06.08.2015

ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИГА ДУНЁ ҲАВАС ҚИЛМОҚДА

Куни кеча Болгариянинг Влагоевград шаҳридан хушхабар келди. Бу ерда талабалар ўртасида математика фани бўйича ўтказилган 22-Халқаро олимпиадада Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари Ҳакимбой ЭГАМБЕРДИЕВ олтин, Беҳзод ҚУРБОНБОЕВ кумуш медални қўлга киритди!

Мустақиллик ёш авлод ҳаётига буюк келажак нафасини, эзгу умид ва орзулар ижобатини олиб келди. Янги аср авлодига аждодлар армонининг ушалиши билан бирга беқиёс имкониятлар калити, юксак марралар сари дадил қадам ташлаш бахти ҳам насиб этди.

Бугун мамлакатимиз ёшларига бутун дунё ҳавас қилмоқда!

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети механика-математика факультети талабалари Ҳакимбой Эгамбердиев ва Беҳзод Қурбонбоев ана шундай ёшлардан.

...2015 йил 2 август. Болгариянинг Влагоевград шаҳрида талабалар ўртасида бир ҳафта давом этган математика фани бўйича 22-Халқаро олимпиада якуний натижалари эълон қилинди. Танлов ҳакамлар ҳайъати аъзоси ғолиблар қаторида Ҳакимбой Эгамбердиев, Беҳзод Қурбонбоев фамилия­сини ўқиганда, қарсагу олқишлар узоқ тинмади. Боиси...

Элликдан ортиқ давлатдан уч юз ўттиз иқтидорли талаба иштирок этган олимпиадада камдан-кам учрайдиган воқеа рўй берди: жаҳоннинг нуфузли университетларидан таклиф этилган танлов ҳакамлар ҳайъатига ҳали йигирма ёшга ҳам тўлмаган ўзбек фарзанди математика фанининг асосчилари асли кимлар эканини яна бир бор эслатиб қўйди.

— Ҳар кунги натижаларни таҳлил қилиб бордик, — дейди Ўзбекистон Миллий университети жамоаси сардори, университетнинг математик анализ кафедраси ассистенти Карим Раҳимов. — Босқичма-босқич йўл қўяётган хатоларни бошқа такрорламасликка, бор салоҳиятимиздан тўғри фойдаланишга ҳаракат қилдик. Ҳаммаси кўнгилдагидек кетаётганди. Аммо Ҳакимбойнинг комбинаторикага оид масаласига ҳакамлар томонидан ноль балл қўйилгани бизни ажаблантирди. Ҳакимбойдан бунинг сабабини сўрасам, барчасини тўғри ечганман, дейди. Кўзларида унинг ўзига бўлган ишончи акс этиб турарди. Сўнг апелляцияга бердик. Оқибатда масала тўғри ечилгани, ечимга шу вақтга қадар фанда қўлланилмаган янгича усулда ёндашилгани исботланди.

Шундай қилиб олимпиадада Ҳакимбой Эгамбердиев олтин, Беҳзод Қурбонбоев кумуш медални қўлга киритиб, дунё аҳлига ўзбек ёшларининг ҳеч кимдан кам эмаслигини яна бир бор исботлади.

— Бугунги тараққиётга пойдевор бўлаётган математика, информатика, астрономия каби соҳалар бешигини тебратган Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек сингари улуғ аждодларимизнинг эзгу интилишларини давом эттиришдек бахтга мустақиллик туфайли эришдик, — дейди Ҳ.Эгамбердиев. — «Тарихи буюк мамлакатнинг келажаги ҳам буюкдир», деган фикр қалбларимизда акс-садо бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг ёш авлод камолотига қаратаётган юксак эътибори, университетимизда таълим олиш учун яратилган қулай шароит ва имкониятлар илм-фанга меҳримизни тобламоқда, жаҳонда мамлакатимизнинг шон-шарафини мус­таҳкам ҳимоя қилишимизга туртки бўлмоқда.

Дарҳақиқат, Ҳакимбой каби минглаб ёшларимиз халқаро фан олимпиадалари, кўрик-танловлар, мусобақа ва фестивалларда ўзларининг ноёб истеъдоди ва салоҳиятини тўла намоён этиб, юксак марраларга эришаётганининг асосий омили уларга берилаётган юксак эътибор ва яратилаётган қулай шароитлардир.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳам мустақиллик йилларида тубдан янгиланди. Ўқув корпуслари, спорт иншоотлари, талабалар турар жойлари ва бошқа зарур бинолар қурилиб, жаҳон стандартларига мос жиҳозланди.  Замонавий мультимедия ва компьютер воситалари билан таъминланган кенг, шинам аудиториялар, лингафон ва лаборатория хоналари, уч миллиондан ортиқ китоб фондига эга замонавий ахборот-ресурс маркази, спорт ва бошқа иншоотлар ёшларнинг етук мутахассислар бўлиб улғайиши, илм-фанда юксак марраларни забт этишида муҳим омил бўлмоқда.

— Факультетимизда ўнта кафедра ва бешта ахборот-ресурс маркази самарали фаолият юритмоқда, — дейди факультет декани Давлатбой Жумабоев. — Эҳтимоллар назарияси ва математик статистика, алгебра ва функционал анализ, математик анализ, геометрия, дифференциал тенгламалар ва математик физика, назарий ва амалий механика, ахборот хавфсизлиги, информатика ва татбиқий дастурлаш, ҳисоблаш технологиялари ва ахборот тизимлари, дастурлаш ва тармоқ технологиялари кафедраларида 125 дан ортиқ профессор-ўқитувчи, жумладан, тўрт академик, 32 фан доктори ва профессор, 50 дан ортиқ фан номзоди фаолият кўрсатмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида Муҳаммад Хоразмийнинг ўнлик саноқ системасини, алгоритм ва алгебра тушунчаларини дунёда биринчи бўлиб жорий этгани умуминсоний тараққиёт ривожи учун катта аҳамиятга эга бўлганини таъкидлайди: «Бугунги кунда одамзоднинг илм-фан ва замонавий технологиялар борасида эришаётган улкан ютуқларини кўз олдимизга келтирар эканмиз, беихтиёр ана шу буюк бобомиз мисолида бундай юксак марраларга эришишда ўзбек халқининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигидан қалбимиз ифтихорга тўлади».

Оққан дарё оқаверади. Илм-фан, интеллектуал салоҳият тараққиёт мезонига айланган бугунги замонда юртимиз тупроғида ўзининг ноёб истеъдоди, улкан салоҳияти билан дунё аҳлида ҳавас уйғотаётган, жаҳон илм-фани, ишлаб чиқариш, маданият, санъат ва спорт оламига дадил кириб бораётган, ўз ўрни, мустақил фикри, ўз овозига эга баркамол авлод камолга етмоқда. Бунга Ҳакимбой Эгамбердиев ва Беҳзод Қурбонбоевнинг 22-Халқаро олимпиададаги муваффақиятлари ёрқин мисолдир.

 

Дилшод КАРИМОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.