13.08.2015

КЕЧА КИМ ЭДИГУ БУГУН КИМ БЎЛДИК, ЭРТАГА КИМ БЎЛАМИЗ?

Бугун ҳар бир юртдошимиз давлатимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамини катта ҳаяжон ва фахр-ифтихор билан кутмоқда.

Республикамиз Президентининг Мустақиллигимизнинг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарори асосида жойларда истиқлолимиз қадр-қимматига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда.

Таҳририятимизда ҳам энг улуғ, энг азиз байрамимизга бағишланган Давра суҳбати уюштирилди. Унда асосий эътибор қарорда таъкидланган муҳим масалалар — собиқ мустабид тузум даврида ҳуқуқларимиз нақадар чеклангани, камситилгани, мустақиллик миллий давлатчилигимизни, ўзлигимизни тиклаш имконини бергани, бугун эришаётган барча ютуқларимиз бош омили эканига қаратилди.

Давра суҳбатини газетамиз Бош муҳаррири Сафар Остонов олиб борди.

Баҳром АҲРОРОВ, юридик фанлари доктори, ТДЮУ профессори:

— 1991 йил 31 август куни Президент Ислом Каримов томонидан Ўзбекистонни мустақил давлат деб эълон қилиниши том маънодаги тарихий воқеа бўлган эди.

Мустақиллик туфайли Ўзбекистон дунё саҳнига чиқди. Жаҳон харитасида Ўзбекистон номли давлат пайдо бўлди. Қарийб 130 йил давомида кимларгадир қарам бўлган ўзбек халқи, қарорда айтилганидек, азал-азалдан мустақилликни орзу қилиб, унга эришиш учун курашиб келди. Ўша мустабид замонда мустақиллик орзуси билан яшашнинг ўзи қаҳрамонлик эди. 1937-38-йиллардаги қатағондан кўзланган асосий мақсад эса мустақилликни орзу қилганларни йўқ қилиш эди.

Ўзбек халқининг юз минглаб асл фарзандлари қатағон қурбони бўлган. Улардан 14 мингга яқини отиб ўлдирилган. Қолганлари эса узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган, сургун ёки бадарға қилинган.

Собиқ иттифоқ конституциясида республикаларнинг ҳар бири «суверен ҳуқуққа эга давлат», деб белгилаб қўйилган бўлсада, амалда уларга бу ҳуқуқ умуман берилмаган. Ҳар бир республика ўз конс­титуцияси, алоҳида қонунларига эга бўлсада, «республика қонунлари умумиттифоқ қонунларига тўғри келмаган ҳолларда умум­иттифоқ қонунлари ёки қонун ости норматив ҳужжатлари амал қилади», дейилган эди.

Шўро тузуми ўрнатилган дастлабки кундан бошлаб, бу зўравон жамият сохтакорлик ва алдовлар асосида барча халқ­ларни битта халқ манфаатига мажбурий бўйсундирган. Иттифоқ таркибидаги барча республикалар марказ томонидан бошқарилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти коммунистик партия томонидан назорат қилинган. Қонун бир четда қолиб, амалдорлар буйруғи бажарилган. Бу эса ўз навбатида, аҳоли ўртасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан бутунлай ишонч­сизликни келтириб чиқарган.

Шўро тузуми дунё андозаларини, халқ­аро нормаларни тан олмай, давлат ва жамият тараққиётига йўл бермайдиган нормаларни қонунлаштириб қўйган эди. Жумладан, жамият тараққиётининг негизини ташкил этувчи ижтимоий муносабатларга жиноят сифатида қаралганлигига ҳозирги ёшлар ишонмаса керак.

Барча ишлаб чиқариш, савдо-сотиқ, тадбиркорлик муносабатларининг эгаси давлат ҳисобланган, жисмоний шахсларнинг бундай фаолият билан шуғулланиши қонунан тақиқланган ва жиноят деб баҳоланган. Эркин савдо муносабатларига «спекуляция», хусусий ишлаб чиқаришга «хусусий косибкорлик» сифатида қаралиб, бундай фаолият билан шуғулланганларга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланган. Шунингдек, хусусий меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳам тақиқланган ва бундай кишилар жазога тортилган.

Мустақиллик туфайли бундай муносабатларга чек қўйилиб, эркин савдо, хусусий ишлаб чиқариш, кичик бизнес ва тадбиркорликка кенг йўл очилди. Хусусий мулк эгаси ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилиниши қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйилди.

Мустақиллик, энг аввало, ҳуқуқ демакдир. Шундай экан, ҳар биримиз бу сўзларни ўзимизга шиор қилиб олишимиз, ўз ҳуқуқ ва бурчларимизни анг­лаб етишимиз лозим.

Қўйсиной ПАРПИЕВА, меҳнат фахрийси, II даражали «Соғлом авлод учун» ордени соҳиби:

— Ўтган умримни эсласам, хотиралар кино тасмасидек кўз ўнгимда гавдаланаверади. Ўтган асрнинг 80-йилларида Гулистон туманидаги деярли барча мактаблар мослаштирилган, ўқувчилар сатҳи тупроқ, шифти қамишдан бўлган синф­хоналарда ўқишарди. Битта икки қаватли мактаб ўша давр­да темир-бетондан қурилган бўлиб, қишда умуман иситиб бўлмаганлигидан ўқувчиларга жавоб бериб юбориларди.

Эски тузум даври конс­титуция­сида таълим олиш болалар ҳуқуқидир, деб ёзилган пункт бўларди. Лекин 4-дан 10-синф­гача ўқувчиларимиз эрта баҳордан кеч кузгача дала ишларидан бўшамасди.

