08.08.2015

ТИЛСИМ ТОF ХАЗИНАЛАРИ

Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи 5 ёшда

ЭЗГУ НИЯТ

Деҳқонободга йўлга тушишдан олдин вилоят «Нуроний» жамғармаси кенгаши раиси, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Январ ака Иноятовга учрашдим. Чунки у киши Деҳқонободни яхши билади.

— Бугунги юксак тараққиёт, эришилаётган ҳар бир ютуқнинг асоси бор. Ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ,—  деди у. — халқимиз кўп оғир ва мушкул кунларни бошдан кечирди. Эсимда, вилоятда ишлаётган кезларида Ислом Абдуғаниевич Деҳқонободга кўп келиб, аҳволимиздан хабар олардилар. Мен туман раҳбари эдим. Бир гал четдан меҳмон олиб келдилар. «Бу тоғларни гўё инсон бунёд этгандай туюлади. Бироқ одам қўли тегмаган. Вақти келадики, ана шу тоғлар бағридаги хазиналар халқимизга хизмат қилади», дегандилар ўшанда. Қаранг, бу қутлуғ ният рўёбга чиқди. Уни шу гапларни айтган инсоннинг ўзи амалга оширди...

АВВАЛ ЙЎЛ

— Мен корхонамиз яқинидаги Откамар қишлоғида туғилиб, ўсдим. Ана шу тоғ ёнбағирлари, адирларда мол боқиб юрардик, — дейди Деҳ­қонобод калийли ўғитлар заводи цех бошлиғи ўринбосари Жуманазар Бердиёров. — Қишлоқ кайвонилари ўтмишнинг оғир йилларини ҳикоя қилишарди. Кексалар «шу тоғларда хазина бору, тилсимланган», деб уқтиришарди, тоғ кўзимизга сеҳрли кўринарди. Мен ёшликдан илмга қизиқдим. Миллий университетнинг агрокимё факультетини тугатдим, 2012 йилда заводга ишга келдим. Ҳозир биргина қишлоғимиздан 100 нафардан зиёд йигит-қиз шу корхонада меҳнат қилади. Бу корхона мус­тақиллигимизнинг меваларидан биридир. 

Ҳа, дарҳақиқат,  ўтган асрда шу тоғларда йирик сильвинит минераллари захираси борлиги аниқланган бўлса-да, ҳеч ким катта ишга  қўл уришга ботина олмасди. Бунга рухсат олиш, қурилишга маблағ ундириш осон иш эмасди. Мус­тақиллик берган имконият туфайли тоғ тилсимига калит топилди.

Аввал йўл керак эди. Қутлуғ режалар билан ана шу ишга — 223 километрлик «Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон» темир йўлини қуришга киришилди. Улкан ва тенги йўқ иншоот 33 ойда ишга туширилди. Қурувчилар денгиз сатҳидан 1800 метр баландликда, мураккаб тоғ шароитида матонат билан меҳнат қилишди, 43 та кўприк, 564 сувўтказгич мослама барпо этилди. Кўприклардан 9 таси денгиз сатҳидан 1500 метр баландликда бунёд этилганининг ўзиёқ буюк бунёдкорлик ҳикоя­сидир.

«Амалга оширган бу буюк ишларимизнинг энг муҳим аҳамияти ва моҳияти шундаки, биз — ўзбек халқи ўз куч-қудратимиз, қурбимиз ва нималарга қодир эканимизни яна бир бор намоён этдик», деган эди Президентимиз 2007 йил 24 августда темир йўлнинг ишга туширилишига бағишланган тантанали маросимда. Яна шундай деган эдилар: «Янги темир йўл фойдаланишга топширилиши билан Қаш­қадарё вилоятидаги Тепақўтон калий туз кони асосида Деҳ­қонобод калийли ўғитлар заводининг қурилиши лойиҳасини тайёрлаш ва унга хорижий мамлакатларнинг инвестицияларини жалб этиш бўйича ишлар бошлангани бунинг далилидир».

...Темир йўлдан юклар, ускуналар кела бошлади, катта ишлар бошлаб юборилди...

Кун тиккага келган. Тепа­қўтон тоғ-кон мажмуида иш қизғин. Узоқдан маъмурий бинолар, кучли юк машиналарига руда ортаётган экскаваторлар кўзга ташланади.

