак пайтда парламент даражасида муҳокама этиш масалалари, бу борада тўпланган тажриба таҳлил этилди. Мазкур йўналишдаги долзарб вазифалар юзасидан таклиф, тавсиялар билдирилди. 

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда уларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси билан ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш масалалари ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Бугун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларига қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар билан чиқишда барча даражадаги депутатлар ҳамкорлигини кучайтиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда, — деди у. — Бу депутатларимиз, фаолларимиздан катта масъулият талаб этади. Аҳоли турмуш даражасини ошириш, жамиятда ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш масалаларида депутатлар фаоллигини янада кучайтириш керак.

Одатда, партиямиз электоратини ўйлантираётган масалалар, катта-кичик муаммолар асосан қуйида яққолроқ кўринади. Шунинг учун халқ депутатлари туман, шаҳар, вилоят Кенгашларидаги депутатларимиз ҳар қачонгидан кўра фаол ва ташаббускор бўлмоғи лозим. Маҳаллий партия кенгашлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига бўлаётган мурожаатларни олиб кўрайлик. Уларни таҳлил этиш, ҳал қилиш жараёнида турли даражадаги депутатларимиз ҳамкорлигини янада кучайтириш қўл келади.

ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари ­Алишер Тошматов халқ де­путат­лари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, ҳудудларни ижти­моий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалалари ҳақида мулоҳазаларини билдириб ўтди.

— Эътибор беринг, бугун ижро ҳокимияти устидан вакиллик ҳокимиятининг назоратини кучайтириш, энг муҳим стратегик масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда сиё­сий партиялар, депутатлар ролини ошириш масаласи кун тартибига қатъий қилиб қўйилмоқда,  — деди у. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Сирдарё вилояти халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари томонидан 5 масала партия гуруҳларида, 2 масала доимий комиссия йиғилишларида кўриб чиқилди. Хусусан, партиямизнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дас­тури асосида Боёвут туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, пенсия ва нафақаларнинг тўғри ва адолатли тақсимланиши бўйича назорат-таҳлил ишларини олиб борди. Партиямиз вакиллари масала бўйича мониторинг натижаларини умумлаштириб, уни доимий комиссия йиғилишида кўриб чиқишди. Билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида доимий комиссия қарори қабул қилинди.

Бироқ шундай бир вазиятда ҳали маҳаллий Кенгаш сессиялари, дои­мий комиссиялар мажлислари муҳокамасига ижтим­оий масалаларни олиб чиқиб, электоратимиз манфаатини таъминлаш ме­ханизмидан етарли даражада фойдаланмаётган партия гуруҳларимиз борлиги кишини ташвишга солади. Айрим ҳудудларда эса партия ташкилоти билан депутатлар ўртасида мустаҳкам алоқа шаклланмаганига бефарқ қараб бўлмайди.

Биз ҳар бир партия ташкилоти, депутатлик бирлашмаси фаолиятини танқидий ўрганиб, мав­жуд камчиликларни бартараф этиш, депутатлик сўрови, депутатлик назорати институтидан самарали фойдаланишимиз, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари ҳисоботини эшитиш механизмини кенг йўлга қўйишимиз зарур, деб ўйлайман.

Форум сўнггида маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини сифат жиҳатдан янги бос­қичга кўтариш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг ижросини таъминлашда уларнинг ролини кучайтириш, электорат билан ишлашнинг замонавий усулларидан кенг фойдаланиш бўйича партия кенгашлари ва депутатларга аниқ тавсия­лар берилди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.