Мактаб парталари-чи? Биз ўқиган пайтда битта партада тўрт кишидан ўтирганмиз. Бу ҳам майли, парталар ясси кўринишда бўлгани учун ўқувчилар қоматини эгиб ёзув-чизув қилишига тўғри келарди.

Истиқлолдан сўнг мамлакатимизда бошқа соҳалар сингари таълим-тарбия ишларига ҳам давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганини барчамиз чин юракдан ҳис этиб турибмиз. «Таълим тўғрисида»ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури ва бош­қа бир қанча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида мамлакатимизда таълим-тарбия ишлари бутунлай ислоҳ қилинди.

Бугунги кунда Бутунжаҳон банки томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, мамлакатимиз аҳолисининг саводхонлик даражаси 99,34 фоиздан ошган. Бу дунёда юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Бир эслаб кўрайлик. Эски тузум даврида мактаб бинолари яроқсиз бир ҳолга келиб қолганди. Қишда совуқ, ёзда иссиқ. Энг ачинарлиси, олий маълумотли ўқитувчи танқис эди. Шунинг учун математика ўқитувчиси кези келганда ўзига умуман алоқаси бўлмаган бош­қа фандан ҳам дарс ўтиб кетаверар эди. Бугун эса ҳар бир фаннинг ўз мутахассиси бор. Биргина мактаб тизимида бирорта ҳам ўрта маълумотли ўқитувчининг дарс беришига йўл қўйилмайди.

Болаларнинг хотираси оппоқ дафтарга ўхшайди. Нимани ёз­санг, шундоққина муҳрланиб қолади. Эски тузум даврида мен математикадан зеҳни ўткир ўқувчиларни маҳаллий даражада ўтказиладиган турли олимпиадаларга олиб борардим, лекин уларнинг бирортасини собиқ иттифоқ даражасидаги олимпиадаларга олиб чиқолмаганман. Бунга рухсат беришмаган.

Мустақиллик йилларида фар­занд­ларимиз учун жаҳон миқёсидаги олимпиадаларда қатнашиш, ўз билимларини намоён этиш имко­ния­ти яратилди. Узоққа бориб ўтирмайлик, яқинда Таиландда математика фанидан ўтказилган 56-Халқ­аро олимпиадада Бухоро давлат университети қошидаги 3-академик лицей ўқувчиси Жамшид ­Яхшиев ва Аббос Муҳаммедов бронза медалига сазовор бўлишди. 2013 ­йилда химия фанидан ўтказилган хал­­­қ­аро Менделеев олимпиадасида иштирок этган ўзбе­кис­тонлик ёшлар иккита олтин, бешта кумуш, саккизта бронза медалларини қўлга киритишди. Ахир бу билан фахрланмай бўладими?!

1991 йилда халқаро мусиқа танловларида атиги уч нафар ўзбекис­тонлик ўқувчи қатнашган бўлса, 2014 йилда улар сони 122 тага етди.

Болгариянинг Влагоевград шаҳрида математика фанидан ўтказилган, 50 дан ортиқ давлатдан 330 нафар иқтидорли талаба иштирок этган 22-Халқаро олимпиадада Ўзбекистон Миллий университети талабаси Ҳакимбой Эгамбердиев ўзига берилган масалани шу вақтгача фанда қўлланилмаган янгича усулда ечиб, ҳакамларни ҳайратда қолдирди ва олтин медални қўлга киритди!

Ўтган замонда бундай бўлиши тушимизга ҳам кирмаган. Мустақиллик берган имкониятлар, Президентимиз томонидан ёшларга кўрсатилаётган меҳр-эътибор туфайли ана шундай тарихий ютуқларга эришяпмиз.

Аббос НАБИХЎЖАЕВ, Иқтисодиёт вазирлиги бўлим бошлиғи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи:

— Ҳар қандай давлатнинг иқтисодий салоҳияти қачон намоён бўлади? Қачонки, мураккаб вазиятга тушганида. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози бошланмасдан олдин ­Президентимизнинг Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисидаги фармони қабул қилинди. Ушбу фармон иқтисодчи олимлар томонидан жаҳон молиявий иқтисодий ин­қирозига қарши чора-тадбирлар дастури, деб номланди. Бунинг натижасида инқирознинг салбий оқибатлари анча юмшатилди.

Бу эса қуйидагиларда намоён бўлди:

Дастлаб маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг барча ресурслардан самарали фойдаланиш ҳисобига маҳсулотлар таннархи дунё бозорида рақобатбардош бўлиши учун 20 фоизга пасайтирилди.

Шунингдек, мамлакат банк-молия тизимини қўллаб-қувватлаш мақсадида энг йирик тижорат банкларининг устав капиталига давлат бюджетидан 500 миллиард сўмга яқин маблағ киритиш орқали иқтисодиётнинг реал секторига имтиёзли фоиз ставкаларида кредитлар бериш имкони яратилди.

Шу билан бир қаторда энергия ресурслари таннархи ўсишини инфляция даражасидан юқори бўлмаган ҳолда, яъни 6-8 фоиздан оширмасдан сақлаб туришга эришилди.

Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, яъни янги ташкил қилинаётган кичик корхоналарни имтиёзли кредит ресурслари орқали қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда 2006 йилда қабул қилинган маҳаллийлаштириш дастурида хориждан миллиард-миллиард доллар эвазига маҳсулотлар кириб келишининг олдини олиш, хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил қилиш кўзда тутилган эди. Мустақилликнинг даст­лабки йилларида Ўзбекистонда импорт ўрнини босувчи корхоналар ташкил этилган бўлса, ҳозирги пайтда улар олдига ишлаб чиқараётган маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш вазифаси қўйилмоқда.

