04.08.2015

ОЛИЙ МАЖЛИС СЕНАТИНИНГ НАВБАТДАГИ ЯЛПИ МАЖЛИСИДА ҚАНДАЙ ҚОНУНЛАР КЎРИБ ЧИҚИЛАДИ?

Хабарингиз бор, шу йилнинг 6 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади. Унда мамлакат сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларини изчил ислоҳ қилишга ҳамда либераллаштиришга, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини рўёбга чиқаришга, аҳолининг фаровонлигини оширишга ва ижтимоий муҳофаза қилинишини кучайтиришга қаратилган бир қатор қонунлар кўриб чиқилиши кутилмоқда.

«Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги, «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги (янги таҳрири), «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидан.

Таъкидлаш керакки, мазкур қонунларнинг лойиҳалари дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасида соҳа мутахассислари, эксперт­лар ва сиёсий партия фракциялари ҳамда депутатлар гуруҳи иштирокида қизғин муҳокама қилинди, уларнинг позициялари шакллантирилди. Қонунларни қабул қилиш жараёнида улар ҳар томонлама ҳисобга олинди.

Хўш, Сенатда кўриб чиқиладиган қонунларнинг мазмун-моҳияти нимадан иборат, уларга Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан қандай таклифлар киритилди?

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда жисмоний тарбия ва спортнинг ўрни катта. Шу боис, аҳолининг спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, бунинг ҳу­қуқий асосларини мустаҳкамлаш долзарб аҳамият касб этади.

Биламизки, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонуни ҳамда унга мувофиқ қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Бироқ соҳадаги қонуности ҳужжатлари инвентаризация қи­линганда, қонун даражасида мус­таҳкамланиши лозим бўлган бир қатор масалалар аниқланган. Шуларни инобатга олган ҳолда «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилди ва у Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди.

Қонунни қабул қилишдан кўз­ланган асосий мақсад — аҳоли, айниқса, ёшлар ҳамда хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларини яратиш, мутахассислар тайёрлаш тизими, замонавий ҳамда самарали спорт инфратузилмасини такомиллаштириш, юқори тоифали спортчилар ва спорт захирасини тайёрлаш, терма жамоаларни шакллантириш учун зарур шароитлар яратишга доир талабларни жорий қилишга қаратилган қоидаларни белгилашдан иборат. Таъкидлаш керакки, қонунда белгиланган қатор меъёрлар ЎзХДП электорати манфаатларига тўлиқ мос келади.

Шунга қарамасдан, фракциямиз томонидан қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида партиямиз Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, қатор таклифлар киритилди. Хусусан, янги таҳрирдаги мазкур Қонуннинг 25-моддасида спортчиларнинг айрим тоифалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.

Шунингдек, фракция таклифи билан Қонуннинг 39-моддасига жисмоний тарбия-соғломлаштириш ёки спорт иншоотлари фуқароларнинг айрим ­тоифаларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзли асосда хизматлар кўрсатиши мумкинлиги тўғрисида норма киритилди.

Саттор РАҲМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мамлакатимизда санитария-эпидемиология масалаларида аҳолининг осойишталигини ва радиация хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш, инсоннинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини ҳамда у билан боғлиқ бошқа ҳуқуқларни кафолатлайди.

Унда атроф-муҳитни соғломлаштиришга, инсоннинг овқатланиш, меҳнат қилиш, турмуш, дам олиш, тарбия ва таълим олиш шарт-шароитларини яхшилашга қаратилган санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши ҳамда ташкилий тадбирлар мажмуини амалга оширадиган нормалар ўз аксини топган. Бунда санитария ҳолатини яхшилаш ва эпидемияга қарши тадбирларни ишлаб чиқишни ижтимоий фаолиятнинг мажбурий қисми сифатида амалга ошириш белгиланган. Санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларининг бажарилиши устидан давлат санитария назоратини амалга ошириш каби бир қатор нормалар мустаҳкамланган.

Фракциямиз аъзолари томонидан қонун лойиҳаси Сайлов­олди дастуримизнинг ғоя ва мақсадлари асосида қизғин муҳокамалар билан кўриб чиқилди. Хусусан, қонун лойиҳасида кўзда тутилган Бош давлат санитария врачининг ваколатларини аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга оид янги ваколатлар билан тўлдириш таклифини ўртага ташладик. 

Биз Бош давлат санитария врачи профилактик эмлашларнинг миллий тақвимини ва эпидемик кўрсаткичлар бўйича профилактик эмлашлар ўтказиш тартибини тасдиқлаш, атрофдагилар учун хавф туғдирувчи юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши хавфи бўлган тақдирда тегишли санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар ўтказиш тўғрисида қарорлар чиқариш ваколатига эга бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, янги озиқ-овқат қўшимчаларини, махсус киритиладиган биологик фаол моддаларни, кимёвий моддаларни, биологик воситалар ва материалларни, полимер ва пластик массаларни, атир-упа ва пардоз маҳсулотларини токсикология-гигиена жиҳатидан баҳолаш асосида уларнинг Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиши ва ишлаб чиқарилиши учун рухсатномалар бериш ваколатига ҳам эга бўлиши кераклиги бўйича нормалар билан тўлдириш таклиф этилди.

Бундан ташқари, фракция аъзолари қонун лойиҳасини «Радиоактив моддалар ва бошқа ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан ишлашга доир талаблар» деб номланган янги модда билан тўлдириш таклифини беришди. Бу Қонуннинг 22-моддасида ўз ифодасини топди. 

Эътиборлиси, қуйи палата ялпи мажлисида бу таклифларимиз инобатга олинди. Энг муҳими, Қонун аҳолига бирламчи тиббиёт-санитария ёрдамини янада кенгайтириш ва унинг сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Бу ЎзХДП Сайловолди дас­турида белгиланган қатор вазифалар билан бевосита ҳамоҳангдир.

Дарҳақиқат, Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлиси муҳокамасига киритилаётган қонунлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

 

Лазиза ШЕРОВА



DB query error.
Please try later.