18.08.2015

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ФАОЛИЯТИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди

ЎзХДП гуруҳи ташаббуси билан мактабгача таълим муассасаларида спорт тўгаракларини ташкил этиш, болаларнинг соғлом бўлиб улғайишини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар халқ депутатлари Оққўр­ғон туман Кенгашидаги Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссия йиғилишида кўриб чиқилди.

— Соғлом, баркамол авлодни камолга етказишда таълим ва тарбия­нинг бошлан­ғич тизими — мактабгача таълим муассасалари муҳим аҳамиятга эга, — деди халқ депутатлари Оққўрғон туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси ­Муяссар Алимбетова. — Партиямизнинг Сайловолди дастурида ўсиб келаётган авлодни ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол этиб тарбиялаш масаласи устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Шу боис партия гуруҳимиз тумандаги мактабгача таълим муассасаларида болаларни спортга жалб этиш ишлари юзасидан  депутатлик назоратини олиб бормоқда. Агар ўғил-қизларимиз боғча ёшидан спорт билан шуғулланса, уларнинг иродаси тобланади. Кейинчалик бундай болалар ҳар томонлама соғлом бўлади, яхши билим олади, тарбияли бўлади.

— Мактабгача таълим узлуксиз таълимнинг бошланғич қисми ҳисобланади, — деди туман халқ таълим муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими раҳбари Тамара Аҳмедова. — Мактабгача таълимнинг мақсади — болаларни мактабга тайёрлаш, соғ­лом қилиб улғайтириш, шахс сифатида шакллантириш, қобилиятларини очиб бериш ва билим олишга бўлган иштиёқини оширишдан иборат.

Туманимизда  12  та ана шундай маскан бор. Жумладан, 1-сонли мактабгача таълим муассасасида логопед ва ортопед мутахассислар фаолият олиб боради. Спорт тўгаракларига 300 нафарга яқин бола жалб қилинган. Муассаса тарбияланувчилари учун режа асосида «Қувноқ стартлар», «Соғломжон — Полвонжон», «Кичкинтой — Ширинтой» каби турли мусобақалар ўтказиб келинмоқда. Бу эса уларнинг соғлом, чаққон бўлишига, тўғри фикрлаш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилмоқда. 

Доимий комиссия йиғилишида ЎзХДП гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишлар жараёнида тумандаги мактабгача таълим муассасалари фаолиятида айрим камчиликлар ҳам борлиги қайд этилди. Хусусан, айрим болалар боғчаларига белгиланган меъёрдан ортиқ бола қабул қилинган. Натижада гуруҳларда санитария-гигиена қоидалари бузилиши, болаларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш ишлари қониқарсиз бажарилмоқда. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган ҳамшираларнинг билим ва кўникмалари талаб даражасида эмас.

— Мактабгача таълим муассасаси ёшидаги бола организми тез ўзгаради, — деди туман давлат санитария эпидиомология назорат маркази раҳбари Ботирхон Раҳимов. — Бу вақт мобайнида у кўпроқ организм учун зарур бўлган витамин ва минераллар билан тўйинтирилган, сифатли ва юқори калорияли озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилиши зарур. Боланинг жисман улғайиш жараёнини инобатга олган ҳолда, унинг бир кеча-кундузлик овқат меъёрлари тартиби қатъий белгиланган. Кунига ўртача ўн соат давомида мактабгача таълим муассасасида бўлиши кўзда тутилган болалар уч маҳал овқатланади. Боланинг ўн соат давомидаги кундалик истеъмол маҳсулотлар калорияси нонуштага 25 фоиз, тушликка 35 фоиз, иккинчи нонуштага 15 фоиз қилиб белгиланган.

Муассаса таомномасига киритилган 24 хил маҳсулотга буғдой унидан тайёрланган нон, ёрмалар, макарон, мой, дон маҳсулотлари, шакар, сариёғ, ўсимлик ёғи, сут, қатиқ, йогурт, творог, пишлоқ, гўшт, колбаса маҳсулотлари, балиқ, тухум, картошка, сабзавотлар, мевалар, чой, какао, йодланган туз кабиларни киритиш мумкин.

Олиб борилган ўрганишлар мобайнида тумандаги аксарият мактабгача таълим муассасаларида витамин ва минераллар билан тўйинтирилган, сифатли ва юқори калорияли озиқ-овқат маҳсулотлари  белгиланган меъёрлар бўйича берилмаётгани аниқланди.

Доимий комиссия йиғилишида тумандаги мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш масаласи атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган болаларни мактабга тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Депутатлар томонидан мактабгача таълим муассасаларида овқатланишни ташкил этиш, ҳафталик ва кунлик таомномаларни тузишда бола организмининг ўсиши, ривожланишини ҳисобга олиш, таомларнинг сифатли, юқори калорияда бўлишини таъминлаш масалаларида қатор таклифлар берилди.

Доимий комиссия йиғилишида муҳокама этилган масалалар бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

 

Меҳрож ДАРХОНОВ



DB query error.
Please try later.