Шунингдек, мамлакатимизда солиқ ставкаларини пасайтириб бориш ва аҳолининг реал даромадларини ошириш, солиқ ставкаларини унификациялаш (бирлаштириш) ва солиқ солиш базасини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Бугунги кунда дунёнинг энг ривожланган давлатлари банк-молия тизимида инқироз ҳамон давом этмоқда. Мамлакатимизда эса бунинг олдини олиш мақсадида, молия бозорига қисқа муддатли спекулятив капитал киришига йўл қўйилмасдан, хориждан тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Бу эса қуйидаги чора-тадбирларда намоён бўлмоқда. Устувор соҳаларини молиялаштиришда давлат кафолатига олинган кредитлар фақат узоқ муддатлилик шарти билан, яъни 20 йилдан 40 йилгача ҳамда имтиёзли ставкаларда, хусусан, 0,5 фоиздан 2 фоизгача бўлган миқдорларда жалб қилинди.

Банклар кредит сиёсатини белгилашда ипотека кредитлари бериш тартибига алоҳида эътибор қаратилди. Чунки, 2008 йилда бошланган иқтисодий инқироз айнан ипотека кредитлари туфайли келиб чиққан эди. Қолаверса, Ўзбекистонда шу даврда тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ташкил қилиниб, жуда катта маблағ тўпланди. Айниқса, хорижий валютада. Бу маблағ стратегик аҳамиятга молик бўлган лойиҳаларни банклар билан биргаликда молиялаштиришга сарфланди ва республикамиздаги етакчи банкларнинг капиталлашув даражасини кескин оширди. Ушбу чораларни амалга ошириш натижасида биз нималарга эришдик?

Биринчидан, мўътадил қаттиқ пул-кредит сиёсати олиб борилиши туфайли 2003 йилдан буён, яъни 12 йилдан бери инфляция даражаси 7-8 фоиздан ошмаяпти.

Ички ва ташқи қарз олишда консерватив сиёсат амалга оширилди. Шуни айтиш ўринлики, бугунги кунда Греция, Испания сингари давлатларнинг ташқи қарзи жуда ошиб кетган. Мамлакатимизда эса ташқи қарз ҳажми ялпи ички маҳсулотга нисбатан 15 фоиздан ошмайди.

Истиқлол йилларида ялпи ички маҳсулот 5,5 баробардан кўпроқ ошди. Харид қилиш қобилияти бўйича ялпи ички маҳсулот ҳажми аҳоли жон бошига 4 марта ўсди ва ҳозирги кунда бу кўрсаткич 6,5 минг АҚШ долларидан зиёдни ташкил қилмоқда. Ке­йинги йилларда 8 фоиздан зиёд барқарор юқори иқтисодий суръатлар сақлаб қолинди. Шунингдек, 1990-2014 йилларда саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 4 мартадан зиёд кўпайди. Охирги 10 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ўртача йиллик ўсиш суръатлари ялпи ички маҳсулот ўсиш суръатларидан юқори бўлиб, 9 фоизни ташкил қилди.

Ёқубжон ҲУСАНБОЕВ, Тошкент архитектура-қурилиш институти проректори, физика, математика фанлари доктори, профессор:

— Ўзбек халқи ўз меъморчилик анъаналарига эга бўлган халқ. Буюк аждодларимиз томонидан қурилган маҳобатли бинолар ҳамон дунё аҳлини лол қилиб келмоқда. Бироқ мустабид тузум даврида ўзбек меъморчилигининг ўзига хос жиҳатларига мутлақо эътибор берилмади. Ўзбек архитекторлари миллий меъморчилик услубидаги бинолар қуриш ҳуқуқидан маҳрум бўлди. Эски тузум даврида Ўзбекистонда асосан бетон уйлар қурилган. 

Қишлоқлар қиёфаси кўз ўнгимизда, кўримсиз, ночор аҳволда эди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Президентимиз томонидан илгари сурилган қишлоқ қиёфасини бутунлай ўзгартириш ғояси халқ­аро экспертлар томонидан ҳам юқори баҳоланди. Улар юртимизга келиб, намунавий лойиҳа асосида қурилаётган қишлоқ уйларини ўз кўзи билан кўриб, ҳайратини яшира олмади.

Шу ерда савол туғилади. Нима учун қишлоқ одамлари учун ана шундай кўринишдаги уйлар қурилиши йўлга қўйилди? Аввало, мақсад қишлоқ одамларининг яшаш ша­роитини, турмуш маданиятини ошириш бўлди. Иккинчидан, эски замондаги «бизга бўлаверади», деган кайфият­ни ўзгартириш, замонавий уйлар қуришга одамларни ундаш.

Президентимизнинг якка тартибда уй-жой қуриш тўғрисидаги қарори асосида ярмарка ўтказилиб, унда кўплаб лойиҳалар намойиш этилди. Мамлакатимиз раҳбарининг таклифи асосида 3 хил лойиҳа тасдиқланди. Булар 3, 4 ва 5 хонали уйлар бўлиб, умумий майдони 6 сотих қилиб белгиланди.

Энди энг асосий омилни айтсак. Қишлоқ уйларини қуришда урф-одатларимиз, ўзбек архитектурасининг ўзига хос жиҳатлари ҳисобга олинган.

Мутахассис сифатида мазкур ислоҳот туфайли қишлоқларимиз ҳам шаҳарларимиздан қолишмайдиган инф­ратузилмага эга бўлиб бораётганини айтиб ўтмоқчиман. Мазкур уй-жойлар сифатли қурилиш материалларидан қурилмоқда. Бу уйлар бир неча авлодларга хизмат қилади. Уларда, аввало, замонавийлик ва шинамлик, шунингдек, муҳандислик-коммуникация тармоқлари тўлиқ ҳисобга олинган.

