01.08.2015

ПАРТИЯ ФАОЛИ, ДЕПУТАТ ОДАМЛАРДАН БИР ҚАДАМ ОЛДИНДА БЎЛИШИ

сиёсий партия ғоялари ортидан уларни эргаштира олиши лозим

Президентимизнинг Мустақиллигимизни 24 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорида қайд этилганидек, истиқлолнинг илк кунларидан бошлаб аҳолимиз, биринчи навбатда кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун давлат бюджетидан ижтимоий эхтиёжлар, жумладан, аҳолини қўллаб-қувватлаш ва социал соҳани мустаҳкамлашга ажратилаётган йиллик харажатлар изчил ошиб бораётгани, биргина 2014 йилда бу рақам 60 фоиздан ортгани мазкур йўналишда олиб борилаётган кенг кўламли ишларимизнинг мантиқий натижаси ҳисобланади.

Дарҳақиқат, ҳар қандай мамлакатнинг тараққиёт даражасига баҳо беришда унинг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ногиронлар, кексалар ва ёшларга кўрсатилаётган эътибори ва ғамхўрлиги муҳим омиллардан ҳисобланади.

Мамлакатимизда бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда жамоат ташкилотлари, хусусан, сиёсий партиялар ҳам фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида ҳам бу йўналишда қатор муҳим вазифалар белгиланган. Хўш, партия Сайловолди дастурида ўртага ташлаган дастурий мақсадларини амалга оширишда ҳудудий партия ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари қандай ташаббуслар билан чиқмоқда? Бу саволга ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши фаоллари, депутатлар фикр-мулоҳазалари орқали жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Сирожиддин АЪЗАМОВ, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш имкониятлари кенг. Унинг географик ўрни иқтисодиётни ҳар томонлама равнақ топтиришда қўл келади. Тоғларида маъдан ва хом-ашёнинг катта заҳиралари мавжуд. Вилоятда 90 дан ортиқ йирик саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Қишлоқ хўжалиги ривожланган. Ҳудуд ер усти ва ер ости бойликлари, туризм салоҳияти юқорилиги билан мамлакатимизда етакчи ўринлардан бирида туради. Одамларнинг турмуш фаровонлиги юксалиши, эртанги кунга бўлган ишончи мустаҳкамланишида булар муҳим омил бўлмоқда.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг сифати ва самараси кўп жиҳатдан фуқароларимизнинг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий билими даражаси ҳамда уларнинг ушбу жараёнлардаги фаоллигига боғлиқдир.

Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганлигининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида сиёсий партияларнинг етуклик даражаси, фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётгани, ҳеч шубҳасиз, ушбу конституциявий ислоҳотларнинг энг муҳим асоси, уларни амалга оширишнинг ҳал қилувчи шарти ва гаровига айланмоқда, деган эди.

Ана шу фикрлардан келиб чиқиб, Сайловолди ва амалий Ҳаракат дастури ижросини таъминлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тизимли иш олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси мафкураси асосида партия аъзолари ва электорат вакилларининг сиё­сий билим ва ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш, уларда фуқаролик масъулиятини шакллантиришга қаратилган сиёсий ўқув-семинарлар ўз самарасини бермоқда. Турли тадбирлар, давра суҳбатлари, семинар-тренинг ва учрашувлар орқали бунга бир қадар эришишга муваффақ бўлаяпмиз. Бугун одамлар «сиёсий партия» деганда аҳолининг манфаатларини ҳимоя қиладиган, жамиятда учраётган муаммоларни ҳал этадиган, мамлакатни стратегик ривожланиши юзасидан аниқ таклифлар бера оладиган сиёсий кучни тасаввур қилаяпти.

Бироқ олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларимизни амалга оширишга тўсиқ бўлаётган камчиликларимиз ҳам йўқ эмас. Биз депутатлар ташаббускорлиги масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз, депутатлик назорати ва депутат сўрови инс­титутидан самарали фойдаланиш механизмлари, бу борада тўпланган тажриба, хато ва камчиликларни таҳлил этишимиз керак.

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг 2015 йилга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурида бажарилиши лозим бўлган 18 устувор йўналиш белгиланган. Ўтган 6 ой давомида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан жами 6 масала партия гуруҳларида, 11 масала доимий комиссияларда, 2 масала эса сессияда муҳокама қилинди.

