30.07.2015

«АЛЬФА ВА ОМЕГА»

биз ҳақда нималар деган, демаган ва дейиши керак?

Жаҳон ноширлик тажрибасида турли маълумотномалар, катта-кичик қомуслар чоп этиш анъанага айланган. Улар орасида «Альфа ва Омега» номи билан мунтазам чоп қилинаётган маълумотлар тўпламини энг оммабоп ва машҳури де­йиш мумкин. «Альфа» — грек алифбосининг биринчи, «Омега» эса охирги ҳарфи ҳисобланади. Демак, тўпламнинг мақсади инсоният эришган барча ютуқларни кўрсатиб беришдан иборат.

Қисқача айтганда, бу тўплам «Гиннеснинг рекордлар китоби» каби  машҳур зотлар, кашфиётлар, тараққиёт босқичлари, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, дунёдаги «энг, энг, энг...»ларнинг тадрижий рўйхатидан иборат.

...Қўлимизда «Альфа ва Омега». Қисқача маълумотноманинг 1989 йилда Таллинда чоп қилинган нашри. Китоб салкам тўрт юз саҳифадан иборат, 36 босма табоқ ҳажмида. Ундан рангли саҳифалар ҳам жой олган.

Китобни синчиклаб ўқиб чиқамиз. Унинг саҳифаларидан юртимиз ҳақидаги кўр­саткичлар, рақамларни, тарихий зотларнинг номларини ахтарамиз.

Афсуски, жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк олимлар қаторида фақатгина Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий  исми-шарифини учратамиз, холос.

Инсон қўли билан яратилган бетакрор меъморий обидалар рўйхатида эса фақат Бухородаги Сомоний ва Самарқанддаги Гўри Амир мақбаралари эслатиб ўтилган.

Халқлар томонидан яратилган эпослар сирасига «Алпомиш» ва «Гўрўғли» достонлари киритилган. Аммо уларнинг яратилиш санаси XIX-XX аср  деб кўрсатилган. Тузгувчиларга адлу инсоф тилаган ҳолда яна бир бора сабр қиламиз.

«Ишлаб чиқариш» бўлимида дунёдаги хомашё ва қазилма бойликлар миқдори, қазиб олаётган давлатлар кучли ўнлик ёки кучли йигирматаликка киритилган. Биз ўша даврда гарчи пахта етиштиришда дунёда энг олдинги ўринлардан бирини эгаллаган бўлсак-да, бу ҳақда бир оғиз гап йўқ. Пахта етиштириш бўйича маълумот «СССР» деб аталган давлат ҳисобига ёзилган.

Эътироф этиш жоизки, дунё­даги энг йирик кўллар қаторида «Орол»имиз, энг узун, серсув дарёлар қаторида Сирдарё ва Амударё эслатилгани таскин беради кишига.

«Спорт» бўлимини такрор-такрор ўқинг, бирор ўзбек ёки ўзбекистонлик спортчи номини учратмайсиз.

Бор-йўғи шу. Тўрт юз саҳифалик китобдан бизга теккани кўпи билан ўн беш қаторгина, холос.

«Альфа ва Омега»ни тузувчи ноширларга эътироз билдириш мумкин ўринлар бис­ёр. Қадим маданият излари ҳисобланмиш қоятошларга ўйиб ишланган суратлар, ёзувлар ҳақида гап кетади-ю, Сармишсой, Нурота манзилларидаги қадим тамаддун излари эслатилмайди.

Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек каби жаҳон илм-фанига беқиёс ҳисса қўшган буюк олимларимиз ҳам гўёки ер юзида яшаб ўтмагандай.

Булар ҳаммаси яқин ўтмишдан хотиралар, атиги чорак аср илгари бўлган воқеалар. Ўша замонда имкониятларимиз чекланган, тилимиз соқов бўлган, биз учун бошқалар гапирган...

...«Альфа ва Омега» саҳифаларига бугун қанчадан-қанча ўзгаришларни киритиш мумкин. Масалан, «Олтин қазиб чиқариш» бўйича «кучли ўнлик» давлатлари қаторига кириб олганимиз ҳали истиқлолнинг илк даврларида эди. Ҳозирда бу борада олдимизда турган давлатларни кетма-кет қувиб ўтмоқдамиз.

