06.08.2015

ХАЛҚИМИЗНИНГ ХОҲИШ-ИРОДАСИ РЎЁБГА ЧИҚИШИ

кўп жиҳатдан сиёсий партияларнинг фаоллиги, ташаббускорлиги ва амалий ишларига ҳам боғлиқ

Мамлакатимизда демократик давлат қуриш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосларини яратиш йўлида амалга оширилган кенг кўламли ишлар аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалишига, фуқароларнинг сиёсий онги ва маданияти ошишига, асосийси, уларнинг давлат бошқарувида иштироки кучайишига замин яратди.

Табиийки, бундай жараёнда сиёсий партияларга, уларнинг депутатлик бирлашмаларига талаб янада ошади. Ҳар бир партия, унинг ташкилотлари, депутатлар фаол бўлиши, халқимиз хоҳиш-иродасини юзага чиқариш учун амалий ташаббусларни илгари сурмоғи тақозо этилади. ­Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши фаолиятида бу масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маҳмуджон МАҲКАМОВ, ЎзХДП Фарғона вилояти кенгаши раиси:

— Шу кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида мамлакатимиз Мус­тақиллигининг 24 йиллигига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори асосида истиқлол йилларида қўлга киритилаётган улкан ютуқларимизнинг туб моҳияти ва аҳамиятини кенг очиб беришга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Айтиш керакки, мустақиллик йилларида кўппар­тия­вийлик тизими ривожланмоқда, сиёсий партиялар, фуқаролик институтларининг ҳам фаоллиги ошмоқда. Бу демократик ислоҳотлар муваффақиятини таъминловчи муҳим асослардан ҳисобланади. Бугун вакиллик ҳокимияти – парламент, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳуқуқ ва ваколатлари жуда кенг. Юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларида таклифлар бериш, ташаббуслар билан чиқиш, айни пайт­да ўз позициямизни қатъий туриб ҳимоя қилиш бўйича янги-янги имкониятлар очилмоқда.

Биз ана шу имкониятлардан самарали фойдаланишимиз, бизга ишонч билдирган сайловчилар, хал­қимиз ишончига муносиб фаолият юритмоғимиз зарур. Бу жараёнда Олий Мажлис Қо­нунчилик палатасидаги 4, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги 17, туман ва шаҳар Кенгашларидаги 181 нафар депутатимиз асосий таянчимизга айланмоқда.

Электорат манфаатлари қай даражада самарали ҳимоя қилиниши кўп жиҳатдан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳларининг фаоллигига боғлиқ. Шу йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ХДП гуруҳлари ташаббуси билан вилоят Кенгаши доимий комиссиясида 3, шаҳар, туман Кенгашлари доимий комиссияларида 23 масала муҳокамага қўйилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Долзарб деб топилган 14 масала халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиясида кўриб чиқилди.

Яқинда бўлиб ўтган ЎзХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилиши қарорларидан келиб чиқиб, партиямиз ташкилотлари, депутатлар, бошланғич ташкилотлар олдида турган муҳим вазифаларни белгилаб олдик. Бу янада ташаббускор ва фаол бўлишимизда, одамларга фойдаси тегадиган амалий ишлар билан шуғулланишимизда муҳим аҳамият касб этади.

Рустамжон ДАВИДОВ, халқ депутатлари Қува туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

— Ҳудудларда электорат манфаатларини ҳимоя қилишда сиёсий партиянинг асосий кучи халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларидир. Кейинги йилларда маҳаллий вакиллик ҳокимиятидаги партия гуруҳларининг ҳуқуқ ва ваколатлари изчил кенгайиб бор­япти. Бугун ишимиз қай даражада самарали бўлиши ушбу ваколат ва имкониятлардан қандай фойдаланишимизга боғлиқ, албатта.

