20.08.2015

ХАЛҚИМИЗ ПАРТИЯ ЕТАКЧИЛАРИ, ДЕПУТАТЛАРДАН

ҳаётий ташаббуслар кутмоқда

Хизмат сафари билан Бухорога йўл олдим. Эрта тонгданоқ ҳаракатланадиган «Шарқ» тезюрар поездига чиқдим. Тошкентдан бу кўҳна замингача 6-7 соат­лик йўл, сенга ҳамроҳ бўлган киши билан суҳбат қуриб кетсанг, масофа узоқлиги сезилмайди ҳам. Ёнимдаги ўриндиққа келиб ўтирган аёл ўзини ­Зулфия Салимова деб таништирди. Бевосита касбий фаолиятим билан боғлиқ бўлгани боис гап орасида суҳбатдошим билан сиёсий партиялар, депутатлар фаолияти ҳақида ҳам гаплашиб кетдик.

— Бухорога ЎзХДП фаолиятини ёритиш учун кетаяпман, — дедим ҳамроҳимга.

— Мен яшайдиган ҳудуддаги сайлов округидан ЎзХДПдан Саломат Комилова депутатликка сайланган, — деди суҳбатдошим. — Очиғи, у депутат сифатида ўз қатъия­тини, ишончга лойиқлигини кўрсата олди. Унинг ташаббуси билан Қоракўл ­туманидаги 300 ўқувчига мўлжалланган 3-умумтаълим мактабини қайта қуриш ишлари 2016 йил дастурига киритилди. Туманда ҳаракатланадиган таксиларнинг нархи бутун йўналиш бўйича бир хил эди. Ҳозирги кунда нархлар йўлнинг узоқ-яқинлигига қараб мувофиқлаштирилди.

Йўл-йўлакай Зулфия опа билан ЎзХДП фаолияти ҳақида гаплашиб кетдик, депутатлик масъулияти, унинг бутун юкини елкасига олиб, тинимсиз изланаётган, меҳнат қилаётган халқ вакиллари ҳақида суҳбатлашдик. Шу тариқа манзилга етиб келганимизни ҳам билмай қолибмиз. Энг қизиғи, ЎзХДП фаолияти билан танишгач, ҳамроҳимнинг ижти­моий-сиёсий ислоҳотлар, уларнинг маъно-мазмуни ҳамда аҳамиятини яхши тушунишини, сиё­сий партия фаолиятига холис ва тўғри баҳо берганига амин бўлдим...


Саида ЖЎРАЕВА,Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Ўзининг кўп асрлик тарихига эга Бухорода қадимдан ишлаб чиқариш соҳаси, қўл меҳнатининг кўплаб турлари ривожланган. Иш бор жойда албатта юксалиш бўлади, одамлар бугуни ва эртасига ишонч билан қарайди. Ҳозир бу кўҳна заминда яшаётган кишилар дурадгорлик, ёғоч ўймакорлиги, заргарлик, мисгарлик, умуман олганда, ишлаб чиқаришнинг қайсидир тури билан шуғулланиб, ўз ҳудуди тараққиётига, оила фаровонлигига улуш қўшиб, ҳаётидан мамнун бўлиб яшамоқда. Яна бир эътиборли жиҳати, бу орқали вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти юксалиб, жойларда ишлаб чиқариш, оилавий тадбиркорлик кенг қулоч ёймоқда, янги иш ўринлари очилиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалиб боряпти.

Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида саноат маҳсулотлари ҳажми 1981,3 миллиард сўмга етди. Халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш 661,9 миллиард сўмдан иборат бўлди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Аҳамиятли жиҳати, бугун вилоятда эришилаётган ютуқларда, ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг ҳаётга жорий этилишида партиядошларимизнинг, умуман олганда, ЎзХДП­нинг  ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашида 17 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида 92 нафар ЎзХДПдан сайланган депутат фаолият юритиб келаяпти. Шу рақамларнинг ўзиёқ бугун одамларимиз давлат бошқарувини демократлаштириш, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш ишларида жонбозлик кўрсатаётгани, бу жараёнга бефарқ эмаслигини англатади.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари томонидан партия Сайлов­олди дастури ҳамда 2014-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури асосида электорат манфаати билан боғлиқ турли масалалар сессиялар, доимий комис­сия­лар муҳокамасига олиб чиқилмоқда. Хусусан, Қоровулбозор, Жондор, Вобкент туманларида ҳудудларни ва соҳаларни ривожлантириш масалалари атрофлича таҳлил этилиб, янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни кенгайтиришга қаратилган қарорлар қабул қилинишига эришилди. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Бухоро вилояти халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП ­гуруҳлари томонидан 14 ­масала партия гуруҳлари ­йиғилишларида кўрилди, 5 масала доимий комиссия, 3 масала шаҳар ва туман Кенгашлари сессияларига олиб чиқилди.

Хусусан, халқ депутатлари Қоровулбозор туман Кенгаши сессиясига «Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича ҳукумат қарорлари ижроси тўғрисида»ги,  Жондор туман Кенгаши сессиясига «Аҳолининг репродуктив соғлиғини яхшилаш, соғ­лом болалар туғилиши, жисмоний ва маънавий етук авлодни тарбиялаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида»ги, Вобкент туман Кенгаши сессиясига «Болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилишни янада кучайтириш мақсадида ҚВП­ларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларни малакали мутахассислар билан таъминлаш борасидаги ишлар тўғрисида»ги масалалар киритилди.

Баҳриддин МУҲИТДИНОВ, Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

—  Фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти қанча юксак бўлса, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга таъсири шунчалик кучли бўлади. Шунинг учун сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида ташкил этиладиган семинарларни партиямиз электоратининг ижтимоий-сиёсий билими ва фаоллигини оширишда таъсирчан воситага айлантиришга алоҳида эътибор қаратаяпмиз.

Жорий йилнинг ўтган даврида шаҳар ва туманларда 100дан ортиқ сиёсий ўқув маш­ғулотлари ўтказилди. Нафақат марказлар, балки олис туман ва қишлоқларда ҳам демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида қилинаётган ишлар бўйича давра суҳбатлари ўтказиб, ҳаётий мисоллар асосида жонли мулоқот, эркин фикр алмашув, муайян масалаларни очиқ муҳокама этишни йўлга қўйдик.

Шунингдек, ЎзХДПнинг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, жойларда «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси доирасида 50га яқин тадбир ўтказилди. Маҳаллаларда аҳоли билан кўплаб учрашувлар ташкил этилди, уларни ўйлантириб келаётган ижтимоий масалалар ҳудудларнинг ўзида ўрганиб чиқилди.

Айни кунда ёши улуғ отахону онахонлар ҳолидан хабар олиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида барча туман ва шаҳарларда «Кексаларнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз» лойиҳаси доирасида тадбирлар ўтказаяпмиз. Мақсадимиз — ҳар бир инсон ўз ҳаётидан мамнун, бугуни ва эртасидан кўнгли тўқ яшасин.  

Айтиш керакки, аҳоли орасида учраётган ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, ҳуқуқий ва бошқа маслаҳат кўмаги кўрсатиш, электорат ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишда партия кенгашлари қошида фаолият кўрсатаётган Жамоатчилик қабулхоналари муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга партия бошланғич ташкилотлари, вилоят, туман ҳамда шаҳар кенгашлари, партия гуруҳлари эътибори кучайгани электорат ишончини қозонишнинг асосий омилларидан бирига айланди.

Фуқаролардан тушган мурожаатларнинг катта қисми коммунал хизмат, ўз ишини йўлга қўйиш, ишга жойлашиш, маҳаллий ижро ҳокимияти идоралари масъулиятини ошириш билан боғлиқ бўлмоқда.

