20.08.2015

БЕТАКРОРЛИГИНГ ДУНЁГА ТАРАННУМ ЭТАМИЗ, ВАТАН!

Ўзбекистон ҳақида сўз кетса, унга кўпроқ бағрикенг диёр, деган таъриф берилади. Чунки бу ерда турли миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаб, меҳнат қилиб келмоқда.

Бу Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида халқимизга хос азалий урф-одат ва анъаналар кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келинаётгани, шу заминда яшаётган барча миллат ва элат вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатлари амалда таъминланаётгани натижасидир.

Зеро, Бош қомусимизнинг 18-моддасида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

— Мустақиллик йилларида аждодларимиздан мерос меҳр-оқибат, дўстлик, ҳамжиҳатлик каби гўзал қадриятларимиз янги маъно-мазмун билан бойиди, —  дейди Республика Байналмилал маданият маркази раҳбари Насриддин Муҳаммадиев. — Бу — Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчликда, турли миллат вакилларининг ўзаро аҳиллигида яққол намоён бўлмоқда. Айниқса, энг улуғ, энг азиз байрам — Ватанимиз мус­тақиллигининг йигирма тўрт йиллиги арафасида юртимизда яшаётган барча миллат вакилларининг ушбу айёмга кўтаринки кайфиятда тайёргарлик кўраётгани ҳам уларнинг ҳаётдан розилиги, эртанги кунга ишончи мустаҳкамлигини намойиш этмоқда.

Мамлакатимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб, меҳнат қилмоқда. Юртимизнинг барча ҳудудида уларнинг миллий маданият марказлари фаолият кўрсатаётир. Ўтган йигирма тўрт йил ичида бу марказлар фаолияти ривожланиб, улар нафақат ҳар бир миллатнинг тилини, санъатини, маданиятини асраш, балки юртимиздаги меҳр-оқибат муҳитининг янада мустаҳкамланишига, тинчлик ва барқарорликнинг бардавом бўлишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Бунинг учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароит таъминлангани, фуқаролар, айниқса, турли миллатлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибатни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим омил бўлаётир.

— Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида олиб борилаётган тинчликсевар сиёсат эртанги кунимизга ишонч туйғуларини кучайтиради, — дейди Ўзбекистон корейс миллий маданият маркази раиси Виктор Пак. — Ўзбекистонимизда барча инсонлар тенг ҳуқуқлилиги амалда таъминланаётганини тинч ва фаровон ҳаётимизда кўриб турибмиз. Бу дунёга машҳур «ўзбек модели»нинг яна бир ибратли кўринишидир. Мамлакатимизда бошқа миллат вакиллари каби корейс миллатига мансуб аҳолининг билим олиши, ўз она тилини ўрганиши, урф-одат ва анъаналарини ривожлантириши учун барча шароитлар яратилган. Бундай кенг имкониятларни бизга фақат мустақил Ўзбекистон давлати берди. Истиқлолгача биз, корейслар ўз она тилимизда сўзлашиш, уни ўрганиш имкониятидан маҳрум эдик. Шу боис катта авлод вакиллари орасида ўз она тилини билмайдиганлар бор. Давлат ва жамоат ишларида фаол иштирок этаётган, юксак давлат мукофотларига сазовор бўлаётганлар орасида миллатдошларимизнинг кўплиги фахримизга фахр қўшади. Бу Ўзбекистонда барча миллат вакиллари учун тенг имкониятлар яратилгани самарасидир. Шунинг учун биз Ватанимиз —  Ўзбекистонни жон-дилимиздан севиб ардоқлаймиз, унинг тинч­лиги, тараққиётига ҳисса қўшишни ўзимизнинг фарзандлик бурчимиз, деб биламиз. 

Мамлакатимизда яшаётган рус миллатига мансуб аҳоли ҳам жамият ҳаётининг барча жаб­ҳаларида самарали меҳнат қилаётир. Улар орасида педагог, шифокор, ишчи, мураббийдан тортиб жаҳон чемпионигача, маҳалла раисидан депутат, сенаторгача бор. Ўнлаб рус бадиий жамоалари, актёрлари, хонандаларнинг ижодини нафақат хал­қимиз, балки дунё билади.  

— Ўзбекистон шундай жаннатмонанд, бағрикенг мамлакатки, унинг нонини, сувини тотган инсон бу ерга, албатта, меҳр қўяди, — дейди Ўзбекистон рус миллий маданият маркази раиси Александр Аристов. — Бу ерда истиқомат қилаётган руслар ҳақида ҳам шу фикрни билдириш мумкин. Энг муҳими, мамлакатимизда юксак умуминсоний қадриятлар, толерантлик мустаҳкам қарор топгани бизнинг эмин-эркин яшашимиз, эртанги кунга ишончимиз барқарорлигига замин яратган. Мамлакатимиз Конституциясининг 4-моддасида қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади.

