15.08.2015

ДИҚҚАТ! ҲАЙДОВЧИ, ҲАРАКАТ ХАВФСИЗЛИГИГА РИОЯ ҚИЛИНГ!

шунда сиз, энг аввало, ўз ҳаётингизни, мол-мулкингизни асраган бўласиз

Мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу борадаги ишларни тубдан яхшилаш, янада такомиллаштириш юзасидан бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Бундан кўзланган ягона мақсад одамлар ҳаётини асраш, уларнинг мол-мулки дахлсизлигини таъминлашдир.

Жорий йил 6-7 август кунлари бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлисида маъқулланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисда»ги Қонундаги айрим меъёрлар бу масалада муҳим аҳамиятга эгадир. Гап шундай мазкур қонун орқали Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига йўл ҳаракати хавфсизлиги чораларини янада кучайтириш билан боғлиқ қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Бу мамлакатимизда инсон омили энг муҳим масала эканлигининг яна бир исботидир.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгариш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бош­қармаси бошлиғи, полковник Холматжон САЙДАЛИЕВ билан суҳбатлашдик.

Ушбу қонуннинг қабул қилинишига сабаб бўлган омиллар ҳақида гапириб берсангиз.

— Қонун ва қоидаларга киритилаётган ўзгаришлар ва қўшимчалар аввало, давр талаби. Бундан кўзланган мақсад ҳаракат иштирокчилари ҳисобланадиган ҳайдовчи ва пиёдаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, бу борада қилинаётган ишлар самарадорлигини ошириш ва энг муҳими инсонлар ҳаётини асрашдир. Транспорт воситалари сони кундан-кунга кўпайиб бораётган бир шароитда доимо изланиш, янгиликлар яратиш, ташаббускор бўлиш талаб этилади. Бизнинг асосий вазифамиз ҳаракат хавфсизлигини таъминлаб, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган. Бу ишларни тубдан яхшилаш учун эса қайд этилаётган кўрсаткичларимизни доимий таҳлил қилиб бориш ва унинг натижаларига кўра ишни яхшилаш чораларини кўришимиз зарур. Мазкур Қонун ҳам ана шу таҳлиллар асосида ишлаб чиқилган.

Барчамизга яхши маълумки,  йўл-транспорт ҳодисаларида инсонларнинг ўлимига ва тан жароҳати олишларига сабабчи бўладиган асосий омил — тезликни меъёридан оширишдир. Агар таҳлилларга назар ташлайдиган бўлсак, биргина 2014 йилда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг 35,3 фоизи белгиланган тезликка риоя этмаслик оқибатида содир бўлган. Бундан кўринадики, айнан мана шу йўналишдаги ишларимизни тубдан ўзгартириш ва замонавий техник воситаларни жалб этиш керак. Айнан шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда бу турдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун замонавий техник воситалардан фойдаланиш йўлга қўйилди.

«Крис-П», «Арена», «Искра видео-2» каби фоторадар ва мобиль комплексларининг амалда қўлланилиши натижасида охирги 5 йил ичида йўл-транспорт ҳодисаларининг сони сезиларли даражада, яъни 506 тага камайди. Бу рақам кимгадир арзимасдек бўлиб туюлар, аммо унинг ортида инсон ҳаёти турганлигини инобатга оладиган бўлсак, унинг аҳамияти қанчалик юқори эканлиги аён бўлади.

Ҳозирги кунда йўл ҳаракати қоидалари бузилишининг олдини олиш самарадорлигини ошириш мақсадида Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлашнинг компьютерлашган бошқарув тизимини жорий этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу тизим биринчи нав­батда светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмаган ҳамда белгиланган тезлик талабларига риоя этмаслик ҳолатларини автоматик равишда қайд этиб боради. Бу янгилик ҳам белгиланган тезлик талабларини назорат қилиш борасида амалдаги меъёрий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақозо этди. Жумладан, илгари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс­нинг 1283-моддаси 3-қисмига асосан жазо чораларини қўллаш суд идоралари томонидан амалга оширилар эди. Аммо киритилган ўзгартишларга кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, ҳуқуқбузарликнинг такрорийлиги ҳисобга олинмаслиги белгилаб қўйилди. Шу сабабли жорий этилаётган компьютерлаштирилган бошқарув тизими орқали ҳайдовчиларнинг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ошириб юбориш ҳолатларини ҳам автоматик тарзда қайд этиш имкониятидан келиб чиққан ҳолда Кодекснинг 1283-модда 3-қисми иккита мустақил қисмларга ажратилди. Унга кўра ҳайдовчиларнинг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ кўринишда ошириб юбориши энг кам ойлик иш ҳақининг етти баравари миқдорида жарима солиш билан жазоланиши белгилаб қўйилди ва бундай ҳолатларда жарима солиш ваколати ДЙҲХХ мансабдор шахсларига юклатилди.