2010 йил июнь ойида конда бўлганимда 250 метр чуқурликка тушган эдим. Тоғ-кон мажмуида ўшанда 1-босқич режасига кирган 2 та ствол-лаҳим қазилган, рудани таш­қарига олиб чиқадиган конве­йер тайёр бўлган эди. Ҳар бир лаҳимнинг узунлиги 2,5 километр­дан ошади. Бу йилига 700 минг тонна рудани таш­қарига қазиб чиқариб олиш имконини беради. Эндиликда россия­лик ҳамкорлар 3-ствол, яъни лаҳимни қазиб боришяпти. Натижада бу орқали йилига 1 миллион 400 минг тонна рудани қазиб чиқариш имкони яратилади. Ҳозиргача ер­ости лаҳимларининг узунлиги 120 километрдан ошибди. Энди нуқул тоғ-тошдан иборат конда шунча узунликдаги ерости лаҳимларини қазиш, техникаларни ўрнатишни тасаввур қилиб кўринг...

Мана, яна ерости конига тушаяпмиз. Кучли «УВАЗ» машинаси пастликка қараб ҳаракатланади. Лаҳимда ёнма-ён иккита машина юра олади. Баъзи жойларда бурилиш «ка­мар»­лари ҳосил қилинган. Қар­шидан машина келиб қолса, шу «камар»ларга бурилиб, йўл бўшатиш мумкин экан. Девор ёқалаб қалин қопламали кабеллар тортилган, чунки барча техника воситалари электр токи орқали ҳаракатланади. Қазиб чиқарилган рудани конвейерларга ағдараётган ўзи­юрар вагонлар олдига яқинлашамиз. Руда лентали конвейер орқали ташқарига узатилмоқда. Ўтган гал лаҳимда намлик, оёқ остида сув хал­қобларига кўзим тушган эди. Бу гал ерости сизот сувлари тўпланаётган ҳовузларни кўрдим. Ўта кучли насослар ёрдамида сизот сувлари ташқарига чиқариб юборилмоқда. Бу ерости кони хавфсизлигини таъминлайдиган муҳим тадбирлардан бири. Шунинг учун бу ишлар қатъий назорат қилинаяпти.

Умуман, газетхонларимиз тасаввури учун айтиш лозимки, кондаги сильвинит минераллари қатлами жуда катта. Соф ҳолда учрайдиган бундай минераллар дунёда ноёб саналади. Ана шу қатламларни 94 тонна оғирликдаги «Урал-20» русумли 6 та комбайн ёриб-парчалаб, руда ажратиб бермоқда. Ҳозир «Урал-10» русумли комбайндан ҳам фойдаланилаётган экан.

Қарийб 400 метр чуқурлик белгисига етиб келдик. Узоқдан хирароқ чироқлар кўзга ташланди. Машинадан тушиб, яна 250-300 метрлар чамаси юриб бордик. Туз чанги аччиқроқ бўларкан. Ҳамроҳ бўлган мутахассислар «чуқур-чуқур нафас олаверинг, фойдали», дейишади кулиб. Чанг тарқайди. Ўтган гал бу ерда россиялик комбайнчи Игорь Малин ишлаётганини кузатган, у билан суҳбатлашган эдим. Бу сафар барча техникани ўзимизнинг йигитлар бош­қаришмоқда.

— Деҳқонобод туманининг Белибойли қишлоғида туғилиб, ўсганман, — дейди кучли қўллари билан кўришар экан комбайнчи Ўткир Менглиматов. — Тошкент политехника институтини битирдим, муҳандисман. Биз 21 киши Пермь шаҳрида тажриба ўрганиб келганмиз. Бу комбайн анча мураккаб, бош­қариш илм ва малака талаб қилади. Бурғилари ўта қаттиқ маъдандан ясалган. Фақат тўғридагини эмас, балки икки ён, тепа ва паст қисм­даги рудани ҳам қўпориб бераверади. Режани ортиғи билан уддалаяпмиз. Шавкат Сафаров, Абдиҳомид Алламуродов каби маҳоратли комбайнчиларимиз бор. Биз шу конда ишлаётганимиз, юртга нафимиз тегаётганидан фахрланамиз...

Комбайнчи жилмаяди. Ке­йин яна гувиллаган овоз чиқади, қўпорилаётган руда махсус «новлар» орқали Тоҳир Ғойипов бошқараётган, 15 тонна юк кўтарадиган ўзи­юрар вагонга юкланади. Тоҳиржон ҳам олий маълумотли мутахассис. Кон устаси Улуғбек Мавлонов, участка бошлиғи Амир Хўжақулов, унинг ўринбосари Жаҳонгир Йўлдошев ҳам малакали мутахассислардан.