Очиғини тан олишимиз керак, партия гуруҳлари ва депутатларимиз мазкур йўналишда ўз имкониятлари даражасида фаолият олиб бораяпти, дея олмаймиз. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари кун тартибига электорат манфаатларига дахлдор бўлган долзарб масалаларни доимий равишда киритиб боришимиз лозим. Агар қаерда депутатлар кучли, салоҳиятли бўлса, ўша жой ривожланади, ҳам аҳолини ўйлантираётган масалалар ечим топади.

Меҳрожиддин ДАРХОНОВ, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

— Айни пайтда Тошкент вилояти республика саноат маҳсулотининг қарийб 20 фоизини, электр-энергиясининг 45 фоизини, кўмирнинг 98 фоизини, цементнинг 43 фоизини, пўлат ва металл прокат ишлаб чиқаришнинг деярли 100 фоизини, рангли металларнинг асосий қисмини етказиб бермоқда. Бу рақамларни бежизга келтирмадик. Демак, шундай катта иқтисодий салоҳиятга эга бўлган ҳудуд аҳолисининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш муҳим аҳамиятга эгадир.

Партия дастурий мақсадлари, Сайловолди дастурининг мазмун-моҳиятини кенг оммага тушунтириш, аҳолини, айниқса, ҳаётга кириб келаётган ёш авлодни ғоявий тарбиялаш ва мафкуравий иммунитетини шакллантириш, бошқа мафкуравий ва ғоявий таъсирлардан ҳимоя қилиш борасида қатор ўқув-семинарлар, давра суҳбатлари, ижтимоий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқув-машғулотлар орқали партия аъзоларининг фуқаролик масъулияти, ҳуқуқий саводхонлиги ва сиёсий маданиятини юксалтириш ҳамда ғоявий-сиёсий савиясини оширишга ҳаракат қилинаяпти.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2015 йилнинг 6 ойи мобайнида сиёсий ва фуқаролик маърифати тизими доирасида вилоят кенгаши томонидан ўтказилган 6 сиёсий машғулотда ўтказилиб, уларда жами 720 нафар тингловчи қатнашди. Сиёсий ўқувларда халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, «Тарғиботчилар гуруҳи» аъзолари, «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қанотлари фаоллари иштирок этди. Ҳар бир ўқув машғулотининг мавзулари замонавий сиёсий технологиялар, слайдлар, видео роликлар ёрдамида очиб берилди. Бу эса тадбирларнинг таъсирчанлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўтказилаётган тадбирларда асосий эътибор электоратни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечимини топиш ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиқиб, мавжуд қонунларни такомиллаштириш масалаларига қаратилмоқда.

Ўтган давр давомида шаҳар ва туман партия кенгашлари қошидаги Ахборот-маърифат хоналарининг моддий-техник базасини яхшилаш ҳамда сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги сиёсий семинарларни юқори савияда ўтказиш мақсадида ҳудудларда бир қатор ишлар амалга оширилди.  Ҳозирда барча туман ва шаҳар кенгашлари қошидаги Ахборот-маърифат хоналарида 1500 дан ортиқ ижтимоий-сиёсий адабиётлар, қонунлар тўплами, ҳуқуқий ва бадиий нашр­лар мавжуд. Ушбу адабиётлардан партия фаоллари, депутатлар, электорат вакилларига мунтазам равишда фойдаланиш имконияти яратилмоқда.

Тажрибадан маълумки, қайси сиёсий партия аъзолари сиёсий жиҳатдан етук, ҳуқуқий саводхон бўлса, ўша сиёсий партиянинг жамиятдаги таъсири кучлироқ бўлади, кўпроқ одамларни ўзига жалб этади. Бунга эришиш эса кўп жиҳатдан мафкуравий ва тарғибот-ташвиқот йўналишдаги ишлар самарадорлигига боғлиқдир.

Зулфия ЗОКИРОВА, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши бўлим мудири:

— Тошкент вилоят кенгаши томонидан дастурий мақсадлар ижросини таъминлаш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган 6 ой мобайнида «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси доирасида 50 дан ортиқ давра суҳбати ўтказилди. Ушбу тадбирлар маҳаллий ҳокимликларнинг қурилиш ҳамда коммунал масалаларига масъул бўлган раҳбарлари, Бандлик, Халқ таълими бўлимлари, туман тиббиёт бирлашмалари, Солиқ инспекцияси, Бюджетдан ташқари пенсия жам­ғармаси, банк­лар, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Мазкур тадбирларда 2500 нафардан ортиқ электорат вакиллари иштирок этди. Ўтказилган давра суҳбатларида партия электорати вакилларини манзилли ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг ҳамкорлигини кучайтириш, шунингдек, бу йўналишда фуқаролик жамияти институтлари билан партиянинг ижтимоий шерикчилигини янада ривожлантириш масалаларига асосий эътибор қаратилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, вилоятда 152 қишлоқ фуқаролар йиғини, 990 маҳалла фуқаролар йиғини, 15  шаҳар фуқаролар йиғини мавжуд. ЎзХДП Марказий Кенгашининг 2015 йил давомида «Кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз!» лойиҳаси доирасида ўтказиладиган тадбирлар режасига асосан, партия ташкилотлари томонидан қатор давра суҳбатлари ўтказилди.