Яратилаётган тизимнинг асосий вазифаларидан бири тирбанд ва серқатнов кўчаларда  йўл ҳаракати устидан назоратни амалга ошириш ҳамда йўл ҳаракати соҳасидаги турли ҳуқуқбузарликларни автоматик қайд этиш ҳисобланади.   

Мамлакатимизда бугунги кунда амалиётда фойдаланилаётган йўл ҳаракати қоидабузарликларини автоматик қайд этиш бўйича кўчма фоторадар ва мобиль комплексларини қўллаш юзасидан тўпланган тажрибани ҳисобга олиб, йўл ҳаракати устидан видео кузатув ва назорат техник воситаларини қўллаш билан бир вақт­нинг ўзида аниқланган ва қайд этилган  ҳуқуқбузарликлар содир этган  қоидабузарларга нисбатан маъмурий чоралар қўллаш механизмини яратиш зарурати юзага келди.

Мазкур механизмнинг тўлақонли фаолият юритишини, содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини, ҳамда йўл ҳаракати борасидаги ҳуқуқбузарликларни назорат қилиш ва қайд этиш тизими самарадорлигини таъминлашда ҳам қонунчиликка киритилган янгилик муҳим ўрин тутади.

— Ҳаракат иштирокчилари билиши керак бўлган энг муҳим янгиликлар нималардан иборат?

Биринчидан, автоматлаштирилган бошқарув тизими ҳар қандай йўл ҳаракати қоидалари бузилган жойни, вақтини, транспорт воситасининг давлат рақам белгисини қайд этади. Лекин тизим йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳайдовчининг шахсини аниқлаш имкониятига эга эмас.

Битта транспорт воситасини бир неча шахс томонидан бошқарилишига имкон берилганлиги (ишончнома, ижара шартномалари, лизинг) айнан қоидабузарликни содир этган шахсни аниқлаш ишларини чигаллаштиришга олиб келиши мумкин. Ушбу ҳолат айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминланишига салбий таъсир ўтказади.

Шу сабабдан,  Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс қоидаларини бузилишини фото ва видео қайд этиш имкониятига эга бўлган автоматлаштирилган махсус техник воситалар ёрдамида ҳуқуқбузарлик аниқланганда транспорт воситасининг эгасини маъмурий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи 171-модда билан тўлдирилди.

Бунда қоидабузарликнинг такрорийлиги инобатга олинмаслиги, агарда транспорт воситасининг эгаси ўзининг айбсизлигини исботласа ёки қонунчиликка зид равишда транспорт воситасини бошқа шахс бошқарганлиги аниқланганда транспорт воситаси эгасини жавобгарликдан озод этилиши кўзда тутилган.

Иккинчидан, автоматлаштирилган тизимнинг марказлашган ҳолда, «он-лайн» режимида ишлашини инобатга олган ҳолда аниқланган қоидабузарликни расмийлаштириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Маъмурий баённома расмийлаштирмасдан ДЙҲХХ мансабдор шахсининг электрон имзоси билан тасдиқланган жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг нусхаси 3 кун муддат ичида транспорт воситаси эгасининг номига почта жўнатмаси тартибида юборилади.

Бунда автоматлаштирилган тизим орқали олинган маълумотлар маъмурий иш бўйича далил сифатида қабул қилиниши назарда тутилган. Шу сабабдан Кодекс 3091-модда билан тўлдирилди. 276-, 283-моддаларга ўзгартишлар киритилди.

Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳуқуқбузар томонидан жаримани ихтиёрий тўлаш муддатини жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб 60 кун муддат ичида тўланишини назарда тутувчи тартиб жорий этилди.

