Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
11.08.2015

МАСЪУЛ РАҲБАРЛАР ДЕПУТАТЛАРНИНГ САВОЛЛАРИГА ЖАВОБ БЕРМОҚДА

Муаммолар эса ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда ҳал этилмоқда

Шу кунларда бошқа ҳудудларда бўлгани каби халқ депутатлари Сурхондарё вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари ҳам жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича ўз фаолияти натижаларини танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан кўриб чиқмоқда. Амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, келгуси режалар белгилаб олинмоқда.

Партия гуруҳларининг ташаббуси билан ўтган ярим йилда доимий комиссия ва сессия­ларда 4 масала кўриб чиқилди. Хусусан, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ижтимоий кўмакка муҳтожларни қўллаб-қувватлаш, жойларда саноат ҳамда ишлаб чиқаришни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш каби долзарб масалалар муҳокама этилди.

Албатта, бирон-бир масалани сессияга олиб чиқиш, таклифлар киритиш ва ечимини топиш ўз-ўзидан ва осонлик билан бўладиган жараён эмас. Бунинг учун соҳа ичига кириб бориш, одамларни ўйлантираётган масалага юзланиш ва изланиш талаб этилади. Чунки муаммонинг келиб чиқиш сабаби атрофлича аниқланмасдан туриб, масалани муҳокама этиб бўлмайди.

— Бугунги депутат ҳам, унга ишонч билдирган сайловчи ҳам кечагидан кескин фарқ қилади, — дейди ЎзХДП вилоят кенгаши ­раиси, вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Чори Жумақулов. — Чунки аҳолининг тушунчаси, талаби ошиб бораётгани ҳар бир депутатдан янада катта билим, ташаббус ва фаолликни тақозо этмоқда. Айтиш керакки, ўтган давр мобайнида тўпланган тажрибамиз натижасида фаолиятимизда ижобий бурилишлар кузатиляпти. Партия гуруҳларида муҳокамага қўйилаётган ҳар бир масаланинг илдизига етиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Бу орқали бир эмас, бир нечта масалани ўрганишга ҳам тўғри келяпти.

Шуни ҳам айтиш керакки, депутатлик назорати давомида баъзан турли тўсиқлар учраб туради, эътироз ва анг­лашилмовчиликларга ҳам дуч келинади. Ўз ишининг устаси бўлган, ҳуқуқ ва ваколатларидан унумли фойдалана оладиган депутат ёки партия гуруҳларини бундай ҳолатлар чўчитмайди, албатта.

Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи ташаббуси билан касб-ҳунар коллежларида ўқувчиларнинг дарс­га қатнаши, уч томонлама шартнома шартларининг бажарилиши юзасидан назорат-таҳлил ишлари олиб борилди. Маълум бўлишича, ўтган йили шаҳардаги тиббиёт коллежини 600 нафар ўқувчи битирган. Уларнинг 97 фоизга яқини шарт­нома имзолагани, ке­йинчалик ишга жойлашгани ҳақида маълумот берилган. Аммо ўрганишлар вақтида айрим битирувчилар ҳозирга қадар ишга жойлаша олмагани маълум бўлган.

— Термиз шаҳридаги тиббиёт коллежини битирган ёшларнинг баъзилари фермер хўжаликлари билан номутахассис сифатида уч томонлама шарт­нома имзолаган, — дейди халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати, ЎзХДП ­гуруҳи аъзоси Фаррух ­Абжалов. — Ўрганиш давомида аниқланишича, айрим ҳолларда шартнома шунчаки расмиятчилик учун тузилган. Ҳолбуки, аслида шартнома қилинган мутахассисларга хўжаликларда эҳтиёж бўлмаган.

Яна шу нарса маълум бўлдики, битирувчиларнинг аксарияти мутахассислиги бўйича фаолият юритмаяпти. Шу ўринда бир эмас, бир нечта саволлар туғилади. Шартнома нега бажарилмаган? Шарт­нома тузилди, деб ҳисобот бериш билан коллеж битирувчисининг тақдири ҳал бўлиб қолмайди-ку?! Афсуски, айрим мутасадди раҳбарлар бу саволларнинг жавоби ҳақида чуқур ўйлаб кўраётгани йўқ.  Биз мазкур масала ечими юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш жараёнида партиямизнинг дас­турий мақсадларидан туриб ёндашмоқдамиз.

Жорий йилнинг 8 май куни халқ депутатлари Узун туман Кенгашидаги ЎзХДП партия гуруҳи йиғилишида «Туманда болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасида мавжуд ҚВПларнинг моддий-техника базасини мус­таҳкамлаш ва уларни малакали мутахассислар билан таъминлаш тўғрисида»ги масала муҳокама этилди. Аниқланган камчиликлар юзасидан таклифлар ўртага ташланди. Мазкур масала 9 июнда халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли доимий комиссия­си йиғилишида кўриб чиқилиб, 18 июнда сессияга киритилди. Ўрганишлар давомида аниқланган ҳолатлар ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари чуқур таҳлил этилди.

Муаммолар ечимига бевосита масъул раҳбарлар депутатларнинг саволларига жавоб беришди. Йўл қўйилган хато, эътиборсиз қолган камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар қўл­лаб-қувватланди. ҚВПларга тажрибали мутахассисларни кўпроқ жалб қилиш, доимий равишда уларнинг малакасини ошириб бориш борасида чора-тадбирлар белгиланди ва сессия қарори қабул қилинди.

Депутатларнинг таъкидлашича, ҳар бир йиғилиш, хоҳ у партия гуруҳининг муҳокамаси бўладими, хоҳ сессиями, жонли, очиқ мулоқотлар, аниқ савол-жавоблар ва таклифларга бой тарзда ўтяпти. Аҳолини ўйлантираётган масалалар депутатлар, мутасаддилар томонидан очиқ ва ошкоралик тамойилларига асосан кўриб чиқилиши жойлардаги муаммолар ўз вақтида ҳал этилишида муҳим омил бўлмоқда.

Маҳаллий Кенгашларга партиямиздан сайланган депутатлар ташаббуси билан қатор масалалар бўйича доимий назорат ўрнатилган, мониторинг олиб бориляпти. Унинг натижалари аввал партия гуруҳи, сўнг доимий комиссия йиғилишларида кўриб чиқилмоқда.

Сессия қарори бажарилишини таъминлаш бўйича депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатилгани мутасадди раҳбарларнинг масъулия­ти кучайишига, ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик ошишига хизмат қилмоқда.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.