01.08.2015

ДАЛА БИЛАН ТИЛЛАШАДИГАН ПАЛА

Шу кунларда пахтакорларимиз учун ниҳоятда муҳим ва масъулиятли давр бошланмоқда. Август ойидаги меҳнат, амалга оширилган тадбирлар ғўза ривожи ва ҳосил тақдирини ҳал этади.

Юқори ва сифатли ҳосил олишда август ойида бажариладиган тадбирларнинг аҳамияти катта. Негаки, ҳосилнинг сифати юқори ва эртачи бўлиши фермерларнинг  айни шу ойдаги меҳнатига боғлиқ. Ғўза агротехника талабларига кўра парваришланса, ривожи тезлашиб кўсакка кўсак қўшилади. Шунинг учун бу ойда барча далада бўлиши, айниқса, сувчи, механизатор, энтомолог ўз ишига масъулият билан ёндашмоғи даркор. Ғўзани суғориш, культивация қилиш, чилпиш, ҳосилни зараркунанда ва касалликлардан асраш тадбирларига жиддий эътибор қаратилиши лозим бўлади. Ушбу ойда ҳар бир фермер, агротехник тадбирларни оби-тобида, сифатли ўтказиши талаб этилади.

Бугунгача қилинган самарали меҳнат, агротехник тадбирларнинг мақбул муддатларда, маромига етказилиб бажарилиши эвазига айни пайтда ғўзаларнинг ўсиш-ривожланиши ўтган йилларга нисбатан ўртача 10-12 кун эрта бўлишини таъминламоқда.

Деҳқонларимиз, соҳа мутахассислари «август ойи ҳосилга ҳосил қўшиш ойи» эканлигини яхши билишади. Мўлжалдаги хирмон яратилиши ҳосилнинг айни тақдири ҳал бўладиган август ойида омилкорликка, агротехника тадбирларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилишига боғлиқдир.

Бу ойда далаларда шўра, итузум, ғумай, қўйпечак, сувўти каби бегона ўтлар кўпая бошлайди. Шунинг учун далаларни бегона ўтлардан тозалаш ишларига ҳам жиддий эътибор қаратиш талаб этилади. Бундан ташқари, сувдан самарали фойдаланиш, ерларни мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва маҳаллий ўғитлардан унумли фойдаланиш шу кунлардаги асосий масалалардан бири ҳисобланади. Бу ойда ғўзани оби-тобида суғориш лозим. Акс ҳолда, ҳосил тугунчалари тўкилиб, ғўза керакли миқдорда ҳосил тўпламайди.

Яна шуни айтиб ўтиш лозимки, бу тадбир  тунда амалга оширилса, янада яхши самара беради ҳамда ғўза қониб сув ичади. Аммо суғоришда кўллатиб ҳам, чўллатиб ҳам бўлмайди. Мабодо, сув вақтида таралмай  чанқатиб қўйилса, ғўза гул ташлайди. Охир-оқибатда ҳосил салмоғига путур етади. Борди-ю, кўллатиб суғорилса, ғўза бўйга зўр бериб, ғовлаб кетади, кўсаклар яхши етилмайди, чирийди, касалга чалинади. Шунингдек, ғўза сувга келган даврида  оқ гули тепага чиқиб гуллаш ҳолларига йўл қўймаслик кераклигини моҳир деҳ­қонларимиз яхши билишади. Суғориш меъёри гуллаш, ҳосил тўплаш даврида гектарига 900-1100, пишиш даврида эса 700-800 кубметр­ни ташкил этиши керак.

Ғўзани гуллаш даврида суғориш муддатлари кечикиши ҳосилдорлик 6-7 ц/га пасайишига олиб келса, эрта муддатларда суғориш ҳам   ҳосилга салбий таъсир кўрсатади.

Шу ўринда яна бир тадбир ҳақида тўхталиб ўтмоқчи эдик. Бу шарбат билан суғориш усулидир. Шарбат усули қўлланилганда маҳаллий ўғит ғўзага озиқ бериш билан бирга, сув буғланишини камайтиради, тупроққа сингишини яхшилайди, намни узоқ сақлайди. Қатор ораларига шарбат оқизилиши билан олдиндан берилган минерал ўғитларнинг ўзлаштирилиши яхшиланади, органик ўғитга бўлган талаб қондирилади. Яна бир эътиборли жиҳати, «шарбат» сувига тўйган ғўза қатор ораларида нам узоқ сақланиб, навбатдаги сувга бўлган  талаб 6-8 кунга узаяди, 10-15 фоиз сув иқтисод қилишга эришилади.

Ушбу ойда культивациянинг аҳамияти беқиёсдир. Қатор ораларининг юмшатилиши тупроқдаги ҳаво алмашувини яхшилаб, унда ҳосил ривожи учун қулай микроиқлимни вужудга келтиради. Умуман, август ойида ғўза кенг қатор ораларига экилган майдонларни  яна 2 марта юмшатиш лозим, бунда бегона ўтларни  йўқотишга имкон бўлади, кўсаклар сони ва вазни ортади, пишиб етилиши тезлашади.

Культивация кечиктирилса, жўяклар қуриб, ер ёрилади, оқибатда ғўза томирлари шикастланади, бу ўсимлик ривожланишига салбий таъсир этади. Культивация 1-2 кун кеч ўтказилса, ҳосил 1-2 ц/га, 2-3 кунга кечиктирилса, 3-4 ц/га камайиши тадқиқотларда кузатилган.

Август ойи бошланиши билан ҳаво ҳарорати нисбатан пасаяди, тунлари салқин бўлади. Бу ҳосил кушандаси ҳисобланган кўсак қурти, ўргимчаккана каби зараркунандаларнинг кўпайишига қулай шароитни юзага келтиради. Шунинг учун зараркунандаларга қарши курашни асло бўшаштирмаслик керак. Йўқса, озгина эътиборсизлик машаққатли меҳнат эвазига тўпланган ҳосилнинг ўттиз фоизгача бўлган қисмини бой бериш хавфини туғдиради.

Зараркунандаларга қарши курашишда Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти олимлари тавсиясига асосан, биологик усулдан кенг фойдаланиш лозим. Бу йил ҳам мавжуд биолабораториялар озуқа ва зарур жиҳозлар билан таъминланиб, керакли миқдорда биомаҳсулотлар тайёрлашга эътибор кучайиши лозим. Керакли миқдорда «Трихограмма», «Бракон» ва «Олтинкўз» етиштириб, далаларга чиқаришнинг аҳамияти катта. Бу усул экологик жиҳатдан мутлақо безарар, айни чоғда иқтисодий тарафдан тежамли эканлиги эътиборга моликдир.

Кечалари ҳарорат паст, кундузлари эса юқори бўлишини ҳисобга олиб, зараркунандаларга қарши курашда  бундан кейин ҳам ҳушёрликни сусайтирмаслик талаб этилади.

Демак, ҳар бир фермер август ойида муҳим бўлган вазифаларни белгилаб олиши зарур. Август ойи — ҳосилга ҳосил қўшиш ойи. Унинг ҳар куни ғанимат. Фермерлар агротехника тадбирларини ўз вақтида ва сифатли бажариб, кўсаклар ёнига ой охиригача яна 3-4 тадан кўсак қўшиш ниятида ғайрат қилишлари керак. Бу жараёнда мутахассислар ҳам алоҳида масъулият, ҳал қилувчи маслаҳат, йўл-йўриқ кўрсатиши лозим бўлади.

 

Феруза Ҳасанова,

Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти Тупроққа ишлов бериш ва жадаллаштирилган технологиялар бўлими мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди.



DB query error.
Please try later.