Бош қомусимизда кафолатланган бу тамойил туфайли юртимизда яшаётган туркман миллатига мансуб аҳоли ҳам тенглар ичра тенг бўлиб, ўз тили, миллий урф-одатларини фаол ривожлантирмоқда.

— Бир-бирига меҳр кўрсатиш, ҳолидан хабар олиш, кексаларни эъзозлашдек олижаноб фазилатлар юртимизда миллат ҳам, дин ҳам танламайди, — дейди Ўзбекистон туркман миллий маданият маркази раиси Ўрозмурод Қурбонов. — Бундай юксак инсоний омиллар нафақат давлатимиз сиёсатида мавжудлигидан, балки одамларнинг қон-қонига сингиб кетганидан доим фахрланаман. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг «Адолатли жамиятда яшамоқчи эканмиз, бошқа халқ вакилларининг манфаатларини ҳам ҳимоя этишимиз, уларга ҳурмат ва эътибор кўрсатишимиз зарур. Ўзбекистонда туғилган, унинг заминида яшаётган ва меҳнат қилаётган ҳар бир киши, миллий мансублигидан ва эътиқодидан қатъи назар, мамлакатимизнинг тенг ҳуқуқли фуқароси бўлишга муносибдир», деган фикрлари барча миллат вакилларининг кўнглини тоғдай кўтаради.

Дарҳақиқат, бу фикрлар амалда ўз ифодасини топиб, турли миллатларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳуқуқий асослар яратилди. Уларнинг маданияти, тили, миллий урф-одатлари ва анъаналари сақланиши ҳамда ривожланиши учун барча шарт-шароит муҳайё этилди.

«Свитанак» беларусь миллий маданий марказининг фаолияти ҳам фикримиз далилидир.

— Марказимиз қошида ташкил этилган фольклор ансамбли ва хор жамоаси Ўзбекистонда ўтказилаётган кўплаб маданий тадбирларда фаол иштирок этиш баробарида беларусь халқининг миллий куй-қўшиқларини келгуси авлодларга безавол етказишга муносиб улуш қўшмоқда, — дейди Тошкент шаҳар «Свитанак» беларусь миллий маданий маркази раиси Лилия Белозерова. — «Ўзбекистон — умумий уйимиз», «Ватан ягонадир, Ватан биттадир» фестивалларида сов­ринли ўринларни қўлга киритганмиз. Бугун ҳар бир Ўзбекистон фуқароси, миллатидан қатъи назар, ижтимоий-иқтисодий ва маданий жараёнларда кенг ва эркин иштирок этаётир. Юрт равнақи йўлида қилаётган хизматлари давлатимиз томонидан эътиборга олиниб, доимий рағбатлантирилмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 23 августдаги фармонига асосан «Дўстлик» орденига сазовор бўлганман. Бундай юксак мукофот менга ва барча беларусь миллати вакилларига алоҳида ғайрат-шижоат бағишлайди, келгусида шу азиз Ватанимиз — Ўзбекистон мус­тақиллигини янада мустаҳкамлаш ва унинг тараққиётини юксалтиришга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшаверамиз.

Дарҳақиқат, осойишталикда  ҳалол меҳнат қилиб ризқ топиш, ўзаро меҳр-оқибатли бўлиб яшаш энг катта саодатдир. Фақат шундай жойдагина хайрли ишларга йўл очилиб, буюк бунёдкорликлар  рўёбга чиқарилади. Жаҳон аҳли эътироф этганидек, бу борада Ўзбекистонга ҳар қанча ҳавас қилса арзийди. 

Ватанимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги арафасида мамлакатимизда фаолият юритаётган миллий-маданий марказлар, уларнинг вилоятлардаги филиалларида энг улуғ, энг азиз байрамимизга юқори савияда тайёргарлик кўрилмоқда. «Ўзбекистон — умумий уйимиз» шиори остида анъанавий ўтказиб келинаётган байрам тадбирида уларнинг барчаси ўзлари тайёрлаган дастур орқали юртимизга бўлган меҳри, садоқатини изҳор этиш, Ўзбекистоннинг бетакрорлиги, ягоналигини дунёга тараннум этишни ният қилган.

 

Норгул АБДУРАИМОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.