Ортга қайтамиз. Энди машинамиз юқорига қараб ўрмалай бошлайди. Анча юргач, узоқдан ёруғлик кўринади ва ниҳоят ташқарига чиқамиз. Тўйиб-тўйиб тоза ҳаводан нафас оламан. Тепақўтон тоғ-кон мажмуи бошлиғи Илҳом Жумаев билан суҳбатлашамиз. Унинг айтишича, калийли сильвинит минераллари дунёда кам учрар экан. Шунинг учун Канада, Германия, Хитой, Испания, АҚШ, Беларусь, Англия, Бразилия, Чили каби 14 давлат сафига Ўзбекистонимиз ҳам қўшилибди. Тепақўтонда камида 215 миллион тоннадан ошадиган сильвинит захираси бор экан. Захира жиҳатидан дунёда 10-ўриндамиз. Айни пайтда тоғ-кон мажмуида 320 киши меҳнат қилаяпти. Улардан 200 нафари бевосита руда қазиб чиқаришда иштирок этмоқда.


КАЛИЙЛИ ЎҒИТ ВА АҚЛЛИ РОБОТЛАР

Кун оға бошлаганда катта жойни эгаллаган қайта ишлаш корхонасига етиб келдик. Бош дарвозанинг пештоқига «Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи» унитар корхонаси, деб ёзиб қўйилган. Шу жойгача тоғ-конидан руда юк машиналарида ташиб келтирилмоқда. Масофа — камида 42-43 километр.

Эсимда, беш йил бурун, корхона ишга тушиш арафасида келганимда, кўп иш ниҳоясига етган эди. Электр тизими яратилган, нимстанциялар ўрнатилган, Пачкамар сув омборидан кучли насослар ёрдамида сув чиқариб келинганди. Корхонанинг 1-босқичидаги қурилишини Хитой Халқ Республикасидаги ҳамкоримиз — «СИТИК» компанияси олиб борди. Корхонанинг биринчи босқичи йилига 200 минг тонна калийли ўғит ишлаб чиқариш қувватига эга эди.

Президентимизнинг 2011 йил 17 ноябрдаги «Деҳқонобод калийли ўғитлар заводининг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш 2-босқич инвестицион лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ бунёдкорлик ишлари давом эттирилди. Жами 254,3 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция дастури амалга оша бошлади. Бу ишлар Қашқадарё вилоят саноати салоҳиятини ошириш Давлат дастурига ҳам киритилган эди. «ЗУМК Инженеринг» компания­си эса йирик электр узатиш тармоғи, «Осма йўл» ва тоғ-кон мажмуига 3-ствол лаҳим қурилишини давом эттирмоқда.

Ҳа, энди корхонанинг қайта ишлаш қуввати йилига 600 минг тонна калийли ўғит тайёрлашга бемалол етади. Заводнинг цехлари, омборлари, бошқа иншоотлари янада кенгаяди. Агар тепадан қаралса, кон улкан ари инига ўхшайди. Туманнинг қир-адирлари бағри, тоғ-тошга ёндош жойда ҳарорат кўтарилганда, дарахтзор, гулзорлар ҳавони тозалаб, юмшатиб туради. Корхонанинг маъмурий-хўжалик бўлими мудири Жуманазар Жўраев бу борада тинмай жон куйдираяпти. Экилган дарахтлар аллақачон бўй кўрсатиб қолган. Бу ерда ўз ишидан, ҳаётидан рози кўплаб ажойиб кишиларни учратдим. Шулардан бири — корхона ишлаб чиқариш-техник бўлими бошлиғи Баҳодир Бойназаровдир. У малакали муҳандис, ташкилотчи, жонкуяр йигит экан.

Унинг фикрича, калийли ўғит таркибида хлор бўлса-да, тупроқни зарарламайди. Шўр тупроқли ерлар учун ҳам, мевали дарахтлар учун ҳам фойдали. Дунёнинг тараққий этган мамлакатларида унга талаб катта. Кузатишлар шуни кўрсатганки, калийли ўғит солинган пахтазорнинг 1 гектарида ҳосилдорлик 7-8 ва ғаллада 14-15 центнергача ошган.

— Биз тайёрлаётган ўғит таркибида 40 фоиздан 60 фоизгача алмаштирувчи калий мавжуд, — дейди у. — Мен ўзим «Беларуськалий» компаниясига ёш мутахассислар, ишчиларни тажриба ўрганиш учун олиб борганман. Ниҳоятда улкан корхона. Умуман, сильвинит рудасидан калий ажратишнинг икки — галургия ва флотация усули мавжуд. Галургия усулида руда 100 даражали ҳароратга етган сувда эритилади. Биз қўллаётган флотация усули бирмунча мураккаб. Бунда сувга керакли аралашмалар қўшилади ва калий хлор юзага кўпик ҳолда ҳосил бўлади. Яхшиси, ўз кўзингиз билан кўринг...

