11.08.2015

ЎЗ ИШИНИ ЙЎЛГА ҚЎЯМАН, ДЕГАН ОДАМГА ҲЕЧ ҚАНДАЙ ТЎСИҚ БЎЛМАЙДИ

Олий Мажлис Сенатининг жорий йил 6-7 август кунлари бўлиб ўтган ялпи мажлисида мамлакатимизда социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга ҳамда фуқаролик жамиятини шакллантиришга кўмаклашадиган бир қатор қонунлар кўриб чиқилиб, маъқулланди. Шулардан бири «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишонч­ли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонундир.

Аввало, шуни таъкидлаш керакки, мазкур қонун мамлакатимизда кичик бизнес кафолатлари янада мустаҳкамланишида, аҳолининг бандлик даражаси ошишида долзарб аҳамият касб этади.

Ҳар қандай мамлакатнинг бугуни ва келажаги бевосита иқтисодий барқарорликка бориб тақалади. Иқтисодий жиҳатдан бақувват давлатда тараққиёт тезлашади, соҳалар ривожланади ва аҳоли яхши шароитларда меҳнат қилиб, турмуш кечиради. Шу боис мамлакатимизда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, бу борадаги ислоҳотларни янги ва янада юқори босқичга олиб чиқишга жиддий эътибор қаратилмоқда. 

Жорий йилнинг май ойида Президентимизнинг хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик ривожи йўлидаги ғов ва тўсиқларни олиб ташлаш, бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини стратегик асосланган даражага қадар қисқартириш ва рақобат муҳитини таъминлашга қаратилган муҳим Фармони қабул қилинди.

Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги мазкур Фармон мамлакатимизда хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги роли ва мавқеини тубдан ошириш, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини кўпайтириш учун зарур шарт-шароит яратишда долзарб аҳамият касб этмоқда.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун Президентимиз фармони асосида ишлаб чиқилган ва унда белгиланган мақсад-вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Мазкур қонун билан давлат рўйхатидан ўтказиш, бизнес юритиш тартиби, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари билан ўзаро муносабатлардан тортиб то уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек, жавобгарликни эркинлаштиришга қадар тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатларига оид қонун ҳужжатларига ўз­гартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Солиқ, Меҳнат, Фуқаролик, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал, Уй-жой ва Ер кодекс­ларига, шу­нинг­дек, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Деҳ­қон хўжалиги тўғрисидаги», «Хўжалик юритувчи субъектларнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги, «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги, «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги ҳамда «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги каби қонунлар шулар жумласидандир.

Уларга кўра, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширувлар режали тарзда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилиши, молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кунидан ошмаслиги керак. Тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат сўнгги текширувдан кейинги даврни қамраб олиши ҳамда қўзғатилган жиноий ишлар муносабати билан хўжалик юритувчи субъектлар фаолия­ти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъект жалб этган адвокатлар иштирокида амалга оширилишининг белгилаб қўйилиши юртимизда бизнес муҳитини янада ривожлантиришга хизмат қилиши муқаррар.

Шунингдек, қонунда тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилгани ва ноқонуний аралашгани учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтириш бўйича аниқ меъёрлар белгилаб қўйилди. Эндиликда бундай мансабдор шахслар хўжалик юритувчи субъектлар молиявий-хўжалик фаолияти бўйича текширув ва тафтиш ўтказиш тартибини, давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузганлик, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар фаолия­тини ва уларнинг банк ҳисоб варақлари бўйича амалиётларни ноқонуний тўхтатиб қўйганлик учун маъмурий жавобгар бў­лишади.

Бундан ташқари, мансабдор шахслар тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган бинолар ва бошқа иншоотларни шу мулкнинг бозор қийматини қопламасдан бузиб ташлаганлик, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоб варақларидаги мавжуд пул маблағлари тўғрисида ахборотни асоссиз равишда талаб қилганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектларни хайрия ишлари ва пул маблағлари ажратиш билан боғлиқ бошқа тадбирларга мажбурий жалб қилганлик учун ҳам маъмурий тарзда жавоб бериши белгиланди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига «Тадбиркорлик фаолиятига тўс­қинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилувчи бошқа жиноятлар» номли ўз ичига ўнта моддани олган янги XIII1 боб, бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 11 моддадан иборат бўлган XVI1 бобнинг киритилиши қонунчилигимизда муҳим янгилик бўлди.

Тадбиркорлик фаолияти эркинлигини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни кўп маротаба бузган мансабдор шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик чоралари ҳам қўлланилади.

Кўриниб турибдики, қонунчилигимизда хўжалик юритиш субъектларининг ҳуқуқлари ва қо­нуний манфаатларига дахл қи­ладиган барча ҳуқуқбузарликлар учун, жумладан, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, ноқонуний аралашганлик учун жавобгарликнинг кучайтирилиши хусусий мулкни ҳимоя қилишнинг кафолатлари мустаҳкамланиши учун кенг йўл очади. Бу билан жойларда ишлаб чиқариш янада ривожланади, соҳалар тараққий этади ва янги иш ўринлари яратилади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур Қонун пар­тия­миз Сайловолди дастурида белгиланган қатор вазифалар амалга ошишига, ўз ишини йўлга қўйиш ниятидаги электоратимиз вакилларининг интилишини янада кучайтиришга, янги иш ўринлари очилиши учун янада кенг шароит яратилишига хизмат қилади. Демак,  халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги пар­тия­миз гуруҳлари аъзолари билан ҳамкорликда мазкур қонун мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш бўйича тарғибот ишларини изчил йўлга қўйишимиз талаб этилади.

 

Қаҳрамон МИРЗАЕВ,

Фарҳод УМАРОВ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзХДП фракцияси аъзолари.



DB query error.
Please try later.