18.08.2015

ҒЎЗА ПАРВАРИШИДА АГРОТЕХНИК ТАДБИРЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ КАТТА

Сувга бўлган талабга қараб, ғўзанинг ўсиши, ривожланиш фазалари 3 даврга бўлинади: чигитлар униб чиқишидан ғўза гуллашигача (апрель-июнь); гуллаш — ҳосил тўплаш даври (июнь-август) ва ҳосилнинг пишиш даври (август-сентябрь).

Мамлакатимизнинг барча минтақа, вилоятларида август ойида ғўзаларнинг гуллаш — ҳосил тўплаш фазаси даврида суғориш сувларидан қолдириш мутлақо мумкин эмас, акс ҳолда ғўзалар ўсм.ай, ривожланмай қолади. Бу ҳосил тугунчаларининг (шона, гул, кўсак) катта қисм.и тўкилиб кетишига, пастки баргларнинг сарғайишига олиб келади. Ғўзани пишиш фазасида ҳам албатта суғориш зарур, суғориш натижасида кўсакдаги пахта вазни ортади. Ўқ ариқларни баландроқ жойлардан олиш, уларнинг оралиғи — 60 см., схемада 60-80 метр, 90 см. схемада экилган майдонларда 100-120 метр­дан ошмаслиги лозим. Эгатлар барча узунлиги бўйича бир текис намиқиши учун суғориш эгатлари мумкин қадар чуқурроқ олиниши керак. Суғоришда ғўзага керакли сув етказиб бериш учун тупроқ шароитидан келиб чиқиш лозим. Акс ҳолда, ғўзага талаб қилинадиган сув таъминоти етарли бўлмайди. Суғориш эгатлари боши чимлар, қоғозлар, найчалар орқали тўғирланиб, ро­стланиб, тупроқ тўлиқ намиқиши учун суғориш сувлари барча эгатлардан қўйилиши керак. Тупроқларнинг аста-секин нам тортиши учун бутун эгат бўйлаб ҳар бир эгатга сувни жилдиратиб ўзгарувчан оқимда аввал кўпроқ, кейин икки баравар камайтириб, охирида суғориш сувларини жилдиратиб доимий оқизилишини ҳар бир эгатда таъминлаш, бу деганимиз суғоришлар деярли оқовасиз амалга оширилиши керак.

Аҳоли, фермер хўжаликлари ва барча турдаги сувдан фойдаланувчилар ўртасида суғориш сувини тўғри тақсимлаш талаб этилади. Экинларни суғоришга ажратилган сув миқдорининг суғориладиган майдонларга мувофиқ келишини ҳисобга олиш жуда муҳим. Бунда 1 гектардаги ғўзани суғоришга 800–900 м3 сув меъёри белгиланиб, далага секундига 50 литр сув бериб турилганда, бир кеча-кундузда камида 5 гектар майдон суғорилиши керак. Суғориш ишларини самарали ўтказиш учун ҳар бир далага малакали сувчиларни бириктириш, уларни зарур асбоб-ускуналар билан таъминлаш, қулай шарт-шароитлар яратиш керак.

Мамлакатимизнинг жанубий минтақа вилоятларида август ойидан ғўзада пишиш фазаси бошланади. Ғўзанинг пишиш даврида дефолиация ўтказилиши муҳим ҳисобланади. Ишлаб чиқариш шароитида ушбу тадбир илмий муассасалар томонидан ишлаб чиқилган, амалиётда тасдиқланган тавсиялар бўйича тўла-тўкис олиб борилмаслиги сабабли, баъзи жойларда ғўза дефолиациясининг самарадорлиги пасайиши кузатилмоқда.

