Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
04.08.2015

КЕЛАЖАКНИ КАФОЛАТЛАГАН ДАСТУРЛАР

Моҳи Рамазоннинг йигирмалари эди, чамаси. Ўзбекистон Фанлар академиясининг «Ўсимлик моддалари кимёси институтида ишлайдиган қайиноғамиз қўнғироқ қилиб, фан доктори илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилаётгани хабарини айтиб, илмий издиҳом куни, соа­ти ва жойини маълум қилди. Яқинларимиздан фан доктори чиқаётганидан мамнун бўлиб тадбирда иштирок этдим. Гарчи мутахассислигим тамомила бошқа – гуманитар йўналиш бўлса ҳам, диссертантнинг, расмий ва норасмий оппонентлари чиқишларини диққат билан тинглашга ҳаракат қилдим. Эшитганларим хаёлларимни беихтиёр ўтган асрнинг 90-йилларига олиб кетди...

1996 йили охирлари — Вазирлар Маҳкамасида иш бошлаган кезларимиз — топшириқ устига топшириқ тушарди. Буларнинг ичида энг муҳимларидан бири «Локализация дастури»нинг бажарилиши масаласи. Маълумки, «Локаль» сўзи лотинча бўлиб, маҳаллий деган маънони анг­латади. Шунга кўра, демак, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури қабул қилиниб, ой сайин шу бўйича ҳисобот ва кўзда тутилган топшириқ, кўрсатмалар ижроси мунтазам назорат қилиб борилар эди. Гоҳи турли ўйларга бориб, бунча аҳамият беравермасак бу масалаларга дердик, ахир хорижда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга талаб барибир кучлироқ бўлаверади, ўнлаб йиллар давомида халқимиз онги­га «импортный» деган тушунча обдон сингдирилганки, Саид Аҳмад аканинг Фармонбибиси айтмоқчи «Хўроз­қанд хорижники деса, ётволиб ялайдиганлар» авлоди урчиб кетган. Йўқ, йиллар оша ҳаётнинг ўзи ўша дастурларнинг нечоғлик муҳим эканини, ҳар бир халқнинг иқтисодий тараққиётида хом­ашё ҳамда ишлаб чиқаришнинг маҳаллийлашув даражаси нақадар катта омил эканини тўла исботлади.

Бу масалаларда тўла компетентликка даъво қилмаган ҳолда ўтган аср 90-йилларидан то ҳозиргача кечган тарих ўша ишлаб чиқаришни локаллаштириш дастурлари Юртбошимиз томонидан ниҳоятда узоқни кўзлаб, жуда чуқур билим ва мулоҳазалар асосида амалга оширилганини намоён этяпти.

Куни кеча мамлакатимиз Президентининг мустақиллигимизнинг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорида келтирилган айрим рақамларга эътибор қаратайлик: «1990 йилда мамлакатимиз аҳолисининг озиқ-овқат товарлари, аввало дон, картошка, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиё­жи импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирги вақтда уларнинг 96 фоизи ўзимизда ишлаб чиқарилаётгани, мустақиллик йилларида аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1,3 баробар, сут ва сут маҳсулотлари — 1,6 карра, картошка — 1,7 марта, сабзавот — 2 баробардан ортиқ, мева қарийб 4 карра кўпайганини эл-юртимиз фаровонлиги тобора ортиб бораётганининг амалий тасдиғи сифатида талқин этиш» мумкин.

Қарангки, ўтмишда аграр ўлка дея имкониятлари ниҳоятда чеклаб қўйилган Ўзбекистонга ҳаттоки картошка-ю сабзавотнинг импорт қилингани кишини ҳайрон қолдиради. Қизиқ, ахир ўзи тамомила қишлоқ хўжалиги билан машғул ва шунинг ҳисобига яшайдиган Республика бў­лар­миш-да, дон, картошка, гўштгача барчаси четдан импорт асосида келтирилар эмиш!

