11.08.2015

ИТАЛИЯ: КЎППАРТИЯВИЙЛИККА АСОСЛАНГАН ТИЗИМ

жамиятнинг янада ривожланишига кенг йўл очади

Ривожланган демократик давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, мамлакатни изчил тараққий эттириш, ижтимоий бар­қарорликни таъминлаш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришда сиёсий партиялар фао­лиятига кенг ўрин берилганига гувоҳ бўламиз. Италиядаги сиёсий жараёнларни кузатар эканмиз, бу фикр яна бир ўз исботини топганини кўрамиз.

Италия қонунчилигига кўра, сиёсий партиялар фақат мамлакат ҳудудида ташкил этилади ва фаолият юритади. Ушбу давлат Конституциясида сиёсий партия — бу фуқароларнинг кўнгилли бирлашмаси бўлиб, демократия асосида миллий сиёсатни амалга оширишга кўмаклашади, дея белгиланган.

Умуман олганда, Италияда сиёсий партияларнинг пайдо бўлиши ХIХ асрнинг ўрталарига бориб тақалади. Дастлаб, 1849 йилда консерватизм ғояларини илгари сурган «Ўнг» ва 1861 йилда либерал қарашлар тарафдори «Сўл» партия ташкил этилади. Дастлабки ўн беш йил давомида мамлакат сиёсий ҳаётида «Ўнг» партияси етакчилик қилади. 1876 йилга қадар барча парламент сайловларида мазкур партия ғолибликни қўлга киритиб келган. Аммо ўша йили муддатидан олдин ўтказилган парламент сайловида «Сўл» партия парламентда кўпчилик ўринларни эгаллайди ва бу ҳукмронлик чорак аср давом этади. Бу икки сиёсий партия ўртасидаги кураш 1919 йилда якунланади. Биринчи жаҳон урушидан сўнг ушбу партиялар ўзаро бирлашди. Бугун ҳам Италиядаги сиёсий партиялар ана шу икки партия­нинг анъаналарини ўзида сақлаб қолган.      

2013 йилдаги парламент сайловида 25 сиёсий партия иштирок этди. Бундан кўриниб турибдики, мамлакатда кўппартиявийликка кенг йўл очиб берилган. Умуман, Италияда 50 га яқин катта-кичик сиёсий партиялар фаолият кўрсатади. Бироқ мамлакатдаги йирик сиёсий партиялар парламентда мутлақ кўпчиликни ташкил эта олмаган. Шу боис улар парламентда коалиция тузишга мажбур бўлган. Италия қонунчилигига биноан фашистик ғояларни тарғиб этувчи тузилмаларни ташкил этишга йўл қўйилмайди.

Бугунги кунда мамлакатдаги энг йирик сиёсий кучлардан бири — Италия Демократик партияси ҳисобланади. Унинг сайлов жараёнларидаги иштирокига эътибор қаратадиган бўлсак, 2008 йил муддатидан олдин бўлган парламент сайловида қуйи палата учун 12 092  998, Сенатдаги ўринлар учун эса  11 042 325 овоз тўплайди. Шундай қилиб, мазкур сиёсий партия парламент қуйи палатасидаги 630 ўриндан 246, Сенатдаги 315 ўриндан 132 тасини қўлга киритди. Партия Сайловолди дастурида асосан кучли ижтимоий сиёсатни йўлга қўйиш, барқарор сиё­сат олиб бориш ғоясини илгари суради.

Сўнгги 2013 йилдаги сайловлар натижасига кўра, партия «Умумий манфаат» коа­лициясини ташкил этади. 24-25 февраль кунлари ўтказилган сайловда партия Депутатлар палатаси учун сайловчиларнинг 25,42 фоиз овозини олиб, 292 ўринга эга бўлди. Сенат учун эса сайловчиларнинг 27,4 фоиз овозини олиб, 105 та ўринни қўлга киритиб, шу орқали ўз ғояларини ҳаётга татбиқ эта бошлайди.

2014 йил 13 февралда партия тизимида ислоҳотлар ўтказиш, унинг ғоя ва мафкурасини такомиллаштириш мақсадида янги етакчи сайланади. Ўша йилнинг 22 февралидан буён Маттео Ренци партияга етакчилик қилиб келмоқда.

Маттео Ренци партия раҳбарлигига келгач, бир қанча ислоҳотларни амалга оширди. У асосан қонунчиликка қатор ўзгартишлар киритишга ҳаракат қилди. Хусусан, сайловга оид янги қонун лойи­ҳасини тақдим этди. Уни коалиция тўлиқ қўллаб-қувватлади. Оппозициянинг қаршилиги эса ҳеч нарса келтирмади. Қизғин давом этган курашлардан кейин 2015 йилнинг 15 майида мамлакат президенти сайловга оид қонунни имзолади.

Бундан ташқари, Демократик партия тарафдорлари Италиянинг меҳнат қонунчилигига ҳам бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклифини берди. Таҳлилчилар томонидан мазкур қонунлар мамлакат ҳаётида муҳим ўрин тутиши тахмин қилинмоқда.  

2015 йил 2 июнь ҳолатига кўра, Демократик партиянинг Депутатлар палатасидаги фракцияси аъзолари 309 нафарни ташкил этиб, унга Роберто Сперанца раҳбарлик қилади. Сенатда эса Луижи Занза раҳбарлик қилувчи 113 кишидан иборат фракция фао­лият юритмоқда.

2014 йил 25 майда Европарламентга бўлган сайловларда мазкур партия Италия учун ажратилган 73 ўриндан 31 тасини эгаллашга муваффақ бўлди.

Демократик партиянинг ташкилий тузилишига эътибор қаратадиган бўлсак, унинг олий органи — Миллий Кенгаш ҳисобланади. Партия ҳаётига оид муҳим масалалар айнан Миллий Кенгашда муҳокама этилади. Шунингдек, партиянинг ҳудудий бўлимлари ҳам мавжуд бўлиб, вилоят, туман ва кичик ҳудудлар миқёсида фаолият юритади.

Партияда ёшлар тузилмаси ташкил этилган. У «Ёш демократлар» деб номланади. «Ёш демократлар» партиянинг барча даражадаги тузилмаларида фаолият юритади.

Агар эътибор қаратилса, бутун дунёда сиёсий партияларнинг тузилиши бир-бирига ўхшаб кетади. Аммо жамият ҳаётида уларнинг ўрни турличадир. Биз Италиядаги мазкур партия фаолияти билан танишиб, шундай хулосага келдик: сиёсий партия мукаммал шаклланса, жамият ҳаётида ўз таъсир кучига эга бўлса, мамлакатга дахлдор стратегик масалаларни ҳал этишда иштирок этсагина, сайловчи ишончини қозона олади.

 

Нурали ОРИПОВ



DB query error.
Please try later.