22.08.2015

БУ КУНЛАРГА ЕТГАНЛАР БОР, ЕТМАГАНЛАР БОР...

Айни кунларда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар ҳамкорлигида мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида Мустақиллигимизнинг 24 йиллигига бағишлаб маданий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказмоқда. Уларда партия фаоллари, сиёсатчилар ҳамда эл-юрт ардоғидаги кишилар, кўпни кўрган нуроний отахону онахонлар фаол иштирок этмоқда. «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?», деган савол асосида истиқлолнинг қадр-қиммати, халқимиз тақдиридаги аҳамияти ҳақидаги фикрлар билдирилмоқда, холис хулосалар чиқарилмоқда.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Бурчмулла деб аталадиган бир гўша бор. Унинг таърифига сўз ожиз.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент вилоят кенгаши ташаббуси билан Бурчмуллада «Мустақиллик — энг улуғ, энг азиз неъмат» мавзусида тадбир ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, эл ардоғидаги санъаткорлар, пар­тия фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Сирожиддин Аъзамов бундан 24 йил аввал халқимиз қалбида асрлар давомида сақланиб келган тарихий орзу амалга ошгани, бизга озод ва обод, эркин ва фаровон мамлакатда яшаш ҳамда уни фарзандларимизга қолдириш бахти насиб қилганини фахр-ифтихор билан эътироф этди.

— Бунга осонлик билан эришилгани йўқ, албатта, —  деди у. — Халқимизнинг сабр-тоқати, меҳнат ва заҳмати, тинимсиз курашлар эвазига ана шу толе кулиб боқди. Шу боис Мус­тақиллик биз  учун энг улуғ, энг азиз айём саналади. Демак, байрамга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнида барча даражадаги депутатлардан, партия фаолларидан ҳам катта масъулият талаб этилади. Хал­қимиз орасида, электорт ўртасида ўтган давр мобайнида Ватанимиз босиб ўтган йўлни, амалга оширилган тарихий ишларни холисона сарҳисоб қилиб, эришилган ютуқлар ҳақида суҳбатлар уюштириш, ёш­ларимизда ғурур-ифтихор туйғуларини юксалтириш мақсадида тарғибот ишларини тизимли олиб боришимиз зарур.

Тадбирда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фрак­ция­си аъзоси Акмал Умаралиев Мустақиллик йилларида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, бу эса ўз навбатида, сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрни мустаҳкамланишига хизмат қилаётганини таъкидлади.

Сиёсий шарҳловчи Қо­бил­бек Каримбеков мустақил тараққиёт йўлида дунёнинг ҳавасини келтирадиган ютуқ ва марралар негизида юртимиздаги тинч ва осуда ҳаёт, тотувлик ҳамда ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар мужассам эканига эътибор қаратди.

— Президентимиз ҳаммамизга доим мураккаб даврда яшаётганимиз, ҳар тарафда ахборот хуружи авж олаётганини уқтириб келади, — деди у. —  Шу боис воқеликка теран мушоҳада билан қараш, жаҳонда ва ён-атрофимизда кузатилаётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқ чиқариб яшашимиз керак. Юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимиз осуда ҳаёт кечираётгани бизнинг энг катта бахтимиздир. Шундай экан, тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб, юртимиз янада тараққий этишига ҳар биримиз ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз лозим.

— Болалигим тупроқ кечиб, пахсали уйларда ўтган. Бу ҳақда набираларимга сўз очсам, ғамгин эртак эшитгандек ҳайратланишади, — деди Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов. — Устозим Шукур Бурхонов «ҳали биз орзу қилган замонлар келади, сизлар унга гувоҳ бўласизлар», деганида у қадар эътибор қилмагандик. Бугун эса ана шундай нурафшон ва дорил­омон кунларда яшаяпмиз, турмушимиз фаровон, обод ва тинч. Ўғил-қизларимиз учун замонавий мактаб, коллежлар, спорт иншоотларию кўп қаватли уйлар кўз ўнгимизда қад ростлаяпти. Ёшлигимизда иморат қуриш, автомобиль сотиб олиш ёки бирор бизнес қилиш у ёқда турсин, турли маросимлар ҳам ими-жимида ўтказилган. Бугун эса ҳар кунимиз байрам, тантаналарга уланмоқда. Ўз ишимни йўлга қўяман, деган киши учун ҳамма шароит бор. Мана, биз кутган кунлар, орзуларимиз рўёби. Ҳар биримиз бунинг қадрига етишимиз, Мустақилликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишимиз керак. Бу бизнинг ҳам фарзандлик, ҳам фуқаролик бурчимиз, деб биламан.

Тадбирда яна кўплаб фикрлар, мулоҳазалар билдирилди. «Бетакроримсан, ягонасан, Она Ватаним — Ўзбекистоним!» шиори остидаги маданий-маърифий байрам тадбирларини юқори савияда ўтказиш, бу йўналишдаги ишларни изчил давом эттириш бўйича чоралар белгилаб олинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.