Янги уй-жойлар қурилган ҳудудларда болалар боғчаси, мактаб, коллеж, озиқ-овқат ва хўжалик моллари дўконлари, дорихона, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, умуман олганда, одамлар учун зарур бўлган барча шарт-шароитлар яратилган.

Шунингдек, мазкур ислоҳотларда мамлакатимиз қишлоқларининг истиқболи ҳисобга олинган.

Келажакда бу борадаги ишларга илмий ёндашишни янада такомиллаштириш, мазкур тарихий ло­йиҳани ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Тошкент архитектура-қурилиш инс­титутининг архитектура факультетида «Қишлоқ жойлари ҳудудларини архитектуравий режалаштириш» янги таълим йўналиши очилди.

Акрам ОМОНОВ, иқтисод фанлари доктори, профессор:

— Мустабид тузум даврида Ўзбекистон киши бошига тўғри келадиган ЯИМ бўйича собиқ иттифоқда 12-ўринда турган. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган миллий даромад эса ўртача даражадан 2 ҳисса паст бўлган.

Ўрта ҳисобда гўшт маҳсулотлари истеъмоли икки баробар кам, 45 фоиздан ортиқ аҳолининг ойлик даромади эса 75 рублга ҳам етмаган. Ижтимоий инфраструктура тармоқлари — соғлиқни сақлаш, халқ таълими, мактабгача таълим муассасалари оғир аҳволга тушиб қолган эди. Хусусан, мактаб ва касалхоналарнинг 60 фоиздан ортиғи мослаштирилган биноларда жойлашган эди.

Ўша кунларда эндигина оёққа турган, мустақил бўлган Ўзбекистон олдида бозор иқтисодиётига ўтишда ­дунё­нинг бирорта мамлакатида ўхшаши бўлмаган, тубдан янгича моделни яратишдек мураккаб вазифа турар эди. Ушбу модел асосида мамлакатимиз бозор иқтисодиё­тига «революцион» йўл билан эмас, балки «эволюцион» тарз­да ўтиши зарурлиги Президентимиз томонидан асослаб берилди.

Бу йўлнинг нақадар тўғри танланганлигини мамлакатимизнинг қарийб чорак асрлик тараққиёт йўли кўрсатиб турибди. Ўзбекистонда 70 йилдан ортиқ ҳукм сурган маъмурий-буйруқбозлик сиёсати барча соҳаларда ўзининг оғир оқи­батларини қолдирган эди.

Халқимизнинг моддий аҳволи ўнглаб бўлмас даражада ёмонлашган бир пайтда 1989 йил 17 августда Президентимизнинг қарори билан қишлоқда яшовчи ҳар бир оилага 25 сотихдан ер ажратиб бериш ва томорқа майдонларини қарийб 4,5 баробар кўпайтириш чоралари кўрилди.

Бу эса мустабид тузум қарамоғида эзилиб ётган ўзбек халқининг бир қадар бўлса ҳам қаддини тиклаб олишига имкон берди. 1989-1990 йилларда бир ярим миллиондан ортиқ оилага қўшимча ер ажратилди, 700 минг оилага янги томорқа ерлари берилди.

Президентимиз томонидан бозор иқтисодиётига ўтишнинг беш тамойилига асосланган «ўзбек модели» ишлаб чиқилди. Ҳозирги кунда ушбу модель дунёнинг барча халқ­аро ташкилотлари, сиёсатчилари, экспертлари томонидан тан олинди.

Мамлакатимиз тараққиёт солномасига назар ташлайдиган бўлсак, 2000-2014 йиллар мобайнида фаолият кўрсатаётган кичик корхоналар сони 2,3 мартага ошди, кичик бизнеснинг ЯИМдаги улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан 2014 йилда 56,1 фоизга кўтарилди. Саноатда кичик бизнес улуши 11,3 фоиздан 31,9 фоизга ўсди.

2000-2014 йиллар мобайнида 190 млрд. доллардан зиёд эквивалентда инвестициялар, шу жумладан, 65 млрд. доллардан кўпроқ хорижий инвестициялар ўзлаштирилди, охирги 10 йил давомида инвестицияларнинг йиллик ўсиш суръати ўртача 13,6 фоизни ташкил қилди.

Энг янги замонавий ускуналар харид қилишга сарфланган инвестициялар улуши эса қарийб 40 фоизни ташкил этди. Иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларида умумий қиймати 4,2 млрд. долларга тенг бўлган 154 та йирик объект фойдаланишга топширилди.

Корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан йўналтирилган тўғридан-тўғри хусусий инвестициялар ҳажми 10,3 фоиз ўсиб, 4,3 млрд. долларни ёки жами инвестициялар ҳажмининг қарийб 30 фоизини ташкил этди.

Бу кўрсаткичлар турмуш фаровонлигимиз кафолатлари мустаҳкамланаётгани, мамлакатимиз иқтисодий қудрати ошиб бораётганининг исботидир.

Жуманазар БЕКНАЗАРОВ, тиббиёт фанлари доктори, профессор:

— Қарийб қирқ беш йилдан буён тиббиёт соҳасида хизмат қилиб келмоқдаман. Эски тузум даври ва ҳозирги пайтдаги тиббиётни таққослайдиган бўлсак, уларнинг ўртасида ер билан осмонча фарқ борлиги кўринади. Бугун тиббиёт масканлари энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Шифохоналаримизда яратилган шароитларга хорижлик мутахассислар ҳам тан бермоқда.

