30.07.2015

ЎЗБЕКИСТОН БАНК ТИЗИМИ: БАРҚАРОР ФАОЛИЯТНИНГ ЮКСАК ЭЪТИРОФИ

Бугун қай бир жабҳада бўлмасин, қўлга киритилаётган муваффақиятларимиз билан ҳар қанча фахр­лансак, ғурурлансак арзийди. Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган оқилона сиёсат, халқимизнинг фидокорона меҳнати, бунёдкорлик, яратувчанлик йўлидаги ғайрат-шижоати мевасидир. Зеро, тинчлик бор жойда тараққиёт бўлади. Асрлар синовидан ўтган бу кўҳна ҳақиқат айни дориламон кунларимиздан яна бир бор ўз тасдиғини топаяпти. Шу аснода одамларимиз эмин-эркин, бугунидан рози бўлиб, эртанги кунга янада қатъий ишонч билан меҳнат қилиб, ҳам оиласи, ҳам эл-юртга наф келтираётир. Буни, энг аввало, иқтисодиётдаги туб ўзгаришлар, босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар, модернизация­лаш жараёнлари туфайли ижтимоий соҳаларда қўлга киритилаётган муваффақиятлар билан изоҳлаш мумкин.

Биргина молия-банк тизимидаги янгиланишларни олайлик. Айни кунда мамлакатимиздаги тижорот банклари аҳолининг, айниқса, ишбилармонларнинг яқин ҳамкори ва кўмакчисига айланиб улгурди. Молия муассасалари маблағлари, замонавий хизматлар орқали ўз омонатларини кўпайтираётган ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, бозорларимиз тўкинлигига, ҳудудларимиз экс­порт салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган изланувчан, ташаббускор ҳамюртларимизнинг муваффақиятларини кузатиб, бунга яна бир карра амин бўлаяпмиз. Албатта, буларнинг барчаси аҳолининг замон талаблари асосида ўз фаолиятини такомиллаштириб бораётган банк­ларимизга ишонч тобора мустаҳкамланаётганидан далолат беради.

ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЁРҚИН САМАРАЛАРИ

Маълумки, «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази турли соҳалар бўйича тадқиқот ва ижтимоий сўровлар ўтказиб келади. Шулардан бири 2015 йилнинг 1-ярмида мамлакатимиз банк тизимида амалга оширилган ислоҳотлар якунларига бағишланди. Унда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда ёшлар қатнашиб, асосий эътибор банк тизимида ишбилармонларга қулай ҳамда жозибадор муҳит яратилгани, ёшлар сиёсати, хотин-қизлар бизнеси, ҳудудий дастурлар ижроси, қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш, шунингдек, сервис соҳасини ривожлантириш каби масалаларга қаратилди.

Хусусан, марказ ходимларининг «Мамлакатимиздаги қайси тижорат банк­лари фаолияти эътирофга лойиқ?» деган сўровига жавобан иштирокчилар Миллий банк, «Агробанк», «Микрокредитбанк», Халқ банки, «Ипотека-банк», «Қишлоқ қурилиш банк», «Ўзсаноатқурилишбанк», ­«Асака» банки, «Туронбанк», «Трастбанк» сингари молия муассасалари филиаллари номларини қайд этишди. «Мазкур банк­лар фаолиятига қандай баҳо берасиз?» саволига олинган жавобларнинг 97,8 фоизи ижобий бўлди. Буни ҳудудлар мисолида таҳлил қилганда, Хоразм, Самар­қанд, Бухоро, Қашқадарё, ­Фарғона ва Наманган вилоятларидаги тадбиркорларнинг аксарияти ижобий фикр бил­­дирганлиги маълум бўлди.

Молия муассасалари фаолиятини баҳолашда, биринчи навбатда, «Банк ходимлари ўз вазифаларини сидқидилдан, малакали бажарадилар» дея жавоб берилган бўлса, кейинги ўринларда «Маслаҳат бериш ва муаммоларни ечишда тезкор амалий ёрдам кўрсатилади», «Омонатларни сақлаш бўйича барча амаллар ўз вақтида бажарилади», «Белгиланган тартибга тўлиқ амал қилинади, қонунбузилишига йўл қўйилмайди» каби мулоҳазалар айтилди.

