30.07.2015

БИР САВОЛГА ИККИ ЖАВОБ

Муножот РАЖАБОВА, Сирдарё вилоятидан:

Cиёсий партиялар нашрларини мунтазам кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Уларда депутатлар, партия гуруҳлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайланган депутатларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари ҳақида кенгроқ тушунча берсангиз. Депутатларнинг фаоллиги ва ташаббускорлиги кучайиши кўпроқ қайси омилларга боғлиқ?

 

Зоя АН, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Албатта, қонунчилигимизда депутатларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тўлиқ акс эттирилган. Депутатлар фаоллиги ва ташаббускорлигини оширувчи энг муҳим омиллардан бири ана шу ҳуқуқлардан самарали фойдаланишдир. «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонунга кўра, депутат тегишли халқ депутатлари Кенгаши мажлисларида кўриб чиқилаётган барча масалалар бўйича ҳал қилувчи овоз ҳуқуқидан фойдаланади. Шунингдек, тегишли халқ депутатлари Кенгашининг доимий ҳамда муваққат комиссияларига сайлаш ва сайланишга, Кенгаш мажлисида кўриб чиқилиши учун масалалар кўрсатишга, муҳокама қилинаётган масала юзасидан таклиф киритиш, мулоҳаза билдиришга ҳақли.

Депутат халқ депутатлари Кенгаши томонидан сайланадиган, тайинланадиган ёки тасдиқланадиган мансабдор шахс­ларнинг номзодлари бўйича фикр билдириш, мажлис мунозараларида иштирок этиш, маърузачи ва раислик қилувчига саволлар бериши мумкин. Шуни ҳам айтиш керакки, депутатларимиз бугунги кунда депутат сўровидан кенг фойдаланишмоқда. Бу ҳуқуқ ҳам қонунда кафолатган ва шу асосда сўровлар юбориляпти, улар ўрганилиб, сессияларга масалалар киритиляпти.

 

Сотиболди БОБОҚУЛОВ, юридик фанлари доктори, профессор:

— Тўғри, бугун депутатларимизнинг аксарияти ташаббускорлик ва фаоллик билан иш олиб боришяпти. Афсуски, ўзига билдирилган юксак ишонч, масъулиятни тўлиқ ҳис қилмаётган депутатлар ҳам йўқ эмас.

Бунинг сабабларидан бири жойлардаги партия гуруҳларининг уюшқоқлик билан, бир ёқадан бош чиқариб, иш ташкил қила олмаётганида, деб ўйлайман. Аслида партия гуруҳларининг эркин фаолият олиб бориши, одамларни ўйлантираётган масалаларни чуқур ўрганиши ҳамда уларга ечим топиши учун ҳуқуқий жиҳатдан чекловлар йўқ.

Бирор-бир сўровни юбориш, унинг ҳал этилишини таъминлашда айрим тушунмовчилик, англашилмовчиликлар учраб турибди. Лекин ўз ҳуқуқини яхши билган, зиммасидаги вазифасига масъулият билан ёндашган депутат, албатта, натижага эришади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.