13.08.2015

“Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” китобининг тақдимот маросими

Шу йил 12 август куни Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” номли китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда сиёсатшунос, иқтисодчи ва ҳуқуқшунос олимлар, таълим-тарбия, адабиёт, санъат ва маданият намояндалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, нуронийлар, маҳалла, хотин-қизлар, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Тақдимот маросимини Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов қисқача кириш сўзи билан очди. Очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтган анжуманда мазкур китобнинг нашр этилиши мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида беқиёс аҳамиятга молик улкан воқеа экани алоҳида таъкидланди. 

Маълумки, 2015 йил 29 март куни юртимизда миллий ва халқаро ҳуқуқ нормалари, демократик тамойиллар асосида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтган сайловда сайловчиларнинг 90,39 фоизи Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Ислом Абдуғаниевич Каримовга овоз берди. Бундай ёрқин ғалаба Ислом Каримовнинг давлат раҳбари сифатида Ўзбекистон мустақиллигини таъминлаш, уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги стратегик мақсад ва вазифаларни ҳал этиш йўлидаги беқиёс хизматларининг юксак эътироф этилгани, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини тасдиқлайди. 

“Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” китобидан давлатимиз раҳбарининг сайловолди жараёнларидаги йигирмадан зиёд учрашув ва анжуманларда билдирган энг муҳим, концептуал аҳамиятга молик ғоя ва фикр-мулоҳазалари ўрин олган. 

Тадбир иштирокчилари бу кенг қамровли китобда мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида босиб ўтган мураккаб, айни вақтда шарафли тарихий йўли ўз ифодасини топгани, бугунги кунда ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган энг долзарб ва ўткир саволларга чуқур ва ҳаққоний жавоб берганини алоҳида таъкидладилар. 

Бўлиб ўтган фикр алмашувларда ушбу тўплам билан танишган китобхон ундан ўрин олган барча фикр-мулоҳазаларни ўзаро узвий боғлаб турадиган асосий фазилат – бу Ватанимиз истиқлолига фидойилик, шу замин, шу халқнинг фаровонлиги ва бахту иқболи, ёруғ келажаги учун ҳар қандай синов ва машаққатларга тайёр туриш, шу улуғ мақсадларга эришишни олий саодат, ўз ҳаётининг мазмуни деб биладиган инсон – ўзбек давлатининг асосчиси, бетакрор шахс, улкан давлат арбобининг безовта ва бедор қалби, юрак ҳарорати, кенг тафаккури, мустаҳкам ирода ва эътиқоди экани эътироф этилди. 

Тақдимот маросимида Ўзбекистон Миллий университети ректори, филология фанлари доктори Ш.Сирожиддинов, иқтисод фанлари доктори, профессор А.Содиқов, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, “Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррири С.Остонов, Тошкент давлат санъат ва маданият институти проректори, тарих фанлари доктори, профессор А.Маврулов, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси Ж.Иноғомов, Сирдарё вилояти Сирдарё тумани “Амир Темур” фермер хўжалиги раҳбари Н.Раҳматуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ж.Пиязов ва бошқалар китобда давлатимиз ва жамиятимизнинг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган тараққиёт стратегияси аниқ-равшан белгилаб берилганини, илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва санъат, спорт каби ижтимоий соҳаларни барқарор ривожлантириш, юртимиздаги ҳар бир ҳудуд ва минтақа тараққиётини янги босқичга кўтаришга доир янги режа ва устувор лойиҳалар, бугунги кунда дунёда юз бераётган кескинлик ва қарама-қаршиликлар, турли таҳдидларнинг олдини олиш, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепцияси тўғрисидаги қарашлар ҳар томонлама пухта асосланган ҳолда баён қилинганини қайд этиб, ўртага қўйилган ғоят муҳим ва долзарб масалаларнинг моҳияти хусусида атрофлича фикр билдирдилар. 

Учрашувда халқимизнинг тафаккур хазинасини бойитишга улкан ҳисса бўлиб қўшилган бу китоб мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилиш жараёнларини изчил давом эттириш, аҳоли фаровонлигини янада оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш борасида олдимизда турган вазифаларни аниқ-равшан белгилаб бериши билан барчамиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилиши алоҳида таъкидланди. 

Тадбирда мамлакатимизнинг истиқлол тарихини теран идрок этиш, юртдошларимизни ижтимоий фаолликка ундаш, янги-янги марралар сари руҳлантиришда беқиёс аҳамиятга эга бўлган “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” китобини чуқур ўқиб-ўрганиш, унинг моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди. 

ЎзА


DB query error.
Please try later.