Бугунги кунда Тошкент вилоятида 60 ёшдан ошганлар сони 266 минг нафардан кўпроқ, 80 ёшдан 90 ёшгача бўлганлар эса 144 минг нафарга яқинни ташкил этади. Шунингдек, 90 нафардан ортиқ 100 ёшдан ошган табаррук нуронийлар умргузаронлик қилишмоқда. Уларнинг 346 нафари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 5290 нафари эса меҳнат фронти фахрийларидир.

Мазкур лойиҳа Бўка, Бекобод туманида, Оҳангарон туманининг «Нуронийлар» пансионатида кўтаринки руҳда ўтказилди. Тадбирлар  доирасида уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари ва ногиронлар, пенсионерлар малакали мутахассислар жалб этилган ҳолда бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Қизилгул ҚОСИМОВА, Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, партия гуруҳлари фаолиятида айрим фойдаланилмаётган имкониятлар кўзга ташланади. Мисол учун, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари томонидан юборилаётган депутатлик сўровларида ҳар доим ҳам ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи билан боғлиқ долзарб масалалар кўтарилган эмас.

Жорий йилнинг 6 ойи давомида халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига партиямиздан сайланган 202 нафар депутат томонидан 181 депутатлик сўрови тегишли давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига юборилди. Шундан 21 таси қонун ва қарорларнинг бажарилиши юзасидан ҳамда 160 таси фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан амалга оширилган депутат сўровлари ҳисобланади.

Бироқ, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи томонидан жорий йилнинг 6 ойи мобайнида бор-йўғи 10 та депутатлик сўрови юборилган. Ваҳоланки, вилоятда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, электорат манфаатлари билан боғлиқ ечимини кутаётган масалалар оз эмас.

Хусусан, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш дастури ижроси билан боғлиқ масала. Дастурга асо­сан вилоятда 2015 йил 1-чорагида 11096  янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.  Ушбу йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини таъминлашда тақдим этилаётган маълумотларнинг холислиги ниҳоятда муҳимдир. Биз депутатлар ана шу жараёнда касб-ҳунар коллежи битирувчилари, иш топишда қийналаётган электорат вакиллари муаммоларини ҳал қилишда фаол иштирок этишимиз керак.

Ҳозирги кунда жойларда аҳолини ижтимоий жиҳатдан манзилли қўллаб-қувватлаш масалаларини янада чуқурроқ ўрганиш ва ҳал қилиш мақсадида туман, шаҳарлардаги партия кенгашларида 18 та Жамоатчилик қабулхонаси фаолият кўрсатмоқда. Ҳисобот даврида уларга 375 мурожаат келиб тушган. Хусусан, коммунал соҳада 83, ер олиш масаласида 34, иш билан таъминлашда кўмак сўраб 99, иш ҳақи, нафақа ва пенсиясини ўз вақтида олиш масаласида 21, моддий ёрдам сўраб 35, ижтимоий ва соғлиқни сақлаш соҳасида 38, халқ таълими соҳаси бўйича 12, кредит масаласида 17 ва бошқа соҳаларга доир бўлган масалаларда 45 мурожаат бўл­ган.

Мурожаатлар билан ишлашда Ангрен шаҳар, Бек­обод, Бўстонлиқ, Чирчиқ шаҳар, Бўка, Паркент туман кенгашлари алоҳида фаоллик кўрсатмоқда. Бироқ, Олмалиқ, Бекобод шаҳар, Оққўрғон, Оҳангарон, Зангиота, Қибрай туман кенгашлари бу борада ишларни кўпайтириши лозим. Умуман олганда, мазкур 375 мурожаатдан 70 фоизи ижобий ҳал қилиниб, қолган масалалаларнинг ижроси назоратга олинган.

Шуни унутмаслигимиз керакки, Жамоатчилик қа­бул­хоналари электорат манфаатлари билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганишда муҳим восита ҳисобланади.