Аввал хомашё омборига келдик. Юк машиналарида ташиб келтирилаётган руда шу жойдан тегирмонга узатилаяпти. Ўта катта қувватли тегирмонда руда 1 миллиметргача майдаланаяпти. Тегирмон соатига 150-180 тоннагача рудани эзиб бера олар экан. Шу жойдан конвейер орқали элакларга узатилмоқда. Эланган хомашё бункерлардан «қозонлар»га тушади. Кўпиклантирилган калийли ўғит сузиб олинаркан, совитиларкан, яна фильтр-сиздиргичдан ўтказиларкан. Чиқинди алоҳида тўпланиб, юк машиналарига ортиларкан ва тоғ-кон мажмуига ташиб кетиларкан...

Марказий бошқарув марказида бутун жараённи кузатиб бораётган Абдимўмин Янгибоев ва бошқаларнинг иши билан танишдик. Ундан қадоқлаш бўлимига ўтдик. Бу жойда бир дақиқада 50 килолик 12 қопга ўғит жойланяпти. Тайёр маҳсулотлар омборида Японияда ишлаб чиқарилган роботлар қадоқланган қопларни тахлаяпти. Умуман, бир сменада 600 тоннагача ўғитни қадоқлаб «Ўзбекистонда, Деҳ­қонобод калийли ўғитлар заводида тайёрланган» тамғаси босилган қопларга жойлаштириларкан. «Бу роботлар жуда ақлли», дейди кулиб иш устаси Ражаб Шукуров.

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ

Корхонада ишчи, инженер-техник ходимлар ижтимоий ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёруғ ва шинам 170 ўринли ошхонада сифатли таомлар  тайёрланмоқда. Тиббиёт маркази замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Ишчилар ётоқхонаси, 10 та ҳовли-уй қу­рилган. Кейинги пайтда 210 та намунали уй қурилди. Боқувчисини йўқотган 5 оиланинг уй олиши учун иқтисодий кўмак берилди. Бу ерда обод гузарни, уйларни кўриб, кўз қувнайди. Улардан бирида корхона техник назорат бўлими ходими Хурсанд Бердиева оиласи билан истиқомат қилаяпти. Хонадон газ, электр, сув билан таъминланган. Корхона ён-атрофдаги қишлоқларни ободонлаштириш, мактабларни таъмирлашга ҳам ҳомийлик қилмоқда. Завод директори Ҳамидулло Шерматов эса ЎзХДПдан Қашқадарё вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган.

— Корхонамиз иши билан танишиб чиқдингизми? — мулойимлик билан сўрайди у. — Мен яқинда Россияга, ҳамкорларимиз ҳузурига хизмат сафари билан бориб келдим. Ўзингиз биласиз, тоғ-кон мажмуидан рудани ташиб келтириш қимматга тушаяпти. Ҳамкорларимиз айни пайтда «Осма йўл» барпо этишмоқда. Йўлнинг қуввати соатига 340 тоннани ташкил этади. У йилига қайта ишлаш цехлари учун зарур бўлган 2,1 миллион тонна рудани ташиб келтиради ва чиқиндини яна ортга ташиб кетиш вазифасини бажаради. Бу орқали харажатлар қарийб 3 баравар камаяди...

Янги раҳбарнинг саъй-ҳаракатлари бежиз кетмаяпти. Корхона тобора ривожланиб  бораяпти. Унинг маҳсулотлари Хитой, Қозоғистон, Грузия, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Арманистон, Вьетнам, Малайзия, Озарбайжон каби ўнлаб мамлакатларга экс­порт қилинмоқда. Харидорлар кўпайиб бораяпти.

Корхона иш бошлаганига 5 йил тўлди. Энди айрим сар­ҳисобларни тилга олса бўлади. Иш бошланганидан шу кунгача 862 минг тоннага яқин маҳсулот ишлаб чиқарилди. Жами 608 минг тоннадан ошиқ калийли ўғит экспорт қилинди. Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги учун 204 минг тоннадан зиёд қимматбаҳо ўғит етказиб берилди. Бу йилги олти ойлик режалар ҳам ортиғи билан бажарилди. 2016-2018 йилларда янги маҳсулот — йилига 10 минг тоннагача калий гидрооксиди ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу — маҳсулот хлорсиз ўғит тайёрлаш, фармацевтика соҳасида зарур хомашё. Йилига 100 минг тонна техник туз ва оқ калий ишлаб чиқариш режалари ҳам тузилган.

— Муҳтарам Президентимизнинг орзулари амалга ошди, Деҳқонобод заводи дунё­даги калийли ўғит ишлаб чиқарадиган йирик корхоналар қаторидан муносиб ўрин олди. Истиқболда янги режалар бор, корхонамиз янада ривожланади, иқтисодий қуввати ошади, юртимиз тараққиётига хизмат қилади, — дейди Ҳамидулло Шерматов...

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.