Афсуски, яқин ўтмишда шифохоналаримиз моддий-техник базаси ночор аҳволда эди. Одамларимиз саломатлиги ҳам аянчли даражага тушиб қолганди. Бунинг сабаблари кўп эди. Эътиборингизни бир мисолга қаратмоқчиман. Одамларнинг ҳовлисига туташ пахта майдонидаги ғўза баргларини тўкиш учун заҳарли химикатлар самолётдан сепилганда, пахта майдонидан анча олис хонадонларда ҳам нафас олиш қийинлашарди. Орадан бир неча кунлар ёки ҳафта ўтгач, нафақат юқумли касалликлар учун мўлжалланган шифохоналар, балки бошқа шифо масканлари ҳам жигари каттариб, қорни шишган, ранги сарғайган хасталарга тўлиб кетарди. Ҳатто жой етишмаганлигидан туғуруқ хоналари, ички касалликлар, жарроҳлик бўлимларидан ҳам ўрин ажратиб бериларди. Бу беморларнинг барчасига «юқумли гепатит» дея ташхис қўйиларди. Аслида бу сохта, ёлғон диагноз эди. Хақиқатда эса бу юқумли гепатитга мутлақо алоқаси бўлмаган, ғўзага сепилган кимёвий дорининг «шарофати» бўлиб, заҳарланишдан рўй берган «токсик гепатит» эди. Лекин ўша пайти бу ҳақда рўй-рост гапириш асло мумкин эмаслигини ёш бола ҳам тушунарди. Чунки бунга журъат этганларнинг  қай аҳволга тушганлигини барча биларди. Шифокорларнинг ўзи ҳам бу ёлғонга ўрганиб қолишган, пахта териш мавсуми яқинлашгани сайин давога муҳтож беморлар ҳам шифохонага ётқизилмас эди.

Маълумки, жигар модда алмашинув жараёнида инсон организмига керак бўлмаган моддаларни тўлиқ зарарсизлантирувчи жуда муҳим аъзо. Жигар организмнинг улкан ҳимоя қалъаси. Организмга заҳарли моддалар кирганда, жигар ҳужайралари зўриқиб ишлайди, толиқади, ҳолсизланади, аммо организмни заҳарланишдан тўлиқ сақлаб қолади. Агар заҳарлаш воситаси ортиқ ва кучли бўлса, жигар ҳужайралари ўз вазифасини тўлиқ уддалай олмасдан, кўпчилиги ҳалок бўлади. Ўлган жигар ҳужайралари ўрнида бириктирувчи тўқима пайдо бўлади. Бу эса жигар циррозига олиб келади.

Яна шунга эътибор қаратиш лозимки, 1989 йилги статистик маълумотларга асосан собиқ иттифоқ республикаларида сариқ касаллиги билан оғриган беморларнинг учдан икки қисми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келган.

Эътиборингизни яна бир мисолга қаратмоқчи эдим. 1980 йиллардаги маълумотларга асосан, болалар ўлими биргина Қорақалпоғистонда яъни Нукус шаҳрида 1000 нафар боладан 74, Қораўзак туманида 103, Орол бўйидаги Учсой ҳудудида 183 нафарга тенг бўлган. Мисол учун, ўша йилда АҚШнинг Нью-Йорк штатида истиқомат қилувчи қора танли болаларнинг ўлими 1000 нафардан 19 тага тенг бўлган. Аҳволимиз қай даражада аянчли бўлганини ушбу рақамлардан ҳам билишимиз мумкин. Бугунга келиб республикамизда болалар ўлими 1990 йилга нисбатан 3,2 мартага камайганлиги, болалар ва оналар саломатлигини муҳофаза қилиш ишларининг юқори савияда ташкил қилинганлиги, бу ўзимизнинг эркимиз ўзимизда эканлиги туфайлидир.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида республикамизнинг энг чекка қишлоқ ва овулларидаги қишлоқ врачлик пункт­лари ҳам замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган. Қолаверса, дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида амалга оширилаётган жарроҳлик амалиётлари ҳам ўзимизда ўтказилмоқда. Бу каби ютуқларга эришганлигимизни хориждан келган мутахассислар ҳам кўриб ҳавас қилишади. Ана шу мисоллар орқали кеча ким эдигу, бугун ким бўлганимизни ҳамда эртага ким бўлишимизни англаб олиш қийин эмас.

Бугун республикамиз аҳолисининг ўртача умр кўриши узайганлиги, ёшларимизнинг бўйи ҳамда вазни жаҳон стандартларига тенглашганлиги, чақалоқлар орасида норасолик ва майриқлик билан туғилиш кескин камайганлиги ўз-ўзидан бўлгани йўқ.

Анвар қори ТУРСУНОВ, Тошкент шаҳар бош имом хатиби:

— Бугунги кунда дунёни тушунмасдан туриб, динни ҳам тушуниш мумкин эмас. Дунёни билиш, айниқса, берилган неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш ҳар бир иймонли кишининг бурчи. Муҳтарам Президентимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида жамият тараққиётини қушга ўхшатсак, битта қаноти иқтисод бўлса, битта қаноти, яъни ўнг қаноти маънавият де­йилган. Чунки мана шу иқтисоднинг тараққий қилиши ҳам инсофга, иймонга боғлиқдир. Инсон ўзидаги масъулиятни ҳис этса, жамиятга фидойилик билан савоб учун хизмат қилади.

Ҳазрат Навоийнинг жуда яхши гапи бор: «Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам». Мустақиллик туфайли биз ўзимизни англадик. Бундан катта саодат борми? Биз билмас эдик кимлигимизни, ҳатто бутун дунё улуғ алломаларимизни биларди, бироқ биз уларни танишдан мосуво қилинган эдик.

