15.08.2015

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ, ХОТИРЖАМЛИГИ ЯНАДА ИШОНЧЛИ МУҲОФАЗА ҚИЛИНАДИ

Олий Мажлис Сенатининг яқинда бўлиб ўтган учинчи ялпи мажлисида мамлакат сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларини изчил ислоҳ қилишга ҳамда либераллаштиришга, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини рўёбга чиқаришга, аҳолининг фаровонлигини ошириш ҳамда ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга хизмат қиладиган 6 қонун кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Шу кунларда қорақалпоғистонлик сенаторлар томонидан Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар ва давлатимиз сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган масалалар бўйича учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Тарғибот-тушунтириш ишлари давомида «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонун кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортаётганига гувоҳ бўлаяпмиз.      

Айтиш керакки, амалдаги «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги қонуннинг ўрнига қабул қилинган ушбу қонун мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга, касалликларнинг олдини олишнинг самарали тизимини ривожлантиришга кенг йўл очади. Шу билан бирга, аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашга, санитария меъёрлари ва қоидаларини бажаришга хизмат қилади.

Қонунда ҳудудлар, иншоотлар, бинолар, ташкилотлар, бошқа объектларни сақлаш юзасидан санитария-эпидемиологик талабларни белгилашда фуқаролик жамияти институтлари кенг иштирок этишининг ташкилий-ҳуқуқий меха­низм­лари назарда тутилган.

Ҳақиқатан ҳам, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, барча соҳаларда одамлар соғлиғи учун қулай шарт-шароитларни яратиш, профилактика тадбирларини юқо­ри савия­да олиб боришда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода олиб қарасак, бу қонун бутун жамият учун ниҳоятда кераклидир.

Гап шу ҳақда кетганда, жойлардаги айрим эътиборли саъй-ҳаракатларга тўхталиш ўринли, назаримда. Сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикасида юқумли касалликларнинг олдини олиш ва барқарор эпидемик вазиятни таъминлашда иммунопрофилактика масалаларига жиддий аҳамият берилмоқда. Эпидемиологик барқарорликни таъминлаш учун ҳар йили 258 минг нафар аҳоли юқумли касалликларга қарши эмлаш билан қамраб олиняпти.

Халқаро иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларнинг ривожланиши ҳамда атроф-муҳит ўзгариши билан тавсифланадиган глобал ўзгаришлар шароитида жамоат саломатлиги хавфсизлигини таъминлаш, бу борада қонунчиликни такомиллаштириш долзарб масаладир.

Ҳозирги пайтда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги давлат ҳокимияти органлари томонидангина эмас, балки фуқаролик жамияти институтлари, умуман, жамият томонидан ҳам таъминланади. «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Қонунда бу масала алоҳида эътиборга олинган.

Сир эмаски, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда маҳалла институтининг алоҳида ўрни бор. Қонунда бу борада ҳам аниқ меъёрлар белгиланган. Уларга кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари санитария-гигиеник ва эпидемияга қарши тадбирлар амалга оширилишига кўмаклашади. Тегишли ҳудудда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги тадбирлар рўёбга чиқарилаётгани, ҳовли ва уй атрофидаги ҳудудларни қуриш ҳамда сақлаш қоидаларига риоя этилаётгани устидан жамоат назоратини амалга оширади. Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида тегишли ҳудудда яшовчиларнинг ихтиёрий равишда иштирок этишини ташкиллаштиради.

Шунингдек, қонунда субъектлар ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий механизмлари мустаҳкамланмоқда. Бу улар фаолияти мувофиқлаштирилишига замин яратади, аҳоли санитария-эпидемиологик осойишталигининг бутун тизимига бир хилда ёндашиш имконини беради.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш билан боғлиқ муносабатлар тизимини мустаҳкамлашга кўмаклашади, ижро этувчи органлар ва назорат қилувчи хизматлар фаолиятининг амалий самарадорлигини оширишга кенг шароит яратади.

Буларнинг барчаси аҳоли турмуш сифатини яхшилаш, ҳар томонлама соғлом авлодни дунёга келтириш ҳамда тарбиялаш, мамлакатимизда сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини таъминлаш, оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш каби бир қатор долзарб вазифаларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади.

 

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.



DB query error.
Please try later.