30.07.2015

ВАТАННИ СЕВМОҚ, УНГА СИДҚИДИЛДАН ХИЗМАТ ҚИЛМОҚ

ҳам фарзандлик, ҳам фуқаролик бурчимиздир

Бундан йигирма тўрт йил аввал халқимиз асрлар давомида орзу қилган, қалбида асраб-авайлаб келаётган буюк истак амалга ошди. Ватанимиз, халқимиз мустақил бўлди. Истиқлол замирида ота-боболаримизнинг эркка бетиним интилиши, гоҳ ошкора, гоҳ яширин курашлари, жасоратлари ётади, десак, тўғри бўлади.

Узоқ йиллик ўтмишимизга назар солсак, юртдошларимизнинг озодликка қандай катта куч ва ҳаракат билан интилганига, бу йўлдаги тўсиқларни енгишга жон-жаҳди билан курашганига гувоҳ бўламиз.

Истиқлол ҳар бир миллат, ҳар бир халқ учун буюк неъмат, олий саодатдир. Шунинг учун ҳар йили Президентимизнинг тегишли қарорида энг улуғ, энг азиз байрамни тантанали равишда, кўтаринкилик билан муносиб нишонлаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилади.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ва Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамкорлигида Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори асосида, Ўзбекистон ХДП ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган устувор вазифалар мавзусида давра суҳбати ўтказилди. «Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним — Ўзбекистоним!» шиори остида бўлиб ўтган тадбирда партия Марказий Кенгаши масъуллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Тошкент шаҳар ва вилоят партия кенгашлари ходимлари ва фаоллар иштирок этди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Рус­там Комилов Қарор ижросини таъминлашда давлат ва нодавлат ташкилотлари, ижтимоий инс­титутлар, жумладан, сиёсий партия­лар, қолаверса, ҳар бир фуқаро фаол иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекис­тон ХДП ҳам тарғибот ишларини янада жонлантириш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиққанини қайд этди.

Партия тизимида тарғибот тадбирлари таъсирчанлигини таъминлаш, демократик янгиланишлар моҳиятини аҳолига атрофлича тушунтириш, эл орасида ҳурмат ва эътиборга сазовор кишилар, кўпни кўрган нуроний кексалар, олимлар ва тажрибали партия фаоллари иштирокида турли учрашувлар ташкил этиш, шу орқали мустақилликнинг ҳар бир инсон учун олий бахт, уни асраб-авайлаш фарзандлик ва фуқаролик бурчи эканини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар истиқлол йилларида эришилган ютуқлар замирида халқимизнинг ўзаро бирдамлиги, фидокорона меҳнати ётгани, халқаро миқёсда эътироф этилаётган ютуқ ва марралар осонлик билан қўлга киритилмаганини айтиб ўтишди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланиш ва демократик жараёнлар халқимиз ҳаёти ва турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётгани фахр-ифтихор билан тилга олинди.

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ҳар бир давлатнинг ўз миллий байрамлари, муҳим тарихий саналари бўлади. Мустақиллик уларнинг ичида энг асосий ва муҳим байрам саналади. Чунки бу айём бутун халқнинг тақдири, юртнинг бугуни, эртаси, келажаги билан боғлиқ. Шукрки, биз ана шундай бахтга эришдик. Тарих олдида жуда қисқа бўлган 24 йил ичида мамлакатимизда барча соҳаларда улкан ютуқлар қўлга киритилди.

Биз, депутатлар, партия фаоллари ва сиёсатчилар бу ютуқларни қўлга киритиш осонликча бўлмаганини, «кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?», деган саволнинг мазмун-моҳиятини халқимизга, электоратимизга ҳаёт ҳақиқатларига асосланиб, содда тилда тушунтириб, мазмунини очиб беришимиз керак.

Қарорда келтирилганидек, Ўзбекистон ўз вақтида собиқ мустабид тузумнинг маъмурий буйруқбозлик тизимидан, бир ёқлама ривожланган ночор иқтисодиётдан, бутунлай воз кечиб, маш­ҳур беш тамойилга асосланган ўз тараққиёт йўлини қатъий танлаб олгани ва дунёда «ўзбек модели» сифатида эътироф этилган ушбу ривожланиш стратегиясининг реал натижаларини бугун хал­қимиз ўз кўзи билан кўриб, юракдан ҳис қилиб турибди.

Қарорда таъкидланганидек, 1990 йилда мамлакатимиз аҳолисининг озиқ-овқат товарлари, аввало, дон, картошка, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирги вақт­да уларнинг 96 фоизи ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда. Мустақиллик йиллари аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1,3, сут ва сут маҳсулотлари 1,6, картошка 1,7, сабзавот 2, мева қарийб 4 баробардан ошгани халқимиз фаровонлиги тобора ортиб бораётганининг ёрқин исботидир. Бундай улкан натижалар ҳақидаги факт ва рақамларни исталган соҳа мисолида келтириш мумкин.