Шунингдек, сўровда қатнашганларнинг 98,2 фоизи банкларда сақланаётган аҳоли омонатлари давлат томонидан тўлиқ кафолатланишидан хабардор эканликларини маълум қилдилар. Молия муассасалари томонидан жозибадор омонат турлари таклиф этилаётгани аҳоли бўш пул маблағларини банкларда сақлашнинг ишончлилиги ҳамда қулайлигини кундан-кунга оширмоқда. Бу жараёнда «Банкка бўлган ишонч» ҳал қилувчи омил бўлаётгани таъкидланди.

Тижорат банклари ходимлари томонидан пул ҳисоб-­китоб ҳужжатларини қабул қилиш ва унинг ижросини таъминлашда мижозларга хизмат кўрсатиш сифати тобора яхшиланиб ­бораётгани ҳам тадқиқотлар натижаларидан маълум бў­лаяпти. Респондентларнинг 98,3 фоизи бундан мамнун эканлигини билдиришган. Бинобарин, электрон воситалар ҳамда пластик карточкалардан фойдаланишда, тўловларни амалга оширишда замонавий телекоммуникация воситалари самарали қўлланилаётгани натижасида яратилаётган қулайликлар хусусида 97,8 фоиз ижобий фикрлар билдирилиб, ушбу хизмат турларини янада кенгайтириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланган.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича ўтказилган сўровда иштирок ­этганларнинг 98,3 фоизи «Банклар бизнинг ишончли ­таянчимиз, банк кредитлари бизнесимизни йўлга қўйишда кенг имкониятлар яратмоқда», деган фикрни қўллаб-қувватлашгани диққатга сазовордир.

Айниқса, банклар томонидан коллеж битирувчиларига имтиёзли кредитлар ажратилаётгани ёш мутахассисларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларида муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шу йигит-қизлар билан суҳбатлашилганда, уларнинг 98,1 фоизи банклар фаолиятидан мамнун эканини билдирдилар. Биргина жорий йилнинг ўтган 6 ойида молия муассаса­ларимиз томонидан мазкур ­йўналишга 133 млрд. сўмлик кредитлар ажратилгани сўзимизга яққол мисол бўлади.

— Юртимиз тижорат банкларида биз, ёшлар учун барча имконият яратилган, — дейди Одилжон Қурбонов. — Натижада ўз бизнесимизни йўлга қўйиб олаяпмиз. Мен ҳам анчадан буён тадбиркорлик қилиш мақсадида юргандим. Лекин бунинг учун бошланғич сармоя зарур эди. Бунда Тошкент вилоятида республика Марказий банки томонидан ташкил этилган амалий учрашувда қатнашганим қўл келди. Чунки ушбу тадбирда 10 та микроавтобус сотиб олиб, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш соҳасини ривожлантириш борасидаги таклифим банк ходимларига маъқул тушиб, улар пухта бизнес-режа ишлаб чиқишимга яқиндан кўмаклашишди. Шу тариқа қисқа муддатда 619 млн. сўмлик сармоя ажратилди. Кредит олишда умуман ­қийналмадим. ­Ариза, бизнес-режа ва гаров таъминотини тақдим этдим, холос. Ҳозир корхонамда 15 нафар ишчи-мутахассис меҳнат қилаяпти. Кредитдан самарали фойдаланганим, қолаверса, унинг имтиёзли эканлиги даромадимиз ошишида муҳим омил бўлди. Қисқаси, ишимдан ҳам, банк хизматидан ҳам кўнглим тўқ. Энг муҳими, бу билан ота-онамга нафим тегаётганидан, халқ хизматида эканимдан хурсанд­ман.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ҳудудларда ёш оилаларни тураржойлар билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Чунки Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча ҳудудида ўтган йилнинг ўзида тижорат банклари кредитлари ҳисобига 50 та «Камолот» уйи қурилиб, фойдаланишга топширилди. Сўровда иштирок этганларнинг 100 фоизи ушбу тураржойлар имтиёзли тарзда, 20 йил ­муддатга ипотека кредитлари асосида берилаётганини мамнуният билан айтиб ўтишди.

