30.07.2015

ПАРТИЯ ГУРУҲИ ҚАРОР ИЖРОСИНИ ЎРГАНДИ

Президентимизнинг 2011 йил 30 майдаги «2011-2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ёлғиз кекса ва ногиронларнинг ижтимоий ҳимоя­сини янада кучайтириш, уларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, озиқ-овқат ва дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилашда муҳим аҳамиятга эгадир.

Яқинда Ўзбекистон ХДП гуруҳи ташаббуси билан мазкур қарор ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар Бўстонлиқ туман Кенгашидаги Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссия йиғилишида кўриб чиқилди. Унда масъул идора ва ташкилотларнинг ахборотлари тингланди.

— Мамлакатимизда ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — деди халқ депутатлари Бўстонлиқ туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Абдукарим Абдужалилов. — Партиямизнинг Сайловолди дастурида ҳам ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари, шу жумладан, пенсионерлар манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари илгари сурилган. Шу боис партия гуруҳимиз томонидан тумандаги ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя­лаш дастурлари бажарилиши юзасидан назорат-таҳлил ишлари амалга оширилмоқда.

— Қарорда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг турларини кенгайтириш белгиланган, — деди туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори Акмал Иноғомов. — Бугунги кунда туманда 38 нафар давлат қарамоғидаги якка ёлғиз, 93 нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионер рўйхатга олинган. Уларни ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадида туман Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази томонидан 20 нафар ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходимлар бириктирилган. 38 нафар якка ёлғиз кекса давлат томонидан 8 хил турдаги озиқ-овқат ҳамда кир ювиш воситаси билан таъминланиб келиняпти.

— Қарорга мувофиқ туманда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларнинг саломатликларини мустаҳкамлаш мақсадида тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник базасини яхшилаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Тоир Тиляпов. — Шунингдек, аниқ манзилли даволаш ва соғломлаштириш, тиббий-ижтимоий реабилитация ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, якка ёлғиз, қаровчиси йўқ кексаларнинг соғлиғини тиклаш мақсадида ўтган йили амбулатория шароитида 98 нафар, стационар шароитида 16 нафар, уй шароитида 46 нафар ёлғиз кекса, пенсионер ва ногиронлар даволанган.

— 2011-2014 йилларда 32 нафар ёлғиз кекса, уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари санаторияларда дам олиб саломатликларини тиклашди, — деди туман «Нуроний» жамғармаси раиси Мамарасул Юсуббеков. — Ушбу хайрли ишлар кўламини кенгайтириш мақсадида тумандаги «Товоқсой» сиҳатгоҳининг янги даволаниш биноси ишга туширилиб, замонавий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди. Шунинг­дек, тумандаги ёлғиз кекса ва пенсионерлар, ногиронларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида ҳамкор ташкилотлар кўмагида фахрийларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб келиняпти.

Доимий комиссия йиғилишида партия гуруҳи томонидан ўрганишлар жараёнида қарор ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларда йўл қўйилаётган камчиликлар борлиги қайд этилди. Хусусан, рўйхатга олинган ёлғиз кекса, пенсионер ва ногиронларга давлат томонидан ажратиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари, кир ювиш воситалари, дори-дармонлар баъзида  ўз вақтида етказиб берилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Берилган ахборотлар, билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар асосида доимий комиссия кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилди. Унда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўзда тутилди.

 

Меҳрож ДАРХОНОВ



DB query error.
Please try later.