15.08.2015

СИЁСИЙ ПАРТИЯ ФАОЛИЯТИ

жамият ҳаётини демократлаштиришда муҳим ўрин тутади

Шу кунларда мустақиллигимизнинг 24 йиллик тантаналарини кўтаринки руҳда ўтказиш учун ҳар жиҳатдан муносиб тайёргарлик кўрилмоқда. Ушбу даврда қўлга киритилган тарихий ютуқлар қаторида мамлакатимизда кўппартиявийлик тизимига асос солингани, сиёсий партиялар шакллангани, профессионал миллий парламент ташкил топганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Дарҳақиқат, олиб борилган демократик ислоҳотлар натижасида бугун сиёсий партиялар мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳал этишда муҳим ўрин тутмоқда. Бу эса фуқа­роларнинг сиёсий фаоллиги ­ошаётгани, жамиятда кечаётган жараёнларга дахл­дорлик туйғуси кучаяётганини яққол кўрсатиб турибди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ҳам бу борада ўз ўрни борлигини алоҳида таъкидлаш керак.

Акмал АСАТОВ, Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши раиси:

— Мустақиллик йилларида халқимиз қўлга киритган энг катта ютуқ нима, деган савол қўйилса, очиғини айт­ганда, ҳеч иккиланмай одамларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий дунёқараши кенгайгани, фикрини эркин ифода этаётгани, энг муҳими, ўз тақдирини ўзи белгилаш имкониятига эга бўлганини таъкидлаш керак. Буни сиё­сий жараёнлардаги фаоллик, кучли фуқаролик позициясида кўряпмиз. Айниқса, сайловларда бу жиҳат ёрқин намоён бўлди.

Айни кунда Навоий ви­лоятида 18 минг нафардан зиёд Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоси бор. Турли корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда 439 бошланғич партия ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Улар партия ғояларини кенг тарғиб қилиш, электорат вакилларини ўйлантираётган масалаларни ўрганиш, ҳу­дудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида ўз таклифлари, амалий ҳаракатлари билан фаол иштирок этмоқда.

Партия нима билан жамиятда ўз ўрнига эга бўлади? Энг аввало, амалий ишлари, мамлакат ривожига ҳисса қўшаётгани, сайловчи, умуман, аҳолини ўйлантираётган айрим масалаларни ҳал этиш орқали, албатта. Буни фаолларимиз, депутатлар чуқур тушунади. Шу боис фаолият режаси ҳам ана шундан келиб чиққан ҳолда шакллантирилмоқда.

Айниқса, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудудий дастурларнинг самарали ижро этилиши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина мисол. «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида «Нуроний» жамғармаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Бюджетдан таш­қари Пенсия жамғармаси ва бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳудудлардаги якка ёлғиз, ногирон, ижтимоий ҳимояга муҳтож, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари бўйича ягона маълумотлар базаси шакллантирилиб, тегишли ёр­дамлар кўрсатилмоқда. Бугун вилоятда 2205 нафардан ортиқ уруш ва меҳнат фронти фахрийси истиқомат қилмоқда. Уларга ўз вақтида тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш, мазмунли дам олишини ташкил этиш, ёшлар тар­бия­сидаги ўрни ва ролини мус­таҳкамлаш мақсадида қатор тадбирлар ташкил этилди. Бу борада депутатлар анча фаол.

Яна бир мисол. Халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Фарҳод Соибовга аҳоли томонидан ҳудуддаги айрим савдо нуқталарида тўлов терминалларининг мавжуд эмаслиги бўйича мурожаат келиб тушган. Депутатнинг туман солиқ инспекцияси мутасаддиларига депутатлик сўрови билан чиқиши натижасида «Микрокредитбанк» ОТБнинг Учқудуқ туман филиали томонидан мазкур савдо нуқталарига тўлов терминаллари ўрнатилди. Шунингдек, халқ депутатлари Навбаҳор туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Нодир Шомуродовга «Меҳнат» маҳалласида истиқомат қилувчи сайловчилар ҳудудни электр энергия­си билан таъминлашдаги айрим муаммоларни бартараф қилишда амалий ёрдам сўраган. Депутатнинг саъй-ҳаракати натижасида мазкур муаммо қисқа муддатда ўрганилиб, электр энергиясидаги узилишлар бартараф этилди.