Тарихда авлиёлар, алломалар, олимлар, илм аҳли устозларининг кўпи бизнинг юртдан чиққанини бутун дунё тан ­олади. ЮНЕСКО ­­ал-Хоразмийга бағишланган яна бир катта анжуман ўтказишни режалаштирган. Чунки у нолни ихтиро қилган. Агар ноль сони бўлмаганида математика ҳам бўлмас эди, дейилмоқда. Ибн Сино, ­Беруний ва бошқа алломаларимизни қайтадан танидик, уларнинг дунёни чароғон қилган тафаккур оламига чуқурроқ кириб бордик. Демак, биз ўзимизни англадик.

Мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек биз мусаффо динимизни ҳамиша ҳурмат қиламиз. Дин билан ақидапарстлик бутунлай бош­қа-бош­қа нарса. Бугунги ёшлар бунинг фарқини яхши тушуна бошлади. Бизнинг динимиз — тарихимиз, маданиятимиз билан чамбарчас боғлиқ. Шўро даврида Қуръондан хабардор бўлиш, илмий иш қилиш учун Крачковскийнинг русча таржимасини ўқишга марказдан ижозат олиш керак бўлган экан. Ваҳоланки, Крачков­скийнинг таржимасини ўқиб, ҳеч нарсани тушуниб бўлмайди. Бу таржима Қуръон тўғрисида тасаввур ҳам уйғотмайди.

Не бахтки, Ислом Каримов республикамизга раҳбар бўл­гач, ҳали мустақиллик эълон қилинмасдан «Шарқ юлдузи» журналида Қуръони карим ўзбек тилида нашр этилди. Истиқлолнинг дастлабки шамоли халқимизга Қуроън­ни, динни танитди.

Имом Бухорийни билармидик? Шунчаки исми таниш бўлиши мумкин, аслида уни бутун дунё танийди. Ҳаж сафарига борганда, бутун дунёдан ташриф буюрган мусулмонларни кўрасиз. Улар қаердан келганингизни сў­райди. Имом Бухорийнинг юртидан, десангиз, ўзгача ҳурмат билан қайта кўришади. Алоҳида илтифот билан «сизлар дунё­даги энг катта уламонинг авлодларисиз», дейишади. Биз буларни истиқлолгача билган эмасмиз. Баҳовуддин Нақшбанд бутун дунё уламоларининг пири муршиди саналади. Ана шундай улуғ зотнинг мақбараси қулфланган турар эди ва у ерга ҳеч ким киргизилмаган. Мустақилликдан сўнг Президентимиз ташаббуси билан бу зиёратгоҳ бошқа зиёратгоҳлар қаторида ободонлаштирилди.

Узоққа бормайлик, ўтган йили қуриб, фойдаланишга топширилган Минор масжидини олайлик. Унинг меҳроби олтиндан, пештоқлари ҳам тилладан тайёрланди.

Себзорда Шукур қори деган инсон яшарди. У киши масжидда 40 йил имомлик қилган. Ўша киши Зиёвуддин қорига илтимос қилиб, ёши 80 га бориб қолганида Ҳаж зиёратига бориш учун марказдан зўрға рухсат олган экан. Биргина «Қаерга бораяпсиз?» деган саволга «Улуғ жойга бораяпман», деб қўйгани учун у Ҳаж сафаридан қолдирилган. Ёши бир жойга бориб қолган қори отага у ерларга бориш насиб этмади... Ҳозир эса деярли барча хонадондан Ҳаж ва Умра сафарларига бориляпти.

Мамлакатимизда 2 мингдан ортиқ масжидларимиз бор. Уларга бутун дунёдан сайёҳлар ташриф буюришяпти. Тошкент шаҳри бутун дунё ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинганида, Англиядан келган сайёҳлардан бири «Ҳазрати имом» мажмуасининг қанча вақтда қурилганини сўраган. 6 ойда деган жавобни олгач, «Бўлиши мумкин эмас, 6 йилда деганингизда ҳам муболаға қиляпсизлар дердик», — деб ҳайратланган экан.

Ислом университетига ташриф буюрган Мисрнинг энг катта имоми талабалар билан инглиз ва араб тилларида суҳбатлашиб, кўзларига ёш олди. Ишонч билан яқин келажакда яна имом Бухорийлар, Мотурудийлар етишиб чиқишини таъкидлади. Дунё тан олаётган бу ҳақиқатлар ким эканимизни намоён этади. Ёшларнинг илмга қизиқиши ортиб бораётгани ҳам тинч ва фаровон ҳаётимиздан нишона. Биз уламолар мустақилликнинг улуғ неъматлари насиб этган халқимизни шу кунларнинг, шу ғанимат дамларнинг шукуроналигига чақирамиз. Зеро, Оллоҳ таоло айтади: «Шукр қилсанг, сенга яна бераман. Зиёда қилиб бераман». Буларни ёшларга мутассил тушунтириб боришимиз керак.

Бир савол туғилади. Нима учун мустақилликдан олдин динга бу қадар қаршилик қилинган? Нима учун масжидларимизга кириш тақиқланган, аждодларимиз меросини ўрганишга йўл қў­йилмаган.

Мустабид тузумнинг мақсади — бизни тарихимиздан, динимиздан мосуво қилиш, халқимизни манқуртга айлантириш, миллатимиздан, ўзлигимиздан жудо қилиш, Худони танимасдан, кимлигимизни билмасдан яшашга маҳкум қилиш бўлган.

Шоҳида ЗОҲИДОВА, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби:

— 9 ёшимдан спортнинг синхрон сузиш тури билан шуғулланаман. 2008 йил ­Таиландда ўтказилган халқаро турнирда 2 олтин ва кумуш медаль соҳиби бўлдим. 2009 йил Японияда ташкил этилган Осиё чемпионатида, 2010 йил Малайзия очиқ чемпионатида, 2011 йил мамлакатимиз очиқ чемпионати ва Куала-Лумпур шаҳри мезбонлик қилган халқаро турнирларда муваффақиятли иштирок этдим.

