11.08.2015

ТИНЧ ВА ОБОД ЮРТДА

бунёдкорлик, фаровонлик, қут-барака бўлади

Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида бўй кўрсатиб турган озод ва обод Ватан манзаралари, одамлар юз-кўзидаги қувонч, аввало, истиқлол шарофатидандир. Шу боис халқимиз Мустақиллик байрамини ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрам сифатида ўзгача шукуҳ, кўтаринки кайфият билан кутиб олади. Ангрен шаҳридаги Ёшлар маркази мажлислар залига кириб борганимизда йиғилганлар чеҳрасида ана шундай қувонч ва хушкайфиятни кўрдик.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент вилоят кенгаши ташаббуси билан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида «БЕТАКРОРИМСАН, ЯГОНАСАН, ОНА ВАТАНИМ — ЎЗБЕКИСТОНИМ!» шиори остида ўтказилган давра суҳбатида иштирокчилар истиқлол йилларида мамлакатимизда асрларга татигулик буюк ишлар амалга оширилгани, одамларнинг дунёқараши, ҳаётга, меҳнатга муносабати юксалиб бораётганини қайд этишди.

Тошкент вилоят партия кенгаши раиси Сирожиддин Аъзамов истиқлол йилларида эришилган ютуқлар замирида халқимизнинг ўзаро бирдамлиги, фидокорона меҳнати ётгани, юртимиздаги барча ислоҳотлар, янгиланиш ва демократик ўзгаришлар турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилганини таъкидлади.

— Мамлакатимиз бундан 24 йил олдин ўз мустақиллигини эълон қилиб, тарихий тарақ­қиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракция­си аъзоси Алия Юнусова. — Ўтган давр мобайнида босиб ўтилган мураккаб, айни пайтда шарафли йўлга назар ташлар эканмиз, Ватанимиз озодлиги нақадар машаққатли ва тинимсиз курашлар, халқимизнинг қандай оғир ва фидокорона меҳнати эвазига қўлга киритилгани, мустақил тараққиётимиз давомида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар беихтиёр кўз ўнгимиздан ўтади. Одамларимиз «Мен Ватаним учун нима қилиб бердим?!», «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик», деган масъулият ҳисси билан яшамоқда, давлатимиз эса ҳар бир инсон манфаати энг олий қадрият, деган эзгу ғояга  асосланиб иш юритмоқда. Бу, ўз нав­батида, миллат қадри ва қаддининг тикланишига хизмат қилаётир. Юртимизда ҳукм сураётган тинч­лик ва осойишталик, осуда ҳаётимизни кўз қорачиғидек асрашимиз, шу ниятда тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтиришимиз даркор.

— Тинчлик — тараққиёт ва фаровонликнинг муҳим омили, — дейди сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримбеков. —  Мамлакатимизда тинчлик ва осойишталик барқарорлиги туфайли барча соҳаларда улкан ютуқ ва марраларга эришилмоқда. Тараққиётнинг «ўзбек модели» изчил амалга оширилаётгани самарасида мамлакатимиз иқтисодиёти муттасил ўсиб бормоқда. Ҳудудларда катта ўзгаришлар бўляпти, рўзғорлар қут-баракага тўлмоқда. Мустақилликни асраш ва мустаҳкамлаш энг асосий вазифаларимиздандир. Зотан, бугун дунёда қарама-қаршилик ва тўқнашувлар тобора кучайиб бораётгани, турли давлатлар ва минтақаларда низо ва келишмовчилик алангаланаётганини кўриб турибмиз. Ҳушёр ва огоҳ яшашни ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. Бу фарзандларимизнинг эртанги куни учун, дориломон кунларни туҳфа этган мустақиллигимизни асраш ва мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамиятга эга.

— Ҳар тонг фарзандларимиз, ўзимизнинг хотиржам уйғонишимиз тинчлик сабабдир, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўр­сатган артист Фатхулла ­Маъсудов. — Тинчлик бўлмаган юртда фарзандлар юзида кулгу бўл­майди, мактаблар очилмайди, одамлар ишга, бирон-бир жойга саломат бориб келолмайди. Бундай мамлакат парокандаликка юз тутади. Шукрки, фарзандларимизни боғчага, мактабга хотиржам кузатяпмиз. Болалигимни, ўша ўтган оғир кунларни яхши эслайман. Тўйиб гўшт емасдик. Бугун тўкинчилик, дас­турхонимизда қут-барака. Ёш­ларга, фарзандларимизга истиқлолни кўз қорачиғидек асрашни, Мустақиллик биз учун олий неъмат эканини янада чуқурроқ ҳис қилишни ўргатсак, унинг моҳиятини теран англатсак, юртимизда озодлик шукуҳи барқарор бўлади.

— Ғоят улкан табиий, минерал хомашё ва меҳнат ресурсларига, юксак салоҳиятга эга бўлишига қарамай, республикамиз собиқ иттифоқ даврида аҳоли турмуш даражаси, ижтимоий ва гуманитар соҳалар ривожи бўйича охирги ўринлардан бирида турганини ҳаммамиз яхши биламиз, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Алишер Равшанов. — Бундай шароитда иқтисодиётнинг ҳалокатли равишда инқирозга юз тутиши ва инфляциянинг ўта кескин даражада ўсиб кетишига чек қўйиш, хўжалик, ишлаб чиқариш ва молиявий алоқаларнинг бутунлай издан чиқишининг олдини олиш, ишсизликнинг янада ортиб кетишига йўл қўймаслик фавқулодда долзарб масалалар эди. Узоқни кўзлаб амалга оширилган ишлар ҳаётий самараларини берди. Тарихан қисқа даврда мамлакатимиз иқтисодиёти 5,5 баробардан кўпроқ ўсгани, аҳолининг реал даромадлари жон бошига ҳисоблаганда қарийб 9 баробар ошгани, биз учун мутлақо янги бўлган автомобилсозлик, нефть ва газ ким­ёси, нефть-газ машинасозлиги, замонавий қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати каби соҳа ва тармоқларга асос солингани фикримизга мисол бўлади.

— Ҳар бир соҳадаги туб ўзгариш ва янгиланишлар юрт­дошларимизнинг маънавиятидаги, тафаккуридаги янгича қарашлар билан уйғун тарзда намоён бўлаётгани қувонарли, — дейди Ангрен кўмир саноати касб-ҳунар коллежи ишлаб чиқариш таълими устаси Дилдора Файзуллаева. — Айниқса, ёшлар ҳуқуқий билимларни чуқур ўрганишга интилмоқда. Чунки юртимизда ҳар бир одам қонуний ҳуқуқларидан фойдаланиш имконига эга. Биз ўз халқига таянч бўла оладиган мус­тақил Ватанда яшаётган, мамлакатимиз гуллаб-яшнаётганидан бахтиёр ва саодатли авлодмиз. Ўз танлаган соҳамизда билим ва иқтидоримизни намоён этишни фарзанд­лик бурчимиз, деб биламиз.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.