30.07.2015

ОДАМ САВДОСИ — ЭНГ МУДҲИШ ЖИНОЯТ

Бугун дунё халқларини ташвишга солаётган муаммолардан энг оғири, шуб­ҳасиз, инсон ҳаёти ва қадр-қимматини топташ, уни савдога қўйиш. БМТ маълумотига кўра, ҳар йили Ер юзида тахминан 3 миллионга яқин киши бу мудҳиш иллатнинг қурбонига айланади. Ундан жабр чекканларнинг 80 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади. 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти ва Тошкент вилоят кенгаши ташаббуси билан ўтказилган давра суҳбати «Одам савдосига қарши курашишда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашга доир долзарб масалалар»га бағишланди.

Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъуллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, «Истиқбол» ёшлар ва «Фаол аёллар» қанотлари етакчилари ўз фикр-мулоҳазалари билан фаол иштирок этди.

Давра суҳбатида одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда олиб борилаётган ишлар, ушбу масалага оид ҳуқуқий асослар хусусида фикр алмашилди. Бу жиноятнинг илдизи, уни бартараф этиш йўллари, ёшларнинг ундан бохабарлиги, огоҳлигини таъминлаш ва кучайтириш усуллари ҳақида асосли далиллар, мулоҳазалар ўртага ташланди. 

— Одам савдосидан жабр кўраётганларнинг кўпчилигини мустақил фикрга эга бўлмаган, ҳаётни чуқур тушуниб етмаган, мўмай пул топишга ўч ёшлар  ташкил этмоқда, — дейди Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Сирожиддин АЪЗАМОВ. Шу боис аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд  қатламларини қўллаб-қувватлаш тарафдори бўлган партиямиз томонидан одам савдосига қарши курашиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг аҳоли, айниқса, ёшлар иштирокида инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, эркинлиги ва шахсий дахлсизлигига хавф солаётган иллатлардан огоҳ бўлишга чорловчи давра суҳбатлари ва учрашувлар уюштирилди. Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, диний экстремизм ва одам савдосининг олдини олиш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтиришимиз керак. 

Зиёдулла РАҲИМОВ, Тошкент вилояти ИИБ ХООБ бўлинма бошлиғи, майор:

Одам савдосига қарши курашишни кучайтириш мақсадида «Паспорт-виза», «Турмуш», «Орият», «Тозалаш-антитеррор», «Ўсмир» деб номланган тезкор профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Жорий йил давомида вилоят ички ишлар идоралари ходимлари томонидан олиб борилган шу каби тезкор профилактик чора-тадбирлар натижасида одам савдоси билан шуғулланган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. Одам савдосидан жабр кўрган фуқароларимизга моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди.

Шу билан бирга, аҳоли ўртасида одам савдоси билан шуғулланиш оғир жиноят экани, қонунларимизда бунга нисбатан жазолар белгилаб қўйилгани, ушбу иллатнинг хавфи ва муд­ҳиш оқибатлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилиб, маҳаллаларда, корхона-ташкилотларда, мактаб, коллеж, лицей ҳамда меҳнат жамоаларида турли учрашувлар ўтказиб келинмоқда. Одам савдосининг салбий оқибатларидан огоҳ этувчи, бундай иллатга қарши курашга чорловчи плакатлар, баннерлар тайёрланиб, аҳоли гавжум жойларда, автомобиль, темир йўл ва чегара-ўтиш постларида ўрнатилмоқда.

Шохруҳ АБДУРАҲМОНОВ, Ўзбекистон ХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти маркази раҳбари:

— Мамлакатимиз инсон ҳуқуқ­лари бўйича 80 дан ортиқ хал­қаро ҳужжатга қўшилган, БМТ томонидан мазкур йўналишда қабул қилинган қатор асосий хал­қаро шартнома иштирокчисига айланган. 2008 йилда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекис­тон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши бу борадаги ишларга мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қил­­моқда. Шундай экан, Ўзбекистон ёш­лари бир бўлиб бундай жирканч иллатга қарши чиқмоғи, бош­қаларни ҳам бунга даъват этмоғи, биринчи навбатда шахсий намуна бўлмоғи лозим. Ёшлар бўш вақтини мақсадсиз ўтказмаса, қобилияти ва истеъдодини намоён этиш учун яратилган имкониятлардан тўла фойдаланса, катта орзу-мақсадлар билан яшаса, ишонамизки, ҳеч қачон бундай ўпқон гирдобига тушмайди.

Мамлакатимизда ёшлар манфаатларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир масалаларга давлат сиёсати даражасида қаралмоқда. Бу йўналишда олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирларда сиёсий партиялар ҳам фаол қатнашишлари зарур. ЎзХДП ўзининг Сайловолди дас­турида ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим вазифаларни белгилаган. Шундан келиб чиқиб, турли тадбирлар ўтказилмоқда, бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.  

Тадбир якунида ёшларни одам савдосининг аянчли оқибатларидан огоҳ этувчи видеоролик ва саҳна чиқиши намойиш этилди. Йиғилганларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.

 

Бобур ЎТКИРОВ



DB query error.
Please try later.