Қомусда ўтган асрнинг 90-йилларида енгил машиналар ишлаб чиқарувчи ўн тўққиз давлат келтирилган. Биз истиқлолнинг учинчи йилидаёқ ўз машиналаримиз бўлишига эришдик ва дунёда машиналар ишлаб чиқарувчи 24-давлатга айландик.

«Кўприклар» деб аталган бўлимда дунёдаги дарёлар устига қурилган энг узун йигирмата кўприк келтирилган. Улардан саккизтаси бир километрдан узун. Қолганлари Амударё устига қурилган «Мискин-Ҳазорасп», «Беруний-Урганч» кўприклари олдида ип эшолмайди. Бу кўприкларнинг узунлиги 660 ва 860 метрга тенг. Ўша рўйхатда тўққизинчи ўринда кўрсатилган Канададаги Квабек дарёси устига қурилган кўприкнинг узунлиги эса  549 метрга тенг, дейилган. Ҳеч шубҳасиз, истиқлол даврида қисқа фурсатда замонавий услубда қурилган бу икки — «эгизак кўприк»ларимиз узунлиги жиҳатидан  дунёда тўққизинчи, ўнинчи ўринларни эгаллаб турибди.

«Энг баланд миноралар» бўлимидан Тошкент телеминораси ўрин олмаганига таажжубланамиз. Негаки, бу рўйхатдан баландлиги 212 метр бўлган Европадаги қайсидир телеминоралар ҳам мустаҳкам ўрин олган... Ваҳоланки, ушбу қомус чоп этилган пайтлардаёқ пойтахтимиздаги баландлиги 375 метр бўлган телеминорамизни хорижлик сайёҳлар ҳайрат билан томоша қилишарди.

Дарвоқе, сайёҳлик хусусида. Ушбу китобда «Энг кўп сайёҳлар ташриф буюрадиган давлатлар» рўйхатида Ўзбекистон йўқ. Бу табиий эди. Чунки бизга тааллуқли рақамлар «умумқозон»га тушиб кетганди. Ҳозир-чи? Пойтахтимиз Тошкентдан тортиб, Самар­қанд, Шаҳрисабз, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларимиз, тобора чирой очиб, гўзаллашиб бораётган бошқа кентларимизга борсангиз, кўзингиз кети узилмас сайёҳлар гуруҳига тушади. Бунга кўникиб ҳам кетганмиз.

Истиқлол йилларида спорт соҳасида эришган ютуқларимиз, спортчиларимиз қўлга киритган медаллар сонини билиш учун бевосита шу соҳада ишлаётган мутахассис бўлиш керак. Илгари Ўзбекис­тондан икки-уч нафар жаҳон ва олимпия ўйинлари чемиони чиққан бўлса, бугун юзлаб номларни санаш мумкин. Кўп карра жаҳон чемпионлари, уч карра олимпиада чемпионлари номини қайд этиш учун ҳозирги «Альфа ва Омега»га қанчалаб ўзгартириш ва тузатишлар киритиш керак бўлади.

Қомуснинг «Маданият» бў­лимида мунтазам ўтказилиб келинаётган қирқ бешта халқ­аро мусиқа фестивали рўйхати, ўтказилиш манзили берилган. Ўзбекистон ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмаган. Бугун эса «Шарқ тароналари» фестивали, ҳеч шубҳасиз, бу рўйхатнинг гултожи бўла олади.

Бугун тоғлар оша ўтган темир йўллар, «Афросиёб» тез­юрар поезди хорижлик меҳмонларнинг ҳавасини тортмоқда. Энг тез ривожланаётган давлатлар, энг тинч, осойишта мамлакат каби кўрсаткичлар рўйхатига Ўзбекистон биринчилардан бўлиб киритиладиган пайт келди.

Қомусчиликка даъво қилмаймиз. Ўзимиз билган, ўқиган, кўрганларимизни дунё­нинг «энг, энглари...» билан таққосладик, холос. Ва «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?» деган саволга бироз бўлсада жавоб излаб кўрдик. 

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.