Албатта, депутатлар фаолиятидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Умуман олганда, жорий йилнинг ўтган 6 ойи якунларига кўра, партия гуруҳлари аъзолари томонидан турли корхона ва ташкилотлар раҳбарларига 92 депутатлик сўрови билан мурожаат қилинган. Ҳозиргача мурожаатларнинг 85 фоизи бўйича ижобий натижага эришилган. Бу жараёнларда Навбаҳор, Кармана, Томди туманлари, Зарафшон ва Навоий шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари алоҳида фаоллик кўр­сатмоқда.

Мафкуравий, тарғибот-ташвиқот йўналишида ҳам қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, «Кексаларнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз» «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳалари шулар жумласидандир.

Партия ташкилотлари ва депутатларимиз олдида ҳали бажарилиши зарур бўлган, ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас. Айниқса, жойлардаги тар­ғибот тадбирлари сифати ва самарадорлигини ошириш, сиёсий ўқув машғулотларини тизимли ташкил қилиш, партия гуруҳлари томонидан ўрганилаётган масалаларни комплекс ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бунда барча даражадаги партия ташкилотлари, етакчилар фаол иштирок этиши талаб этилади.

Нормурод  ИСОҚОВ, халқ депутатлари Навоий  вилоят Кенгашидаги партия  гуруҳи раҳбари:

— Тажрибадан маълумки, қаерда амалий иш бўлса, ўша жойда ривожланиш, юксалиш дарҳол кўзга ташланади. Бугун буни «депутатман», дея халқ юкини елкасига олган ҳар бир инсон чуқур англаши лозим. Сайловлар бўлиб ўт­ганига бир-мунча вақт бўлди. Хўш, ўтган давр мобайнида сайловчилар ишончини қанчалик оқлай олдик, нималарга эришдигу, нималар қилишимиз лозим? Бу саволларни ҳар биримиз ўзимизга беришимиз, айни пайтда унга жавобимиз ҳам тайёр бўлиши керак.

Ҳозирда халқ депутатлари вилоят Кенгашида 12 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида эса 72 нафар партиямиздан сайланган депутат фаолият олиб бораяпти. Партия гуруҳлари аъзолари томонидан депутатлик сўрови, депутатлик назорати каби ваколатлардан электорат манфаатлари йўлида самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи яримида халқ депутатлари ­маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари томонидан 2 масала партия гуруҳларида, 3 масала доимий комиссияларда кўриб чиқилиб, ўрганилган муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Хусусан, партиямизнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастури асосида вилоят ҳудудидаги умумий овқатланиш шохобчаларининг санитар-гигиеник ҳолати ҳамда ишчи-хизматчиларга яратилган шароитлар ўрганилди. Таҳлиллар натижалари шуни кўрсатмоқдаки, баъзи умумий овқатланиш шохобчаларида ишчилар билан меҳнат шартномаси тузилмасдан, ҳисоб-китоблар оғзаки келишув асосида олиб борилаётгани маълум бўлди. Бундай ҳолатлар эса ишчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилишига, меҳнат қонунчилигига риоя этилмаслигига олиб келади.

Шунингдек, вилоят ДСЭНМ ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда санитар-гигиеник ҳолати қониқарсиз, деб топилган шохобчаларга зудлик билан аҳволни ўнглаш бўйича тавсиялар берилди.

Ҳозирги кунда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳининг режасига асосан вилоятнинг чекка ҳудудларидаги қишлоқ врачлик пунктларида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириш, малакали кадрлар, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш масаласи ўрганилмоқда. Бу эса партиямиз Сайловолди дастурида белгиланганидек, аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда муҳим ўрин тутади.

Гулмира  РУСТАМОВА, Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири:

— Аёлларимиз бугун нафақат оилада, балки ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида фаоллик кўрсатмоқда. Хотин-қизларнинг истеъдод ва иқтидорларини рўёбга чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, амалий ёрдам кўрсатиш борасида қатор хайрли ишлар қилинмоқда.

Ўз атрофида кўплаб хотин-қизларни бирлаштирган «Фаол аёллар» қаноти ҳам бу жараёнда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, қанот томонидан хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш, сиёсий саводхонлигини юксалтириш масалаларига доимий эътибор қаратилган. Бу борада қатор лойиҳалар, тадбирлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Кам таъминланган, банд бўлмаган хотин-қизларни доимий иш ўринлари билан таъминлаш мақсадида «Ижтимоий ҳимоядан — ижтимоий фаоллик сари» лойиҳаси мунтазам ўтказиб келинмоқда. Натижада иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни оилавий тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандчилик билан шуғулланишлари учун имкониятлар яратилмоқда.