Ғўза дефолиацияси ўз муддатида ва сифатли ўтказилганда ўсимликдаги физиологик жараёнлар, хусусан, ферментлар фаоллигининг тезлашуви натижасида ғўза барглари 90-95 фоизгача тўкилиб, кўсаклар пишиб етилиши 15-20 фоизга, биринчи терим салмоғи 20-25 фоизгача ошади. Натижада етиштирилган пахта ҳосилининг 80-90 фоизини юқори саноат навларига топшириш имконияти яратилиб, гектаридан олинадиган иқтисодий даромад миқдори ҳам ортади. Бундан ташқари, турли тупроқ-иқлим шароитларига мос бўлган тезпишар, эртапишар, ўртапишар, маълум фоиз кечпишар ғўза навларининг яратилиши, шу­нинг­дек, пахта далаларида барча агротадбирлар тизимининг, жумладан ғўза дефолиациясини аксарият майдонларда ўтказилиши натижасида ҳар йили режалаштирилган пахта хом­ашёси октябрь ойидаёқ йиғиб-териб олинмоқда. 

Институтимиз олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотларимизда дефолиантларнинг таъсир этиш самарадорлиги ғўза навларининг биологик ҳолатига, иқлим, ҳароратга, тупроқ ва ҳаво намлигига, тупроқ унумдорлигига, ғўзанинг озиқланиш даражасига, қўлланилаётган кимёвий дориларни ишлатиш муддатлари ва меъёрларига боғлиқлиги аниқланди. Тезпишар навлар ўрта ва кечпишар (ингичка толали) нав­ларга нисбатан кўпроқ таъсирчан бўлади. Дефолиация пайтида тупроқнинг мақбул намлиги ҳам ғўза баргларининг тўкилишини тезлаштиради. Кузатувларимиз натижаси шуни кўрсатдики, дефолиация пайтида тупроқ намлиги чекланган дала нам сиғимига нисбатан 70-75 фоиз бўлганда ғўза барглари энг кўп тўкилди.

Ғўзанинг ҳолати (баланд, паст бўйли, сербарглиги), ҳаво ҳароратига (17оС) қараб, ўрта толали ғўза нав­ларида магний хлорати препарати сувда эритилган ҳолда пуркалади (ОВХ ёки самолётда). Ўрта толали ғўза дефолиациясида ҳар гектарига 8-12 кг/га препарат сарф­ланади. Ғўзалар ҳолатига қараб, препаратни 2 кг камайтириш ёки кўпайтириш мумкин, ҳар гектарига 200-300 литр­гача ишчи суюқлиги сарфланади.

Ингичка толали ғўза навларига эса 14-15 кг/га хлорат магний тавсия этилади. Агар бирон-бир сабаб туфайли биринчи маротаба ўтказилган дефолиациядан сўнг 6-7 кун ўтгач, 75 фоиздан кам барг тўкилиб, терим машиналари учун зарур иш шароити яратилмаган бўлса, такрорий дефолиация ўтказилади. Такрорий дорилаш зарурати туғилганда, дефолиантларни сарф­лаш меъёрлари хўжаликнинг мутахассис, агрономлари томонидан ғўзалар ҳолатига қараб белгиланади.

Ўрта-ингичка толали ғўза нав­ларининг ҳосилини пахта терим машиналарида териб олиш учун ғўза барглари сунъий тўктирилиб,  баргсизлантирилади: кўсакларнинг очилиши 60-70 фоиз — ўрта толали, 70-80 фоиз — ингичка толали ғўза нав­лари учун дефолиация ўтказилишининг қулай муддати ҳисобланади. Вилоят ва туманлардаги минглаб гектар майдонларда дефолиация ўтказилишини тўғри ташкил этиш, трактор механизм­ларидан тўғри фойдаланишда ғўзанинг экиш муддатларига, яъни ғўза ривожланиши тезроқ майдонларда барвақтроқ дефолиация ўтказилиб, кейинчалик дефолиантларни табақалаштирилган ҳолда қўллаш мумкин бўлади.

 

Авазхон АВЛИЁҚУЛОВ,

Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехно­логиялари илмий-тадқиқот институти Ғўза навлари агротехнологияси лабораторияси мудири, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор.



DB query error.
Please try later.