08.08.2015

НАЗОРАТ-ТАҲЛИЛ ФАОЛИЯТИ

қонун ижодкорлигида, парламент назоратини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг жорий йил 23 январь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш масаласига эътибор қаратиб, парламентнинг икки палатаси яхлит тизим, мамлакатимизнинг ягона қонунчилик органи эканлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Агар кенгроқ мушоҳада қилиб кўрилса, бу фикрларнинг асоси, мазмун-моҳияти чуқур экани маълум бўлади. Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлиси нафақат қонун чиқариш ваколатига эга, шу билан бирга, ривожланган давлатлар парламентлари каби назорат қилиш ҳамда вакиллик функ­ция­сини ҳам бажаради.

Шу ўринда миллий парламентимиз томонидан қонунлар ижросини назорат қилиш, уларни ҳаёт талаблари даражасида такомиллаштириб боришда палаталарнинг қўмиталари томонидан амалга ошириладиган назорат-таҳлил фаолияти ва унинг аҳамиятига тўхталсак.

Таъкидлаш жоиз, ўтган йиллар давомида парламент қўмиталари бу йўналишда муайян ишларни амалга оширди. Би­роқ давлатимиз раҳбарининг палаталар фаолиятига парламент назоратининг замонавий усулларини татбиқ қилиш, жумладан, давлат бюджетини шакл­лантириш ва мамлакатимизнинг ушбу муҳим иқтисодий ҳужжати ижросини назорат қилишнинг замонавий усулларини жорий этиш муҳим вазифалардан бири эканлиги ҳа­қидаги фикрлари палаталар қўмиталарининг олдига ҳам мазкур соҳадаги ишларни янада такомиллаштириш вазифасини қўяди.

Муболағасиз айтиш мум­кин, қонунлар ижросини назорат қилиш ва уларнинг самарадорлигини ўрганишда қўмиталарнинг назорат-таҳлил фаолияти муҳим ўрин тутади.

Албатта, табиий савол туғилади. Хўш, Қўмиталар томонидан олиб бориладиган назорат-таҳлил фаолия­тининг мақсад ва вазифалари нималардан иборат?

Булар — қабул қилинган қонунлар ижросини ўрганиш, қонунларнинг амалиёт­да қўлланилишига таъсир этувчи муайян омилларни аниқлаш, камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсияларни ишлаб чиқиш, назорат-таҳлил натижаларига асосан амалдаги қонунларни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар, яъни қонун ло­йиҳасини ишлаб чиқиш каби жараёнларни ўз ичига олади.

Шу ўринда парламент назорати институтининг халқ­аро тажрибасига ҳам қисқача тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлаймиз.

Умуман, жаҳон парламентлари амалиётида назорат вазифаси турлича намоён бўлади ва у давлат тизимининг ўзига хослигини акс эттиради. Парламент назорати ҳукуматнинг бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботларида, жорий масалалар бўйича ахборотларда, парламент муҳокамаларида, депутатлар сў­ровлари ва бошқа воситалар орқали намоён бўлади.

Мамлакатимиз қонун чиқарувчи ҳокимиятининг тўғридан-тўғри ваколати ҳисобланган парламент назоратини амалга оширишда унинг қўмиталари томонидан олиб бориладиган назорат-таҳлил фаолияти алоҳида ўринга эга.

Фикримизча, Олий Мажлис палаталари қўмиталарининг назорат-таҳлил фао­лия­тида ўзаро ҳамкорликнинг самарадорлигини янада ошириш учун айрим масалаларга эътибор қаратилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Яъни, палаталар қў­миталари ҳисобот йили учун қонунлар ижросини назорат-таҳлил фаолияти асосида ўрганишни режалаштираётганда, энг аввало, қо­нунларнинг ижросига оид муаммолар мавжудлиги фактидан келиб чиқиши керак, деб ўйлаймиз.

Бунинг учун тегишли вазирлик ва идоралар билан мунтазам равишда ахборот алмашиб туриш, шу орқали қонунларнинг қўлланиш амалиёти ва ижросига оид масалалар ҳа­қида маълумотларга эга бўлиш тақозо этилади. Қо­нунлар ижроси бир неч­та ҳудудда ёхуд тармоқлар мисолида ўрганилса, қўмиталарнинг назорат-таҳлил фаолияти самарадорлиги янада ошади.

Қўмиталар томонидан олиб борилган назорат-таҳлил фаолияти якунига бағишланган мажлисда ижроси ўрганилган қонуннинг амалиётда қўлланилишида қандай муаммолар мавжудлиги, хато ва камчиликлар, йўл қўйилган қонунбузарликлар ҳақида фикр юритиш билан чегараланмасдан, аниқланган хато-камчиликларни бартараф этиш ва ижро механизмини такомиллаштиришга оид аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши долзарб масаладир. Шунингдек, қўмита томонидан ўтказилган назорат-таҳлил фаолияти якунида қабул қилинган қарор ижроси билан боғлиқ масалани албатта, қўмитанинг яна бир мажлисида муҳокама қилиш амалиётини жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Қўмиталарнинг назорат-таҳлил фаолияти якунига доир қарорларида фақат тавсиялар эмас, балки чуқур асослантирилган, қонун ижросини сўзсиз таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирлар, кўрсатмалар бўлиши долзарб аҳамиятга эга. Энг муҳими, ижроси ўрганилган қонунни такомиллаштириш, замон талабларига мувофиқлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, зарур бўлганда амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутадиган янги қонун лойиҳасини тайёрлаш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.

Бундан ташқари, муайян қонун ижроси билан боғлиқ назорат-таҳлил натижаларидан қонун ижодкорлиги жараёнида кенг фойдаланиш мақсадида таҳлилий умумлашма, тар­қатма материаллар ва рисолалар тайёрлашни йўлга қўйиш фойдадан холи бўл­майди. Қонунларнинг ижросини ўрганиш юзасидан ўтказилган назорат-таҳлил натижаларига асосан мутасадди вазирлик, давлат қўмиталари ёки алоҳида мансабдор шахсга парламент сўрови юбориш ҳам яхши самара бериши мумкин. Агар палаталар қўмиталарининг ўзаро келишувига мувофиқ, ҳисобот йилида муайян қонун ижросини ўрганиш зарур, деб топилса, уни қоида тариқасида иккита алоҳида ҳудудда ёки тармоқда ўрганиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ўрганиш якунларига бағишланган қўмиталарнинг мажлислари биргаликда ўтказилса, бу самарадорликни янада оширишга хизмат қилади.

Қўмиталар томонидан олиб бориладиган назорат-таҳлил фаолияти якунлари оммавий ахборот воситаларида маълумот сифатида эмас, балки илмий-назарий, таҳлилий ва амалиёт билан узвий боғлиқ тарзда кенг ёритилса, парламент назорати институтига оид махсус эшиттириш, кўрсатувлар, рукнлар ташкил этилса, бизнингча, булар ҳам парламентнинг ҳаётимиздаги аҳамияти ва таъсир кучини оширишга янада кенг шароит яратади. 

 

Абдуманноб РАҲИМОВ,

юридик фанлар номзоди.



DB query error.
Please try later.