Хотин-қизларни спорт билан шуғулланиши ҳам алоҳида эътиборда. Партиямиз ташаббуси билан жорий йилнинг март-июнь ойларида вилоятимизнинг чекка ҳудудларида хотин-қизларни спортга жалб этиш билан боғлиқ лойиҳа доирасида спорт мусобақалари ташкил этилди. Унда 200 дан зиёд хотин-қизлар спортнинг 10 га яқин тури бўйича ўзаро беллашди. Албатта, бундай мусобақалар уларни ўзаро жипслаштиради, саломатлигини мустаҳкамлайди.

Фаолиятимизни янада кучайтириш, сафимизга фаол, ташаббускор аёлларни жалб этиш мақсадида Навбаҳор, Нурота, Учқудуқ ва Навоий шаҳарларида хотин-қизлар иштирокида сиёсий ўқув машғулотлари ташкил этилди. Келгусида бу каби тадбирлар кўлами ва таъсирчанлигини янада ошириш асосий вазифамиз ҳисобланади.

Матлуба РЎЗИЕВА, Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши бўлим мудири:

— Сиёсий партиянинг жамиятдаги мавқеини белгилаб беришда уни электорат билан боғлайдиган асосий механизм — бошланғич партия ташкилотлари муҳим ўрин тутади. Партия аъзоларини бирлаштирадиган мазкур тузилма қанчалик фаол ва ташаббускор бўлса, сиёсий партия ғоялари шунчалик одамларга етиб боради.

Шу боис вилоят кенгаши томонидан бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини яхшилаш, уларнинг жамиятдаги таъсир кучини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда етакчиларнинг билим ва салоҳиятини ошириш, улар ишига замонавий сиёсий технологияларни кенг жалб қилиш, ҳудудий партия ташкилотлари ва депутатларнинг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш бош вазифага айланган.

Ҳар ойда ташкил этилаётган «Бошланғич партия ташкилотлари куни»да депутатлар, сиёсатшунос олимлар, зиёлилар, профессор-ўқитувчиларни жалб этган ҳолда, партия аъзоларига мамлакатимизда қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳияти, партия дастурий мақсад ва вазифаларини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилмоқда.

Яқинда ана шун­дай учрашувлардан бири ҳудудимиздаги йирик бошланғич ташкилот ҳисобланган — «Навоийазот» АЖда ташкил этилди. Тадбирда ўз атрофига 230 аъзони бирлаштирган мазкур ташкилот фаолияти таҳлил этилди, аъзоларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Бошланғич партия ташкилоти етакчиси Гулжамол Сатторова томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар, партия гуруҳи билан ҳамкорлик, ибрат сифатида кўрсатилди.

Дарҳақиқат, партия етакчиси ижтимоий-сиёсий фаол, одамларни ўз ортидан эргаштира оладиган, сиёсий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини ҳар томонлама чуқур тушунадиган бўлиши лозим. Шундагина партиянинг жамиятдаги нуфузи ошади, унинг ғояларига хайрихоҳлар кўпаяди, сайловчилар ишончини қозона олади.

Баҳриддин ТОШМАМАТОВ, Ўзбекистон ХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти Навоий вилоят бўлими етакчиси:

— Ёшларни сиёсий саводхон, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан мустақил фикрига эга, ҳам жисмонан, ҳам маънан етук авлод қилиб тарбиялашда Ўзбекистон ХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти зиммасига ҳам бир қатор вазифалар юклатилган. Ҳо­зирда уларни сиёсий жараёнларга фаол жалб қилиш, иқтидор ва истеъдодларини қўллаб-қувватлаш, ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашишига амалий ёрдам кўрсатишга қаратилган турли тадбир ва лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Биргина «Коллеждан-корхонага» лойиҳаси тенг­қурлари­миз­ни иш билан таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан ташкил этилган «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови эса йигит-қизларнинг ижтимоий лойиҳаларини рўёбга чиқариш, сиёсий билимларини ошириш ва нотиқлик санъатини ўзлаштиришига хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг шу давригача «Истиқбол» ёшлар қаноти томонидан вилоятимизнинг турли ҳудудларидаги касб-ҳунар коллежларида 100 дан зиёд амалий тадбирлар ташкил этилди. Мазкур учрашувларда ёш­ларга берилаётган имконият ва имтиёзлар ҳа­қида фикрлар билдирилиб, депутатлар томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тушунча берилди. Натижада партия­мизга аъзо бўлиш истагини билдирган ёшлар сони сезиларли даражада ошди.