Ҳуқуқбузар ушбу муддатда жаримани тўлашдан бош тортган ҳолда ДЙҲХХ органлари томонидан транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилади ҳамда ҳуқуқбузар белгиланган жаримани тўлиқ тўламагунга қадар автомобиль жарима майдонида ушлаб турилади. Қабул қилинган янги қонун ДЙҲХХ органига мана шундай ваколат беради. Шу сабабдан кодекснинг 332-, 291-моддаларига ҳам қўшимчалар киритилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, айрим қоидабузар ҳайдовчилар айбини яшириш учун давлат рақам белгиларини турли йўллар билан бекитиш, кўринишини чеклаш каби бир қатор қонунга хилоф равишдаги хатти-ҳаракатларни содир этишга уринишади. Бу нафақат бизда, балки ривожланган хорижий давлатларда ҳам кузатилган. Шу сабабли давлат рақами белгиларини кўринишини чеклайдиган, уларни кўришга тўсқинлик қилувчи нарсалар ва қопламалар ўрнатганлик учун жавобгарлик белгиланди. Бунда ана  шу  қурилмаларни  мусодара  қилиб,  фуқароларга энг кам  иш ҳақининг уч  баравари миқдорида, мансабдор шахс­ларга эса  беш  баравари  миқдорида  жарима  солиш ҳамда транспорт воситасини ушлаб туриш сабаби бартараф этилгунга ва маъмурий иш кўриб чиқилгунга қадар вақтинча ушлаб туриш назарда тутилган. Шу сабабли Кодекснинг 127-моддасига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.

Учинчидан, кодекснинг 36-, 271-моддаларига асосан маъмурий жазо (жарима, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоқ) ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб икки ойдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин. Ушбу муддат ўтгандан сўнг маъмурий иш тўхтатилиши лозим.

Автоматлаштирилган бошқарув тизимининг ишга туширилиши билан қоидабузарлик содир этган шахс­ни аниқлаш, иш ҳужжатларини бир ҳудуддан иккинчи бир ҳудудга юборишда, маъмурий иш материалларини расмийлаштириш, кўриб чиқиш муддати чўзилиб кетиши мумкин. Натижада белгиланган муддат ўтиб кетиб, маъмурий ишни тугалланишига сабаб бўлиши эҳтимоли бор. Биз ана шу йўналишда кўплаб давлатларнинг тажрибаларини ўрганиб чиқдик.

Бир қатор ривожланган давлатлар, жумладан, АҚШ, Германия, Франция, Япония, Хитой, Россия давлатларида маъмурий жазо қўллаш муддати ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб 1 йилдан 3 йилгача эканлиги, бу эса айб учун жазо муқаррарлиги принципини таъминлаши маълум бўлди. Шу сабабдан Кодекснинг 36-моддасида маъмурий жазо қўллаш муддати бир йил этиб белгиланди.

Тўртинчидан, йўл ҳаракати қоидаларини автоматик равишда аниқлаш учун махсус техник воситалардан фойдаланилиши, бундай тизимнинг ўзига хослиги, бунда такрорийликнинг инобатга олинмаслиги, ваколатли органларга оид ишларнинг алоҳида кўриб чиқилиши, шунингдек, судларнинг иш ҳажмларини инобатга  олган ҳолда кодекснинг 28, 1283, 245, 248, 256 ва 294-моддаларига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Яъни маъмурий ишни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган суд, ички ишлар ва мудофаа органларига тааллуқли моддаларга аниқлик киритилди.

Бешинчидан, йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ёки асоссиз равишда маъмурий жавобгарликка тортилаётган транспорт воситаси эгасини жавобгарликдан озод этиш, қоидани бузган бошқа шахсни умумий асосларда жавобгарликка тортиш учун Кодекснинг 321-моддасига ҳам ўзгартишлар киритилди. Умуман олганда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 2 та янги модда билан тўлдирилиб, 13 та моддага қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.

Ишонамизки, янги ҳаракат иштирокчиларининг хавфсизликларини таъминлаш масаласини сифат жиҳатидан янги поғонага кўтаради. Бунинг учун барчамиз унга қатъий амал қилишимиз керак бўлади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Темур АЪЗАМ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.