Азиза ПОЛВОНОВА, ЎзХДП «Фаол аёллар» қаноти Тошкент вилоят бўлими фаоли:

— ЎзХДП давлат ва жамият томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож аҳоли қатламлари, жумладан, хотин-қизларнинг ўз ҳуқуқларини тўла билишлари муҳим деб ҳисоблайди. Чунки, хотин-қизларнинг қонунлардаги ўз ҳуқуқларидан хабардорлиги уларнинг қонуний манфаатлари тўлиқ таъминланишининг муҳим  омилидир.

«Фаол аёллар» қаноти томонидан ўтказилаётган «Қонунлар тарғиботи ойликлари» ана шу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятли. Айтиш керакки, тарғибот ойликлари фуқароларнинг, айниқса, хотин-қизларнинг ҳуқуқий ва сиёсий онги, уларнинг мамлакатда қабул қилинаётган қонунлар юзасидан  билимларини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, «Кексаларни қўллаб-қувватлашга оид қонун ҳужжатлари тарғиботи», «Меҳнат соҳасига оид қонун ҳужжатлари тарғиботи», «Соғлиқни сақлаш соҳасига оид қонун ҳужжатлари тарғиботи» ойликлари мунтазам равишда ўтказилди.

Бундан ташқари, «Фаол аёллар» қаноти томонидан хотин-қизлар бандлигига кўмаклашиш мақсадида «Ижтимоий ҳимоядан – ижтимоий фаоллик сари» лойиҳаси доирасида тадбирлар, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Лойиҳа доирасида худудлардаги мавжуд корхоналардаги бўш иш ўринлари ўрганилди. Жумладан, Чирчиқ, Олмалиқ шаҳарлари, Бекобод, Оҳангарон, Пскент туманларидаги 11 корхонада 52 та касаначилик асосидаги бўш иш ўрни аниқланиб, маҳаллаларда истиқомат қилаётган ишлашга, касаначилик меҳнати, оилавий, якка тадбиркорлик билан шуғулланишга хоҳиши ва малакаси бор хотин-қизларнинг 30 нафари мазкур соҳаларда ишга жойлашди.

Илмижаҳон ТЛЕУБЕРГЕНОВА, ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти Тошкент вилоят бўлими етакчиси:

— Тошкент вилоят пар­тия кенгашида ёшлар билан ишлаш, хусусан, «Истиқбол» ёшлар қаноти фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўзига хос тажриба тўпланган. Айниқса, қанот етакчиларининг сиёсий ва касбий салоҳиятини ошириш, ташаббускор ёшларни тўплаш, уларни ягона мақсад йўлида бирлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Шу боис мамлакатимизда кечаётган барча муҳим сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнларда ёшларимиз фаол иштирок этмоқда. Мисол учун, «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида «Кексаларимиз ёшлар эъзози ва эътиборида» лойиҳаси доирасида қатор тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, ушбу тадбир Оҳангарон туманидаги «Саховат уйи»да юқори савияда ташкил этилди.  Шунингдек, мазкур лойиҳа доирасида ушбу туманнинг «Шодлик» маҳалласида истиқомат қилувчи Лутфулла ота Миродилов ва меҳнат фронти фахрийси Жамила Қосимбекованинг хонадонларида ҳашар ташкил этилди. Уйларининг атрофи ободонлаштирилиб, дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Яна бир масала. Қанот фаоллари томонидан ёш­ларни спортга жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тар­ғиб қилишга қаратилган қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Эътибор қаратадиган бўлсак, бугун вилоятда 4263 спорт иншооти мавжуд бўлиб, шундан 43 стадион, 870 спорт зали, 24 сузиш бассейни, 33316 спорт майдони ва майдончалари ҳамда 1 йирик Олимпия спорт манежи фаолият юритмоқда. Ана шу имкониятлардан оқилона фойдаланиш тўғ­рисида кўпроқ ўйлашимиз керак.

Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қи­лишда «Коллеждан-корхонага» лойиҳаси муҳим ўрин тутади. Мазкур лойиҳа доирасида юзлаб ёшлар доимий иш ўринларига эга бўлмоқда.

Хулоса сифатида шуни айтиш керакки, бугун сиёсий партиялар жамият ҳаёти, мамлакат тақдирига дахлдор масалаларни ҳал этиши, фуқароларни ўзининг ҳаётий ғоялари ортидан эргаштира олиши лозим. Партия фаоли, депутат эса одамлардан бир қадам олдинда бўлиши, уларни янги марралар сари етаклай олиши керак. Ана шундагина партия сиёсий куч сифатида мамлакат ҳаётида, жамиятда ўз ўрнига эга бўлади, одамлар ишончини қозона олади.

 

Махсус саҳифани ўз мухбиримиз

Нурали ОРИПОВ тайёрлади.



DB query error.
Please try later.