Ўзимиз гувоҳ, саккизинчи-тўққизинчи синфларда шаҳри Тошкентнинг қоқ марказидаги мактабда ўқиймиз-у ҳафта давоми саҳарлаб қатор тизиб қўйилган автобусларга ўтириб, Келес темир йўл станцияларининг баҳайбат омборхоналарига ҳашарга — картошка саралашга борамиз. Тоғдай уюлган қоп-қора картошкалар Россиядан вагон-вагон келтириб ташланган. Сасиб биж­ғиб ётибди. Шунинг ичидан бутунроқларини ажратиб, офтобга ёйиб қуритилади-да, дўконларга чиқариб юборилади. Шаҳар аҳолиси эса саҳар мардондан ана шу бутун микроб биж­ғиган картошкаларни сотиб олиш учун навбат кутиб ётади. Гўштни-ку қўяверинг. Ойда бир марта икки килодан тар­қа­тиладиган, музлатиб сақлаб қай гўрлардан келтирилган тошдек қаттиқ, чандир этлар. Қашшоқликка кўниккан фуқаролар «борига шукр», дея мутлақо сифатсиз, музлатилган маҳсулотларни истеъмол қилар эди. Халқимиз саломатлиги тўғрисида нима дейиш мумкин? Болалар ўлими, кам­қонлик, камқувватлик, туғма майибу мажруҳлик ва ҳоказо ҳолатлар бўйича кўрсаткичлар иттифоқда энг юқори ўринларда эди.

Мева-сабзавот, полиз экинлари экиш, мўл ҳосил олиш мумкин эди. Аммо бунга изн берилмасди. Чунки бир қарич суғориладиган ер бўлса-да, пахта экишга мажбур қилинарди.

1989 йили Ўзбекистон раҳбарлигига келган Ислом Каримов ана шу аҳволни тўла идрок этиб, энг асосий бирламчи масала дея, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишларни аҳолига томорқа беришдан бошлади. Томорқа эгаларига эса ўз тирикчилик-эҳтиёжига зарур экинлар экиш имкониятини яратди. Ўша томорқалар халқимизни очлик-йўқчилик балосидан асраб қолди...

Доришунослик техно­ло­гия­ларига оид катта илмий тадқиқот ҳимоясида ўтириб, нега бу хил хаёллар хотирага келганига ҳайрон бўларсиз, балки. Гап шундаки, камина шоҳиди бўлиб турган диссертация янгиликлари асосан Ўзбекистон ва унинг атроф ҳудудидаги маҳаллий ўсимлик ва гиёҳлар асосида кашф этилиб, халқаро миқёсда эътироф қилингач, ўзимизда тўлақонли ишлаб чиқаришга қўйилган дори препаратлари билан боғлиқ эди. Ўша «Локализация дастури» ижросига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси йиғилишларида соҳа мутасаддилари, хусусан, Фанлар академияси, Фан ва техника Давлат қўмитаси, «Дори-дармон», «Фарм­саноат» ташкилотлари раҳбарлари айнан маҳаллий хомашё ва ўсимликлардан турли дори ва аҳоли ҳамда халқ хўжалиги эҳтиёжлари учун зарур бош­қа маҳсулотларни Ўзбекис­тонда ишлаб чиқариш таклифларини айтишди. Бу йўналишни дадил ривожлантириш учун ўзимизда турли дори-дармонлар ишлаб чиқаришни энди-энди йўлга қўяётган Ўзбекистон Фанлар академия­сининг Ўсимлик моддалари кимёси институтига Юртбошимиз махсус ташриф буюриб, жамоани дадил фаолият юритишга даъват қилиб, ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан қўл­лаб-қувватлаган эди. Ана шу­лар хаёлга келиб, соҳа мутахассиси бўлмасам-да, жиддий илмий тадбирда бир-икки оғиз сўз айтишга ҳам журъат этдим.

Мустақиллигимизнинг йигирма тўрт йиллигига бағишланган қарордаги тарғибот-ташвиқот ишлари дастури учун тавсия этилган устувор йўналишлар орасида озиқ-овқат товарларини шўро давр­ларида импорт ҳисобига келтирилиб, эндиликда унинг 96 фоизи ўзимизда ишлаб чиқарилаётганига оид маълумот каминани ўша «Локализация дастурлари»нинг нақадар узоқни кўзлаб қабул қилингани ва амалга оширилгани, ўз вақтида келажагимизни кафолатлагани ҳақидаги ёруғ ўйларга яна бир бор етаклади. Бот-бот шукрона айтдим. «Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!» деган эзгу ғоянинг мазмун-моҳиятини қалбдан ҳис қилдим.

 

Шуҳрат РИЗАЕВ



DB query error.
Please try later.