Яқинда партиямиз гуруҳи аъзолари туманда қизларнинг спорт билан шуғулланиши учун яратилган шароитларни ўрганиб чиқди. Бунинг учун малакали мутахассислар иштирокида ишчи гуруҳи тузилди. Бешта касб-ҳунар коллежи ва қишлоқ фуқаролар йиғинларида мониторинг олиб борилди. Ўрганишлар натижасида мутасадди ташкилотлар масъулияти билан боғлиқ айрим камчиликлар аниқланди.

Бугун туманда 6-18 ёшдаги 24500 нафарга яқин қиз бўлиб, уларнинг 2343 нафари спорт билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Қувадаги қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида бадиий гимнастика, қизлар курашини ривожлантириш учун мураббийлар, баъзи спорт турлари учун жиҳозлар етишмайди.

Таҳлил ва мониторинг натижалари умумлаштирилиб, халқ депутатлари Қува туман Кенгашининг «Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари» доимий комиссияси томонидан кўриб чиқилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Нафақат бизнинг туманда, балки бош­қа маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари ҳам электорат манфаатларига доир масалаларни чуқур ўрганиб, уларнинг ечимига қаратилган таклифларни илгари суришмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида партиямиз гуруҳлари ташаббуси билан «Аҳолига тиббий ва биринчи тиббий ёрдам хизмати кўрсатишнинг сифати тўғрисида» (Қувасой тумани), «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурининг халқ таълими муассасаларидаги ижроси тўғрисида» (Қўқон шаҳри), «2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси тўғрисида»ги (Ўзбекистон тумани) каби долзарб масалалар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларига киритилди ва тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди. Шу кунларда яна 14 масала юзасидан мониторинг, ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Уларнинг якунига кўра, депутатлик гуруҳлари доимий комиссия ва сессияларга масала киритишни режалаштирган.

Азимжон СУЛАЙМОНОВ, халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Депутат сайловчилар манфаатларига қаратилган ташаббусларни илгари суради, уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилади. Депутат қайсидир масалада мутасадди ташкилотларга сўров юбориш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат ўрнатиш, аниқланган масалани халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессиясида кўриб чиқиш учун таклиф киритиш ва бош­қа қатор ҳуқуқларга эга. Партиямиз гуруҳи аъзолари «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддасига кўра, депутатлик сўровидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари жорий йилнинг ўтган даврида 56 депутатлик сўрови юборган.

Мисол учун, 22-Хазиний сайлов округидан депутат Акрамжон Йўлбарсовнинг депутатлик сўрови асосида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бошқаруви томонидан Бағдод туманидаги Каримбобо маҳалласида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Асқарали Аҳмаджоновга мактабга бора олмагани сабабли уйда ўқиб ўрганиши учун компьютер жамланмаси берилди. 39-Ал-Хоразмий сайлов округидан депутат Бахромжон Ибрагимовнинг депутатлик сўрови асосида Марғилон шаҳар ҳокимлиги ва «Сув­оқава» ишлаб чиқариш корхонаси кўмаги билан Ўрта ўқчи маҳалла аҳолиси ҳамда ҳудуддаги фермер хўжаликларини сув билан таъминловчи қувурлар таъмирланди.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Амалдаги қонунларда депутатлик сўрови бўйича ижро ва асосли жавоб бериш муддатлари белгилаб қўйилган. ЎзХДП гуруҳи аъзолари, туман, шаҳар Кенгашларидаги депутатларимиз учун вилоят кенгашимизда депутатлик сўровидан самарали фойдаланишнинг қонуний асослари ҳақида ўқув-семинар ўтказилмоқда.

Эргашали ҚОСИМОВ, Данғара марказий шифохонасидаги ЎзХДП бошланғич ташкилоти етакчиси:

— Сафимизда 230 нафар партия аъзоси бор. Улар дас­турий вазифаларимизни амалга оширишда ўз таклиф ва мулоҳазалари билан фаол қатнашмоқда.