Жамоатчилик қабулхоналарининг жорий йилдаги фаолияти таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, шу кунга қадар вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги Жамоатчилик қабулхоналарига 486 та мурожаат тушган. Уларни ижобий ҳал этиш мақсадида маҳаллий Кенгаш депутатлари мутасадди корхона ва ташкилотларга депутатлик сўровлари билан чиқишди.

Масалан, Бухоро туманидан Лайло Қиличева ишга жойлашишга ёрдам сўраб қабулхонага келди. Депутатлар унинг мутахассислигини ўрганиб чиқиб, шу асосда тегишли ташкилотларга мурожаат қилишди. Энг муҳими, масала ижобий ечим топди. У тумандаги 20-мактабгача таълим муассасасига ишга жойлашди.

Фуқаро бизга ишониб қабулхонага келади. Шу боис мурожаатлар билан ишлаш, уларни ижобий ҳал этишга жиддий эътибор билан қараймиз. Бунда депутатлик сўрови ҳамда ижтимоий шериклик муносабатлари қўл келаяпти. Кўтарилаётган масалалар депутатлар кўмагида тегишли идора ва ташкилотлар орқали ҳал этилаётгани Жамоатчилик қабулхоналарига ишончни янада мустаҳкамламоқда.

Шуҳрат ИСМАТОВ, халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:

Кейинги йилларда мамлакатимизда вакиллик ҳокимияти фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва кафолатлари мустаҳкамланмоқда. ­Халқимизнинг ўз вакиллари — депутатлар олдига қўяётган талаблари ҳам ортиб бормоқда. Хусусан, депутат ўз сайлов округидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни изчил таҳлил этиб, ижтимоий масалалар, уларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганиб бориши зарур. Бу борадаги вазифаларни тўлиқ ва самарали амалга оширишда депутатлик назорати, депутатлик сўрови институтидан фойдаланиш яхши самара бермоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳлари томонидан аҳоли, хусусан, электорат вакилларини ўйлантираётган масалалар юзасидан мутасадди ташкилотларга 61 депутатлик сўрови юборилди. Бугунги кунга қадар уларда кўтарилган масалаларнинг 45 таси ижобий ҳал этилди.

Бундай амалий ишларни қанча кўпайтирсак, одамларга шунчалик фойдамиз тегади ва партиямизга жамоатчилик ишончи ҳам ошади.

 Шоҳиста НАБИЕВА, Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

  Бугун вилоятимиздаги 12168 нафар хотин-қиз ЎзХДП аъзосидир. Халқ депутатлари вилоят Кенгашида 3 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларида 17 нафар аёл депутат фаолият олиб бормоқда. Вилоятдаги бошланғич партия ташкилотларининг 234 тасида хотин-қизлар етакчилик қилмоқда. Рақамлардан кўриниб турибдики, партия Сайловолди дастурини амалга ошириш, электорат манфаатини самарали ҳимоя қилиш аёллар фаоллигига кўп жиҳатдан боғлиқ.

Шундан келиб чиқиб, ЎзХДП ташаббуси билан жойларда хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, саломатлигини муҳофаза қилиш, давлат ва жамият бошқарувини янада демократлаштиришда иштирокини кучайтириш, аёлларнинг бандлик даражасини ошириш масалаларида ҳам амалий ишлар олиб борилаяпти. Жойларда хотин-қизлар иштирокида бир қатор долзарб мавзуларни қамраб олган сиёсий ўқувлар ташкил этилаяпти. Масалан, «Ижтимоий ҳимоядан ижтимоий фаоллик сари», қишлоқда қизлар спортини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ҳамда «Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ­фаоллигини ошириш», «Қо­нун­лар тарғиботи» ойликлари доирасида тадбирлар ташкил этилди.

