18.08.2015

ФУҚАРОЛАР МУРОЖААТЛАРИНИНГ ИЖОБИЙ ҲАЛ ЭТИЛИШИ

партиямиз нуфузини янада мустаҳкамлайди

Бугунги кунда ЎзХДП ҳудудий кенгашлари қошида фаолият юритаётган Жамоатчилик қабулхоналари фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар тез ва самарали ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мурожаатлар партия фаоллари ва депутатлар томонидан пухта ўрганилиб, уларнинг аксарияти тегишли идора ва ташкилотлар ёрдамида ҳал этилмоқда. Юридик маслаҳатлар берилмоқда.

Нукусбой ҒАНИЕВ, Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон республика кенгаши Аҳоли бандлиги ва ижтимоий сиёсат масалалари бўлими мудири:

— Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика, туман ва шаҳар кенгашлари қошида жами 15 та Жамоатчилик қабулхонаси фаолият кўрсатиб келмоқда. Сўнгги йилларда партия кенгашлари ҳузуридаги Жамоатчилик қабулхонаси фаолияти самарадорлигини ошириш учун қатор чоралар кўрилмоқда. Фуқораларнинг мурожаатлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари ёрдамида мутасадди ва ҳамкор ташкилотлар раҳбарларининг эътиборларини мавжуд муаммоларга қаратиш йўли билан ижобий ҳал қилинмоқда.

Жорий йилнинг  6 ойи давомида Жамоатчилик қабулхоналаримизга жами 175 фуқаро мурожаат қил­ди. Шундан коммунал соҳада 28, ер олиш мақсадида 16, ишга жойлашиш масаласида 25, пенсия, болалар нафақасини ўз вақтида олиш юзасидан 6, моддий ёрдам сўраб 44, кредит масалалари бўйича 14, ижтимоий ва соғлиқни сақлаш масаласи бўйича 17 ва бошқа масалаларда 24 мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 89 фоиздан ортиғи ижобий ҳал қилинди. Бу борада Чимбой, Тўрткўл ва Нукус туманлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Масалан, Нукус туманида истиқомат қилувчи фуқаро Б.Жуманов Ўзбекистон ХДП Нукус туман кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабулхонасига кредит олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Мурожаатни депутатлар, туман партия кенгаши фаоллари кўриб чиқиб, фуқарога Агробанкдан 3 миллион 500 минг сўм миқдорида кредит олиб берилишига амалий ёрдам кўрсатган...

Мурожаатларни ўрганиб ҳал этишда депутатлар ҳамда экспертларнинг имкониятларидан ҳам унумли фойдаланилмоқда. Бу эса электоратни ўйлантираётган масалалар ўз вақтида ижобий ечишида муҳим омил ҳисобланади.

Агар чуқурроқ ўйлаб кў­рилса, Жамоатчилик қа­бул­хоналари партиямизнинг нуфузини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини янада кучайтириш учун, аввало, уни тарғиб қилиш керак. Агар, одамлар у ҳақида тўлиқроқ тасаввурга эга бўлса, ундан ёрдам кўришига ишонса, мурожаатлар кўпаяди.

Ғайрат ПИРНАЗАРОВ, Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят кенгаши Аҳоли бандлиги ва ижтимоий сиёсат масалалари бўлими мудири:

— Ҳозирги кунда аҳолини ижтимоий жиҳатдан манзилли қўллаб-қувватлаш масалаларини янада чуқурроқ ўрганиш, электорат вакилларига тегишли ёрдам кўрсатиш мақсадида маҳаллий партия кенгашларида 14 та Жамоатчилик қабулхонаси ишлаб турибди.

Жорий йилнинг январь-июль ойларида Жамоатчилик қабулхоналарига 303 мурожаат келиб тушган. Хусусан, коммунал соҳада 112, ер олиш масаласида 27, ишга жойлашишда кўмак сўраб 98, иш ҳақини ўз вақтида олиш бўйича  37, моддий ёрдам сўраб 29, соғлиқни сақлаш борасида 17, халқ таълими юзасидан 5, банкдан кредит олиш масаласида 11, бош­қа соҳаларга доир 29 мурожаат қайд этилган.

Мазкур мурожаатларнинг 85 фоизи ижобий ҳал қилиниб, қолган масалаларнинг ижроси назоратга олинган.

Жойларда партия электорати, сайловчиларни таш­вишлантираётган муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечими юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан аниқ таклифларни тайёрлаш ҳамда ташаббус билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссиялари ва сессиялари муҳокамасига масалалар киритиш, шу орқали қабул қилинган қарорларнинг сифатли ва  тизимли бажарилиши юзасидан депутатлик назоратини ўрнатиш амалиётини кенгайтиришга  эришилмоқда.

Ғаллаорол туман «Сов­руқ» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Совруқ қишлоғида яшовчи Рустам Холиқулов ЎзХДП туман кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабулхонасига январь ойида соғлиғини яхшилаш учун ёрдам сўраб мурожаат этган эди. Ушбу масала «30-Совруқ» сайлов округидан сайланган депутат Дархон Синдоров ёрдами билан ҳал этилган.

Бундан ташқари, Ғаллаорол тумани «Оқтош» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Бозорбой Жумабоевга ҳам мурожаати асосида ёрдам кўрсатилди...

Бир сўз билан айтганда, сиёсий партияни халққа яқинлаштирадиган, жамиятда таъсир кучини оширишга хизмат қиладиган энг муҳим масала — одамлар ишончини оқлаш ва уларга ўз вақтида ёрдам кўрсата олишдир. Демак, ЎзХДП ташкилотлари, депутатларимиз бу борада Жамоатчилик қабулхоналари имкониятларидан янада самарали фойдаланиши керак бўлади.

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.