Нафақат бизнинг бош­лан­ғич ташкилот, балки вилоятдаги 872 бошланғич партия ташкилоти ва уларнинг етакчилари электорат манфаатларини ҳимоя қи­лиш, аъзоларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, партия дастурий мақсадларини амалга оширишда фаоллик кўрсатмоқда.

Хусусан, Марғилон шаҳридаги ҳудудий БПТ етакчиси, 25-махсус мактабгача таълим муассасаси раҳбари Ёқутхон Жаҳонова партия томонидан ташкил этилаётган сиёсий ўқув машғулотлари, давра суҳбатлари, бўлиб ўтган сайловлар жараёнида партия томонидан кўрсатилган депутатликка номзодларни тарғибот-ташвиқот ишларида фаол иштирок этди. Партия сафларини кенгайтиришда алоҳида ўрин тутиб келаётган мазкур муассасада бугун 250 дан ортиқ ишчи ходим меҳнат қилмоқда, шулардан 70 нафардан ортиғи партия­миз аъзоси. 2014 йил давомида бошланғич ташкилот 20 нафардан ортиқ ёшлар ҳисобига кенгайди.

Қуйи бўғин фаоллари ташаббуси билан маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссияларга партия электорати манфаатларига оид масалалар олиб чиқилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон туманидаги «Қайқубод» ҳудудий партия ташкилоти етакчиси Йўлдошали Ҳусанов ташаббуси билан доимий комиссияга «Қай­қубод» қишлоғи аҳолисини 2015 йилда янги иш ўринлари билан таъминлаш ҳақида», «Деҳқон бозори» ва савдо дўконларида плас­тик карточкалар билан савдо қи­лиш учун терминал тармоғи ўрнатиш ҳақида»ги масалалар киритилиб, тегишли қа­рор қабул қилинди. Шундан сўнг мазкур таклифлар туман Кенгаши сессиясига олиб чиқилди.

Бу борада тумандаги Беруний номли бошланғич ташкилот етакчиси Муродил Кимсанов, «Тагоб» БПТ етакчиси Шукрулло Сотимов, туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази қошидаги қуйи бўғин етакчиси Умидахон Тошматованинг олиб бораётган ишлари ҳам эътиборга лойиқ.

Яқинда Фарғона шаҳридаги 22-«Мустақиллик» маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳудудий БПТ раиси ­Маҳаммаджон Банноповнинг ташаббуси билан маҳаллада кўчма Жамоатчилик қабулхонаси ташкил этилди. Унда 40 нафар маҳалла аҳлидан турли масалаларда мурожаатлар тушди.

Бошланғич ташкилот қанча фаол бўлса, партиянинг аҳоли ўртасидаги таъсири шунча кучаяди.

Шохруҳ ЎКТАМОВ, ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти вилоят бўлими етакчиси:

— Қанотимизга вилоятимизда 14470 нафар фаол ва ташаббускор йигит-қиз бирлашган. Бугунги ёшларни фақат амалий натижалар билан сафларимизга жалб қила оламиз. Шунинг учун ҳам биз ҳар қандай лойиҳа, дастур ижросига жиддий ёндашиб, интерфаол усуллардан кенг фойдаланмоқдамиз.

«Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови йигит-қизлар учун катта имконият майдони бўлди. Буни иштирокчилар сони йилдан-йилга ортиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Бу йил «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловининг дастлабки босқичларида 2355 нафар ёш ўзларини сиёсатчи ўрнида кўриб беллашдилар. Хусусан, «Фар­ғонаазот» АЖ бошланғич партия ташкилоти ўтказган тадбирда 24 нафар йигит-қиз танловнинг шаҳар босқичига чиқиш учун курашди. Иштирокчилар биринчи шарт тақдимотида ўзлари яшаб турган ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масалалари бўйича ўз лойиҳаларини тақдим этишди. Билимдон сиёсатчилар танловининг иккинчи шарти бўйича Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, сиёсий партиялар, парламент, сайловлар, ёшларга оид қонунлар, Президент асарлари юзасидан ўз билим ва маҳоратларини намойиш этдилар. Якуний шарт бўйича иштирокчилар ижтимоий-сиёсий билимларини нотиқлик санъати асосида кўрсатиб беришди.

