04.08.2015

ТАРҒИБОТЧИ ҲАЁТИЙ ГАПЛАРНИ ГАПИРМОҒИ,

замонавий сиёсий технологиялардан унумли фойдаланмоғи зарур

«...Истиқлол йилларида инсон шаъни ва қадр-қиммати энг олий қадрият деган эзгу ғоя қалбимиздан чуқур жой олди».

ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан ўтказилган ўқув-семинарда Ўзбекистон Халқ шоири, ЎзХДП аъзоси ­Маҳмуд Тоирнинг ушбу гапи залда йиғилганларнинг кўнг­лидаги фикрни ифодалагандек бўлди. Дарҳақиқат, қалби уйғоқ ҳар бир одам бугун юртимизда рўй бераётган ўзгаришларни кўриб қувонмоқда, юрак-юрагидан ҳис қилмоқда.

Машғулотда Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳиятини жамоатчиликка кенг очиб бериш, бу борада тарғибот тадбирлари таъсирчанлигини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

— Мустақиллик туфайли инсоний ҳақ-ҳуқуқларимиз ва қадр-қимматимиз тикланганини аҳоли, айниқса, ёшларга кенг тушунтириш керак, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат АБДУЛЛАЕВА. — Мамлакатимиз қўлга киритган, халқимиз эришган эрк ва озодлик, истиқлол йилларида босиб ўтилган тарихий йўл, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ҳар томонлама чуқур англаш, ҳаёт ҳақиқатини билиш ва уни кенг жа­моатчиликка етказиш биз учун муҳим вазифа саналади. Бу жараёнда «Тарғиботчилар гуруҳлари» фаолиятини жонлантириш долзарб масала саналади.

Бугун ҳар биримиз юксак ғурур ва ифтихор билан англашимиз лозимки, тарихан қисқа давр давлатимиз учун ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий соҳаларда, айниқса, давлат ва жамият қурилиши борасида ҳар томонлама ривожланиш, юксалиш ­даври бўлди. Мам­лакатни ислоҳ этиш стратегиясининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши тараққиётимизнинг бардавомлигини таъминламоқда.

Сўзга чиққанларнинг таъкидлашича, тарғиботчиларнинг равон сўзлаш, баҳс-мунозараларда ўз фикрини эркин баён қила олиш кўникмаларини ошириб бориш зарур. Электорат вакиллари билан самарали мулоқот ўтказиш, уларнинг саволларига аниқ фактларга таянган ҳолда ­жавоб бериш, келажакни кўз олдига келтириб, эртанги кунни ёрқин чизгиларда акс ­эттирадиган материаллар тайёр­лаш нотиқдан катта билим ва масъулият талаб этади.

— Тарғиботчилар гуруҳининг фаолияти ҳар доим ривожланиб бориши зарур, — деди ЎзХДП Марказий ­Кенгаши бўлим мудири ­Алишер Равшанов. — Бунда тарғиботнинг турли усулларидан фойдаланиш мумкин. Масалан, яратувчи тар­ғибот — янги типдаги жамият қурилишини реклама қилади ва инсонларни мазкур жараёнда иштирок этишга чақиради. Ёки барқарорлик ва қаҳрамонлик тарғиботи, маърифий тарғибот ва яна бошқалар шулар жумласидандир. Эътибор қаратишимиз керак бўлган жиҳат шундаки, ҳар бир тарғибот халқона тилда, содда тарзда амалга оширилиши керак. Бунда обрў-эътиборли шахслар кучидан фойдаланиш ҳам яхши самара беради. Партия мафкурасининг асосий мақсадларини халққа таъсирчан тарзда етказиш учун одамлар қалбига йўл топа оладиган фидойи инсонлар, зиёлиларга, уларнинг бой ҳаётий тажрибасига таянишимиз керак.

Ўқув-семинар давомида Ўзбекистонда хизмат кўр­сатган артист, ЎзХДП аъзоси Фатхулла Маъсудов мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини аҳолига тушунтиришда тар­ғиботчилар эътибор бериши лозим бўлган масалалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Инсонларни эркин фикрлашга ўргатишда, хусусан, ёшлар тарбиясида кино ва театр санъатининг ўрни катта эканини, тарғибот тадбирларида ҳам худди санъат асарларидаги каби ибратли воқеликларни ҳикоя қилиш усулидан кенгроқ фойдаланиш кераклигини, бу тингловчиларнинг қизиқишини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Семинарда, шунингдек, тарғиботчилар гуруҳига учрашувларда қўлланиладиган самарали усуллар тушунтириб ўтилди. Тарғибот ишлари давомийлигини таъминлаш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.