2015 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, партиямиз сафидаги ёшлар сони қарийб 7 минг нафарни ташкил этган бўлса, ўтган олти ой мобайнида яна 540 нафар йигит-қиз партия­мизга қабул қилинди.

Бугун мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан кўпроғини ёшлар ташкил этар экан, демак, партиямиз ғояларини амалга оширувчи асосий куч — бу ёшлар бўлиши керак. Бунинг учун «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчилари фаол ва ташаббускор бўлиши, тенгдошларини ўз атрофига бирлаштира олиши, дастурий мақсадлар ижроси йўлида фидойилик кўрсатиши керак.

Алибек ҲАЙИТОВ, Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши бўлим мудири:

— Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналари фуқароларнинг муаммоларини ўрганишда ўзига хос механизмга айланди. Буни ЎзХДП Навоий вилоят, туман ва шаҳар кенгашларидаги Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Аниқ рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг биринчи ярмида қабулхоналарга фуқаролардан тушган мурожаатларнинг 80 фоизи ижобий ҳал этилган. Электорат вакилларидан келиб тушаётган мурожаатлар ўз вақтида бартараф этилиши, муаммолар ижобий ечим топишида депутатлар алоҳида фаоллик кўрсатмоқда.

Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Света Кузимбоева Жамоатчилик қабулхонасига мурожаатида кўп қаватли уй атрофидаги болалар майдончасида шароит йўқлиги, бу эса ноқулайликлар туғдираётганини маълум қилган. Мазкур масала ҳамкор ташкилотлар, шаҳар ободонлаштириш бошқармаси билан ўрганилиб, депутатларимиз аралашуви билан ҳал этилди.

Навбаҳор туманида яшовчи Алишер Баҳромов касб-ҳунар коллежини тугатгач, ўз мутахассислиги бўйича иш топишда муаммога дуч келди. Мазкур масала юзасидан туман кенгаши қошидаги Жамоатчилик қабулхонасига мурожаат этди. Унинг мурожаати ўрганиб чиқилиб, бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда «Навоийазот» АЖга мутахассис сифатида ишга жойлаштирилди.

Аҳолидан тушаётган мурожаатларнинг катта-кичиги бўл­майди. Мурожаатларга эътибор қаратадиган бўлсак, аксарият қисми ишга жойлашиш, йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, коммунал тўловлар билан боғлиқ эканига гувоҳ бўламиз. Аслида бундай муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш шу ҳудуддан сайланган депутатларнинг зиммасидаги асосий вазифадир.

Одамлар Жамоатчилик қабулхонасига кўмак сўраб мурожаат этаяптими, демак, сайловчи, электорат вакили партия­миз ғояларини қўллаб-қув­ват­лая­пти бизга ишоняпти. Мана шу ишончга муносиб бўлиш, мурожаатларни ўз вақтида ҳал этиш, ҳудудлардаги корхона ва ташкилотлар билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Мухтасар айт­ганда партиямиз ғоялари ҳаётда изчил ўз ифодасини топади.

Бугун қайси ривожланган, замонавий давлат тизимини олиб қарамайлик, энг аввало, сиёсий партиялар жамият ҳаётини ҳаракатга келтирувчи асосий куч эканини кўрамиз. Мамлакатимизда сиёсий партиялар учун яратиб берилган шароит ва имкониятлардан кўзланган асосий мақсад ҳам битта — бу демократик тамойилларга асосланган, эркин фуқаролик жамиятини қуришдир. Демак, мазкур муҳим жараёнда иштирок этаётган ҳар бир тузилма, ҳар бир фуқаро зиммасида ана шундай юксак масъулиятли вазифа турганини унутмаслиги лозим.         

 

Махсус саҳифани ўз мухбирларимиз

Нурали ОРИПОВ ва Илҳом САТТОРОВ тайёрлади.



DB query error.
Please try later.