Танлов вилоятимизда билимли ва қобилиятли ёшлар кўплигини кўрсатди. Гап аслида ғолибликда ҳам эмасди. Муҳими, биз танлов ва турли лойиҳалар орқали ёшларни бирлаштиришимиз, уларнинг ўзига ишончини мустаҳкамлашимиз ва юқори марралар сари руҳлантирмоғимиз керак.

Дилбархон МАМАДЖОНОВА, ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

— Ҳеч ким Жамоатчилик қабулхонасига шунчаки келмайди, ҳар бир мурожаат ортида одамларни ўйлантираётган бирон-бир муаммо ётади. Баъзида электорат вакиллари ўз ижтимоий манфаатларини амалга ошириш жараёнида, гоҳида эса ижро тизимидаги айрим мансабдорларнинг совуққонлигига, расмиятчилигига, турли анг­лашилмовчиликларга дуч келишади. Бундай муаммоларга учраган кишиларнинг ҳаммаси ҳам зарур даражада ҳу­қуқий тушунчага, ўзларининг ҳақ-ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳи­моя қи­лиш кўникмаларига эга бўлмаслиги мумкин. Партиямиз Жамоатчилик қабулхоналарига кўпроқ шундай одамлар мурожаат қилади. Буни унутмаслик, ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор ва масъулият билан ёндашишимиз талаб этилади.

2015 йилнинг 6 ойи давомида фуқаролардан Жамоатчилик қабулхоналарига жами 161 мурожаат тушган. Мурожаатлар асосан иш билан таъминлаш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, моддий ёрдам кўрсатиш ва иш ҳақини ўз вақтида олиш масалалари билан боғлиқ. Уларнинг 60 таси ёки 37,3 фоизи ўз ечимини топган. Қолганлари бўйича иш олиб бориляпти, ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам берилган. Хусусан,  Бешариқ тумани Рапқон қишлоғида яшовчи пар­тия­миз фахрийси Хабибахон Қундузова соғлигини тиклаш учун сиҳатгоҳ йўлланмаси олишга амалий ёр­дам сўраб мурожаат этганди. Унга Косонсой сиҳатгоҳига йўлланма олишда кўмаклашилди. Қўқон шаҳар Бурчлик кўчаси 2-хонадонда яшовчи Жасура Ғофуржонова 2 ёшгача бўлган фарзандига нафақа олиш масаласида мурожаат этди. Масала ижобий ечим топди.

Марғилон шаҳар, Уч­кўп­рик, Тошлоқ, Ўзбекистон, Бувайда, Риштон туман партия кенгашларидаги Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатлар ечимига масъулият билан ёндашилмоқда. Лекин Сўх, Қўштепа, Ёзёвон туманлари ва Қувасой, Қўқон шаҳар партия кенгашлари мурожаатларга эътибор қаратиш, уларда кўтарилган муаммоларни ўз вақтида ҳал қилишда суст­кашликка йўл қўймоқда. Мазкур ҳу­дудлардаги пар­тия фаоллари ва депутатлар аҳоли, ҳусусан, электорат орасига чуқур кириб бормагани, уларнинг ишончини қозона олмаётганидан дарак беради. Ҳар бир пар­тия ташкилоти, партия гуруҳи электорат вакиллари билан доимий алоқа ўрнатиши, Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти тўғрисида аҳолининг хабардорлигини ошириши даркор.

 

Махсус саҳифани ўз мухбирларимиз

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

Гулруҳ ОДАШБОЕВА

тайёрлади.



DB query error.
Please try later.