Айтиш керакки, биз хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича ҳам маълум тажрибага эгамиз. Аввало, кам даромадли оилаларни қийнаётган масалаларни, вақтинча ишсизларни аниқлаб, чо­ра-тадбирлар кўряпмиз. Қанот ташаббуси билан ўтказилган учрашувларда билдирилган таклифлардан келиб чиқиб, уйда маҳсулот ишлаб чиқараётган ҳамда турли хизматлар кўрсатаётган фуқаролар билан корхоналар ўртасида ко­операция алоқалари ўрнатилиб, кўплаб кишига касаначи сифатида меҳнат дафтарчалари очилди. Бундай амалий ишлар натижасида партиямизга қизиқувчи, сафимизга кириш истагини билдираётган хотин-қизлар тобора кўпа­йиб бормоқда.

Лазиз БОЙМУРОДОВ, Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчиси:

Партия сафига кириб келганимга ҳали кўп бўлмади. Бироқ шу қисқа муддат ичида «Истиқбол» ёшлар қаноти мен учун ташаббуслар минбарига айланди. Айниқса, қанот томонидан ўтказиладиган ҳар бир тадбир менга ўзимни кўрсатиш, фаоллигимни намоён этиш, янги дўстлар орттириш ва билимимни, тажрибамни бойитиш учун хизмат қилди, деб бемалол айта оламан.

Ўзбекистон ХДП сафига кириб келишимдан аввал ҳам партия тадбирларида мунтазам иштирок этишга ҳаракат қилардим. Унинг ижтимоий лойиҳалари, ёшлар ўртасида ўтказаётган меҳнат ярмаркаси ва бошқа қатор тадбирлари менга жуда маъқул келди. 2009 йил ЎзХДП аъзолигига қабул қилиндим. 2011 йили институтни тамомлаб, иш фаолиятимни ўзим ишонган, хайрихоҳ бўлган партия тизимидан бошлашга қарор қилдим. Бугун «Истиқбол» ёшлар қаноти Бухоро вилоят бўлими етакчисиман. Бу масъулиятли вазифа эканини чуқур ҳис қиламан.

Айни кунда вилоятимиздаги
10 615 нафар йигит-қиз қанотимиз атрофига бирлашган. Улар катта куч, ғайрат ва шижоат билан партия ташкилотлари ва гуруҳлари билан ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот ишларида фаол қатнашаяпти. 

Бир мисол. Ёшлар орасида анча оммалашишга улгурган «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлов иштирокчилари сони бу йил вилоятда 600 нафардан ошди. Улар орасидан 11 нафари вилоят босқичида иштирок этди. Қатнашчилар шаҳар ва туманларда мавжуд ижтимоий ­муам­­молардан келиб чиқиб, турли мазмундаги лойиҳаларни тақдим этишди. Уларни ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш мақсадлари бирлаштирди.

Кўрик-танловда ғиждувонлик Санжарбек Аслоновнинг лойиҳаси кўпчиликка маъқул келди. Унда ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузурида устачилик уюшмаси фао­лиятини йўлга қўйиш назарда тутилган эди. Маълум бўлишича, Ғиждувон туманида 74 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, уларнинг камида 20 тасида устачилик уюшмаси ташкил этиш имкони бор. Энг муҳими, бу қўшимча иш ўринлари очиш, ёш­ларнинг касбий салоҳияти ва маҳоратини оширишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашга қаратилган «Коллеждан — корхонага» ва «Бугунги талаба — эртанги мутахассис» лойиҳалари ёки ўзининг мустақил фикрига эга, сиё­сий ва ҳуқуқий билимларни пухта ўзлаштирган ёшлар сафини кенгайтирувчи «Депутат ва ёшлар» лойиҳалари ижобий самара бермоқда.

Сир эмаски, сиёсий партия дастури ижросини таъминлаш, электорат манфаатларини самарали ҳимоя қилишда бошланғич партия ташкилотларининг фаол­лиги муҳим аҳамиятга эга. Партия фаолларининг қайд этишича, бугун вилоятдаги 29 247 аъзони бирлаштирган 712 бошланғич ташкилот пар­тия­нинг таянчига айланган.

