08.08.2015

АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Мирзахмат ШОИМОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони, ЎзХДП фаоли:

— Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишонч­ли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун маъқулланди. Мазкур ҳужжат мамлакатимизда кичик бизнес кафолатларини янада мустаҳкамлашда, аҳо­лининг бандлик даражасини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади, уни тасарруф этади.

Истиқлол йилларида юртимизда хусусий мулк дахлсизлиги муҳофазасига оид пухта ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратилди, хусусий мулк ролини ошириш ҳамда унинг ҳимояси, ишбилармонлик муҳити ва бизнес юритиш шароитларини янада яхшилашга қаратилган қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик нафақат даромад манбаи, балки одамларнинг ижодий ва интеллектуал қобилиятини рўёбга чиқариш воситаси ҳамдир. Мазкур соҳа ҳар бир кишига ўз истеъдоди ва имкониятларини намоён этиш учун замин яратмоқда. Бу ташаббускор, омилкор, мустақил фао­лият юрита оладиган, ўз олдига қўй­ган мақсадларига эришишга қодир инсонлар тоифасини шакл­лантиришга хизмат қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ўрта синфни шакллантириш учун мунтазам кенгайиб бораётган база бўлиб хизмат қилмоқда. Ўрта синф эса маълумки, ҳар қандай демократик жамиятнинг муҳим асоси ҳисобланади.

Шу ўринда бир рақамни айтиб ўтиш керак. Бундан 25 йил аввал Ўзбекистонда хусусий тадбиркорлик деярли йўқ эди. Бугун эса мавжуд барча хўжалик субъектларининг 90 фоиздан ортиғини кичик бизнес корхоналари ташкил этмоқда. Ҳозирги кунда ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоизи, ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг 23-24 фоизи ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 98 фоизи айнан шу соҳа ҳиссасига тўғри келмоқда. Хусусан, Сирдарё вилоятида ҳам кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 65 фоиздан ортиқни ташкил қилмоқда.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун давлат бошқарувининг турли даражаларида, фуқаролик жамияти институтларида амалиётчилар ҳамда олимларни жалб этган ҳолда кенг ва амалий муҳокама қилинди. Шу нарса алоҳида қайд этилдики, Қонундаги меъёр ва қоидалар нафақат ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда, балки мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш, рақобатбардош ишлаб чиқаришни ташкил қилиш орқали экспорт имкониятларини кенгайтиришга замин яратади. Энг муҳими, қонун аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Қонунга асосан, масалан, Солиқ кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимча киритилмоқда. Унга кўра, якка тартибдаги тадбиркорларга, фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир  ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари Пенсия жам­ғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчи ёллаш ҳуқуқини амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Бу тартиб якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини янада кенгайтириш ва ривожлантириш имкониятини яратибгина қолмасдан, уларга янги ходимларни ёллаш ҳуқуқини беради. Бу эса аҳолини, айниқса, коллеж битирувчиларини ўзи эгаллаган ихтисослиги бўйича иш билан таъминлаш, уларнинг ижтимоий таъминотини яхшилашда муҳим роль ўйнайди.

Ўйлайманки, қонунда белгиланган меъёрлар ҳаётга изчил жорий этилишида ҳар бир сенатор фаоллик кўрсатиши, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан мустаҳкам ҳамкорликда иш олиб бориши керак бўлади. Зотан, ҳар қандай қонун ижроси билан кучлидир.



DB query error.
Please try later.