Марказий банк томонидан Ўзбекис­тон Савдо-саноат палатаси, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг бориш қийин бўлган ҳамда меҳнат ресурслари юқори ҳисобланган бир қатор олис туманларида тадбиркорлар, ёшлар, фермерлар иштирокида ўтказилаётган амалий учрашувларга ҳам респондентлар томонидан 98,9 фоиз ижобий баҳо берилди. Бундай ҳудудларга ажратилаётган имтиёзли кредитлар борасидаги сўровларда эса иштирокчиларнинг 98,3 фоизи ушбу маблағлар ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, янги иш ўринларини яратишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. 97,3 фоиз респондентдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтириш мақсадида тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга ажратилаётган имтиёзли кредитлар аҳолини иш билан таъминлашда қулай шарт-шароитлар яратмоқда, деган жавоб олинди.­

ХОРИЖЛИКЛАРНИНГ МУНОСИБ БАҲОСИ

— Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар учун қулай инвестициявий муҳит яратилгани боис уларнинг сафи йилдан-йилга кенгаймоқда, — дейди япониялик эксперт ­Казуюки Нагао. — Республикангиз Марказий банки томонидан мазкур тизим фаолиятини такомиллаштириш борасида кўрилаётган зарур чора-тадбирлар юқори натижа бериб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларни етарлича кредитлаш, янги иш ўринлари ташкил қилишда муҳим аҳамият касб этаяпти. Ваҳоланки, дунё­да кузатилаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз даврида ҳам банкларингиз ресурс базаси мустаҳкамланиб, самарали фаолият олиб бораётгани, жаҳондаги 189 та мамлакат орасида охирги икки йил ичида юртингиз кредитлаш тизими бўйича рейтинг кўрсаткичи 50 ­поғона кўтарилгани, қолаверса, барча тижорат банкларингиз нуфузли халқаро рейтинг агентликларининг «Барқарор» рейтинг баҳоларига эга бўлаётгани Ўзбекистон банк тизимида тўғри сиёсат юритилаётганидан далолат беради.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, банкларимиз томонидан ўтган беш йил мобайнида республикамиз экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида 29 трлн. 327 млрд. сўмликдан зиёд инвес­тициявий сармоялар ажратилиб, уларнинг умумий ҳажми 3,5 баробар ортди.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ҳудудларда ўтказилган сўровлар натижаси жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида банк тизими олдига белгиланган устувор вазифалар ва параметр кўрсаткичлари ўз вақтида, сифатли бажарилганлигини кўрсатмоқда. Хусусан, бу жараёнда қатнашган респон­дентларнинг 98,1 фоизи банк тизимида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар кутилган самара бераётганини тасдиқладилар. Бу эса мамлакатимиз молия муассасалари томонидан мазкур даврда давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ва қарорлари, ҳукуматимиз дастурлари ижроси муваффақиятли амалга оширилганидан далолатдир.

Сўровда иштирокчилар мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун тижорат банклари томонидан ҳаётга татбиқ қилинаётган ишларни янада жадаллаштириш, замонавий ва қулай банк хизматларини кенг жорий этиш, ўтказилаётган амалий учрашувлар юқори самара келтираётгани боис уларни жойларда мунтазам ташкил қилишни йўлга қўйиш ва бошқа қатор йўналишларга доир масалаларга алоҳида эътибор қаратиш юзасидан таклиф ҳамда тавсиялар берди.

ФАКТ ВА РАҚАМЛАР

l Тижорат банклари филиаллари томонидан кичик ­бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 2015 йилнинг 6 ойи давомида 6 трлн. сўмдан зиёд ­кредитлар ажратилиб, 2014 йилнинг шу давридагига ­нисбатан 1,3 баробар, ке­йинги 10 йил давомида эса 22 баробар ўсишга эришилди. Шундан 685 млрд. ­сўмлик маблағ хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини юксалтириш, ­уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш ­борасидаги вазифалар ижросига йўналтирилди.

l Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси ривожига доир лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилган ­маблағлар 915 млрд. сўмни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич ҳам 2014 йилнинг мазкур давридагига қараганда 1,3 баробар, кейинги 10 йилга нисбатан эса 20 баробар ўсган.

l Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбир­корлик фаолиятига фаол жалб қилиш борасида ҳам қатъий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Натижада уларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштиришга 2015 йилнинг 6 ойида 133 млрд. сўмдан ортиқ миқдорида имтиёзли микро­кредитлар ажратилиб, бу борада 2014 йилнинг шу давридагига ­нисбатан 73 фоиз, кейинги 3 йилда эса 6 баробар ўсишга ­муваффақ бўлинди.

l Президентимизнинг 2009 йил 26 январдаги «Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида 2015 йилнинг 6 ойи давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан боғлиқ лойиҳалар ижросига ажратилган кредитлар миқдори 1 трлн. сўмдан иборат бўлиб, 2014 йилнинг шу давридагига нисбатан 30 фоиз, кейинги 3 йилга таққослаганда эса 2,5 баробар ўсиш таъминланди.

 

«Ижти­моий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази маълумотлари асосида тайёрланди.



DB query error.
Please try later.