Қуйи бўғинлар билан ишлашда партия кенгашларида катта тажриба борлиги бошланғич ташкилотлар фаолияти самарадорлигини белгиламоқда. Масалан, партиянинг Бухоро шаҳар кенгашидаги 52 бошланғич партия ташкилоти Ўзбекистон ХДПнинг ғояларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишга, унинг нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.

Хизмат сафари давомида тарих ва замонавийлик руҳини ўзида бирдек уйғунлаштирган Бухорода ЎзХДП фаолияти яхши йўлга қўйилганига, одамларнинг партияга ишончи мустаҳкам эканлигига гувоҳ бўлдик. Кечга яқин ишни тугатиб, вилоят партия кенгаши биносидан чиқаётган маҳалда эшик олдида ёшларга дуч келдик. Маълум бўлишича, уларнинг бири ЎзХДП аъзоси экан, иккинчиси партия сафига кириш истагида бу ерга ташриф буюрган. Очиғи, мавзуга нуқта қўйгимиз келмади. Шу баҳонада уларни ҳам суҳбатга тортдик.

«МЕН ЎзХДП АЪЗОСИМАН»

— 18 ёшга тўлсам, бирор-бир сиёсий партия­га аъзо бўламан, деб кўп ўйлардим, — деди Бухоро давлат университети талабаси Муҳайё Жўраева. — Коллежда ўқиб юрган кезларимда ЎзХДП ташаббуси билан барча туман ва шаҳарларда иқтисодий форумлар, «Коллеждан — корхонага» лойиҳаси доирасида тадбирлар ташкил этилаётгани ҳақида эшитдим. Бухоро шаҳрида ўтказилган ана шундай тадбирларнинг бирида иштирок этдим, бу партия­га қизиқишим орт­ди.

Чунки ишга жойлашиш касб-ҳунар коллежларини битираётган ёшларни ўйлантирадиган муҳим масалалардан биридир. ЎзХДП ёшлар учун ниҳоятда муҳим бўлган ҳаё­тий масалани кўтариб, бу борада кўп­гина амалий ишлар қи­лаётганига гувоҳ бўлдим. Кейинчалик партиянинг бошқа тадбирларида иштирок этиб, менда ЎзХДПга аъзо бўлиш истаги пайдо бўлди ва партия дас­тури билан танишиб чиқдим. Ғоялари ва амалий ташаббуслари менга маъ­қул келди. Энди мен бор кучим, билимим ва салоҳиятим билан ўзим ишонган ва аъзоси бўлган партиянинг дастурий мақсадларини рўёбга чиқариш учун ҳаракат қиламан.

«ЎзХДПГА АЪЗО БЎЛМОҚЧИМАН»

Оммавий ахборот воситалари орқали доимо ЎзХДП фаолиятини кузатиб бораман, — дейди Нодира Шукурова. — Яқинда бўлиб ўтган «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловининг ­Бухоро шаҳар ва вилоят босқичларида томошабин сифатида қатнашдим. Бу орқали партия ҳақидаги тасаввурим янада бойиди, ЎзХДПга бўлган қизиқишим ортди. «Истиқбол» ёшлар қаноти қошидаги «Ёш сиёсатчилар» клуби аъзолари билан дўстлашдим, уларнинг сафида бўлишга қарор қилдим.

Бу ерга партияга аъзо бўлиш мақсадида келган эдим. Ҳозиргина партия дастури билан қайта танишиб чиқдим. Унинг мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшларга, уларнинг ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, касб танлаш, таълим олиш ва ўқув муассасаларини битиргач, биринчи иш ўринларига эга бўлишлари учун адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитларни яратишга доир таклифлари эътиборимни тортди. Ўзбекистон ХДП шундай ғояларни илгари сураётган экан, биз нафақат уни қўллаб-қувватлашимиз, балки бу ишларни амалга оширишда ҳам фаол иштирок этишимиз керак, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам бу партияга аъзо бўлмоқчиман...

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» махсус мухбири.



DB query error.
Please try later.