Спорт соҳасида эришган ютуқларим туфайли 2012 йил Зулфия номидаги Давлат мукофотини қўлга киритдим.

Онам доим менга аввалги ва бугунги кунимизни таққослаб, тўғри хулоса чиқариб яшаш кераклигини уқтиради. Масалан, эски тузум даврида ўзбек ёшлари синхрон сузишга қатнашиш тугул, бу спорт тури ҳақида умуман тасаввурга ҳам эга бўлмаган экан.

Ҳозиргидек спорт иншоотлари бўлмаган де­йишади. Халқаро мусобақаларга бориш ҳам қийин бўлган экан. Бугун эса аҳвол бутунлай бошқача. Менинг назаримда мусобақа пайтида Президентимиз ёнимизда тургандек бўлади. Ўзлари биз спортчиларга айтганлар, майдонга чиққанда, мени ёнингларда, деб билинглар. Буни ҳис этиш бизга куч бағишлайди. Мамлакатимизда биз, ёшлар учун яратилган кенг имкониятлар натижасида кўплаб ютуқларни қўлга киритиб келмоқдамиз.

Ҳозирда спорт билан шуғулланиш баробарида Тошкент cтоматология институтида тиббиёт сирларини ўрганиб келмоқдаман. Келажакда шифокор бўлишни ният қилганман.

Эркин КАРИМОВ, спорт фахрийси:

— Спортчилик фаолиятим тўлиғича собиқ тузум даврига тўғри келган. Биринчи марта Москвада ўтган спартакиадада ғолиб бўлгандим. Кейинчалик Луганцк, Алмати, Минск ва Ереван шаҳарларида ўтказилган мусобақаларда чемпионликларни қўлга киритдим. Еревандаги мусобақада бирданига учта рекорд ўрнатдим. Лекин жаҳон чемпионати ва олимпиада ўйинларига мени олиб кетишмади. Ўша давр­да ички мусобақаларда кўп ҳамюртларимиз ўзини кўрсатарди. Аммо катта мусобақаларга бизни олиб кетишмасди. Бу жуда алам қиларди. Олимпиада ўйинларида қатнаша олмаганим қалбимдаги энг катта армон бўлиб қолганди.

1996 йилда АҚШнинг Атланта шаҳрида ёзги олимпиада ўйинлари бўлиб ўтди. Спорт фахрийси сифатида менга ҳам йўлланма берилди. Ўйинларни томоша қилиб қайтдим.

 Собиқ иттифоқ терма жамоасида спортчиларнинг овқатланиши масаласига эътибор жуда ёмон эди. Биз истеъмол қилмайдиган овқатларни «шуни ейсан», деб мажбурлашарди. Бош тортганим учун мураббийлар мени ёқтирмай қолганди.

Бир гал Таллинда мусобақа бўлди. Даст кўтаришда уч марта ҳам ҳеч қандай хатога йўл қўймаган бўлсам-да, ҳаракатларим ҳисобга олинмади. Шунақа пайтларда нима қилишни, дардимни кимга айтишни билмай қолардим.

Мустақилликдан кейин вазият тамоман ўзгарди. Спортчиларимиз мустақил Ўзбекистон номидан хал­қаро мусобақаларга бора бошлади. Юртимизда фаолият кўрсатаётган спорт ҳакамлари мунтазам халқаро турнирларга жалб этилмоқдаки, бу ҳакамларимизнинг адолатли эканидан далолат беради. Спортда ҳакамнинг адолатли бўлиши кўп нарсани ҳал қилади. Уларнинг адолатсизлигидан менга ўхшаб жабр кўрганлар кўп бўлган.

Бир гапни баралла айта оламан, ҳозир энг чекка қишлоқларда ҳам барпо қилинган муҳташам спорт залларида яратилган шароитлар илгари пойтахтимизда ҳам бўлмаган!

Ҳамроқул Маматқулов деган спортчимиз икки марта собиқ иттифоқ чемпиони бўлган эди. Лекин шунда ҳам уни терма жамоага олишмади. Кўпчиликнинг аралашувидан кейингина жаҳон чемпионатига қатнашишга рухсат берилиб, ўша спортчи чемпионликни қўлга киритди. Сирожиддин Исоқов мендан кейин йигирма йил ўтиб, иттифоқ чемпиони бўлди. У ҳам терма жамоа таркибига кира олмади. Ўзбекистондан етишиб чиққан аксарият спортчилар адолатсизлик натижасида халқаро мусобақалардан четда қоларди.

Бугун аҳвол умуман ўзгача. Масалан, Руслан Нурудиновни олайлик. У мустақиллик тенгдоши. Бутун дунё Ўзбекистондан кучли оғир атлетикачилар етишиб чиққанини эътироф этяпти, тан беряпти.

Мана, дунёни лол қилган янгиликларидан яна бири — ўзбекистонлик Диёра Келдиёрова Босния ва Герцеговинанинг ­Сараево шаҳрида дзюдо бўйича кадетлар ўртасида бошланган жаҳон чемпионатининг биринчи кунидаёқ жаҳон чемпиони бўлди ва олтин медални қўлга киритди!

Бу кунларни орзу қилган, бу кунларга етиб келолмаганлар қанча.