Муқаддас РАҲМАТУЛЛАЕВА, Шайхонтоҳур туманидаги 44-оилавий поликлиника  бош шифокори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Собиқ тузум даврини, айниқса, 70-80 йилларда бўлган воқеаларни яхши эслайман. Ўша вақтларда бемор одамни даволаш у ёқда турсин, тўғри ташхис қўйиш ҳам катта муаммо эди. Бугун қайси тиббиёт масканига борманг, у ерда замонавий ташхис қўйиш ва даволаш ускуналари ўрнатилгани, малакали шифокорлар халқимизга хизмат қилаётганини кўрасиз. Бугунги кунда қишлоқ жойларда, айниқса, чекка туманларда яшаётган 15 миллиондан зиёд аҳоли ҳам малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконига эга.

Яна бир гап. Истиқлол йилларида хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Тизимда кўлами кенг ислоҳотлар олиб борилди ва скрининг марказлари, вилоят кўптармоқли болалар шифохоналари, шунингдек, ихтисослаштирилган педиатрия тиббиёт муассасалари жаҳон андозалари даражасида қурилди ва замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди.

Ана шундай амалий ишлар натижасида сўнгги ўн йилда ривожланишида туғма нуқсонлари бўлган болалар сони 1,3 баробар, 6-15 ёшли болалар орасида ўткир юқумли касалликлар билан оғриш 34,4 фоизга, пневмонияга чалиниш 49,7 фоизга, бронхит билан хасталаниш 32,8 фоизга, сколиоз билан касалланиш эса 32,7 фоизга камайди. 

Болалар саломатлигини асраш мақсадида ўтган йилнинг ўзида 6 миллион 500 минг нафардан ортиқ мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари, мактаб, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчилари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу эса касалликларни эрта аниқлаш ва уларни самарали даволаш имконини бермоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами манфаатларини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Нуршод РАМАЗОНОВ, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли:

— Истиқлол бизга нима берди, деган саволга ҳар биримиз ўз ҳаётимизда эришаётган ютуқлар, очиб берилаётган имкониятлардан келиб чиқиб, жавоб излашимиз керак. Биргина таълим соҳасида жуда катта ишлар олиб борилганига биз, ёшлар гувоҳмиз. Масалан, бугунги кунда ёшларнинг замонавий билим олишлари учун Ўзбекистонда 59 олий ўқув юрти, Европа ва Осиёнинг нуфузли олий ўқув юртларининг филиаллари фаолият юритмоқда. Пойтахтимизда Буюк Британия­нинг Халқаро Вестминс­тер, И.Губин номидаги Россия нефть ва газ давлат университети, Италиянинг Турин политехника университети, Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Г.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, М.Ломоносов номидаги Моск­ва давлат университети, Жанубий Кореянинг Инха университетлари каби Европа ва Осиёнинг етакчи олий ўқув юртларининг филиаллари ташкил этилди ва муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Шунингдек, мамлакатимизнинг малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжлари асосида янги замонавий йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлаш ишлари бошлангани ҳам эътиборга сазовордир. Юртимиз ва хориждаги ўқув масканларида юзлаб иқтидорли ёшлар таълим олмоқда, ўз малакасини оширмоқда. Бунда хорижий таълим муассасалари билан икки томонлама тажриба алмашиш йўлга қўйилгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимизда нуфузли халқаро ташкилотлар, чет эллик таниқли эксперт ва мутахассислар, таҳлилчи ва кузатувчилар иштирокида таълим сифатини оширишга доир кўплаб симпозиумлар, конференция ва семинарлар ўтказилмоқда. Бу ҳам мустақиллигимиз шарофатидандир ва, албатта, ёшларимизнинг баркамол авлод бўлиб вояга етишига хизмат қилмоқда...

Гулҳаё МАЪРУФОВА, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабаси, «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли:

— Мустақиллик, аввало, ҳуқуқ, инсоннинг қонуний манфаатлари таъминланишининг бош омилидир.

Ҳар йили Президентимизнинг давлат мустақиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарорида эълон қилинадиган шиорлар мени жуда қувонтиради. Бу шиорлар юрак-юрагимизга сингиб кетган. «Бетакроримсан, ягонасан, она ватаним — Ўзбекистоним!». Бу сўзларнинг ҳар бирини чуқур ҳис этиб, алоҳида таҳлил қилиш мумкин. Юртга нисбатан «бетакроримсан» дейишнинг ўзи ҳар қандай кўнгилни завққа тўлдиради. Шулар ҳақида ўйлаб, бир кун ҳам рўшнолик кўрмай яшаётган давлатлар, у ерлардаги тенгдошларимиз, болалар ҳақида ўйлаб қоламан.

Бугунги кунда халқаро вазиятнинг шиддат билан ўзгариши, жаҳон саҳнида зиддиятларнинг кучайиши, ер юзининг турли нуқталарида янги низо ўчоқларининг пайдо бўлиши жаҳон жамоатчилигида катта ташвиш ва хавотир уйғотмоқда. Шундай фурсатларда ёшларимизда мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, юртимиз тинчлигини асраш, уларда дахлдорлик ҳиссини шакллантиришга эътибор қаратилаётгани замирида улуғ мақсад мужассам, деб ўйлайман.

Давра суҳбатида Президентимиз қарорининг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, жойларда ўтказилаётган тадбирлар таъсирчанлигини ошириш бўйича тавсиялар берилди, чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.