Илгари спортчиларни рағбатлантириш масаласи ҳам ҳаминқадар эди. Халқаро турнирларда ғолиб бўлганлар ҳам ўртамиёна ҳаёт кечирарди. Биласиз, спортчининг овқатланиш тартиби оддий одамларникидан фарқ қилади. Биз ўзимиз учун керакли бўлган, витаминларга бой маҳсулотларни харид қилишга қийналардик. Бугунчи? Олимпиа­да ўйинлари совриндорларига катта пул мукофотидан ташқари уй ва машина ҳам берилмоқда.

Президентимизга раҳмат, Ўзбекистонда спортни ривожлантириш, ёшларни спортга кенг жалб этиш бўйича муҳим лойиҳаларга раҳбарлик қилиб келмоқда. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолияти спорт фахрийси сифатида мени хурсанд қилади. Ишонаманки, бугун қишлоқ жойларда спорт билан шуғулланаётган болалар вақти келиб, Ўзбекистон номини дунёга танитадиган спортчилар бўлиб етишади.

Хайрулла РЎЗМЕТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мустабид замонда қабул қилинган қонунларнинг маъно-мазмунига эътибор қаратадиган бўлсак, биринчи ўринда давлат, яъни марказ манфаати турганини, инсон қадр-қиммати иккинчи даражали масала ҳисобланганини кўрамиз. Совет замонидаги қонунларнинг шафқатсизлиги ҳам ана шундан, деб ўйлайман. Ўша даврда қонунларнинг ҳаммаси якка ҳукмрон партия буйруғи асосида қабул қилинар эди.

Бугун эса мамлакатимизда қонунлар миллий парламентимиз томонидан хал­қимиз хоҳиш-иродасини ҳисобга олган ҳолда, инсон ҳуқуқларини кафолатлаш тамойили асосида қабул қилинмоқда. Бунда кўппартиявийлик тизими шакллантирилгани долзарб аҳамият касб этмоқда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда устувор аҳамиятга эга бўлган энг муҳим вазифалардан бири ҳам айнан кўппартиявийлик тизимини мустаҳкамлашга қаратилди. Дастлаб «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши билан юртимизда кўп­партиявийликка ўтиш учун дастлабки қадамлар қўйилди.

Сиё­сий партиялар ва жамоат бирлашмалари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, жамоат бирлашмаларини давлат ва ҳукумат тизимидан ажратиш учун мазкур Қонун катта аҳамиятга эга бўлди. Шу тариқа бир нечта сиёсий партиялар фаолиятини йўлга қўйиш орқали жамиятда турли қарашлар шаклланиши, уларни эркин ифода этиш, тарғиб қилиш учун катта шароитлар яратилди.

Ислоҳотлар шу билан тўхтаб қолгани йўқ. Мамлакатимизда кўппартиявийлик тизимини изчил ривожлантириш, очиқ ва ошкора сайловларни кўппартиявийлик асосида ўтказиш муҳим демократик қадриятга айланди. Мамлакатда кўппар­тия­вийлик тизимига асосланган сиёсий хилма-хиллик ривожланишига замин яратувчи ҳуқуқий асослар такомиллаштирилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги, «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонунлар, «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қи­лишда ­сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конс­титуциявий қонунлар қабул қилинди.

Мустақилликдан олдин Ўзбекистонда битта ҳукмрон партия фаолият юритган бўлса, бугунга келиб 4 та сиёсий куч майдонга чиқди. Яратилган ҳуқуқий шароитлар асосида ҳар бир партия аҳолининг маълум қатлами манфаатлари учун курашиб, сай­лов­лар­да қўллаб-қувватлаган электорати хоҳиш-иродасини қатъий ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда. Энг муҳими, давлат ҳокимиятини шакллантиришда сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмаларининг таклиф ва истаклари инобатга олинмоқда.

Яна бир гап. Биламизки, мамлакатда парламентнинг ривожланиши ўша жойда одамлар, халқ, миллат фикрлаётганини, уларнинг манфаати олий қадрият даражасига кўтарилганини билдиради. Шу боис мустақиллик йилларида Ўзбекистонда парламент ислоҳотларини чуқурлаштириш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Миллий парламентни шакллантиришда бир палатали парламентдан профессионал икки палатали парламент­гача бўлган босқичлар босиб ўтилди.

Икки палатали парламентга асос солинди. Бу билан қонун чиқарувчи ҳокимият ўз тараққиётида янги поғонага кўтарилди, қабул қилинадиган қонунларнинг сифати ошди, шу билан бирга, қонунларни қабул қилишда сиёсий партияларнинг роли кучайди.

Қонун лойиҳаларини партияларнинг фракцияларида олдиндан кўриб чиқиш, Қонунчилик палатаси ялпи мажлисларида ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилишда уларнинг фикрларини, албатта, эшитиш амалиёти шаклланди. Палата ва унинг қўмиталари мажлисларида хукумат вакиллари ҳамда давлат бош­қарув органлари мансабдор шахсларининг ўз фаолиятининг турли масалаларига доир ахборотларини эшитиш, жойларда қонунлар ижроси бўйича назорат-таҳлил ишларини олиб бориш бўйича ўзига хос тажриба тўпланди.

Бундан ташқари, бугун Олий Мажлисда кўриб чиқилаётган ҳар бир қонун ло­йиҳаси албатта, жамоатчилик ўртасида ҳам муҳокама этилаяпти. Қабул қилинаётган мазкур қонуннинг одамлар ҳаётига таъсири қандай бўлади, жамиятда яна қандай ҳуқуқий ҳужжатларга эҳтиёж борлиги ушбу муҳокамалар чоғида маълум бўлмоқда. Асосийси, бу тажриба халқ учун, мамлакат учун зарур бўлган пухта қонунлар қабул қилишда муҳим ўрин тутади. Буларнинг ҳаммаси ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади. 



DB query error.
Please try later.